loader
Foto

Ал-Мўтаз Биллоҳ Муҳаммад

Мўтаз биллоҳ Муҳаммад ёки Зубайр Абу Абдуллоҳ ибн Мутаваккил ибн Мўътасим ибн Рашид. Туғилган йили 232 (847-46). Онаси - румлик жория, исми Қабиҳа бўлган. 252 йили Мустаин истеъфога чиқиши олдидан унга байъат берилди. Ёши 19 да эди. Илгари ҳеч ким унинг ёшида халифа бўлмаган.

У жудаям чиройли бўлган. Ўғлининг ҳадис бўйича устозларидан бири бўлган Али ибн Ҳарб деди: ундан чиройли халифани мен кўрмадим“. Туя-отларга олтин безаклар тақиб миниш ундан чиқди. Илгари халифалар енгил кумуш безак тақиб минардилар. У тахтга ўтирган йили Восиқ султон қилиб қолдирган Ашнос ўлди. Ундан 500. 000 динор қолди. Уларни Мўтаз олди. Подшолик (маликлик) сарпосини Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳирга кийдирди ва унга бир жуфт қилич такди. Кейинчалик уни азл қилиб (бўшатиб) подшолик сарпосини (либосини) ўз укаси Абу Аҳмадга кийдирди. Унга олтин тож, гавҳарли дўппи (бош кийим), белига қўшбелбоғ ва иккита қилич такди. Кейин уни ҳам ўша йили азл қилиб Воситга сургун қилди. Сарпо ва подшохдик тожини эса Буғо Шаробийга кийдирди. Бир йилдан сўнг у Мўтазга қарши исён қилди. Шу учун у қатл қилинди ва кесилган боши Мўтазга олиб борилди. Ўша йили ражаб ойида Мўтаз укаси Муайядни валиахдликдан тушириб, сўнг уни калтаклаб боғлаб қўяди ва у бир неча кун ўтиб ўлади. “Уни Мўтаз ўлдирган ёки суиқасд уюштирган”, деган гап чиқишидан қўрқиб, унда бирор асорат йўқлигини кўрсинлар деб қозиларни чақиртиради.

Мўтаз туркларнинг олдида ожиз эди. Бир куни уларнинг катталари келиб унга: Эй амиралмўминин Солиҳ ибн Васифни ўлдиришимиз учун бизга ҳақ тўласанг, дейишди. Солиҳдан Мўтаз қўрқарди. Уларга бериш учун онасидан пул сўрайди. Онаси эса хасислик қилиб пул бермайди. Байтул молда бўлса ҳеч нарса қолмаган эди. Шундан кейин турклар уни тахтдан туширишга тил бириктирадилар. Солиҳ ибн Васиф ва Муҳаммад ибн Буғо ҳам уларга қўшилади. Қуролланиб халифалик ўрдасига келишди. Олдимизга чиқ, деб киши юбордилар. У эса, касалман, дори ичганман деб жавоб қайтаради. Шундан кейин бир жа-моа уни тутиб олиб, оёғидан судрайдилар, тўқмоқлар билан урадилар. Жазирама кунда қуёшнинг тагига турғазиб қўядилар. Ва унинг юзига шапалоқлаб, ўз ихтиёринг билан истеъфога чиқ дейдилар. Сўнгра қози Абушшавориб ва бошқа гувохдарни келтириб истеъфога чиқардилар. Сўнгра Бағдоддан ўша вақтдаги халифалик ўрдаси бўлган Самуррага Муҳаммад ибн Восиқни келтирадилар. Мўтаз уни Бағдодга хайдаб юборган эди. Мўтаз халифаликни Муҳаммадга топшириб, ўзи унга байъат беради. Истеъфосидан беш кеча ўтгач, аъёнлар Мўтазни ҳаммомга киргизадилар. Чўмилганда у чанқайди. Унга сув берилмайди. Кейин у ердан чиқариб қор солинган сувга тўйдирадилар. Уни ичиб ўлиб қолади. У ташналикдан ўлган биринчи ўликдир. Бу воқеа 255 (869) йили шаъбон муаззам ойида рўй берган. Онаси Қабиҳа яшириниб олади. Кейин рамазон ойида пайдо бўлиб Солиҳ ибн Васифга катта мол (давлат) беради. Уларнинг ичида 1. 300000 динор, бир саватда зумрад, яна бир саватда йирик донали дур, бир “келжа” (ўлчов бирлиги) қизил ёқут ва бошқа нарсалар бор эди. Саватлардаги нарсаларнинг қиймати 2. 000. 000 динор деб баҳоланди. Ибн Васиф буни кўриб: “Аллоҳ хор қилсин уни, шунча пули бўла туриб, эллик минг динор учун ўғлини қурбон қилиб юборди”, дейдида ҳамма нарсасини олиб ўзини Маккага сургун қилади. Мўътамид тахтга келгунчаўша ерда қолиб кетади. Мўътамид уни Самуррага қайтариб келади ва у 264 йили вафот этади. Мўтазнинг замонасида вафот топган машҳур одамлар: зоҳид Сарий ас-Сиқтий, Ҳорун ибн Саид ал-Айлий, “Муснад” муаллифи Доримий, Молик мазҳаби бўйича “Масоил Утбия” соҳиби Утбий ва бошқалар.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан