loader
Foto

Аллоҳга инсонларнинг энг ёмони учтадир...

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга инсонларнинг энг ёмони учтадир: Ҳарамда гуноҳ иш қилгувчи, Исломда жоҳилият суннати (яъни одати)ни хоҳловчи ва бировни ўлдириш учун унинг қонини ноҳақ талаб қилгувчи» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, уч тоифа инсонлар Аллоҳ таоло учун инсонларнинг энг ёмони ҳисобланади. Улардан биринчиси, Ҳарами шарифда гуноҳ иш қилгувчи инсон, иккинчиси, жоҳилият давридаги ишларни Исломда хоҳловчи инсон, учинчиси эса, бирор мусулмоннинг қонини оқзишни ноҳакдан талаб қилгувчи инсондир.

Савол: Нима сабабдан булар инсонларнинг энг ёмонроғи бўлди?

Жавоб: Бу ишлар ўта қабиҳ ишлар бўлгани учун бу ишни қилган инсонлар ҳам инсонларнинг энг ёмони бўлишди. Гуноҳ аслида хунук ишдир. Аммо у ҳарами шарифда қилинса, янада хунуклашади. Жоҳилият ишлари ҳам нақадар хунук ишлардир. Аммо Исломда бўла туриб, жоҳилият ишининг ривожини исташ янада қабиҳ ва манфурдир. Уни амалга ошириш эса унданда ёмондир. Мусулмон кишининг қонини тўкиш қабихдир. Агар унинг қонини тўкиш ноҳақдан бўлса, янада қабиҳ бўлади.

Савол: Аслида инсонларнинг энг ёмони кофир кимса бўлиши керак эди. Нима учун гуноҳи кабирани қилган кимсани ҳадиси шарифда инсонларнинг энг ёмони дейилди?

Жавоб: Бу ерда инсонларнинг энг ёмони дейилиши мутлақ эътибордан бўлмаган. Балки осий мусулмонлар назарда тутилган. Масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорни энг ёмон жой деганлар. Бу сўздан у ерда тижорат қилмаслик керак, деган маъно келиб чиқадими? Бу саволга мавлоно Абдулазиз Деҳлавий шундай жавоб берган: «Бориш мубоҳ бўлган жойлар эътиборидан бозор энг ёмон жой саналади. Ушбу сўз бориш ножоиз бўлган жойлар ҳақида айтилмаган».

Ҳадисда келган «суннат» лафзи луғат жиҳатидан ёмон маъносини ҳам ўзига қамрайди. Шунга кўра, бу ерда жоҳилият суннати дейишдан мақсад, жоҳилият одати, йўли демакдир.

Бу ҳадиснинг ушбу бобга боғликлиги шуки, ҳадисда уч тоифа инсонлар энг ёмон инсонлар деб зикр қилинди. Уларнинг энг ёмон инсонлар бўлишига сабаб китоб ва суннатни маҳкам тутмаганликларидир. Шу сабабли бу ҳадис ушбу бобда келтирилди.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан