loader
Foto

Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 93 санада таваллуд топади ва ҳижрий 179 санада 86 ёшида оламдан ўтади.

Исми Молик, куняси Абу Абдуллоҳ, «Имоми дорил ҳижрат» деган номга сазовор бўлган. Отасининг исми Анас. Ота-боболарининг асл ватани Яман бўлган. Аввалда Имом Моликнинг катта бобоси Абу Омир деган киши Мадинаи Манавварага яшаш учун келади. Аслида у киши Ямандаги подшоҳ оиласининг вакили бўлган. У вақтда Яманда Ҳимяр қавми ҳукмрон бўлиб, Имом Моликнинг катта бобоси унинг Асбаҳ номли уруғидан эди. Шу эътибордан Имом Молик раҳимаҳуллоҳга «Асбаҳий» нисбаси ҳам берилади. У зотнинг аждодлари орасида энг катта бобоси биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилади.

Қози Абу Бакр ибн Аъло раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг бобоси Абу Омир саҳобийлардан бўлган ва у Бадрдан ташқари барча ғазотларда қатнашган».

Аллома Суютий раҳимаҳуллоҳ ҳам Имом Моликнинг катта бобосини саҳобий деган.

Аллома Заҳабий раҳимаҳуллоҳ эса «Тажридус-саҳоба» номли китобда шундай келтиради:

«Бирор киши уни саҳобалар орасида ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида зикр қилмаган». Яъни Абу Омир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида яшаган, лекин у зот билан суҳбатда бўлмаган, дейишади.

Имом Моликнинг бобоси тобеъинлардан эканида бирор хилоф йўқ, чунки у киши кибор тобеъинлардан бўлган. Шунингдек, у киши олти саҳиҳ тўпламнинг ровийларидан ҳам саналади. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид қилинганидан сўнг тўрт киши у зотни Бақиъ қабристонига олиб бориб дафн қилади. Имом Моликнинг бобоси ана шу тўрт кишидан бири бўлган. Имом Моликнинг бобоси Абу Омир ҳижрий 74 санада вафот этади. «Сиҳоҳи ситта» («Олти саҳиҳ тўплам») эгаларининг барчаси у кишидан ҳадис ривоят қилганлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг туғилган санаси борасида ихтилоф мавжуд. Лекин аллома Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Тазкиратул ҳуффоз» номли китобда айтади: «Яҳё ибн Букайр раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Мен Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 93 санада таваллуд топгани ҳакида у кишининг ўзидан эшитганман».

Шунга биноан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ у кишининг ўзидан нақл қилинган саҳиҳ қавлга кўра ҳижрий 93 санада таваллуд топган.

Шунингдек, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ она қорнида ўз муддатидан кўпроқ турганини барча уламолар эътироф этишган. Тарихчи уламоларнинг машҳур фикрига кўра, у киши она қорнида уч йил турган экан. Лекин аллома Воқидий ва Аттоф ибн Холидларнинг қавлида бу муддат икки йил экани айтилади.



Илм таҳсили

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ илм аҳли бўлган оилада таваллуд топади. У кишининг бобоси Абу Омир ва отаси Анас раҳимаҳуллоҳлар ҳам етук илм эгалари бўлганлар.

Имом Молик таваллуд топган вақтда Мадинаи Мунаввара илмнинг маркази ҳисобланган, чунки у ерда саҳобалар ва улардан илм олган тобеъинлар ҳам жуда кўп эди. Имом Молик Қуръон қироати илмини Мадинада Нофеъ ибн Абдурраҳмон раҳимаҳуллоҳдан ўрганади. Илм талабида юрган кезлари иқтисодий жиҳатдан бироз тангликка дуч келади. Таълим олиш учун ҳаттоки ўз уйининг шифтида-ги тўсинларни сотишга ҳам мажбур бўлади.

