loader
Foto

Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ

Ҳазрати Иброхим Нахаий раҳимаҳуллоҳ ҳам «Фақиҳул Ироқ» номи билан шуҳрат козонади. Ҳижрий 50, милодий 670 йилда таваллуд топиб. ҳижрий 95 ёки 96 санада вафот этади. Ёшлик чоғида Оиша розияллоху анҳонинг хизматида бўлади. Алқама, Асвад, Масруқ ва бир гуруҳ катта тобеъинлардан ривоят қилади. У кишининг шогирдлари орасида Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳ етук фақиҳ ва забардаст олим бўлиб етишади.

Муғийра раҳимаҳуллох айтади: «Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳнинг илми юксак бўлиши билан бирга, салобатли, виқор соҳиби ҳам эди. У зотнинг ҳайбатидан бизларнинг қалбимиз бошқалар султонлар олдида қандай кўркувда турса, шундай қўрқув ва титроқда турарди».

Аъмаш раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен у кишини намоз ўқиб қайтаётган чоғида кўп кўрардим. Маълум вақтгача намоздаги хушуъ, хузуъ сабабидан касалга ўхшаб турарди. У киши ҳадис фанида имом ва юксак камолот соҳиби эди. Гўёки илмда бир денгиз каби эди. Шунингдек, машҳурликдан қочарди».

Имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳга Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳнинг вафоти хабари етганида, «У киши ўзидан сўнг ўзи каби инсонни қолдирмади», деб айтган.

Абдулмалик ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен Саъд ибн Жубайр раҳимаҳуллохдан шундай деганини эшитганман: «Иброҳим Нахаий бўла туриб, мендан масала сўрайсизми!? Менинг ҳузуримга келишингизга зарурат йўқ. Илмда қандай талабингиз бўлса, барчасини Иброҳим Нахаий қондиради».

Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳнинг аёли айтади: «У киши Довуд алайҳиссаломнинг рўзалари каби бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдан юрарди». Зеро, рўзанинг афзали Довуд алайҳиссаломнинг рўзаларидир.

Ҳазрати Алқама раҳимаҳуллоҳ илму ирфонда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг намунаси бўлгани каби, Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ ҳам Алқама раҳимаҳуллоҳнинг намунаси бўлган.

Имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳ Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ вафот этганида жаноза намозига ҳозир бўлиб, у ердаги бир кишига: «Сизлар энг фақиҳ инсонни дафн қиляпсизлар», дейди. Шунда ҳалиги одам: «У киши Ҳасан Басрийдан ҳам кўра фақиҳроқми?» деб сўрайди. Шунда Имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳ: «Ҳа, Иброҳим Нахаий Ҳасан Басрийдан ҳам, балки Басра, Куфа, Шом аҳли ва ҳатто ҳижозликлардан ҳам кўра фақиҳроқ эди», деб жавоб беради.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Ҳидоя шарҳи" китобидан