Абу Юсуф айтади: “Жизя солиғини тўлаш Савод ерларида яшовчи, Ҳийра ва ббшқа шаҳарлар аҳолиси бўлган - яҳудийлар, насронийлар, мажусийлар, собийлар (Собийлар - исломгача Қуйи Месопотамияда яшаган осмон ёритувчиларига сиғинувчилар. Қадимда ҳозирги Яман ҳудудида ҳукмронлик қилган Жанубий Арабистоннинг асосий аҳолиси.) ва сомирийлар(Сомирийлар - яҳудийларнинг бир фирқаси бўлиб, Мусо алайҳиссалом, Ҳорун алайҳиссалом ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдилар, улардан кейинги пайғамбарларни инкор қиладилар.)дан иборат барча зиммийлар учун мажбурий бўлиб, Бану Тағлиб насронийлари ва ҳусусан Нажрон аҳолиси бундан мустаснодир. Жизя солиғи фақат эркаклардан олинади, аёллар ва ёш болалардан олинмайди. Жизя солиғи бой кишидан 48 дирҳам, ўрта ҳол кишидан 24 дирҳам, ерга ўз қўли билан ишлов берадиган камбағал деҳқондан 12 дирҳамдан ҳар йили олинади”.
Агар пул ўрнига миниладиган ҳайвонлар, асбоб-анжомлар ва бошқа шу каби нарсалар тақцим қилинса, улар қийматига кўра қабул қилинади. Жизя солиғи сифатида ўлимтик, чўчқа ва маст қилувчи ичимлик олинмайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мазкур нарсаларни жизя солиғи сифатида олишни таъқиқлаб: “Эгаларига уларни сотишни буюринглар ва пулини олинглар. Мана шу жизя солиғи тўловчиларга яхшироқ бўлса, шундай қилиш мумкин”, - деган.
Бизга етиб келишича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу зиммийлардан жизя солиғи сифатида кичик ва катта игналарни қабул қилган.
Садақа ҳисобидан кун кўрадиган мискиндан, касб-ҳунари ва иши йўқ кўзи ожиз кишидан, сурункали касалликка чалинган кишидан -у ҳам садақа ҳисобидан кун кўрса - ҳамда ногирондан жизя солиғи олинмайди. Сурункали касалликка чалинган, ногирон, шунингдек, кўзи ожиз кишилар бой бўлсалар, улардан жизя солиғи олинади. Монастир роҳибларидан ҳам худди шундай, улар бой бўлсалар жизя солиғи олинади. Агар улар бой кишилар берадиган садақа билан кун кечирадиган мискинлар бўлишса, жизя солиғи олинмайди. Шунингдек, ҳужраларда тарки дунё қилиб яшайдиганлар бойликка эга бўлиб, ўз мол-мулкларини бошқа бир кишига у монастирлар ва унда яшовчи роҳиблар ҳамда бошқаларни моддий жиҳатдан таъминлаши учун берган бўлсалар, улардан жизя солиғи олинади. Мазкур ҳолатда жизя солиғи монастир эгасидан олинади. Агар монастир эгаси ўша мол-мулк унинг қўлида эканини инкор қилиб, бу ҳакда Аллоҳнинг номи ва ўз диндошлари қасам ичадиган бошқа нарса билан қасам ичса, у ўз ҳолига қўйилади ва ундан жизя солиғи олинмайди.
Мусулмон (бўлган киши)дан жизя солиғи олинмайди. Лекин у йил тугагандан сўнг исломни қабул қилган бўлса, ундан жизя солиғи олинади. Агар у йил тугагандан сўнг исломни қабул қилса, жизя солиғини тўлаши керак. Чунки у тўлайдиган жизя солиғи ҳамма мусулмонларга тегишли бўлган хирож солиғига айланади. Агар йил тамом бўлишидан бир ёки икки кун, бир ёки икки ой, шундан кўп ёки кам муддат олдин исломни қабул қилса, йил тугамасидан олдин мусулмон бўлгани учун ундан жизя солиғи олинмайди.
Жизя солиғини тўлаши керак бўлган киши уни тўлашидан олдин ёки бир қисмини тўлаб вафот этса, қолган қисми учун унинг меросхўрларидан солиқ тўлаш талаб қилинмайди ва у қолдирган мол-мулкдан ҳам солиқ олинмайди, чунки жизя солиғи унинг қарзи ҳисобланмайди. Худди шунингдек, исломни қабул қилган кишининг бўйнида жизя солиғининг бир қисми ундирилмай қолган бўлса, у ҳам олинмайди.
Ишлашга қодир бўлмаган ва мол-мулки йўқ қариядан, ақли ноқис кишидан жизя солиғи олинмайди. Зиммийларнинг чорва моллари - туя, қорамол, қўйларидан закот олинмайди, бу эркакларига ҳам, аёлларига ҳам тааллуқлидир.
Суфён Абдуллоҳ ибн Товусдан, у отасидан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: “Зиммийлар молининг фақат нафақадан ортганидан солиқ олинади”.
Абу Юсуф айтади: Зиммийларнинг - хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл - молларидан закот олинмайди, фақатгина тижорат учун олиб келган молларидан ушр солиғининг ярми олинади. Агар сотиладиган тижорат молларининг ҳисоби 200 дирҳам ёки 20 мисқол олтин ёки шунга тенг қийматга етса, улардан белгиланган солиқ олинади.
Жизя солиғини талаб қилишда зиммийларнинг ҳеч бири калтак-ланмайди, қуёш тиғида турғазиб қўйиш ва бошқа азобларга дучор қилинмайди, таналарига ёқимсиз нарсалар илиб қўйилмайди, балки уларга яхши муомала қилинади. Лекин уларни тўлашлари керак бўлган жизя солиғини тўламагунларича қамаб қўйиш ва солиқ тўлиқ олинмагунча озод қилмаслик мумкин.
Жизя солиғини йиғишга масъул шахс(Харож асарининг 1979 йилда Байрутда нашр қилинган нусхасидаги матн асосида таржима қилинди. 123-бет.) насронийлар, яҳудийлар, собийлар ва сомирийлардан ҳеч бирини жизя солиғидан озод қилиши, баъзи қисмини тўламасликларига рухсат бериши, шунингдек, уларнинг бирига жизя солиғини тўлатиб, бошқасини озод қилиши мумкин эмас. Чунки жизя солиғини тўлашлари эвазига уларнинг жонлари ва молларининг дахлсизлиги таъминланган. Жизя солиғи хирож солиғи ўрнидадир(Сарфланиш ўрни назарда тутиляпти.).
Тинчлик шаҳри(Тинчлик шаҳри - Бағдод шаҳрининг номларидан бири.), Куфа, Басра ва шу каби шаҳарлардан жизя солиғини йиғиш борасида, менинг фикримча, бу ишни имом солиҳ кишиларга топшириб, мазкур шаҳарларнинг ҳар бирига яхшилик аҳли бўлган, ишончли, диёнатли ва ҳалол кишини юборади ва унга ёрдамчилар қўшиб беради. Улар яҳудий, насроний, мажусий, собий, сомирий дини вакилларини йиғадилар ва юқорида айтиб ўтганимдек, уларнинг табақасига қараб жизя солиғи оладилар. Сарроф, баззоз, ер эгаси, савдогар, даволовчи табиб каби бой кишилардан 48 дирҳам олинади. Ҳунармандчилик ва тижорат билан шуғулланувчилардан, ҳар кимнинг ҳунари ва тижоратидан тушадиган даромадга қараб, бойларидан 48 дирҳам, ўрта ҳолларидан 24 дирҳам олинади. Кимнинг касб-кори 48 дирҳам солиқни кўтарса, ундан 48 дирҳам олинади, кимнинг касб-кори 24 дирҳам солиқни кўтарса, ундан 24 дирҳам олинади. Қўл меҳнати билан кун кечирадиган тикувчи, бўёқчи, этикдўз, дурадгор ва шу каби касб эгаларидан 12 дирҳам олинади. Мазкур солиқлар солиқ йиғувчилар томонидан йиғиб олингач, давлат хазинасига топширилади.
Савод ерлари борасида эса, хирож йиғишга масъул қилган кишиларингга шундай кўрсатма бер, улар ўзлари диёнатли ва омонатдор деб билган кишиларини қишлоқларга юбориб, қишлоқ эгалари (оқсоқоллари)га яҳудий, насроний, мажусий, собий ва сомирий динига мансуб аҳолини йиғиб беришларини айтадилар. Уларни йиғганларидан сўнг, юқорида сенга айтиб ўтганимдек, табақаларига қараб улардан солиқ оладилар. Хирож йиғишга масъул кишиларга яна шуни ҳам буюрки, улар мен сенга баён қилиб берган меъёрлардан четга чиқмасинлар, биз жизя солиғи олинмасин деган кишилардан жизя солиғини олмасинлар, зулм ва адолатсизлик қилмасинлар.
Агар қишлоқ эгаси (оқсоқоли): “Мен улар борасида сизлар билан келишмоқчиман ва улар тўлайдиган солиқни тўлаб бермоқчиман”, деса, хирож йиғишга масъул шахслар унинг бу таклифига рози бўлмасликлари керак. Чунки бу ҳолатда жизя солиғининг камайиб кетиш эҳтимоли катта бўлади. Қишлоқ оқсоқоли уларга 500 дирҳам беришга келишиши мумкин, ваҳоланки, жизя солиғи қишлоқдаги зиммийларнинг ўзларидан олинадиган бўлса, 1000 дирҳамга етиши ёки ундан кўп бўлиши мумкин. Бундай келишув қонуний эмас ва солиққа зарар етиши жиҳатидан мумкин эмас. Эҳтимол, оқсоқол қишлоғидаги зиммийлардан солиқ йиғаётганда(Харож асарининг 1979 йилда Байрутда нашр қилинган нусхасидаги матн асосида таржима қилинди. 124-бет.), уларнинг бири 12 дирҳамдан камроқ бериши мумкин, жизя солиғи эса 12 дирҳамдан кам бўлмаслиги керак. Ёки уларнинг орасида 48 дирҳам олиниши керак бўлган бой кишилар бўлиши мумкин.
Солиқ йиғувчилар йиғилган жизя солиғини хирож солиғи билан бирга давлат хазинасига топширадилар, чунки улар барча мусулмонларга тегишлидир. Зиммийларнинг тижорат молларидан, бизнинг ҳудудларимизга омонлик истаб келганлардан, ушр солиғи йиғиладиган ерлар уларнинг қўлларига ўтган зиммийлардан ва Бану Тағлиб насронийларининг чорва молларидан олинган (мазкур моллардан олиниши керак бўлган солиқ, улар турган жойда олинади) барча солиқлар хирож солиғи каби умумий бўлиб, хирож солиғи сарф қилинадиган ўринларга сарфланади. Мазкур солиқлар закот ва ҳарбий ўлжанинг бешдан бир улуши сарфланадиган ўринларга сарфланмайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла закот тақсимланадиган ўринларни белгилаб берган ва закот ўша ўринларга сарфланади. Аллоҳ ҳарбий ўлжаларнинг бешдан бир улуши тақсимланадиган ўринларни ҳам белгилаб берган ва у ўша ўринларга сарфланади. Инсонлар бу ҳукмларни бузишлари ва унга хилоф қилишлари мумкин эмас.
Абу Юсуф айтади: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ сени қўллаб-кувватласин, сен қўл остингдагиларга Пайғамбаринг ва амакингнинг ўғли(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хорун ар-Рашиднинг бешинчи бобоси бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдул Муттолиб билан амакивачча эдилар.) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳимоясида бўлган зиммийларга яхши муносабатда бўлишни, уларга зулм қилмаслик, озор бермаслик, тоқатларидан ортиқ солиқ юкламаслик ва мол-мулкларидан олиниши керак бўлган солиқнигина олишни буюришинг керак!”
Бу ҳакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким муоҳидга зулм қилса ва унга тоқатидан ортиқ солиқ юкласа, мен (қиёмат кунида) унинг (зулм қилганнинг) зарарига ҳужжат бўламан”, деганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафоти яқинлашганда: “Мендан кейин келадиган халифага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тузган аҳдномаларга амал қилишни, аҳднома эгаларини ҳимоя қилишни, уларга тоқатларидан ортиқ солиқ юкламасликни васият қиламан”, деган.
Ҳишом ибн Урва отасидан, у Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайлдан ривоят қилади: “Саид Шом ерларидан ўтиб кетаётганида қуёш тиғида турғазиб қўйилган кишиларни кўриб: “Уларга нима бўлган?” деб сўради. Унга: “Жизя солиғини тўламаганлари учун қуёш тиғига турғизиб қўйилдилар”, деб жавоб беришди. Саид бу ишдан нафратланиб, уларнинг бошлиқларининг олдига кириб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким инсонларга азоб берса, уни Аллоҳ азоблайди”, деганларини эшитганман деди”.
Баъзи шайхларимиз Урва ибн Ҳишом ибн Ҳаким ибн Ҳизомдан ривоят қиладилар: “Ҳишом Иёз ибн Ғанам жизя тўламаган зиммийларни жазирама офтобда турғазиб қўйганини кўриб, унга: “Эй Иёз, бу нима қилганинг?! Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу дунёда инсонларга азоб берадиганлар, у дунёда ўзлари азобланадилар”, деганларку деди”.
Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шом сафаридан қайтаётиб, Шом йўлларининг бирида жазирама офтобда турғазиб, бошларига ёғ қуйиб қўйилган кишиларга дуч келди ва: “Уларга нима бўлган?” деб сўради.
“Улар жизя солиғини тўлаши керак бўлган кишилар, токи тўламагунларича шундай азобланадилар”, дейишди.
Умар: “Жизя тўламаганларига нима сабаб кўрсатяптилар?(Харож асарининг 1979 йилда Байрутда нашр қилинган нусхасидаги матн асосида таржима қилинди. 125-бет.)”, деди.
Улар: “Тўлайдиган нарса топа олмаяпмиз”, - деяптилар, дейишди.
Умар: “Уларни ўз ҳолига қўйинглар ва уларга тоқатларидан ортиқ солиқ юкламанглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларга азоб берманглар, бу дунёда инсонларга азоб берадиганларни Аллоҳ қиёмат куни азоблайди”, деганларини эшитганман деди ва ўша одамларни қўйиб юборишни буюрди”.
Ўтган шайхлардан бири иснодни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказиб ривоят қилади: “У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Арқамга зиммийлардан жизя солиғи йиғишни топширдилар ва кетаётганида уни чақириб: “Огоҳ бўл, ким муоҳидга зулм қилса ёки тоқатидан ортиқ солиқ юкласа ё обрўсини тўкса ёки молини хоҳишига қарши олса, қиёмат кунида мен унинг зарарига ҳужжат бўламан”, дедилар”.
Ҳусайн Амр ибн Маймундан ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳу: “Мендан кейин келадиган халифага зиммийларга яхшилик қилиш, улар билан тузилган аҳдномаларга амал қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва уларга тоқатларидан ортиқ солиқ юкламасликни васият қиламан”, - деган”.
Виқо Асадий Абу Забёндан ривоят қилади: “Салмон Форсий билан бир ғазотда бирга эдик, олдимиздан бир киши ўтиб қолди. У (зиммийнинг боғидан) мева узиб, уни дўстларига бўлиб бераётган эди. Салмон унга (бу иши учун) танбеҳ берди. У киши Салмонни танимади ва унга гап қайтарди. Ҳалиги кишига: “Ахир бу Салмонку”, дейишди. Шунда у ортига қайтиб, Салмондан узр сўрай бошлади ва: “Эй Абу Абдуллоҳ, бизга зиммийлар борасида нима ҳалол?” деди.
Салмон: “Сенга уч нарсани айтаман - кўзингни очиб, тўғри йўлдан юр, бор нарсангга қаноат қил!(Мазкур жумланинг араб тилидан сўзма-сўз таржимаси қуйидагича: “Адашишингдан ҳидоятингга, фақирлигингдан бойлигингга (қайт)”.) Агар зиммийлардан бири сенга ҳамроҳ бўлиб қолса, сен унинг таомидан ейишинг, у эса сенинг таомингдан ейиши мумкин. Сен унинг миниладиган ҳайвонини минишинг, у эса сенинг ҳайвонингни миниши мумкин. Фақат (ўз фойдангни ўйлаб) уни кетаётган йўлидан қолдирмаслигинг керак!” деди”.
Умар ибн Нофеъ Абу Бакр Аънсийдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кимнингдир эшиги олдидан ўтаётиб, у ерда тиланчилик қилиб турган кўзи ожиз қарияни кўриб қолди. Унинг орқасидан бориб, қўлидан ушлади ва: “Сен аҳли китобларданмисан?”, деб сўради. У: “Ҳа, мен яҳудийман”, деди.
Умар: “Гувоҳ бўлганим бу ишни қилишингга сени нима мажбур қилди?”, деб сўради. У: “Жизя солиғини тўлаш ва ўз харажатларим учун шу ёшимда тиланчилик қиляпман”, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу қариянинг қўлидан тутиб ўз уйига олиб борди ва унга уйидаги нарсалардан берди. Сўнгра давлат хазинаси хазинабонини чақиртириб, унга шундай деди: “Бу қарияга ва унга ўхшашларга қара! Аллоҳга қасамки, биз ёшлигида унинг ҳисобидан кун кўрдик, қариганида эса уни ташлаб қўйиб, унга нисбатан ноинсофлик қилдик. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)” (Тавба, 60). Бу оятдаги фақирлардан мурод мусулмонлар бўлиб, бу эса аҳли китобдан бўлган мискиндир. Умар розияллоҳу анҳу мазкур қария ва у кабиларни жизя солиғидан озод қилди.
Абу Бакр Аънсий: “Мен бу воқеага гувоҳ бўлиб, ўша қарияни ўз кўзим билан кўрганман”, деди”.
Исроил ибн Юнус Иброҳим ибн Абдул Аълодан, у Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бордим, у ерда солиқ йиғувчилар тўпланди ва у: “Эй бу ердагилар! Менга етиб келишича, сизлар ўлимтик, чўчқа ва маст қилувчи ичимликни жизя солиғи сифатида олаётган экансизлар”, деди. Шунда Билол: “Ҳа, улар бу ишни қиляптилар”, деди.
Умар: “Бундай қилманглар, балки мазкур нарсаларнинг эгаларига уларни сотишни буюринглар ва пулини олинглар”, деди”.
ейиши мумкин. Сен унинг миниладиган ҳайвонини минишинг, у эса сенинг ҳайвонингни миниши мумкин. Фақат (ўз фойдангни ўйлаб) уни кетаётган йўлидан қолдирмаслигинг керак!” деди”.
Умар ибн Нофеъ Абу Бакр Аънсийдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кимнингдир эшиги олдидан ўтаётиб, у ерда тиланчилик қилиб турган кўзи ожиз қарияни кўриб қолди. Унинг орқасидан бориб, қўлидан ушлади ва: “Сен аҳли китобларданмисан?”, деб сўради. У: “Ҳа, мен яҳудийман”, деди.
Умар: “Гувоҳ бўлганим бу ишни қилишингга сени нима мажбур қилди?”, деб сўради. У: “Жизя солиғини тўлаш ва ўз харажатларим учун шу ёшимда тиланчилик қиляпман”, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу қариянинг қўлидан тутиб ўз уйига олиб борди ва унга уйидаги нарсалардан берди. Сўнгра давлат хазинаси хазинабонини чақиртириб, унга шундай деди: “Бу қарияга ва унга ўхшашларга қара! Аллоҳга қасамки, биз ёшлигида унинг ҳисобидан кун кўрдик, қариганида эса уни ташлаб қўйиб, унга нисбатан ноинсофлик қилдик. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)” (Тавба, 60). Бу оятдаги фақирлардан мурод мусулмонлар бўлиб, бу эса аҳли китобдан бўлган мискиндир. Умар розияллоҳу анҳу мазкур қария ва у кабиларни жизя солиғидан озод қилди.
Абу Бакр Аънсий: “Мен бу воқеага гувоҳ бўлиб, ўша қарияни ўз кўзим билан кўрганман”, деди”.
Исроил ибн Юнус Иброҳим ибн Абдул Аълодан, у Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бордим, у ерда солиқ йиғувчилар тўпланди ва у: “Эй бу ердагилар! Менга етиб келишича, сизлар ўлимтик, чўчқа ва маст қилувчи ичимликни жизя солиғи сифатида олаётган экансизлар”, деди. Шунда Билол: “Ҳа, улар бу ишни қиляптилар”, деди.
Умар: “Бундай қилманглар, балки мазкур нарсаларнинг эгаларига уларни сотишни буюринглар ва пулини олинглар”, деди”.
Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг
"Китоб ал-Харож" китобидан
А. Маннапова таржимаси