loader
Foto

Валид ибн Абдулмалик халифалиги

Валид ибн Абдулмалик ҳаёти ва бунёдкорлик ишлари

Валид ибн Абдулмалик 670 йили Мадинада туғилди. Отаси уни дастлаб амакисининг қизи Уммул-банийн бинти Абдулазизга уйлантирди. Ундан Абдулазиз ва Муҳаммад исмли икки ўғил кўрди. Сўнг Валид Сосонийлар ҳукмдори Кисронинг авлодидан бўлган Соҳфарид исмли қизга уйланди. Ундан ҳам бир ўғил фарзанд кўрди ва унга Язид деб исм қўйди. Язид ибн Валид умавийлар сулоласи якунида қисқа муддат (743-744) халифалик қилган.

Халифа Абдулмалик умрининг охирида ўғли Валид ва Сулаймон учун байъат олди. 705 йил октябрь ойи ўрталарида Абдулмалик вафотидан сўнг Валид шаҳарлар аҳолисидан янгидан байъат олди. Валид халифалигининг аввалида умавийлар масжидини қуришга киришди. У бу масжидни ўн йил давомида, яъни халифалигининг охиригача қуришни давом эттирди. Бу масжид ўрнида аввал Христианларнинг ибодатхонаси бор эди. Валид христианлар билан музокара олиб бориб, ибодатхонани бузишга киришди. Валид масжидни қуриш учун жуда кўп маблағ сарфлади.

Валиднинг бинокорлик ишларидан яна бири Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам масжидларини кенгайтириши эди. Шунинг учун уни умавийлар архитектори дейилади. Валид ибн Абдулмалик Оиша ва Фотима розияллоҳу анҳумоларнинг хоналарини ва масжид атрофидан сотиб олинган 200 зиро миқдордаги ер майдонини масжид таркибига киритди. Бу ишни Мадина волийси Умар ибн Абдулазиз халифа буйруғи билан амалга оширди. Шунингдек, у Қуббат ас-Саҳрода улкан қурилиш ишларини олиб борди Дамашқдан 20 километр шимоли-шарқдаги ерда мохов касалига чалинганлар учун касалхона ташкил этди. У қориларни ҳурмат қилар ва уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлар эди.

Валид ибн Абдулмалик халифалиги даврида Шарқ, Ғарб, Андалусия(Бугунги кунда Испания ва Португалия ҳудуди бўлиб, мусулмонлар у ерда ҳукмронлик қилган даврларда Андалусия деб аталган.) ва ҳатто Францияда кенг фатҳ юришлари амалга оширилди. Византияга қарши Маслама ибн Абдулмалик бошчилигида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилди. Бу урушларда халифанинг ўғиллари иштирок этдилар. Юришларда кўплаб қалъалар эгалланди, янги ўлжалар қўлга киритилди. Мусулмон армияси Византия ҳудудига янада чуқурроқ кириб бориб, 708 йили Аммория ва Ҳирақлиягача етиб келди. Константинополга ҳам юришлар уюштирилди. Вақти-вақти билан византияликлар ҳам қарши ҳужум қилса-да, улар бой берган ҳудудларини қайтариб ола олмадилар.

709 йили Валид ибн Абдулмалик Мадинага Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам масжидларига ташриф буюрди. У ерда тобеинлар фақиҳи Саид ибн Мусайяб билан кўришди. Ибн Мусайяб халифага байъат бермаган эди. Шундай бўлса-да, Валид унга қарши ҳеч қандай чора кўрмади ва уни Мадина аҳлининг фақиҳи сифатида эътироф этди.

Валид ибн Абдулмалик халифалигининг аввали-да Хуросон амири Язид ибн Муҳаллаб Басра волийси Ҳажжож ибн Юсуф томонидан вазифасидан бўшатилиб, қамоққа олинган эди. Кейинчалик у ҳибсдан қочишга муваффақ бўлди. Умавийлар валиаҳди Сулаймон ибн Абдулмалик унга омонлик берди. Халифа Валид ҳам унга қаршилик кўрсатмади.

Валид 715 йил февраль ойида вафот этди. У вафотидан олдин укаси Сулаймонни ўрнига ўғли Абдулазизни валиаҳд қилмоқчи бўлди. Унинг бу фикрини Ҳажжож ибн Юсуф ва Қутайба ибн Муслим қўллаб-қувватлади. Бироқ Умар ибн Абдулазиз Сулаймонга қилинган байъатни бузиш нотўғри эканлигини эслатиб, унга қаршилик қилди. Шундан сўнг Сулаймон ибн Абдулмалик валиаҳд бўлиб қолди ва Валиднинг вафотидан сўнг халифа бўлди.



Вилоятлар

Валид халифалиги даврида мамлакатда тинчлик ҳукм сурди. Ҳарбий ҳаракатлар фақат фатҳ юришларида амалга оширилди. Бу даврда хорижийлар ҳаракати ҳам манбаларда зикр қилинмаган.

Мадинаи мунаввара. Халифа Валид Мадина волийлигига жияни Умар ибн Абдулазизни тайинлади. У бу вазифада 705 йилдан 713 йилгача фаолият юритди. Мазкур давр мобайнида Умар ибн Абдулазиз шаҳарни Урва ибн Зубайр(Урва ибн Зубайр - Мадина олими ва етти фақиҳнинг бири, Расулуллоҳнинг ҳаворийси Зубайр ибн Аввомнинг ўғли эди. 23 йили Мадинада туғилган ва шу ерда яшаган. Акаси Абдуллоҳ ибн Зубайр Маккада халифалик қилган вақтда Мадинада яшаган. Акаси ўлдирилганидан сўнг Мадинага кўчиб ўтган. У Мадина 93 йил вафот этган.), Абу Бакр ибн Абдураҳмон, Сулаймон ибн Ясор, Қосим ибн Муҳаммад, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ, Солим ибн Абдуллоҳ, Хорижа ибн Зайд каби олимлардан тузилган маслаҳат кенгаши ёрдамида идора қилди.

Умар ибн Абдулазиз халифанинг буйруғи билан масжиди набавийни кенгайтирди. Унга кўпчилик хайриҳоҳ бўлса-да, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг ўғли Хубайб бундан норози бўлди. Халифа Валид уни жазолаш тўғрисида Умар ибн Абдулазизга буйруқ берди. Шундан сўнг Ҳубайбга 50 дарра урилиб, устидан сув қуйилди. Сўнг масжид эшиги олдига боғлаб қўйилди. Хубайб ўша кеча ҳаётдан кўз юмди. Унинг ўлимида Умар ибн Абдулазиз ўзини айбдор деб билди ва қилган ишига тавба қилди. Ҳубайб вафотидан кейин Умар ибн Абдулазиз ўзини қўйгани жой тополмай қолади. У тинмай тавба-тазаррулар қилар, Ҳубайбга аза чекар, куну тунини ибодат билан ўтказар эди. Амалда у ўзининг бевосита вазифаларини адо этишни ҳам эсдан чиқарди. Бироз вақт ўтганидан кейин эса, истеъфога чиқиб, Шомга кетиб қолди. Умардан кейин Мадинага Усмон ибн Ҳайён волий этиб тайинланди.

Валид ибн Абдулмалик даврида Макка шаҳри Мадина амири Умар ибн Абдулазиз томонидан бошқарилди. Одатда Макка шаҳри гоҳо Мадина волийси, гоҳида алоҳида волий томонидан идора қилинар эди.



Ироқ. Ҳажжож ибн Юсуф икки Ироқ, яъни Куфа ва Басранинг волийси эди. Лекин у кўпинча Куфада бўлганлиги сабабли Басрани унинг волийси бошқарди. Бутун шарқ Ироқ волийси томонидан бошқарилар эди. Ҳажжож Хуросон, Сижистон, Синд ўлкаларига ноибларни тайинлаган. Валид ибн Абдулмалик даврида Синд ва Мовароуннаҳр ўлкасида улкан фатҳ юришлари амалга оширилди.

Ҳажжож ибн Юсуф 714 йили Валид халифалиги тугашидан бир йил олдин вафот этди. Унинг ўрнига Язид ибн Абу Кабша Куфа ва Басра волийси этиб тайинланди.



Жазира. Жазирада Абдулмалик ибн Марвон давридан бери Муҳаммад ибн Марвон амирлик қилди. 710 йили унинг ўрнига Маслама ибн Абдулмалик Жазира амири бўлди. Жазира амири Озарбайжон ва Арманистон ҳудудларида, шунингдек, Византия империяси ҳудудларида фатҳ юришларини амалга оширар эди.



Миср. Абдулазиз ибн Марвонни вафотидан сўнг халифа Абдулмаликнинг ўғли Абдуллоҳ Мисрга волий бўлди. У 709 йилгача Миср волийси бўлиб қолди. Ундан сўнг ўрнига Курро ибн Шарик Миср волийси бўлиб, Валид ибн Абдулмалик халифалигининг охиригача вилоятни бошқарди. У Мисрда Файюм масжидини қурдирди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 200.).

Бу даврда Африкани Мусо ибн Нусайр бошқарди. У Мағрибда мустаҳкам ўрнашиб олганидан сўнг Андалус ерларига фатҳ юришлари ташкил этди. Мусулмонларнинг саъй-ҳаракати билан Африканинг туб аҳолиси бўлган барбарлар исломни қабул қилди.



Валид ибн Абдулмалик давридаги фатҳ юришлари

Ғарбий жабҳадаги фатҳ юришлари. Валид ибн Абдулмалик даврида шу қадар кўп фатҳ юришлари бўлдики, уларни Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон давридаги фатҳларга қиёслаш мумкин. Валид даврида барча чегара ҳудудларда фатҳ юришлари ривожланиши натижасида халифалик ҳудуди кенгайиб борди.



Византия ҳудудидаги фатҳлар. Ғарбий жабҳада Византия империяси билан кураш олиб борилди. Византияга қарши Маслама ибн Абдулмалик бошчилигида ҳарбий ҳаракатлар бўлиб ўтди. Бу урушларда халифа Валиднинг ўғиллари Аббос, Абдулазиз(Абдулазиз ибн Валид - Умар ибн Абдулазизнинг синглисини ўғли бўлиб, отаси Валид уни укасининг ўрнига халифа қилишни истаган. Бироқ Умар ибн Абдулазиз Сулаймонга қилинган байъатни бузиш нотўғри эканлигини эслатиб, унга қаршилик қилди. У амакиси Сулаймондан кейин халифа бўлишга ўзини муносиб деб билса-да, тоғаси Умар ибн Абдулазизни халифа бўлганини билиб, унга бўйсунган.), Умар ва Марвонлар фаол иштирок этдилар. Юришларда кўплаб қалъалар эгалланди, янги ўлжалар қўлга киритилди. 707 йили Маслама ибн Абдулмалик ва Аббос ибн Валид Тавона қалъасини эгалладилар. Мусулмон армияси Византия ҳудудига янада чуқурроқ кириб бориб, 708 йили бугунги Анқара ўрнида жойлашган қадимий шаҳар Аммурияни фатҳ этдилар ва у билан бирга Ҳирақлия фатҳ этилди. 711 йили Маслама ибн Абдулмалик Константинопол кўрфазигача етиб борди.

Валид халифалиги даврида Византия империяси пойтахти Константинополни эгаллаш учун ҳарбий тайёргарлик ташкил этилди. Византия императори Анастасий (713-715) халифа билан тинчлик шартномасини тузиш учун 713 йили Дамашққа элчилар жўнатди. Элчилар халифанинг Константинопол юришига тайёргарлигини кўриб, у билан учрашишга жазм эта олмадилар ва ортларига қайтиб, императорга мудофаани кучайтириш зарурлигини уқтирдилар. Шундан сўнг император қуруқлик ва денгиздан мусулмонлар ҳужумини қайтариш учун зарур чора-тадбирларни кўрди. Халифа Валид режалаштирган Константинопол юриши Сулаймон ибн Абдулмалик халифалиги даврида амалга оширилди(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 7.).



Испаниянинг фатҳ этилиши. Шимолий Африка-да вазиятни барқарор ҳолатга келтиришга муваффақ бўлган Мусо ибн Нусайр қўшни ҳудудлардан мусулмонларга келиши мумкин бўлган хавфни бартараф этиш чорасини кўрди. Ғарбий Африка шимолида жойлашган Перинея ярим ороли шундай хавфлардан бири эди.

Бу вақтда халифалик қўшинлари Константинополни егаллашга ҳам шиддатли тус бераётган эди. Мусо ибн Нусайр халифага Румни ҳам шарқдан, ҳам ғарбдан ҳужум қилиш орқали эгаллаш мумкинлиги ҳақида маслаҳат берди. Унинг қўшинлари Мағрибнинг энг чекка шаҳри бўлган Танжани егаллади ва у ерга ўз мавлоси Ториқ ибн Зиёдни ҳоким қилиб қолдириб, ўзи Қайрувонга қайтди. Шу тариқа мусулмонлар Испания соҳилларига дахл қиладиган бўлишди.

Айни пайтда Периней яриморолида қандай жараён кечаётган эди? Араблар келгунига қадар Периней яриморолида 414 йилда ўз давлатига асос солган Вестготлар ҳукмронлик қилар эди. Дастлаб яриморолнинг шимоли-шарқини эгаллаган вестготлар юз йиллар ўтиб, унда тўла гегемонликка еришдилар ва Франция жанубига ҳам кириб бордилар. Босқин ва куч билан бўйсундирилган маҳаллий аҳоли доимий равишда келгиндиларга қаршилик кўрсатарди. Бу эса вестготларга қирол ҳокимятини ҳимоя қилиш учун кучли армия сақлаб туриш мажбуриятини юкларди.

Вестгот қироллиги ва ундаги аҳвол ҳақида “ The Great Arab Conquests” (“Буюк араб юришлари”) асарида қуйидагилар ёзилади: “Вестготлар V асрда Иберия (Периней) яриморолини босиб олдилар. Ўз пойтахтлари Толедодан туриб улар ўз қиролликларини идора етишарди. Шу тариқа бу давлат 3 аср давоми-да кучли қироллик бўлиб ҳукм сурди. Балки, унинг шаҳарлари кичкина, ривожланмаган, аҳолиси кам бўлгандир, лекин у ерда монархиянинг қудрати баланд бўлгани аниқ. Шундан келиб чиқиб айтганда, барбар ва араблардан иборат кичик бир қўшиннинг бу муҳташам қиролликни мағлуб этиши ишонарсиз эди. Бироқ бу даврда қироллик инқирозий паллада бўлганини ҳам ҳисобга олиш керак”(Hugh Kennedy. “The Great Arab Conquests”, “Da Capo Press” USA, 2007. - P.309).

VII аср охирида қирол Витиза мамлакатни идора этарди. У ўғилларидан бири Ахилани ўзидан кейин ворис бўлишини хоҳлади ва унга мамлакат шимоли-шарқий графлигини берди. Лекин, 710 йилда Витиза вафот етгач, юқори табақа вакиллари Ахилани тан олишни исташмади ва патриарх Родерикни қирол деб эълон қилдилар. Ахила эса ўзини қонуний қирол сифатида ўз графлигида тангалар зарб эттирди. Икки томон кучлари бир неча бор жангларга киришишди. Мусулмонлар Испания ҳудудларига келиб тушганларида ҳам бу урушлар давом этаётган эди. Ғарб тарихчиларининг таъкидлашича, Ахила мусулмонлар саркардаси Ториқ ибн Зиёд билан боғланиб унга мактуб ёзади. Унда шундай дейилган эди: “Отам вафот етди ва Родерик тахтни ноқонуний йўл билан егаллаб олди. Мен сенинг қудратинг ҳақида хабар топдим ва сени Испанияга таклиф қиламан. Бу ерда ўзим сенга йўлбошловчилик қиламан”. Бу шундан далолат берадики, мамлакатдаги баъзи тоифалар кўз ўнгида мусулмонлар адолатсизликка барҳам берувчи куч сифатида гавдаланган.

Мусо ибн Нусайр 710 йили халифа Валид ибн Абдулмаликдан Испанияга юриш учун рухсат олди. У ишончли одамларидан бири Ториф ибн Маликни 400 пиёда ва 100 отлиқ билан янги ўлка ҳақида маълумот тўплашга жўнатди. 6 та кемада Испания соҳилларига етиб борган ушбу қўшин бу ердаги ўзаро низолар ҳақидаги қимматли маълумотлар билан ортга қайтишди(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 23.). Хабар Мусони Андалусияга бориш истагини янада илҳомлантирди.

Мусо Иберия томон юбориладиган асосан барбарлардан тузилган 7 минг кишилик қўшинга Ториқ ибн Зиёдни лашкарбоши этиб тайинлади ва кейинроқ яна 5 минг жангчи юборди. Кемалар Испания томон сузиб борди ва Ториқ ибн Зиёд кейинчалик ўзининг номи билан аталган “Жабали Ториқ” (Ториқ тоғи-ҳозирги Гибралтар)да лангар ташлади. Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”сида бу ҳақида шундай дейилган: “Катта фатҳнинг бошланиши айнан шу ердан бўлган. Мусо ибн Нусайрнинг озод қилган қули Ториқ ибн Зиёд у ердан ўтаётиб тўхтаб ўтган. Шунинг учун Жабали Ториқ ва Жабали Фатҳ деб номланади”(Ibn Battuta. “Sayohatnoma”, - Toshkent: “Sharq” NMAK, 2012. - B. 635.).

Мусулмонлар 711 йил апрелда Испания жанубига келиб тушганда қирол Родерик яриморол шимолида ҳимоя базаси ташкил қилиш билан банд эди.

Шарқда Ироқ волийси Ҳажжож ибн Юсуфнинг жияни Муҳаммад ибн Қосим Ҳиндни фатҳ ета бошлаган бир вақтда, Ғарбда Мусо бин Нусайрнинг мавлоси Ториқ бин Зиёд тарих зарварақларида ўчмас из қолдирган Андалус ерларига қадам қўйди. Ислом тарихида уларнинг номлари “Ҳиндистон фотиҳи” ва “Андалус фотиҳи” дея тилга олинадиган бўлди.

711 йилда Ториқ бин Зиёд ўз қўшинлари билан Андалус соҳилларига келиб тушганидан сўнг Ториқнинг амри билан барча кемалар ёқиб юборилди. Шунда жангчилар норози бўлиб, Ториқдан нимага бундай қилаётгани ва кемаларсиз ортга қандай қайтишлари ҳақида сўрашди. Шунда у одамларни ҳамиша руҳлантириб, уларни жасурликка ундовчи қуйидаги машҳур сўзларини айтади: “Биз бу ерга қайтиб кетиш учун келмадик. Биз бу мамлакатни егаллаб, унда ўз ҳокимиятимизни ўрнатамиз ёки шу йўлда ҳалок бўламиз”.

Ториқ жангга киришишдан аввал ўз аскарларини руҳлантириш учун қуйидагича нутқ қилган эди: “Эй, инсонлар, қаерга ҳам қочардингиз. Ортингизда денгиз, олдингизда эса душман. Сиз билан эса Аллоҳ.

Аллоҳга қасамки, ўзингиздаги садоқат ва сабрдан ўзга сизларни қутқаргувчи йўқ. Тез орада қудратли бир қўшинга дуч келасиз. Ичингиздан қўрқувни ҳайдаб чиқаринг, ғалаба бизники бўлишига ва варвар қироли бизнинг қуролларимиз зарбига дош беролмаслигига ишонинг. У бу ерга бизни ўз шаҳарлари ва қалъаларининг эгасига айлантириш учун келмоқда...Агар Аллоҳнинг каломини маҳкам тутишга тайёр бўлсангиз, у ҳолда сизларни Аллоҳнинг ҳадялари кутади.” Бу оташин нутқўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Мусулмонлар ўзгача руҳда жангга кириша бошладилар(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи 2-жуз - Т.: “Ҳилол-нашр”, 2017. - Б.50.).

Родерик Ториққа қарши 100 минг кишилик қўшин йиғишга муваффақ бўлди. Икки томон қўшинлари 711 йил июль ойида Воллий кўли бўйида учрашишди. Тарихда ‘Твадалетта жанги” дея ном олган ушбу шиддатли мухораба 8 кун тўхтовсиз давом етди. Мусулмонлар ҳатто Ийд ал Фитр куни ҳам жангга киришишди. Ниҳоят, Ториқ қўшинлари ғалабага эришди. Мусулмонлар душманни таъқиб қилиб боришди ва Родерик ҳам тутилиб, қатл этилди. Баъзи ўринларда унинг дарёда чўкиб ўлгани ҳам айтилади. Жанг давомида 12 минг мусулмондан 3 мингтаси ҳалок бўлди.

Ушбу жангда Ториқ ибн Зиёд вестготларнинг Испаниядаги асосий ҳарбий кучларини тор-мор этди. Вестгот қироллиги барҳам топди. Шунингдек, бу жанг жуда оғир кечдики, мусулмонлар Испанияда қайта бу каби жангга киришмади. Энди Испаниянинг ичкарисига кириб бориш учун тўсиқлар олиб ташланган эди.

Шундан сўнг Ториқ қўшинларни бир неча қисмга бўлди. 700 кишилик қўшинлардан бири Қуртуба шаҳрини эгаллади. Бошқа қисм қўшин Малага, Ғарнота ва Мурсия шаҳарларини қўлга киритди. Ториқ бошчилигидаги асосий қўшин пойтахт Толедога юзланди ва уни эгаллади. Пойтахтнинг эгалланишида ерли аҳоли вакиллари бўлмиш витицианлар ёки яҳудийлар шаҳар дарвозаларини ўз ихтиёрлари билан очиб берган бўлишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Зеро, улар ҳам вестготлар хукми остида яшаётган эди.

Ториқ Толедодан сўнг кейинчалик “Моида” деб ном олган шаҳар томон йўл олди ва у ерда Сулаймон алайҳиссаломнинг дастурхонини топди. Араб тилида дастурхон “моида” деб аталади. Ушбу моида жуда қимматбаҳо бўлиб, кейинчалик уни халифа Валидга тортиқ қилиш учун Дамашққа келтиришади. Бу ҳақда Табарий ҳам “У ерда Ториқ Сулаймоннинг моидасини топди. Аллоҳ билади унда қанча олтин ва гавҳарлар бор эди(Ибн Жарир Табарий. Тарихи Табарий 6-жуз. - Қоҳира: Дарул-маориф, 1964. -Б. 481)”, деб айтган.

Ториқ ибн Зиёднинг ютуқларидан хабар топган Мусо ибн Нусайр Ториққа қўшилиш учун янги қўшин йиға бошлади. Мусо янги қўшин билан Ифриқиядан Танжага келиб тушди ва ҳижрий 93 йил рамазон/милодий 712 йил июлда 18 минг жангчи билан денгизни кесиб ўтди. Мусо дастлаб Испаниянинг енг йирик шаҳарларидан бири Севиля томон юрди. 4 ойлик қамалдан сўнг шаҳар таслим бўлди. Лекин Севиля шимолидаги Меридани егаллаш мусулмонлар учун анча машаққатли кечди. Бу шаҳар 713 йилга келибгина фатҳ этилди. Икки ўртада имзоланган шартномага кўра, жангда ўлдирилганлар ва қочоқларнинг барча мол-мулклари, шунингдек, черковлар ҳам мусулмонлар ихтиёрига ўтадиган бўлди.

Шундан сўнг Мусо Меридадан Тулайтула (Толедо) шаҳри томон йўл олди. Йўлда ўзини қаршилаш учун чиққан Ториқни учратди ва биргалашиб Толедога кириб келишди. Улар 713-714 йилларда қишни шу ерда ўтказишди. Мусо бу ерда илк мусулмон тангаларини зарб еттирди. Толедодан Мусо ибн Нусайр Дамашққа халифа Валидга мактуб йўллаб, унда Испания фатҳи ҳақида хабар берди. Бир йилдан сўнг Мусо Вестготларнинг Франциядаги мулкларини ҳам эгаллашга қарор қилди. Тез орада Ториқ қўшинлари Лион шаҳрини эгаллади.

Мусулмонларнинг Испания аҳолисига бўлган муносабати барча фатҳ этилган мамлакатлар халқларига бўлган муносабат каби одилона эди. Улар маҳаллий аҳолига мулкларини, черковлари ва қонунларини ўз ҳакамлари томонидан ҳукм қилиш ҳуқуқини қолдирдилар. Уларга фақат жизя тўлашни шарт қилиб қўйдилар(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи 2-жуз - Т.: “Ҳилол-нашр”, 2017. - Б.52.).

Айни шу вақтда халифанинг чопари Мусонинг Испаниядан чиқиб, Дамашққа етиб келиши зарурлиги хабарини келтирди. Мусо фатҳларни тўхтатишга мажбур бўлди ва ўз мавлоси Ториқни ҳам олиб халифа хузурига йўл олди.

Халифа Валид шахсан Мусо ва Ториқнинг ўзларидан янги қитъадаги зафарлар ҳақида сўраб, келгуси режалар борасида кенгашмоқчи эди. Шунингдек, халифага етган маълумотларга кўра, гўёки Мусо ибн Нусайр умавийлардан мустақил бўлишга интилаётган эди. Бунга Мусонинг ўғли Абдуллоҳни Ифриқияга, Абдулмаликни Мағрибга ва Абдулазизни эса Ишбилияга (Севиля) волий етиб тайинлагани далил қилиб келтирилди.

714 йил қишда Мусо ва Ториқ Испанияни тарк этишди. Улкан миқдордаги бойлик ортилган карвон Шимолий Африка орқали Дамаш томон йўл олди. Улар 715 йили халфалик пойтахтига етиб келдилар. Музаффар фотиҳлар халифа буруғига кўра, умавийлар масжидида катта тантана билан кутиб олинди. Бироқ орадан 3 кун ўтиб халифа вафот этди ва халифалик ҳокимияти Сулаймон ибн Абдулмаликка ўтди. Янги халифа Валид давридаги қўмондонларни йўқ қилиш пайига тушди. Фарғонада Қутайба ибн Муслим унинг буйруғига кўра, ўлдирилди. Ҳиндистон фотиҳи Муҳаммад ибн Қосим Дамашққа чақириб, қатл етилди. Мусо ибн Нусайрни ҳам шундай тақдир кутар эди. Бироқ унга нисбатан бундай бўлмади. Халифа уни вазифасидан четлатган бўлса-да, қатъий жазо чорасисини кўрмади. Мусо ибн Нусайр 716 йили Мадинаи мунавварада вафот этди. Ториқ ибн Зиёднинг Дамашққа келгандан кейинги ҳаёти ҳақида аниқ маълумот мавжуд емас(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 34-36.).

Халифаликнинг барча юртларида бўлгани каби Периней ярим оролида ҳам яҳудий ва насоролар “зиммий”, яъни муҳофаза остидаги “Аҳли китоб” деб эълон қилинди. Истилочиларнинг бағрикенглиги (вестготларнинг жоҳиллиги ва тоқатсизлигидан фарқли равишда) аксар аҳолини уларга мойил қилди.

711-714 йиллар давомида забт етилган ўлка ал-Андалус деб номланди. Унинг бундай аталиши борасида кўпчилик 2 хил фаразни илгари суради. Араблар бу мамлакатни Нуҳ алайҳиссаломнинг шавкатли зурриёди - Андалус ибн Тубал шарафига номланган деб ҳисоблайдилар. Бошқа бир фаразга кўра эса араблар маҳаллий барбарлардан денгиз ортида “вандаллар мамлакати” (билад ул вандалус) борлигидан воқиф бўлишган эди. Бунгача бўлган даврда римликлар томонидан бу яриморол Иберия деб номланган, бу ерда яшаётган яҳудийлар эса бу мамлакатни Сефарад дейишарди. Сефарад эса Тавротда келган жой номи эди. Иберия шаҳарлари ҳам арабча талаффуз қилина бошлади. Хусусан, Толедо шаҳри “Тулайтула”, Кордова “Қуртуба”, Севиля “Ишбилия”, Гранада “Ғарнота” деб аталадиган бўлди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан