loader
Foto

Имом Зуфар ибн Ҳузайл раҳимаҳуллоҳ

Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг икки катта шогирдлари - Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллохдан суҳбат эътиборидан муқаддам саналади. Яъни устознинг дарсларига улардан олдин қатнашган. Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 158 санада 28 ёшида вафот этади. Отаси араблардан, онаси эса форсий бўлган. Шу жиҳатдан у кишида икки миллатнинг ҳам унсури жамланган эди. Яъни у киши сўзни баён қилиб беришга ўта моҳир бўлган. Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан кўпроқ раъй фиқҳини ўрганади ва шунда мустаҳкам бўлган. Шунга кўра, Имом Зуфар қиёс ва ижтиҳодда ўта тез таҳлил қилувчи ва кучли бўлган.

«Тарихи Бағдод» номли китобда тўрт имом ҳақларида бир ривоят келтирилади. Унда келтирилишича, бир киши имом Музаний раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб, Ироқ аҳли борасида сўрайди. Аввалда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақида сўрашганида, имом Музаний раҳимаҳуллоҳ: «У киши Ироқ аҳлининг сардори», деган. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақида эса: «У киши барчадан кўра ҳадисга эргашувчироқ», деган. Кейин Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ҳақида сўрашганида, «Имом Муҳаммад тафриот (масалаларни истинбот қилиш)да барчадан устун», деб жавоб беради. Сўнгра Имом Зуфар борасида савол сўраганларида, имом Музаний: «У қиёсда ҳаммадан тез таҳлил қилувчи эди», деб жавоб беради.

Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ китоб ёзмаган. Шу эътибордан ўз устозидан ривоят қилгани маълум эмас. Чунки Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан сўнг саккиз йил яшаган, холос. Имом Зуфар Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳдан фарқли ўлароқ, ҳанафий фиқҳини тил воситаси билан тарқатган.

Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳаётлик чоғида Басрага қози этиб тайинланган.

Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ «Ал-Интиқо» китобида айтади: «Зуфар раҳимаҳуллоҳ Басрага қози этиб тайинланганида, устозининг ҳузурига келади. Шунда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: «Сенга маълумки, Басра аҳли ўртасида бизга нисбатан ҳасад ва адоват мавжуд. Шунинг учун ҳам сен уларнинг орасида саломат юришинг қийин масала», дейди. Шундан кейин у киши Басрага бориб, қозилик ишини бошлайди. Басралик аҳли илмлар ҳар куни у кишининг ҳузурига келиб, фиқҳий масалаларда мунозара қиладилар. Қиёсга моҳир бўлгани учун уларнинг саволларига ўринли ва тез жавобларни беради ва натижада улар Имом Зуфарни қабул қила бошлайдилар. Улардаги бу ҳолатни кўргач, Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ бирор масала айтса, «Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзи», дейдиган бўлади. Шунда басраликлар таажжубланиб, «Имом Абу Ҳанифа мана шундай гапни айта оладими?» дейдилар. Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ эса «Албатта, у киши бундан зиёдасини ҳам билади», деб жавоб беради.

Қисқаси, Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ агар Басра аҳлига бирор масала айтадиган бўлса, уни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатлашни одат қилади. Чунончи, Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳнинг мана шу тадбиридан сўнг Басра ва Куфа аҳли ўртасидаги ҳасад ва адоват аста-секин кўтарилади. Улар Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатан дўстона муносабатда бўла бошлайдилар ва илгари у киши ҳақида ёмон гапларни гапирган бўлсалар, эндиликда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга мақтовлар айтадиган бўладилар.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Ҳидоя шарҳи" китобидан