Аллома Зарқоний раҳимаҳуллоҳнинг келтиришича, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ тўққиз юздан зиёд шайхлардан илм истифода қилади. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шогирди Имом Нофеъ раҳимаҳуллоҳдан жуда кўп илм таҳсил қилади. Имом Нофеъ раҳимаҳуллоҳ вафот этгунига қадар ўн икки йил давомида у кишининг ҳузурида таълим олади. Шунинг учун ҳам Имом Моликнинг «Муватто» китобидаги аксар ривоятлар Имом Нофеъ раҳимаҳуллоҳдан келтирилади. Зеро, мазкур санад Муваттонинг олтин силсиласи саналади.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ борасида Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Халифа Ҳорун ар-Рашид Имом Моликка шундай дейди: «Биз сизнинг китобингизда ҳазрати Алий ва ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг зикрини жуда кам кўрамиз. Нима учун у зотлардан кам ривоят қилгансиз?» Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: «Менинг шаҳримда у зотлар йўк эдида. Қолаверса, мен у зотларнинг шогирдлари билан ҳам мулоқотда бўлмаганман».

Айниқса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятлар «Муватто»да ниҳоятда кам учрайди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ мазкур зотлардан жуда кам ривоят олишига сабаб, уларга нисбатан қалбида бирор салбий фикр бўлган, дейиш тўғри эмас. Балки Имом Молик Мадинаи Мунавварага нисбатан ўзгача муҳаббатда бўлган. Яъни у зот Мадинаи Мунавварадан ташқари чиқишни истамасди ва шу ерда вафот этишни орзу қиларди. Шу мақсадда Мадинаи Мунавварадан бошқа жойга чиқмаган. Ҳатто ҳажга ҳам бир марта боради, холос. Мана шу эътибордан ҳазрати Алий, Ибн Аббос ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуларнинг шогирдлари билан мулоқотда бў-лолмайди. Шунинг учун ҳам улардан ривоятлар нақл қилмаган.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса жуда кўп марта ҳаж зиёратига келади. Шу эътибордан у киши Имом Нофеъ раҳимаҳуллоҳдан ҳам кўп ривоятлар келтиради.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ жуда кучли зеҳн соҳиби бўлган. Бу борада у зотнинг ўзи: «Бирор нарсани ёдламоқчи бўлсам, у албатта ёдимда қолади. Уни асло унутмайман», деган. Яна айтади: «Ҳозирда инсонларнинг зеҳни заифлашди. Бизнинг вақтларда инсонларда хотира кучли бўларди».

Бир вақтнинг ўзида бир нечта устозларнинг ҳузурига борган. Бу ҳақда у кишининг ўзи айтади: «Мен бир устоздан элликтадан юз-тагача ҳадис эшитардим. Уларни ёдлаб олардим ва ёддан чиқармас эдим».

Мадинаи Мунавварада Ибн Умар розияллоҳу анҳу вафот этганидан сўнг у кишига Имом Нофеъ раҳимаҳуллоҳ ўринбосар бўлиб қолади. Имом Нофеъ раҳимаҳуллохдан сўнг эса Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ўринбосар бўлади. Айтилишича, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ўн етти ёшидан бошлаб дарс беришга киришади ва олтмиш бир йил давомида у зот ҳадис ва фиқҳдан дарс беради.

Имом Моликнинг одати шу эдики, агар ҳадис эшитишни ёки эшиттиришни ирода қилса, таҳорат олар ёки ғусл килар, қимматбаҳо кийимларини кияр, сочларини яхшилаб тараб олар ва хушбўйликлардан суртар эди. Шундан кейин дарсхонага бориб, ҳадис айтиш ёки эшитишга машғул бўларди. Ҳатто дарс айтадиган дарсхонада хам хуш бўй чиқарадиган тутатқилардан ёқиб қўярди.

Ибн Касир ва аллома Заҳабий раҳимаҳумуллоҳ айтадилар: «Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан катта жамоадаги одамлар дарс олишарди. У кишидан ривоят қилувчиларнинг адади бир минг уч юздан ошган. Улар орасида Имом Муҳаммад, Имом Шофеъий, Абдуллоҳ ибн Муборак ва бошқалар бўлган.

Иккита шахс Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан ривоят келтиради. Уларнинг бири Имом Зуҳрий раҳимаҳуллоҳдир. Имом Зуҳрий Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг шайхи бўлган. Шунга қарамай, у киши Имом Моликдан ривоят нақл қилган. Имом Зуҳрий ҳижрий 125 санада вафот этади. Имом Моликдан ҳадис ривоят қилган Абу Ҳузофа Саҳмий деган ровий эса ҳижрий 250 санада вафот этади. Бу икки ровийнинг вафот этиш санаси 125 йил фарқ қилмоқда. Қисқаси, бу икки ровий Имом Молик раҳимаҳуллохдан Фурайъа бинту Моликнинг иддада ўтирган аёлнинг сукноси (яшаш жойи) борасидаги ҳадисни ривоят қиладилар.

Имом Дорақутний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Моликдан олдин ҳам, у кишидан кейин ҳам икки ровийси ўртасида шунча фарқ қилган бирор шайх бўлмаган».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг доимий яшайдиган макони бўлмаган. У зот илм талаби ва шавқида бирор манзилни шахсий уй сифатида тутмаган. Шунинг учун доимо ижарада яшаб келган. У зот ўша вақтда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг уйи жойлашган ерда ижарада яшаган. У жой эса Масжидун Набавийга яқин бўлган. Масжидун Набавийда эса ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўтирган жойда ўтирар эди. Бу жой Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф вақтида тўшак тўшаган жойлари бўлган. Шу сабаб аввалига ҳазрати Умар, у зотдан кейин Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу ерда ўтириб дарс айтганлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ташқарига чиқмоқчи бўлса, бошига ёпинчиқ ташлаб чиқар эди. Бундан мақсад, ўзини одамлардан пана тутиш ва бошқалар у кишини кўришидан сақланиш бўлган.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ аксар ҳолларда қуйидаги шеърни ўқиб юрган:



Дин ишларининг энг афзали суннат бўлгани,

Ишларнинг энг ёмони янгича ва бидъат бўлгани.



Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: «Илм деганда, кўп ривоят қилиш, кўп масала айтиш ва кўп гапириш тушунилмайди. Илм - бу бир нур бўлиб, Аллоҳ таоло уни қайсидир бир қалбга ташлайди».

Имом Молик ўзининг икки жияни - Абу Бакр ва Исмоилга шундай дейди: «Иккингизни ҳадисга ниҳоятда шавқли ҳолда кўряпман. Агар сизлар ушбу илмнинг ўзингизга манфаатли бўлишини яхши кўрсангиз, ҳадис ривоятини камайтириб, фиқҳга эътибор қаратинглар».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати бениҳоя юксак бўлган. Шунинг учун ҳам Мадинаи Мунавварага қаттиқ боғланган эди. У кишининг шогирди Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай ҳикоя қилади: «Бир куни мен Имом Моликнинг ҳузурига келдим. У киши ҳадисдан дарс айтаётган эди. Дарс жараёнида бир чаён у зотни ўн олти марта чақибди. Чаён ҳар чаққанида оғриқ туфайли Имом Моликнинг юзида ўзгариш бўлар, лекин дарсни тўхтатмасдан давом эттирарди. Дарс ниҳоясига етиб, ҳамма тарқалганидан сўнг мен у зотнинг олдига бориб, дарс пайти юзида турли ўзгаришлар бўлганини айтдим. Шунда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ дарс пайти бир нечта жойини чаён чаққанини айтди ва шундай деди: «Мен чаён чақиб турса ҳам индамаганим ўзимнинг тоқатимни кўрсатиб қўйиш учун эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига бўлган эҳтиромим сабабидандир. У зотнинг муборак ҳадислари узилиб қолмасин, деган мақсадда оғриққа сабр қилдим».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг ёши улғайиб қолган вақтда ҳам Мадинаи Мунавварада уловга минмагани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг яна бир белгисидир. У киши айтар эди: «Ушбу тупроқларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза жасадлари дафн этилган. Менинг бу жойларни уловда босиб ўтишим муносиб иш эмас. Зеро, бундай қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва одобга хилофдир».

Абу Нуайм раҳимаҳуллоҳ Мусанно ибн Саиддан нақл қилиб айтади: «Мен Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганини эшитганман: «Қачонки ухлайдиган бўлсам, тушимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қиламан».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: «Менга Мадинаи Мунавваранинг тупроқларидан хушбўй ис келади. Уч кунда бир маротаба ҳожатхонага бораман. Ҳожатхонага қайта-қайта боришдан уяламан». Имом Молик раҳимаҳуллоҳ кучли зарурат ҳолатларини инобатга олмаганда, қолган барча ҳолатларда ҳожат учун Мадинадан ташқарига чиқар эди.

Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен Имом Молик каби тез ва тўғри жавоб берувчи инсонни кўрмаганман».

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар Имом Молик ва Ибн Уяйна раҳимаҳумуллоҳ бўлмаганда, илм Ҳижоздан кетган бўларди».

У зот яна айтади: «Тобеъинлардан сўнг Имом Молик раҳимаҳуллоҳ махлуқотлар учун Аллоҳ таолонинг ҳужжати саналади».

Ибн Қаттон ва Ибн Маъин раҳимаҳумуллоҳ айтади: «Имом Молик ҳадис илмида «Амирулмўъминин» бўлган. Шунингдек, у зот махлуқотлар учун Аллоҳ таолонинг ҳужжатларидан биридир. У кишининг фазли борасида ҳамма иттифоқ қилган ва бу борада ҳеч ким ихтилоф қилмайди».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг ўзи айтади: «Мен етмишта кибор уламолардан ўзимни шу ишга лойиқ эканим ҳақида гувоҳлик олмагунимча фатво бермас эдим».

Имом Молик таълиф этган китоблар орасида энг машҳури «Муватто» китобидир. Бундан ташқари, у киши тарафидан бир қанча рисолалар битилган. У киши «Муватто» асарини Мадинаи Мунавварада ёзиб бўлганидан сўнг халифа Ҳорун ар-Рашид у кишига уч минг динор пул юбориб, шундай илтимос қилади: «Мадинаи Мунавварадан ташқарига чиқиб, бизнинг ҳузуримизга ҳам келсангиз. Биз ҳам сиздан илм истифода қилсак». Шунда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дунёнинг барчаси тўпланиб келса ҳам, Мадинаи Мунавварани тарк қилмайман. Сиз юборган олтинлар ўз ҳолича турибди. Агар истасангиз, уни олиб кетишингиз мумкин. Лекин Мадинадан ташқари чиқа олмайман».

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ «Мадорик» номли китобда айтади: «Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг хос шогирди Абу Мусъабнинг зикр қилишича, «Муватто» китоби аслида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўлимига сабабчи бўлган аббосий халифа Мансурнинг илтимосига биноан ёзилган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мансурнинг халифалик йилларида «Мувагто»ни ёзишга киришади. Лекин китобнинг ниҳояланиши унинг вафотидан сўнг бўлади. Халифа Мансур ҳижрий 150 сана, зулҳижжа ойининг олтинчи кунида вафот этади. Сўнг тахтга ўғли Махдий ўтиради ва унинг даврида «Муватто» асари ёзиб тугатилади.

Аллома Ибн Жазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муватто» асарининг ёзилиши ҳижрий 143 санада, Яҳё ибн Саид Ансорий вафот этгач бошланади. Лекин аксар қавлларга кўра, бу китобнинг ёзилиши ҳижрий 150 санада ўз ниҳоясига етади.

Аллома Кавсарий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Халифа Мансур Имом Молик раҳимаҳуллоҳга шундай деган: «Эй Абу Абдуллоҳ! Ўзингизга маълумки, ҳозирда сиз ва биздан ўзга шариатни биладиган кимса қолмаган. Менку, салтанат ишлари билан бандман. Шу боис сиз мусулмонлар оммаси фойдалана оладиган китоб ёзсангиз. У китобни Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг кўрсатма ва енгилликлари, Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қийин (сўз)лари ва эҳтиётлари билан тўлдириб юборманг. Фақат ўрта ҳолдаги ривоятларни олинг. Бу билан сиз одамлар учун китоб ёзиш ва таълимнинг намунасини қоим қилсангиз».

Китобнинг «Муватто» деб номланиши борасида Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг ўзи айтади: «Мен ушбу китоб ниҳоялангач, уни Мадинаи тоййибанинг етмишта фақиҳига кўрсатдим. Уларнинг барчаси менга бу борада ҳамфикр эканликларини билдирдилар. Шу сабаб уни «Муватто» («Оммабоп», яъни оммага маъқул келган) деб номладим».

Имом Молик раҳимаҳуллоҳга қадар ҳеч ким бу ном остида китоб ёзмаган.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳам баъзи бир мусибатларга дучор бўлган. Мадина ҳокими у зотни бир фатво сабабидан етмиш дарра уришга ҳукм қилади.

Баъзиларнинг айтишича, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ жамоатга чиқишни тарк қилган. Шунда у кишидан бунинг сабабини сўрайдилар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса:

«Ҳар ким ҳам ўз узрини айтишга қодир бўлмайди», деб жавоб беради.

У зотнинг шогирди Абу Мусъаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Молик раҳимаҳуллоҳ жума намозидан ташқари йигирма беш йил жамоат намозига қатнашмаган». Бу ҳакда одамлар сўрашганида Имом Молик шундай дерди: «Мен бирор мункар ишни кўрган вақтим уни қайтара олмасликдан қўрқаман».

Имом Моликка етмиш дарра уришга ҳукм қилинишининг асл сабаби шу эдики, Мадинаи Мунавварада Нафси Закия деган киши халифа Мансурга қарши уруш эълон қилади. Мана шу вазиятда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: «Халифа Мансур инсонларни мажбуран ўзига байъат қилдирди. Шу боис унинг байъати дуруст бўлмайди. Халифалик Нафси Закиянинг ҳаққидир», деган фатвони беради. У зотга мана шу гапи учун дарра урадилар.

Халифа Мансур ва унинг баъзи аъёнлари тарафидан халққа ва қолаверса, тобеъин уламоларга нисбатан қаттиқ азиятлар берилади. Шунинг учун ҳам Имом Молик раҳимаҳуллоҳ уларни фосиқ деб биларди. Шунга биноан, Имом Моликнинг фаръий масалаларида фосиқ кимсанинг ортида намоз ўқиш ботил экани айтилади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг жамоатга қатнашмаслигига ҳам мана шу омил сабаб бўлган.

Хуллас, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ тарафидан айтилган юқоридаги фатво туфайли халифанинг топшириғи билан Мадинанинг волийси Жаъфар ибн Сулаймон у кишини етмиш дарра урдиради. Бу ҳоким Имом Молик раҳимаҳуллоҳни урдирибгина қолмай, оёқ-қўлларини торттириб ҳам азоб беради. Натижада у кишининг икки қўли елкасидан чиқиб кетади. Шунинг натижасида кейинчалик ҳам Имом Молик қўлларини юқорига кўтаришга қийналган.

Халифа тарафидан бу каби жазоларга тортилиши Имбм Моликнинг халқ орасида аввалги ҳурматига янада ҳурмат ва шуҳрат қўшади.

Баъзи уламолар айтадилар: «Бу дарралар Имом Молик раҳимаҳуллоҳга бир зийнат бўлди, чунки шу туфайли у кишининг обрўси янада ортди».

Бу ҳақда Имом Моликнинг ўзи:

«Аллоҳим! Уларни мағфират қилгин, чунки улар билмасдан қилмокдалар», дея дуо қилиб, золимларни кечириб юборади.

Бир ривоятда айтиладики, Имом Молик раҳимаҳуллоҳга дарра урилгач, у зот ҳушидан кетади. Уз уйига олиб келингач, ҳушига келиб дейди: «Барчангиз гувоҳ бўлингларки, мен бу урганларни ва ур-дирганларни афв этдим».

Бу воқеалар тахминан ҳижрий 146 ёки 147 санада бўлиб ўтади. Шундан сўнг халифа Мансур ҳаж зиёратига келади ва Имом Молик раҳимаҳуллоҳ билан учрашиб: «Агар истасангиз, сизни урдирган Жаъфардан ўч олиб бераман», дейди. Шунда у зот айтади: «Аллоҳга қасамки, мен биринчи дарра тушган вақтдаёқ Жаъфарни афв этиб юборганман. Чунки унинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндошлиги бор».

Баъзилар айтадилар: «Жаъфар Имом Моликдек зотни урдира оладиган кучга эга эмас эди. У бу ишни фақат халифанинг топшириғи билан қилган. Шунинг учун Имом Молик у иккисини ҳам афв этган».

