Ал-Мустаин биллоҳ Абулаббос Аҳмад ибн Мўътасим ибн Рашид, у Мутаваккилнинг укаси. Туғилган йили 221 (836) йил. Онаси канизак бўлиб, исми Махориқ.
Хушсуврат, оқ тусли, юзи чечак доғли, тили чучук одам эди. Мунтасир ўлгандан кейин қўмондонлар йиғилиб, маслаҳатлашиб дедилар: “Агар Мутаваккилнинг фарзандларидан бирини тахтга ўтказсангиз ҳеч биримиз (тирик) қолмаймиз. Шундай экан, устозимизнинг ўғли Аҳмад ибн Мўътасимдан ўзгаси бўлмасин”. Шундай қилиб, унга байъат берадилар. Унинг ёши 28 да эди.
У 251 (865-64) йилнинг бошларигача турди. Васиф ва Буғони қатл этиб, Мутаваккилни қотили туркий Боғирни сургун қилиб юборганидан кейин турклар унга бўйсунмай қўйишади.
Мустаиннинг Васиф ва Буғога сўзи ўтмас эди. Турклар итоат қилмай қўйишгач, у қўрқиб Самуррадан Бағдодга кетиб қолади. Кейин турклар ундан узр сўрайдилар, бундан кейин итоатда бўламиз дейдилар ва қайтишини сўраб одам жўнатадилар, бироқ у унамайди. Шундан сўнг уни қамашга қасд қиладилар. Мўътазни олиб келиб, унга байъат берадилар. Мустаинни тахтдан туширадилар. Сўнгра Мўътаз Мустаинга қарши жанг қилиш учун кўп қўшин тўплайди. Бағдод ахди Мустаин билан биргаликда урушга киришади.
Ўрталарида катта жанглар бўлиб ўтади. Уруш ойлаб давом этади. Кўп қон тўкилади. Нархлар ошиб кетади. Офат-балолар кўпаяди. Мустаиннинг иши орқага кетади. Одамлар Мустаинни бўшатиш эвазига сулҳ тузишга уринадилар. Бу ишнинг бошида қози Исмоил ва бошқалар туришади. Улар қаттиқ шартлар қўйишади.
Мустаин 252 (866) йили ўз ихтиёри билан истеъфога чиқади. Қози ва бошқа кишилар бунга гувоҳ қилинадилар. Мустаинни Воситга сургун қилишади. У ерда 9 ой соқчи назоратида маҳбус бўлиб яшайди, кейин Самуррага қайтарилади. Мўтаз Аҳмад ибн Тўлунга Мустаинни ўлдиргин, деб одам юборади. У шунда мен ҳеч қачон халифаларнинг фарзандларини ўлдирмайман, дейди. Шундан кейин Мўтаз Саид ҳожибни жўнатади. У бориб Мустаинни бўғизлаб юборади. Бу воқеа ўша йили учинчи шавволда содир бўлади. Унинг ёши 31 да эди. Мустаин фозил, адабли ва яхши одам эди. Кенг енгли кийим кийишни биринчи бўлиб у чиқарган. Уларнинг кенглигини уч қаричга етказади. Бош кийимларни кичрайтиради, илгари узун (баланд) бўларди.
Унинг даврида ўлган машхур одамлар: Абд ибн Ҳумайд, Абуттоҳир ибн Сурҳ, Ҳорис ибн Мискин, қори Базий, Абу Ҳотам Сижистоний, Жоҳиз ва бошқалар.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан