Эй мўминлар амири, сен мендан қамишзорлар ва сув йиғиладиган жойлардаги балиқларни сотиш ҳақида сўраган эдинг. Сувдаги балиқларни сотиш мумкин эмас, чунки унда шубҳа бор. Бошқа жиҳатдан балиқ уни овлайдиганга тегишли бўлади. Агар балиқ қармоқ ва тўрларда эмас, қўлда тутилса уни сотишнинг зарари йўқ. Қўлда тутса бўладиган балиқ қудуқ (Бу ерда чуқур бўлмаган қудуқ назарда тутилган)даги балиқ кабидир. Агар балиқ фақат овлаб тутиладиган бўлса, у чўлдаги кийик ёки ҳаводаги қуш каби бўлиб, уни сотиш мумкин эмас. Чунки у шубҳалидир ва балиқ уни овлаганга тегишлидир.
Баъзилар қамишзорлардаги балиқларни сотишга рухсат берадилар. Бизнингча, бунга рухсат бермайдиганларнинг - албатта, Аллоҳ билгувчироқ - йўли тўғридир.
Аъло ибн Мусаййиб Ҳорис Уъклийдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Сувдаги балиқлар билан олди-сотди қилманглар, у шубҳалидир”, деган”.
Язид ибн Абу Зиёд Мусаййиб ибн Нофеъдан ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Сувдаги балиқларни сотманглар, у шубҳалидир”(Харож асарининг 1979 йилда Байрутда нашр қилинган нусхасидаги матн асосида таржима қилинди. 87-бет.), деган”.
Абдуллоҳ ибн Али Исҳоқ ибн Абдуллохдан, у Абу Зиноддан ривоят қилади: “Мен Умар ибн Абдулазиздан Ирокдаги балиқ тўпланиб қолган кўл ҳақида, уни ижарага бера оламизми?” деб сўраб мактуб ёздим. У: “Шундай қилинглар!” деб жавоб ёзди”.
Абу Ҳанифа Ҳаммоддан ривоят қилади: “Мен Абдулҳамид ибн Абдураҳмондан сўраган эдим, у Умар ибн Абдулазизга қамишзорлардан овланган балиқни сотиш ҳақида сўраб мактуб ёзди. Умар унга: “Бунинг зарари йўқлиги ва бу ёпиқ сув ҳавзаси эканлигини”, айтиб жавоб ёзди”.
Ҳасан ибн Умора Ҳакамдан, у Иброҳимдан ривоят қилади: “Агар қамишзордан овланган балиқни сотиб олсанг ва унинг бир қисмини кўрсанг ҳам бунинг зарари йўқ”.
Бизга етиб келишича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Бурс(Бурс - Куфа ва Хилла шаҳарлари ўртасидаги қишлоқ.)даги қамишзорга тўрт минг дирҳам солиқ солиб, уларга бу ҳақда бир парча терига аҳднома ёзиб берган. Али бу қамишзорни уларга қамиш борасидаги шартнома асосида берган.
Ибн Абу Лайло Омир Шаъбийдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шубҳали савдодан қайтарганлар”.
Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг
"Китоб ал-Харож" китобидан
А. Маннапова таржимаси