loader
Foto

Аллоҳ таолодан яхши умид ва чиройли гумон қилиш

Аллоҳ таолодан қўрқиш билан бир қаторда, Унинг раҳматидан яхшиликни умид қилиш улкан ажрли амаллардандир.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан яхши гумон қилиш — Аллоҳ таолонинг яхши ибодатларидандир”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса — Мен шундайман. Қачон мени эсласа, Мен у биланман...”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Қуръон ва ҳадисдаги кўплаб ўринларда Аллох таолонинг раҳматидан умидвор бўлиш фазилатлари бот-бот таъкидланган.

Бунда, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиш дегани - қудрати етганича Унинг ҳукмига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишдир. Банданинг ушбу ҳаракати давомида бирор гуноҳ ёки хато ўтса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлинади. Аксинча, Аллоҳ таоло ҳукмидан тамоман ғафлатда бўлиб, ўзини ислоҳ қилишга эътибор қаратмай, нафсини шаҳвоний хаёллар оғушида эркин қўйиб юборган ва қилган хатолари ўзидан-ўзи мағфират бўлишини ўйлаган шахс қаттиқ мазаммат қилинган.

Узини ислоҳ қилиш фикри билан Аллоҳ таолодан қўрқиб, чиройли гумон қилиш ва умидвор бўлиш энг мақбул амалдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётган бир ўспирин олдига келдилар. У зот ундан: “Нимани ҳис қилаяпсан?”, деб сўрадилар. У: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ таолодан умидим катта. Лекин, шу билан бир қаторда, гуноҳларимдан қўрқаман”, деди. У зот: “Қайси мўминнинг дилида бу икки гап бўлса, Аллоҳ таоло унинг умидини тўлиқ қилади ва хавфи сабабли қалбини хотиржам қилади”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти)

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

"Енгил амаллар"китобидан