loader
Foto

Ҳотам Асамм

Абу Абдураҳмон Ҳотам Асамм Юсуф ўғли Шарқнинг буюк сўфий шайхларидандир. Ҳотам Асамм 151/768 йилда Балхда таваллуд топган.

Умри мобайнида бир дам Аллохдан айру ерга қадам босмаган, бир дам ихлоссиз, мартабасиз бўлмаган. Иброҳим Адҳам, Шақиқ Балхий суҳбатида бўлган ва тарбиясини олган. Ҳотам Асамм сўфийларнинг маънавий мажбуриятларига алоҳида эътибор берган.

Ҳотамнинг қулоғи кар эмас эди. Ҳотам Асамм дейишларининг сабаби шундаки, ҳузурига масала сўраб келган хотинни ғафлат босиб, ел чиқаради. Хотин мулзам бўлмасин деб, Ҳотам Асамм унинг сўзларини эшитмаганликка олиб, саволни қайта-қайта сўраган. Хотин саволни баланд овозда берганидан сўнг жавоб қайтаради. Ўн беш йил давомида ўзини карликка солиб юрган. Хотин вафот этганидан сўнг ўз холича гаплашаверган.

Ҳотамнинг художўйлиги, тақвоси, ихлоси, риёзати бемисл ва беназир бўлган. Аҳмад Хузравийнинг устозидир.

Ҳотам Асамм 238/852 йилда вафот этган. Қабри Балхда.



Ҳотам Асаммнинг камолоти шу даражада юксалди. Жунайд деди:

- Бизнинг замонамизнинг сиддиқи Ҳотам Асаммдир.



Ҳотам деди:

- Ҳар бир сўфий тўрт ўлимни қабул қилиши лозим:

1. Оқ ўлим, яъни очликни қабул қилиш;

2. Қора ўлим, яъни турмуш машаққатига бардош бериш;

3. Қизил ўлим, яъни шаҳвоний нафсни чеклаш;

4. Яшил ўлим, яъни ҳамиша қора ёки яшил либос кийиб юриш мажбуриятини олиши зарур.



Мунофиқ дунёдан оладиганини ҳирс билан олади, шубҳа билан сақлайди, риё билан сарфлайди. Мўмин эса қўрқув билан олади, суннатга мувофиқ сақлайди. Аллоҳга ихлос билан сарфлайди.



Сўрадилар:

- Эй муридлар, Ҳотам Асаммдан нимани ўргандингиз?

Муридлар дедилар:

- Қўлда бор ҳар нарсага ҳурсанд бўлишни, ва халқдан умид узишни ўргандик.



Шошқалоқликнинг барча кўринишлари шайтондан бўлиб, бештаси бундан мустасно: меҳмон келганда дарҳол дастурхон ёзиш, майитни дафнга тайёрлаш, қиз болани турмушга бериш, фарзни адо этиш, гуноҳ содир бўлиши билан тавба қилишлик.



Ер ва осмон хазиналари Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар буни англамайдилар.



Мўминнинг белгиси шуки, ҳар нима берса, Аллоҳ розилиги учун беради. Ҳар иш қилса, Аллоҳ учун қилади.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан