Эй мўминлар амири, сен волийларингга одамларни биргина гумон билан жазоламасликларини буюр. Масалан, бир киши бошқа кишининг (яъни волийнинг) олдига келиб: “Манави киши мени унинг нарсасини ўғирлашда гумон қиляпти”, дейди ва бунинг учун уни қўлга олишади ва ҳоказо. Бундай қилиниши қонунга зид. Бир кишининг бошқа киши томонидан қотиллик ва ўғриликда айбланиши токи бу аниқ исботланмагунча ёки волий томонидан қилинган ё мен сенга айтган таҳдидларсиз ўзи иқрор бўлмагунича қабул қилинмайди ва унга ҳад қўлл анилмайди.
Бир киши бошқа кишининг туҳмати билан қамаб қўйилиши мумкин эмас. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни биргина туҳмат билан жазога тортмаганлар. Балки, айбловчи билан айбланаётган одам юзлаштирилади ва айбловчининг айбловини исботловчи далили бўлса, ўша асосда ҳукм чиқарилади. Акс ҳолда айбланувчидан кафил талаб қилиниб, қўйиб юборилади. Агар шундан сўнг айбловчи айбланувчига қарши бирор нима топса, жараён давом этади, ундай бўлмаса айбланувчи ўз ҳолига қўйилади. Шунингдек, гумон билан қамалган маҳбуслар ва уларни айблаётганлар билан ҳам шундай йўл тутилади. Ривоятларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳад жоиз бўлмаслиги эҳтимоли бўлган ҳолларда уни қўллашдан эҳтиёт бўлганлар. Шубҳали ҳолатларда ҳадни бартараф этишни афзал кўриб, ўғриликда гумон қилиниб олиб келинган кишига: “Сен ўғрилик қилдингми?! Йўқ, деб айтгин!” деганлар.
Ривоят қилишларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир кишини олиб келиб: “Бу одам ёпинчиқ ўғирлади”, -дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Униўгри дебўйаашнинг сабаби нима?” дедилар.
Суфён ибн Уяйна Язид ибн Хусайфадан, у Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Савбондан ривоят қилади: “Ёпинчиқ ўғирлаган бир кишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келишди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ўгирлади деб ўйлашнинг сабаби нима? Сен ўгирлик қилдингми?”, дедилар.
Саид ибн Абу Аъруба Али Ножий Абу Мутаваккилдан ривоят қилади: “Абу Ҳурайра амирлик қилиб турган вақтда, унинг олдига ўғрилик қилган одамни олиб келишди. Абу Ҳурайра унга: “Сен ўғрилик қилдингми?” “Йўқ, деб айт!” “Сен ўғрилик қилдингми?” “Йўқ, деб айт”, деди”.
Ибн Журайж Атодан ривоят қилади: “Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурига унинг ўғрилик қилганига икки киши гувоҳлик берган бир кишини олиб келишди. Али розияллоҳу анҳу одамларнинг ишлари билан банд эди. Сўнгра ёлғон гувоҳлик берганларга қандай жазо беришини айтиб: “Менга ёлғончи гувоҳ олиб келинса, уни мана бундай ва мана шундай жазолайман”, деди ва ўша гувоҳларни чақиртирди. Лекин уларни топа олишмади, шунда олиб келинган киши қўйиб юборилди”.
Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг
"Китоб ал-Харож" китобидан
А. Маннапова таржимаси