loader
Foto

Ат-Тоэ Лиллоҳ Абу Бакр

Тоэлиллоҳ - Абу Бакр Абдулкарим ибн Муте. Онаси -канизак, исми Ҳазор, 43 ёшида отаси унга халифаликни бўшатиб берди. Халифаликни қабул қилганда устида бурда (чопон), ёнида аскарлар, олдида Сабуктакин турди. Эртасига султонлик сарпосини Сабуктакинга кийдирди ва унга туғни берди, у Насруддавла деб лақаб қўйди. Сўнгра Сабуктакин билан Иззуддавланинг ораси бузилди. Сабуктакин туркларни чақирди. Ўрталарида кўп жанглар бўлди.

Шу йили, яъни 363 йилнинг зуҳижжасида икки Ҳарамдаги хутба ва дуо ал-Муиз ал-Убайдий ҳаққига ўқилди.

363 йили Адуддавла Сабуктакинга қарши Иззуддавлага кўмак бериш учун Бағдодга келди. Шунда Бағдод ва унинг ҳукмдори бўлиш унга ёқиб қолди. Шу мақсадда иш бошлади, аскарларни ўзига оғдира олди ва улар Иззуддавлага қарши исён қилдилар. У дарвозани танбалаб олди. АдудуддавлаТоэнинг номидан ҳокимият ўзига ўтгани ҳақида жойларга номалар жўнатди. Шунингдек, Тоэ ва Адудуддавланинг ораси бузилди. Оқибатда Бағдод ва бошқа ерларда 20- жумодул аввалдан 10-ражабгача хутбада Тоэнинг номи ўқилмади. Кейин яна қайтарилди.

Шу ва кейинги йиллардан рофизийлик Миср, Шом, Машриқ ва Мағрибда ҳаддан ошиб қутурди. Убайдий тарафидан таровеҳ намозини тўхтатиш ҳақида даъватлар бўлди. 365 йили Рукнуддавла ибн Бувайҳ ўз қўл остидаги подшохдиклардан ўғиллари фойдасига воз кечди (истеъфога чикди). Адудуд-давлага Форс ва Кирмонни, Муаййидуддавлага Рай ва Исфа-ҳонни, Фахрудуддавлага Ҳамазон ва Дайнурни берди. Ўша йили ражаб ойидан ҳукм мажлиси (суд мажлиси) Иззуд-давланинг саройида ўта бошлади ва қозиюлқузот (бош қози) Ибн Маъруф у ерда ўтирибҳакамлик қилди. Чунки Иззуддавла унинг ҳукм мажлисини (суд мажлиси) томоша қилмоқчи бўлди. Шу йили Иззуддавла ва Адудуддавла ўртасида жанг бўлди. Куфада хутба Иззуддавладан Адудуддавлага ўтди. Миср хукмдори Муиз лидиниллоҳ Убайдий ўлди. У Мисрга ҳукмдор бўлган биринчи Убайдий эди. Тахтга ўғли Назор ўтирди, унга Азиз деб лақаб қўйилди.

366 (977-76) йили Андалус ҳукмдори Мунтасир биллоҳ ал-Ҳакам ибн ан-Носир лидиниллоҳ ал-Умавий ўлди. Тахтга ўғли Муайяд биллоҳ Ҳишом ўтирди.

367йилиИззуддавлаваАдудуддавлатўқнашдилар.Адудуддавла енгди. Иззуддавла асир олинди. Сўнгра уни қатл қилди. Тоэ Адудуддавлага султонлик сарпосини кийдирди: гавҳарли тож, бўйнига занжир, билагига тасма тақиб, белига қилич осди. Қўлига икки туғ тутқазди: бири амирлар расми бўйича кумушланган, иккинчиси валиахдлар расмига биноан олтинланган. Бу иккинчи туғ (байроқ) ундан илгари ҳеч кимга берилмаган эди, шунингдек бир аҳднома битилди ва унинг ҳузурида ўқилди. Бу барчани таажублантирди. Чунки, бундай одат йўқ эди. Илгари аҳцнома амиралмўъмининнинг ҳузурида ҳокимларга топширилар эди. Уни қўлига олгандан кейин амиралмўмин унга: бу сенга берган менинг ахдим (ишонч ёрлиғи) шу бўйича ишга кириш (амал қил) дер эди.

368 йили Тоэ Адудуддавланинг эшиги олдида субҳ, мағриб ва хуфтонда ҳарбий намойиш ўтказишга (отларда) ва Хадра (шаҳристон ёки жой номи) минбарларида унинг учун хутба ўқишга буйруқ берди.

Ибн Жавзий деди: “Бу икки иш илгари бўлган эмас. Вали-ахдларга ҳам бундай қилинган эмас. Муиззуддавлага ўзи учун Мадинатуссаломда парад ўтказилиши ёқиб қолган эди. Муте бу ҳакда(бундай қилмаслик ҳақида) сўраганда изн бермади.

Халифанинг ҳокимияти заифлашиб кетгани учун Адудуддавла шундай имкониятга эга бўлиб олди”.

369 йили Бағдодда Миср ҳукмдори Азиздан элчи келди. Адудуддавла Тоэдан ўз лақабларига яна “Тожулмилла” лақабини қўшиб беришни ва янгидан сарпо ва тож кийдиришни сўради. Тоэ рози бўлди.

Ўшанда (маросимда) Тоэ тахтга ўтирди. Атрофида қиличлар таққан ва яцанган юзта навкар тик турди. Унинг қаршисида Усмон Мусҳафи, елкасида бурда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонлари бўлса керак), қўлида таёқ (асо) бор эди. БелигаРасулуллоҳсоллаллоҳуалайҳивасалламнингқиличларини тақди. Адудуддавла юборган парда тортилди. У ўзидан аввал аскарлардан бирортасининг кўзи Тоэга тушмаслиги учун бу парда тўсиб турсин деб айтган эди. Турк ва дайламлар киришди. Уларнинг ҳеч бирида темир (қурол демоқчи) йўқ эди. Шарифлар ва мансабдорлар икки тарафда турдилар. Сўнг Адудуддавлага изн берилди, у кирди. Сўнг парда кўтарилди. Адудуддавла ерни ўпди. Лашкарбоши Зиёднинг бунга ғазаби келиб деди: “Бу нимаси, эй подшоҳ! Аллоҳмиди бу?!” Адудуддавла унга қараб: “Бу - Аллоҳнинг ердаги халифаси!” - деди. Сўнг юратуриб етти бор ер ўпти. Шунда Тоэ Холис исмли ходимга қараб, уни яқинроқ келтир деди. Адудуддавла турди ва яна икки марта ерни ўпти. Келавер-келавер деди. У янада яқинроқ келди-да оёғини ўпти. Тоэ унга ўнг томонидан жой кўрсатиб, ўтиришга буюрди, ўтир деб такрор-такрор айтса ҳам узрхоҳлик (камтарлик) қилиб тураверди. Шунда Тоэ деди: “Сенга қасам ичаман, сен ўтиришинг керак”. Шундан сўнг у ўтирди ва Тоэ унга шундай деди: “Мен ўзимнинг хос мулким ва хешларимдан ўзга шарқу ғарбдаги Аллоҳ менга ишониб топширган раият ишларини ва унинг барча жиҳатларини сенга топпширмоқни маъқул кўрдим. Энди, буни бошқар! Адудуддавла эса Аллоҳ менга амиралмўмин ҳазратларининг итоатлари ва хизматларида бўлишда кўмак берсин”, деди. Сарполар берилгач, кейин ортига қайтди.

Бу аҳволни кўр, ҳеч қайси халифанинг даврида халифалик бу қадар ожизлашиб кетмаган, ҳеч бир султоннинг ҳокимияти Адудуддавланикидек кучайиб кетмаган эди. Бизнинг замона-мизга келиб эса халифанинг ўзи янги ой билан табриклаш учун, султоннинг ҳузурига борадиган бўлди. Султон тарафидан унга кўрсатиладиган энг катта ҳурмат ўз тахтидан тушиб, у билан бирга ўтириши бўлди. Сўнгра эса халифа оддий одамлардек туриб кетади, султон эса ўз тахтида ўтириб қолаверади.

Менга сўзлаб бергандиларки, султон Ашраф Барсбой Омадга юриш қилганида халифа унинг олдига тушиб отда юриб борган. Султон ҳайбат ва виқор солиб юрганда халифа бўлса унинг хизматидаги амирлардан биридек бўлиб қолган.

370 (980-81) йили Адудуддавла Ҳамазондан Бағдодга келди. Уни Тоэ чиқиб кутиб олди. Халифалар чиқиб бировни кутиб олиш одати йўқ эди. Муиззуддавланинг қизи ўлганда Муте бориб унга таъзия билдирди ва у ер ўпти. Адудуддавланинг элчиси келиб Тоэдан уни кутиб олишни талаб қилди. Халифа кечикиши мумкин эмас эди.

372    йили Адудуддавла ўлди, Тоэ унинг ўғли Сомсомуддавлага султонлик тахтини берди. “Шамсулмилла” деб лақаб бериб, еттита сарпо ва тож кийдирди. Иккита байроқ берди.

373    йили Адудуддавланинг акаси (укаси) Муаййидуддавла ўлди.

375    йили Сомсомуддавла Бағдод ва унинг атрофида тўқиладиган ипак ва пахта кийимларга солиқ солмоқчи бўлди. У бундан йилига бир миллион дирҳам даромад олишни кўзлаган эди. Шунда халқ Мансур жомесига тўпландилар ва жума намозини ўқитмасликка қарор қилдилар. Шаҳарда ғалаён кўтарилишига оз қолди. Шундан кейин у бу солиқдан воз кечди.

376    йили Шарафуддавла биродари Сомсомуддавлага қарши юриш қилади. Уни енгиб кўзига мил тортади. Аскар Шарофуддавла тарафига ўтади. У Бағдодга келади ва Тоэ чиқиб уни кутиб олади. Султонлик ахдини унга топширади. Тож кийидиради. Аҳцнома ўқилиб, Тоэ уни эшитиб туради.

378 йили Шарафуддавла Маъмун каби етти юлдуз сайрини кузатишга фармон берди. Шу йили Бағдодда қимматчилик бўлиб

кетади. Ўлганлар ҳам бўлди. Басрада эса иссикдан ва гармселдан кўп одам ҳалок бўлади.

Фамиссулҳда даҳшатли шамол туриб Дажлага ўт кетди. Айтишларича, унинг ери (ости) кўринган. Кўп кемалар ғарқ бўлган. Бир қайиқни (солни) устидаги ҳайвонлар билан оқизиб кетади, бир неча кундан кейин қирғоқдан топилган.

379 (989-90) йили Шарафуддавла ўлади, тахт укаси Абу Насрга қолади. Тоэ мамлакат пойтахтига келиб унга таъзия билдирганда ерни бир неча бор ўпади. Сўнг Абу Наср Тоэнинг ҳузурига боради. Энг устидагиси қора, еттита сарпо кийдиради (берди). Қора салла, бўйнига катта занжир (тасма), қўлига иккита билагузук. Олдида турган навкарлар девордек тизилиб юрдилар. Сўнг Тоэнинг қаршисида ерни ўпди ва курсига ўтирди. Аҳднома ўқилди. Тоэ унга “Баҳоуддавла, Зиёулмилла” деб лақаб берди.

381 йили Тоэ ҳибсга олинди. Сабаби: у Баҳоуддавланинг хос одамларидан бирини қамаб қўйгани бўлди. Шунда Баҳоуддавла келди. Тоэ қилич тақиб равоқда (айвонда) ўтирган эди. Ба-ҳоуддавла яқинлашаётганда ерни ўпади ва курсига ўтиради. Шу вақт Баҳоуддавланинг одамлари олдинга чиқиб уни тахтдан тортиб туширадилар. Дайламлар кўпайиб кетишади. Улар Тоэни бир матога ўраб султонликка олиб борадилар. Шаҳарда тинчлик йўқолади. Баҳоуддавла Тоэга истеъфога чиқиши ва ишни ал-Қодир биллоҳга топшириши тўғрисида ахднома ёздиради. Бунга акобир ва ашрафлар (мансабдорлар ва улуғлар) гувоҳ бўлишади. Бу воқеа шаъбоннинг ўн тўққизида юз беради. Баттийҳада турган Қодир биллоҳни олиб келиш учун одам юборилади.

Тоэ лиллоҳ Қодир биллоҳнинг саройида ҳурмат-иззатда яшашни давом эттиради. Ҳаттоки бир кеча унга ярми ёниб бўлган шам олиб келишганда койиб ҳам беради ва унга бошқа шам олиб келиб беришади. Шундай қилиб, у 393 (1003-02) йили рўза ҳайити кечаси вафот этади. Жанозасини ўз саройида (уйида) Қодир биллоҳ ўқийди. Акобирлар ва хизматкорлар жанозасига бош-қош бўладилар. Шариф Разий унинг ўлимига бағишлаб қасида айтади.

У Абу Толиб авлодига жуда ҳам мойил эди. Унинг даврига келиб халифалик ҳайбат (обрў)и жуда ҳам тушиб кетади, уни шоирлар ҳам ҳажв қилаверардилар. Тоэнинг даврида қазо қилган машҳур кишилар: ҳофиз (ҳадис олими) Ибн ас-Саний, Ибн Ади, Қаффол кабир, наҳвчи Сайрофий, Абу Саҳл Саълукий, Абу Бакр ар-Рози ханафий, Ибн Холавайҳ, тил олими Азҳарий, “Девонул адаб” соҳиби Абу Иброҳим Форобий, шоир Раффо, Абу Зайд ал-Марвазий шофеъий, Доракий, моликийлик шайхи Абу Бакр ал-Абҳурий, ҳанафийлик имоми Абуллайс Самарқандий, наҳвчи Абу Али ал-Форисий, Ибн Жаллоб Моликий.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР