loader
Foto

Экинлардан бериладиган зaкoт

Ушрий ернинг ва тоғнинг асалидан, экинидан ва мевасидан, агар у оқин сув ёки ёмғир билан суғорилган бўлса, оз-кўплигидан қатъи назар, ўндан бири закотга берилади. Пақир ва шунга ўхшаш нарсалар воситасида инсоннинг қўл кучи билан суғорилган ер ҳосилидан эса йигирмадан бири закот қилиб берилади. Агар экинлар иккала йўл билан ҳам суғорилган бўлса, қайси биридан кўпроқ фойдалангани эътиборга олинади. Қайсиниси устун эканлиги аниқланмаса, эҳтиёт жиҳатидан ҳосилнинг ўндан бири берилади.

Экинлардан ушр умумий ҳосилдан, яъни экин ва уруғ харажатлари, хизматчилар, уловлар ҳақини ҳисоблаб чиқариб олмасдан илгариги миқдор ҳисобидан берилади.

Ўтин, ёғоч ва қамишлардан ушр берилмайди. Аммо махсус ўтинзор ва қамишзор қилиб фойдаланилса, ўндан бири берилади. Шунингдек, сомон ва хас-хашаклардан ушр лозим эмас.

Боғларда етилган олма, ўрик, нок, шафтоли, хурмо сингари хоҳ улар ҳўл, хоҳ қуруқ бўлсин, ҳамма мевалардан ўндан бири берилади. Шунингдек, бодринг, тарвуз, бақлажон, сабзи, шолғом, редиска каби полиз-сабзавот экинларидан ҳам ўндан бири берилади.

Ҳовлидаги мевали дарахтлардан ушр олинмайди. Чунки улар одатда даромад олиш мақсадида экилмайди.

Ижарага олинган ердаги экинлар ушри ер эгасига эмас, балки ерни ижарага олган деҳқонга тааллуқли. Чунки закот ерга эмас, балки унда унган экинга берилади.

Ушр бериш учун бир йил ўтиши ва нисоб шарт эмас. Ҳосил олиниши билан, озидан ҳам, кўпидан ҳам ўндан бири берилади. Неча марта ҳосил олинса, шунча марта ушр чиқарилади.

Ушрни адо этмай туриб, ҳосилдан еб бўлмайди, лекин экиннинг эгаси ушрни беришга қатъи қарор қилган бўлса, емоғи ҳалолдир.

Бизнинг диёримиз ерлари, асосан, ушр ерлари ҳисобланади. Ушр ерлари деганда Араб ерлари, аҳолиси ўз ихтиёри билан Исломни қабул қилиб, халқнинг ўз қўлида қолдирилган ерлар, шунингдек, мусулмонлар лашкарига қарши урушган ва ерлари жангдан сўнг мусулмон аскарларга тақсимлаб берилган жойлар тушунилади.

Харож ерлари деганда мусулмон лашкарига қарши урушган ва ерлари жангдан сўнг ўз қўлларида қолдирилган, шунингдек, сулҳ билан қўлга киритилган ва маҳаллий халқнинг ихтиёрида қолдирилган жойлар тушунилади.

Очилган қўриқ ер ўз яқинидаги ернинг ҳукмида бўлади. Маълум қаровсиз ерни биров обод қилиб, ундан ҳосил олишни бошласа, унинг ушрий ёки харожий эканлигини аниқлаш учун унга яқинда жойлашган ерга қаралади. Яқиндаги ер ушр ери бўлса, у ҳам ўшандай, агар харож ери бўлса, у ҳам харож ери бўлади.

Демак, ерлар иккига бўлинади:

Ушр ерлари - эгалари молик бўлатуриб, Исломга кирган ерлар.

Харож ерлари - мусулмонлар ўша ер аҳли билан уруш қилиб эгаллаган, лекин тақсимланмай, ўз эгаларига қолдирилган ерлар.

Харож ерларидан олинадиган солиқнинг миқдори мусулмонлар раҳбари ва маҳаллий аҳоли орасидаги келишувга қараб белгиланади. Келишув чиққан умумий маҳсулотнинг маълум қисмини тўртдан бири, бешдан иккиси каби, энг кўпи билан ярми ёки маълум ер майдонига маълум миқдорда солиқ солиш юзасидан бўлади.

Агар ердан сув узилиб қолса, ерни ишлатиш имкони бўлмаса ёки экинга офат етса, харож олинмайди. Бордию ернинг эгаси уни ишловсиз қолдирса, харож олинаверади.

Агар ернинг эгаси Исломга кирса ёки ерни мусулмон одам сотиб олса, харож аввалгидек қолаверади.

Агар кофир мусулмоннинг ушр ерини сотиб олса, у ердан харож олинади. Чунки ушр бериш ибодатдир. Мусулмон бўлмаган одам эса ибодатга лойиқ эмас. Шунинг учун унга харож солинади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан