loader
Foto

Ал-Муктафи Биллоҳ Абу Муҳаммад

Ал-Муктафи биллоҳ Абу Муҳаммад, Али ибн Мўътазид туғилган йили 264, рабиул охирнинг боши. Онаси - турк аёли, исми Чечак. У аёлнинг ҳусну-жамоли зарбулмасал бўлиб кетган.

Отаси тахтни унга васият қилди. Мўътазид касал ётганида, жума куни асрдан кейин 289 (902) йили рабиул охирдан ўн бир кун қолганда унга байъат берилди.

Ас-Сувлий: халифалардан фақат унинг ва Али ибн Абу Толибнинг исми Али бўлган, шунингдек фақат Ҳасан ибн Али, Ҳоди ва Муктафининг кунялари Абу Муҳаммад бўлган.

Отасининг ўлими олдидан берилган байъат чоғида у ўзи бўлмаган Раққада эди. Шунинг учун байъат расм-русумларини вазир Абул Ҳасан Қосим ибн Убайдуллоҳ қабул қилди. Муктафи Бағдодга жумодул увлонинг еттинчисида етиб келди.

Амарияда Дажладан ўтди. У кун жуда улуғ кун бўлди. Тиқилинчдан ҳатто қози Абу Умар кўприкдан тушиб кетди. Соғ-саломат чиқариб олинди. Муктафи халифалик саройига тушди. Шоирлар шеърлар айтишди. Вазир Қосимга еттита тўн кийдирилди. Отасининг пинҳона хилватгоҳларини буздириб, масжидларга айлантирилди. Отаси қаср солиш учун одамлардан олган боғ-роғлари ва расталарини эгаларига қайтарди. Муктафи тўғри ва ҳалол иш олиб борди. Одамлар уни яхши кўриб дуолар қилишди. Шу йили Бағдодда ер қаттиқ қимирлаб, бир неча кун давом этади. Басрада кучли бўрон бўлиб, аксар хурмо дарахтларни қўпориб юборади. Бунақаси бўлмаган экан. Шу йили Яҳё ибн Закаравайҳ қарматий исён қилди ва у билан халифа аскарлари ўртасида то у ўлдирилгунга қадар, яъни 290 йилгача уруш давом этди. Ундан кейин ўрнига укаси чиқди. У юзидаги холини кўрсатиб бу менинг белгим (далилим) деб даъво қилди. Унинг амакиваччаси Исо ибн Меҳравайҳ эса, мени лақабим “ал-муддассир” ва шу сурадаги менман, деб даъво қилди. Бир ғуломига “ал-Мутаввақ биннур” (нурга чўмган) деб лақаб қўйиб олди. Шомни эгаллаб, безорилик ва бузғунчилик қилди. Ўзини “амиралмўминин Маҳди” деб атади ва минбарларда унга дуолар қилинди. Сўнг 293 йили уччови ўлдирилди.

Рум шаҳарларидан Анталия ҳам шу йили куч билан фатҳ қилинди. У ердан ҳисобсиз (мол-дунё) ғанимат тушди.

292 йили Дажла дарёси тошиб кетади. Бунақаси бўлмаган экан. Оқибатда, Бағдод хароб бўлади. Сув 21 газ микдорида тошади.

Ас-Сувлий: Муктафи касал вақтида шундай деганини эшит-дим, мен ўзим муҳтож бўлмаган биноларни қураман деб мусулмонларнинг молларидан ишлатганим, етти юз минг динордан бошқа ҳеч нарсага пушаймон қилмайман. Улар менга керак эмас эди, мен ана шулар ҳақида сўроқ қилинишдан қўрқаман. Улар учун Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муктафи 295 (908-907) йили зулқаъдадан ўн икки кеча ўтиб якшанба кечаси йигитлик ёшида қазо қилди.

Унинг даврида ўлган машҳур инсонлар: Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал, араб тили имоми (пешвоси) Саълаб, қори Қунбул, фақиҳ Абу Абдуллоҳ ал-Бўшанжий, “ал-Муснад” соҳиби ал-Баззор, Абу Муслим ал-Кажий, қози Абу Хозим, Солиҳ Жазра, имом Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий, сўфийлик шайхи Абул Ҳусайн ан-Нурий, Ироқ шофеъийлари шайхи Абу Жаъфар ат-Термизий.

Мен Абдулғофирнинг “Нишопур тарихи” китобида кўрдим, Ибн Абуддунё дебди: “Халифалик Муктафига ўтганда мен унга икки байт ёзиб юбордим:



тарбия бермоқ, отанинг бурчи акл ва мурувват соҳиблари наздида унга риоя этмок» уни сакламок, пайғамбар авлодига зарурроқдур.



Шундан кейин менга- ўн минг дирҳам келтириб беришди”.

Бу воқеа Ибн Абуддунёнинг Муктафи давригача ҳаёт бўлганлигини кўрсатади.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан