loader
Foto

Ислом ҳурфикрликни ҳимоя қилади

Ислом таълимоти одамлар ҳаёти ва ҳурфикрлилигини ҳимоя қилади, мусулмонларга бошқа кишига нисбатан ёмон гап айтишни, ғийбат ва туҳмат қилишни, ҳатто нохолис фикрга боришни таъқиқлайди, одамлар ўртасида адоват ва ихтилофларни тўхтатишга буюради. Ислом жисмоний зўравонлик ва ваҳшийликнинг барча кўринишларини ҳам, одамларга нисбатан озгинагина ғоявий босим ўтказишни ҳам бирдай манъ этади. «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди» (Бақара, 256) «Бас (эй Муҳаммад), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос» (Ғошия, 21).

Одамларни динга ёки диний кўрсатмаларни бажаришга зўрлаш Исломнинг моҳияти ва руҳига мутлақо зиддир. Зеро Ислом ақидасига кўра, чинакам иймонга хоҳиш-ирода ва виждон амри билангина келиш мумкин. Албатта, мусулмонлар Қуръони каримда баён этилган ахлоқий асосларни ҳаётга татбиқ этиш зарурати тўғрисида бир-бирларини рағбатлантиришлари, огоҳлантиришлари ёки эслатишлари мумкин. Қуръони каримнинг ахлоқий кўрсатмаларини одамларга тушунтириш ҳар бир диндор одамнинг бурчидир. Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, ўз динлари ҳақида одамларга билим тарқатишади: «Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг» (Наҳл, 125).

Лекин шу билан бирга бошқа амрни ҳам доимо ёдда тутишади: «Уларни ҳидоят қилиш сизнинг зиммангизда эмас (эй Муҳаммад). Балки Аллоҳ ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади» (Бақара, 272). Ҳақиқий мусулмон киши ҳеч қачон зўрликка мурожаат қилмаслиги, одамларга моддий ва маънавий босим ўтказмаслиги керак. «Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир» (Кофирун, 6).

Дунёда яшаётган кўп сонли халқлар турли динлар ва ақидаларга: насронийлик, яҳудийлик, буддавийлик, ҳиндукийлик, бутпарастлик ва мажусийлик кабиларга мансубдирлар. Бу дунёда ҳар бир мусулмон уларнинг қайси динга мансублигидан қатъий назар, барча одамларга ҳурмат, муроса, авф ва адолат, муҳаббат ва раҳм-шафқат кўрсатишга Аллоҳ таоло ҳузурида масъулдир. Аллоҳ таоло томонидан иймон эгалари зиммасига Ислом динига яхшилик, омонлик ва ҳурмат билан даъват қилиш юклатилган. Динга кирадими ёки йўқми, ўзига етказилаётган даъватга бўйсунадими ёки ундан тийилиб турадими, бу ҳақда қарорга келиш даъват қилинаётган томоннинг тўла ихтиёридадир. Бирор кишини динга зўрлаш, бирор нарсани мажбуран унинг зиммасига юклаш Қуръони карим даъватига зиддир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларга шундай дейди: «Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус, 99). «Биз улар (кофирлар) айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг устида (дину иймонга) зўрлагувчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг!» (Қоф, 45).



Дин-эътиқод талабларига риоя қилишга одамлар мажбурланадиган жамият шакли Исломга тубдан қарама-қаршидир. Чунки инсон Аллоҳга хоҳиш-иродаси ва виждон амри билан юзлангандагина дин ва эътиқод қийматга эга бўлади. Агар у ёки бу ижтимоий тизим одамларни динга ва диний кўрсатмаларга риоя этишга мажбурласа, унда одамларнинг художўйлиги ҳокимиятдан қўрқишгагина асосланган бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло динга фақат очиқ виждон билан, Ўз розилиги йўлида хизмат қилиш учунгина киришни амр этади.

Аллоҳ мўминларга раҳм-шафқатли ва меҳр-мурувватли бўлишни буюради

Қуръон оятларидан бирида чинакам мусулмоннинг маънавий қиёфаси шундай тавсифланади: «Сўнгра у (мақтанчоқ кимса) иймон келтирган ва бир-бирларига сабр-қаноат қилишни тавсия этган, бир-бирларига меҳр-мурувват кўргизишни тавсия этган зотлардан бўлмади. Ана ўша (яъни, мақтанчоқ кимсага ёт юқоридаги фазилатларга эга бўлган) зотлар ўнг томон эгаларидир» (Балад, 17-18)

Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умидвор бўлган, қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан нажот топишга интилган ва жаннатдаги абадий ҳаётни истаган мўминларнинг ўзларида тарбиялашлари зарур бўлган муҳим ахлоқий хислатлардан бири ояти карима буюрганидай «меҳр-мурувват кўргизиш»дир.

Чинакам меҳр-мурувватнинг манбаи – Аллоҳни севиш. Инсоннинг Парвардигорига муҳаббати унинг қалбида самимийлик ва Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотларга нисбатан ғамхўрлик туйғуларини уйғотади. Парвардигорини севган инсон Унинг барча махлуқларига руҳий яқинлик ва муҳаббат билан муносабатда бўлади. Аллоҳ таолога содиқлик ва муҳаббат мўминни, Қуръони карим буюрганидай, ер юзидаги барча одамларга нисбатан эзгулик ва омонликда муносабатда бўлишга даъват этади ва бу унинг қалбида чинакам меҳр-мурувват туйғуларини уйғотади. Муҳаббат, меҳр-мурувват ва фидойилик билан йўғрилган мусулмоннинг маънавий қиёфаси Қуръони каримда шундай тавсифланади: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари (нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суярлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлсада, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» (Ҳашр, 9). «Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба, 60).

Оятда тилга олинган мўминларнинг яхши фазилатлари Аллоҳга бўлган чуқур севги шарофатидандир. Улар Парвардигорлари Қуръони карим орқали амр этган ахлоқий фазилатларга эришмоққа чин дилдан ҳаракат қиладилар. Иймон эгалари бировга раҳм-шафқат ёки ёрдам кўрсатсалар, бунга миннатдорчилик сўзлари айтилишини ҳам исташмайди. Уларнинг мақсади - ўзларининг солиҳ амаллари, эзгу ҳаракатлари билан Аллоҳ розилигини топиш. Чунки мўминлар қиёмат куни фақат дунё ҳаётидаги қилган ишлари учун ҳисоб бериш учун Парвардигорлари ҳузурига чақирилишларини яхши билишади.

Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримда баён этиб берилган мусулмоннинг маънавий қиёфаси раҳм-шафқат ва эзгулик билан фарқланади. Ана шундай тарбияланган киши кимдир зулм ва бузғунчилик қилса ёки тинч, бегуноҳ одамларга нисбатан шафқатсизлик кўрсатса бир четда томошабин бўлиб туролмайди. Ҳақиқатда террор ва Қуръон даъвати мутлақо бир-бирига қарама-қарши тушунчалардир. Террорчи - дунёга нафрат ва хусумат уруғларини сепиб юрувчи бераҳм ва шафқатсиз одам, унинг мақсади - ўлдириш, йўқ қилиш, қон тўкиш.