83. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз кофирларга албатта уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?
Юқоридаги оятларда кофир-мушрик кимсаларнинг ҳеч бир ақлли инсон айтиши мумкин бўлмаган куфр сўзлари ва эс-ҳушли одам қилиши мумкин бўмаган ширк амаллари зикр қилингач, ушбу оятда кофирларнинг бундай кирди-корларидан ажабланиб ғамга ботган Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиниб, кофир кимсаларнинг жамийки иш-амаллари жин-шайтонларнинг васвасалари - йўлдан уришлари билан бўлиши эслатилади. Уламоларнинг иттифоқича, ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “(Оллоҳ) айтди: «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим). Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур! Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкар)ингни торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил. - Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур”. (Ал-Исро сураси, 63-64-оятлар).
Ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳум тафсир қилишларича, ояти каримада зикр қилинган иблиснинг овозидан мурод, Оллоҳ таолога исён қилишга чақирган барча овозлардир. Демак, гуноҳ ишларга чақирадиган барча кимсалар иблиснинг лашкарларидир. Мужоҳид эса, қўшиқ ва мусиқа иблиснинг овозидир”, дейди. (“Маолимут-танзил” тафсири).
Оятдаги “уларниг устига отлиқ ва пиёда (лашкари)нгни торт”, жумласи тафсирида Ибн Аббос, Мужоҳид ва Қатода розияллоҳу анҳум: “Иблиснинг инсу жиндан бўлган отлиқ ва пиёда лашкарлари бор - кимлар Оллоҳ таолога маъсият-итоатсизлик қилиш йўлида отлиқми, пиёдами юрар эканлар, ана ўшалар иблиснинг лашкарларидир”, дейдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Тафсири Мунийр”да эса, ушбу жумла бир тамсил бўлиб, ундан мурод, Оллоҳ таоло томонидан иблис алайҳил-лаънага қўлингдан келган барча ҳийла-найрангларингни биронтасини қолдирмай қилавергин, деб берилган рухсатдир, дейилади.
“...топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл”.
Уламоларнинг айтишларича, дарҳақиқат, иблис унга итоат этадиган кимсаларни судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик каби ҳаром касб-корга ўргатиш билан улар топадиган мол-дунёларига шерик бўлиб олади, шундан кейин улар топган нарсаларини ҳаром ишларга сарфлайдилар, исрофгарчилик қиладилар, мол-дунёларининг закотини бермайдилар. Бундан ташқари иблис уларнинг топган фарзандларига ҳам шерикдир. Кимда-ким ҳаром йўллар билан фарзанд орттирса, билсинки, у боланинг отаси иккита - бири инсон, бири шайтондир. Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда ҳам айтилган: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ораларингизда муғарриблар - насл-насабига бегона аралашиб қолганлар ҳам бордир”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, муғарриблар нимадир?” деган эдим, “Бир кимсаларки, уларнинг бино бўлишида жин шерик бўлган”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти).
Самарқандийнинг “Баҳрул-улум” тафсирида ҳикоя қилинишича, иблис Ерга туширилганидан кейин Оллоҳ таолога илтижо қилиб: “Ё Роббим, Одамни деб мени Ерга тушириб қўйдинг, ҳузурингдан ҳайдадинг, энди менга уй бергин”, деган эди, Оллоҳ таоло: “Сенинг уйинг ҳаммом”, деди. “Одамларни тўплайдиган жойим-чи?” “Бозорлар ва тўрткўчалар”. “Ейдиган таомимчи?” “Бисмиллоҳ айтилмасдан тайёрлаган овқатлар”. “Ичимлигим?” “Барча маст қилгувчи нарсалар”. “Мен учун мажлисимга одам-ларни чақириб берадиган муаззин ҳам қилиб бергин”. “Сенинг муаззининг турли мусиқалар”. “Ўқийдиган китобим-чи?” “Шеър”. “Сўзлайдиган сўзим-чи”. “Барча ёлғон сўзлар”. “Менинг элчиларим кимлар?” “Барча фолбинлар”. “Одамларни овлайдиган тузоғим-чи?” “Хотинлар”.
Аҳмад ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта шайтон Одам болаларининг йўлларида ўтиради. Аввал-бошда у Ислом Йўлини тўсиб ўтиради. Биров Ислом Динини қабул қилиб, мусулмон бўлишни истаганида шайтон унинг йўлини тўсиб: “Сен ўз динингни, ота-боболарингнинг динини тарк этиб мусулмон бўласанми?” деб унинг йўлини тўсди, аммо у инсон шайтоннинг сўзига қулоқ солмади, унга итоат қилмади ва мусулмон бўлди. Сўнгра у мусулмон Маккадан Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлганида шайтон ҳижрат йўлига ўтириб олиб: “Мана шу Ерингни, осмонингни ташлаб ҳижрат қилиб кетаверасанми?” деб васваса қилди, аммо у мусулмон шайтонга бўйин эгмасдан ҳижрат қилди. Сўнгра у молу жони билан Оллоҳ Йўлида жиҳод қилиб курашмоқчи бўлганида шайтон жиҳод йўлини ҳам тўсиб: “Сен энди жанг-жадалларда ўлиб кетаверасан, аёлингни бўлса бошқалар хотин қилиб олиб кетаверадилар, мол-мулкинг ҳам бировларга қолиб кетаверади”, деб иғво қилди, аммо мусулмон шайтонга итоат қилмади - Оллоҳ Йўлидаги курашдан қайтмади. Одамлардан ким мана шундай қилган бўлса - шайтонга бўйинсунмаган бўлса, у инсонни жаннатга киритиш Оллоҳнинг зиммасида бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
“...уларга (ёлғон) ваъдалар қил”.
Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур.
Ояти каримадаги ушбу жумлаларнинг энг яхши тафсири мана бу оятдир: “Қачонки, иш тугагач (яъни, ҳисоб-китоб битиб, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга киришгач), шайтон: «Албатта Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришим биланоқ ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени маломат қилмай, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта мен сизлар илгари (Оллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор этурман”, деди. Албатта золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир!” (Иброҳим сураси, 22-оят).