Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан машҳур йўл билан қуйидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: “Қадарийлар бу умматнинг мажусийларидир”. Бу ҳадис саҳиҳ бўлиб, бирорта исломий фирқа уни рад қилишга йўл топмаган. Чунки бу ҳадис уламолар ўртасида машҳур. Муҳаддислар ҳадисларни текширади, саҳиҳ билан ғайрисаҳиҳ ва собит билан мардудларининг ўртасини ажратадилар. Улар жарҳ ва таъдил илми, тарихни билиш, табақотлар илми, ишончли ва заиф ровийлар ўртасини ажратиш билан машҳур бўлганлар. Улар мазкур ҳадисни қабул қилишган ва у Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг сўзлари эканига гувоҳлик беришган.
Ислом динига мансуб барча фиқралар ушбу ҳадисни муътазилийларга йўйишади. Муътазилийлар эса буни бўйинларига олишмайди ва уни қабул қилишдан бош тортиб бундай дейдилар: “Биз учун зиндиқ ва даҳрий деб номланиш бу номдан кўра енгилроқдир”. Улар бу ҳадис бошқа бир ҳадиснинг далолати билан “Тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан” деб айтувчиларга тегишли, дейишади. Ўша ҳадисда “Қадарийлар Аллоҳнинг хусуматчиларидир”, дейилади. Мазкур ҳадис ўзининг қабиҳ феълининг нисбатини Аллоҳ таолога берадиган ва “Уни Аллоҳ таоло ирода қилди ва вужудга келтирди”, дейдиган киши билан Аллоҳ таоло қиёмат кунида хусумат қилишига далолат қилади. Аллоҳ таолони қабиҳликлар ва ёмон феъллардан поклайдиган киши билан хусуматлашишга далолат қилмайди.
Муътазилийлар сўздаги иттифоқлик бунга далолат қилади, дейишади. Мажусийлар айтади: “Киши оналарини, қизларини ва опа-сингилларини никоҳига олиши жоиз ва уларни ватий қилиш Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади”. Шунингдек, сизлар (аҳли сунна вал жамоа вакиллари) шундай дейсизлар, (яъни, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади). Аммо биз (муътазилийлар) булардан бирортасини Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади, деб айтмаймиз. Биз тақдирни инкор қилиб, бундай деймиз: “Аллоҳ таоло ёмонликлар ва гуноҳларни тақдир қилмайди. Бизнинг хусуматчиларимиз буни исбот қиладилар. Бир маънодан олинган исмнинг нисбати ўша маънони исбот қилувчига берилади, инкор қилувчисига эмас”.
Аҳлул ҳақ бундай дейди: “Қадарийлар муътазилийлардир. Пайғамбар (алайҳис-салом): “Қадарийлар бу умматнинг мажусийлари”, дедилар. “Қадарийлар” сўзидан мурод нима эканини ва бундан кимлар ирода қилинганини очиб бериш фирқаларнинг сўзларига назар солиш билан бўлади. Мана шунда қайси фирқа ўз гапида мажусийларга мухолиф ёки ҳамфикр экани маълум бўлади. Буни аниқлашнинг бошқа йўли йўқ. Ислом динига мансуб мазҳаблар ва фирқаларни ҳамда уларнинг гапларини ўрганган киши муътазилийлар мажусийлар билан ҳамфикр эканини билади.
Бунинг баёни шуки, мажусийлар айтишади: “Аллоҳ таоло ягона бўлган, унинг шериги бўлмаган. Сўнг ундан ёмон фикр пайдо бўлган (буни юқорида мажусийларнинг гаплари жумласидан ҳикоя қилган эдик). Кейин мана шу ёмон фикрдан иблис пайдо бўлган. Кейин бу оламдаги ёмонликларни у яратган. Аллоҳ таоло яхшиликларни яратган. Аллоҳ таолода ёмонлик ва фасоддан бирор нарсани яратишга қудрат йўқ. Иблисда яхшилик ва манфаатли нарсаларни яратишга нисбат йўқ. Олам Аллоҳ таоло ва иблиснинг феълларидан ҳосил бўлган”. Мажусийлар ушбу сўзлари билан барча дин вакилларига хилоф қилишган.
Муътазилийлар юқорида зикр қилинган эътиқоднинг барчасида мажусийлар билан шерик. Муътазилийлар айтишади: “Азалда Аллоҳ таоло бўлган, Ундан бошқа бирор нарса бўлмаган. Сўнг Унинг иродаси пайдо бўлган. Лекин иродасининг пайдо бўлишида Аллоҳ таолодан бирор ирода ёки ихтиёр этилмаган. Кейин оламдаги барча нарсалар Аллоҳтаолонинг иродаси билан бўлган”. Муътазилийларнинг бу гапи мажусийларнинг сўзининг айнан ўзидир. Фақат мажусийлар кейин пайдо бўлган нарсани “ёмон фикр” деб номлайдилар, муътазилийлар эса “ирода” деб номлайдилар. Маъно баробар бўлган вақтда исмнинг бир-бирига хилоф бўлишининг бирор-бир эътибори йўқ. Мажусийларнинг эътиқодига кўра, бу оламнинг ярми ёмон фикрдан пайдо бўлган бўлса, муътазилийлар оламнинг барчаси ирода билан пайдо бўлган, дейишади. Муътазилийлар бу сўзлари билан бошқа дин вакилларига хилоф қилишда мажусийлардан ҳам ошиб тушди.
Мажусийлар бундай дейишади: “Олам Аллоҳ таоло ва бошқаси билан вужудга келган. Бошқасига бўлган нарсага нисбатан Аллоҳ таолода бирор қудрат йўқ. Бошқасида Аллоҳ таолоники бўлган нарсага нисбатан бирор қудрати йўқ”. Шунингдек, муътазилийлар бундай дейишади: “Аллоҳ таоло ва бошқаси яратувчилардир. Аллоҳ таолода бошқасиники бўлган нарсага нибатан би-рор қудрат йўқ. Бошқасида Аллоҳ таолоники бўлган нарсада бирор қудрат йўқ”.
Шунингдек, мажусийлар қабиҳ нарсаларни Аллоҳ таолонинг қудрати остига киришига рози бўлмайдилар. У зотнинг қудратини яхши нарсалар билан чеклашади. Муътазилийлар бу қоидада мажусийларга ёрдамлашади ва мазҳабларининг барчасини ушбу қоида асосига қуришади. Балки бу ўринда мажусийлар муътазилийлардан кўра бахтлироқ ҳисобланади. Чунки мажусийлар оламни фақат Аллоҳ таоло ваундан бошқаси яратган, дейдилар. Яъни, улар Аллоҳ таолога фақат битта шерикни қўшадилар. Муътазилийлар эса Аллоҳ таолога беҳисоб шерикларни қўшишади.
Мажусийлар барча яхшиликларни Аллоҳ таолонинг қудрати остига киритишди. Муътазилийлар эса яхшиликларнинг энг яхшисини Аллоҳ толодан бошқасининг қудратига киритиб, бу яхшиликларга нисбатан Аллоҳ таолода бирор қудратни исбот қилмадилар. Буни биз феълларнинг махлуқлиги масаласида таъкидлаб ўтган эдик. Мана шулар аниқлашса, қадарийлар исмидан кимлар ирода қилингани маълум бўлади.
Буни кўпгина кишилар Пайғамбар (алай-ҳиссалом)дан ривоят қилинган: “Тақдирнинг яхшисию ёмони Аллоҳдан эканига (имон келтирдим)” мазмунли ҳадиси шариф ҳам қўллаб-қувватлайди. Ривоят қилинишича, тақдирга ишониш имоннинг шарти этиб белгиланган. Мажусийлар бу борада Пайғамбар (алайҳиссалом)ни ёлғончига чиқаришади.
Муътазилийлар эса Пайғамбар (алайҳисса-лом)ни ёлғончига чиқаришда мажусийларни қўллаб-қувватламоқда.
Муътазилийлар ривоят қилган “Қадарийлар Аллоҳнинг хусуматчиларидир” ҳадиси қадарийлар номи уларнинг хусуматчиларига эмас, балки ўзларига тегишли эканига энг ёрқин далилдир. Чунки муътазилийларнинг хусуматчилари (аҳли сунна вал жамоа вакиллари) Аллоҳ таоло феълимизнинг Яратувчиси дейишса ҳам, лекин улар қабиҳ феъллар сабабидан азоблашда Аллоҳ таоло билан хусуматлашмайди, балки буни адолат ва ҳикмат, деб биладилар. Юқорида келганидек, Аллоҳ таолонинг яратиши ҳам шундай муътазилийларнинг хусуматчилари Аллоҳ таолодан яхши амалларининг савобини талаб қилмайдилар. Балки “Биз фақатгина бизнинг зиммамиздаги Сенинг ҳаққингни адо қилдик. Бас, уни қабул қил ва нуқсонлармизни кечир”, дейдилар. Шунингдек, агар Аллоҳ таоло уларни кулфат ва мусибатлар билан синаса, бунга сабр қилишади ва фазли ҳамда карами билан бу кулфату мусибатларни кетказишни сўрашади ҳамда бунинг муқобилига Аллоҳ таолодан эваз талаб қилишмайди. Шу билан бирга улар, жонлари ва моллари Аллоҳ таолоники эканига, Аллоҳ таоло ўз мулкини қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилиши, иродасига кўра ҳукм қилиши, қилган ишига масъул эмаслиги, балки бандалар қилган ишларига масъул эканликларига иқрор бўлишади.
Муътазилийлар эса бу борада Аллоҳ таоло билан аввалда ҳам, охирда хусуматлашади ва айтади: “Сенинг бизга нисбатан энг манфаатли нарсаларнигина қилишга ҳаққинг бор. Бизга манфаатлироқ нарсаларни беришинг Сенга вожиб. Булар бизнинг ҳақимиз. Агар уларни адо этмасанг, зулм ва жабр қилувчи, нодон ҳамда зиммангдаги ҳақни ман қилувчи бўласан. Сенинг парвардигорлигинг ва султонлигинг бизга берилиши керак бўлган ҳақни адо қилиш билангина давом этади. Буюрган нарсаларингга итоат қилсак ва зиммангдаги вожиб ҳақларимиздан тўла-тўкис адо қилганларингнинг баъзиси шукрини адо қилсак, сен буларга мукофот беришинг ва ҳаққингни адо қилганимиз учун савоб беришинг вожиб. Буни бермаслигинг мумкин эмас. Биз томондан бирор жиноят содир бўлмасдан, бизга оғриқлар етказишинг мумкин эмас. Фақат бу бизга эваз беришинг шартига кўра мумкиндир. Худди бошқанинг мулкига ҳужум қиладиган ва тасарруфи ўзининг мулкидан ташқарига чиқиб кетган кишида бўлгани каби”.
Сўнгра ким икки мазҳаб (мажусийлар ва муътазилийлар)ни таниган киши ва муътазилийларни қўйиб, биринчи мазҳаб (мажусийлар)ни Аллоҳ толонинг хусуматчилари, деб ҳисобласа, у қайсар ва кибрли инсондир.
Муътазилийларнинг: “Қизларни никоҳига олиш Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади”, деган сўзларингизда мажусийларни қўллаб-қувватлагансизлар, деган сўзи ғирт кўзбўямачиликдир.
Мажусийлар “Бу машруъ ва яхши амал”, деган ёлғон гумонларига кўра, бу ишнинг нисбатини Аллоҳ таолога беришади. Агар мажусийлар бу ишнинг қабиҳлигини билишганларида эди, бундан Аллоҳ таолонинг иродасини инкор этишда муътазилийларни қўллаб-қувватлардилар. Агар мажусийлардан нима учун бу ишни Аллоҳ таолонинг иродасига боғлайсизлар, деб сўрасангиз, улар бу ишни ёмон деб билмайдилар. Шу жиҳатдан мажусийлар феълларнинг нисбатини беришва ман қилиш жоизлигининг иллатида муътазилийлар билан биргадир. Мажусийлар биз (аҳли сунна вал жамоа)га худди муътазилийлар хилоф қилганидек қаттиқ хилоф қиладилар. Фақат мажусийлар бу ишни яхши деб гумон қилганлари учун зоҳирда бизни қўллаб-қувватладилар. Ваҳоланки, иллатда ихтилоф қилиш билан зоҳирда қўллаб-қувватлаш ҳамфикрлик ҳисобланмайди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!
Муътазилийларнинг: “Биз тақдирни инкор қиламиз, сизлар уни исбот қиласизлар. Шундай экан, қадарийлар сўзининг нисбатини исбот қилувчига бериш инкор қилувчига беришдан авлодир”, деган сўзлари ҳам кўзбўямачиликдир. Бунинг сабаби биз (аҳли сунна вал жамоа) тақдирни ўзимиздан бошқага, яъни Аллоҳ таолога исбот қилдик. Улар эса тақдирни ўзларига исбот қилдилар. Қарама-қарши ўринда бу исмнинг нисбатини ўзи учун исбот қилган кишига ўзидан инкор қилиб, бошқага исбот қилган кишига исбот қилишдан авлодир. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!
Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан
Убайдулла Уватов таржимаси