Тарих китобларида айтилишича, Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ шаҳид бўлганидан сўнг халифа Мансур қаттиқ афсус чекади. Шунингдек, Имом Моликнинг дарра урилиши воқеасидан ҳам надомат қилади. Шунинг учун ҳам Имом Молик раҳимаҳуллоҳга тасалли бўлиши учун дарранинг қасосини олиб беришни айтади. Лекин у киши афв этгани учун қасос олинмайди.

Мансурдан кейинги халифалардан бири Ҳорун ар-Рашид эди. У киши халифалик даврида Мадинаи Мунавварага ташриф буюради ва Жаъфар Бармакий исмли вазирини Имом Моликнинг ҳузурига юборади. Унга Имом Молик «Муватто» китобини олиб келиб, ундаги ҳадисларни эшиттириши кераклигини айтади. Вазир Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келганида у зот шундай дейди: «Халифага менинг номимдан салом йўлланг ва шуни ҳам етказингки, илм бирор кишининг олдига бормайди, балки инсонлар илм сари борадилар. Агар у кишида илм олиш истаги бўлса, ўзи келсин». Жаъфар бу гапларни халифага етказади. Сўнгра халифа билан Имом Молик ўртасида мулоқот бўлади. Халифа у кишига: «Сиз менинг чорловимни рад қилибсиз. Нега бундай қилдингиз?» деганида, Имом Молик шундай жавоб беради: «Аллоҳ таоло сизга иззат ва мартаба берди. Агар сиз илмни қадрламайдиган бўлсангиз, Аллоҳ таоло сиздан бу иззат ва мартабани олиб қўйиши хавфи юзага келади. Қачонки илмни қадрласангиз, Аллоҳ таоло даражангизни ҳам юксалтиради. Ҳузуримга ўзингиз келмаслигингиз илмни қадрсиз қилганингиздир». Бу гапларни эшитгач, халифа Ҳорун ар-Рашиднинг ўзи «Муватто»дан дарс эшитиш учун Имом Моликнинг ҳузурига келади.

Яна бир ривоятда келтирилишича, халифа Ҳорун ар-Рашид «Муватто» китобидан дарс эшитиш учун бир неча бор ташриф буюради. Бир сафар дарсга ўғлини ҳам олиб келади. Халифа келган вақтда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ўзи ўтирган юқори жойга халифани ўтирғизади. «Муватто» китобини ўқишга навбат келганда халифа Имом Моликдан китобни у зотнинг ўзи ўқиб эшиттиришини сўрайди. Лекин Имом Молик ёши улғайиб қолгани сабаб ўзи ўқиб эшиттиролмаслигини, кимдир ўқиса, тасдиқлаб туришини билдиради. Шунда халифа: «У ҳолда ўзим ўқийман, лекин бошқаларни мажлисдан чиқариб юборинг», дейди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: «Илмнинг хулосаси шуки, агар хос доиранинг риоясини қилиб, омма илмдан маҳрум қилинадиган бўлса, хос зотларга ҳам бу илмнинг фойдаси тегмайди». Сўнгра Имом Молик раҳимаҳуллоҳ «Муватто»ни ўқишни Маън ибн Ийсо исмли шогирдига буюради. У китобни ўқий бошлайди. Шу пайт Имом Молик раҳимаҳуллоҳ халифага юзланиб: «Эй мўминлар амири, бу шаҳарнинг одати шуки, одамлар илм йўлида тавозени яхши кўрадилар. Шунинг учун тавозе қилиб пастга ўтирсангиз. Ўқийдиган киши юқорига чиқади», дейди. Халифа Ҳорун ар-Рашид эса юқоридан пастга тушиб, китоб мутолаасини эшита бошлайди.

Имом Моликнинг вафоти борасида Имом Суютий ва аллома Зарқуний раҳимаҳумуллоҳ айтадилар: «У зот якшанба куни бетоб бўлади ва орадан йигирма икки кун ўтиб, ҳижрий 179 сана рабиъул аввал ойи, якшанба куни вафот этади. Имом Молик Бақиъ қабристонига дафн қилинади».

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Ҳидоя шарҳи" китобидан



ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Имом Молик ва у кишининг мазҳаблари