loader
Foto

Ал-Мустакфи Биллоҳ Абулқосим

Мустакфи биллоҳ - Абулқосим Абдуллоҳ ибн Муктафи ибн Мўътазид. Онаси канизак, исми Амлаҳуннос.

333 (945-44) йили сафар ойида Муттақининг истеъфоси олдидан унга байъат берилди. Мустакфининг ёши шунда 41 да эди. Турун унинг даврида вафот этди. Шундан кейин унинг котиби АбуЖаъфар ибн Шерзод ҳокимиятни олмоқчи бўлди. Аскарларни ўзига (содиқликка) қасам ичирди. Халифа ҳам унга сарпо кийдирди. Лекин кейинроқ Аҳмад ибн Бувайҳ Бағдодга бостириб кирганда Ибн Шерзод бекиниб олди. Ибн Бувайҳ халифанинг саройига кириб унинг қаршисида тўхтади. Халифа унга сарпо кийдириб “Муиззуддавла” деб лақаб қўйди. Биродарлари Али ва Ҳасанга “Имомуддавла”ва “Рукнуддавла” деган лақаблар берди. Уларнинг лақабларини тангага бостирди. Ўзига эса “Имомул ҳақ” деб лақаб олди. Сўнг ўша Муиззуддавланинг ҳокимияти кучайиб кетиб, халифани ҳам ўз ҳомийлиги (назорати) остига олди. Ва унга кунига фақат беш минг дирҳам нафақа тайинлади. Дайламлардан биринчи бўлиб Ироқни бошқарган шу. Бағдодда биринчи марта хат ташувчиларни( куръер ёки садақаларни тарқатувчилар) у чиқарган. Кураш ва сузишга рағбатлантириб, қизиқтириб юборганидан Бағдод ёшлари кураш ва сузишда моҳир бўлиб кетдилар. Сузувчилар қозонли печкани кўтариб олиб, гўшт пишгунча сувда сузаверадиган бўлиб кетдилар.

Кейинчалик Муиззуддавла Мустакфидан хавфсирай бошлади. Шундай қилиб, у 334 йили жумодул охир ойида унинг олдига кирди. Одамлар ўз мартабалари бўйича туришган эди. Шунда иккита Дайламлик халифанинг олдига чиқди. Халифа улар кўлимни ўпмоқчи деб қўлини чўзди. Шу онда улар уни қўлидан тортиб, тахтдан ерга ирғитдилар. Ва салласи билан судрадилар. Дайламлар халифа саройидаги ҳарамга ҳужум қилдилар. У ерни талон-торож қилишди. У ерда ҳеч вақо қолмади. Муиззуддавла ўз уйига кетди. Мустакфини пиёда у ерга олиб бордилар ва тахтдан тушириб ўша куни кўзига мил тортдилар. Унинг халифалик муддати 1 йилу 4 ой бўлди.

Фазл ибн Муқтадирни олиб келиб унга байъат беришди. Сўнгра амакиси Мустакфини унинг олдига олиб келдилар ва у халифаликни Фазлга топширди. Ўзининг истеъфосини тан олди. Кейин 338 йили ўлимига қадар қамокда ётди, ёши 46 да эди. У ўзини шиа бўгандек кўрсатарди.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан