Билингки, инсонни тоқати етмайдиган ишга таклиф қилиш аҳли сунна вал жамоа наздида жоиз эмас. Жабарийлар, ашъарийлар ва мутақашшифалар буни жоиз, дейдилар ва бунга “Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатли (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз...”(Нисо сураси, 129-оят.) оятини ҳужжат қиладилар. Аллоҳ таоло мазкур оятда инсонларда адолат қилишга қудрат йўқ эканини хабар берди, сўнг уларни “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради...”(Наҳл сураси, 90-оят.) оятида адолатга буюрди. “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!”(Оли Имрон сураси, 102-оят.) оятининг ҳукми “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз,...”(Тағобун сураси, 16-оят.) ояти билан мансух бўлган. Мансух бўлишдан олдин Аллоҳ таолодан чинакам қўрқиш инсонлар тоқатидан ташқари ишдир. Аллоҳ таоло Пайғамбардан (алайҳиссалом) хабар бериб “...Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама!...”(Бақара сураси, 286-оят.), деди. Агар тоқатдан ташқари ишга таклиф қилиш жоиз бўлмаганида Пайғамбар (алайҳиссалом) томонидан бундай дуо қилиш жоиз бўлмас эди. У зот шундай дуо қилган эканлар, бу жоиз. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Ким бир суратни чизса, Аллоҳ таоло унга ўша чизган суратига жон ато этишни юклайди, ваҳоланки у жон ато қилувчи эмас”(Имом Бухорий ва Муслим ривояти.).Чунки Аллоҳ таоло “... Сўнгра уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: «Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб беринг!»”(Бақара сураси, 31-оят.) деб марҳамат қилди. Ваҳоланки, фаришталар мазкур ишдан ожиз эди. Мана шундан тоқатдан ташқари ишга таклиф қилиш жоиз экани маълум бўлади. Аллоҳ таоло “Сўнгра тутун ҳолатда бўлган осмонни (яратишни) қасд этиб, унга ва Ерга: «(Фармонимга) ихтиёрий ёки мажбурий ҳолда келинг!» деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик», дедилар”(Фуссилат сураси, 11-оят.) оятида йўқ нарсага таклиф қилди. Ваҳоланки, йўқ нарсада тоқат мавжуд эмас. Мана шу далиллар туфайли тоқати етмайдиган ишга таклиф қилиш жоиз экани тўғри бўлди.
Уларнинг мазкур далилларига қуйидагича жабоб берилади: “Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатли (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз...”(Нисо сураси, 129-оят.) оятида қувват жиҳатидан юзага келадиган қудрат ирода қилинмаган, балки нафақа ва манфаат етказишдаги қудрат ирода қилинган. Айтамиз: “Кишида одатда аёллари ўртасида мувофақат (мос келиш, рози қилиш) ва манфаат етказишда адолат қилиш қудратининг имкони йўқ, аммо қувват жиҳатидан адолат қилиш қудрати мумкин”.
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради...”(Наҳл сураси, 90-оят.) оятидаги адолатдан мурод зулмнинг зидди, бунга нисбатан қудрат бандада бор. “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқинг ва мусулмон бўлмай, дунёдан ўтманг!”(Оли Имрон сураси, 102-оят.) оятида тоқат етадиган ишга таклиф бўлган. Чунки пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ва валийлар Аллоҳ таолодан чинакам қўрқадилар. Шунинг учун бу хитоб пайғамбарлар ва валийларга қаратилган. “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз,...”(Тағобун сураси, 16-оят.) ояти эса оммага нисбатан айтилган. Бас бу ҳам тоқат етмайдиган ишга таклиф эмас, балки тоқат етадиган ишга таклифдир, бу билан олдинги оятўртасида фарқ йўқ.
“...Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама!...”(Бақара сураси, 286-оят.) оятидан “бизга доимий машаққат бўладиган ишлар” маъноси ирода қилинган, худди олдинги умматларга бўлгани каби. Чунки Аллоҳ таоло олдинги уммат-ларнинг зиммаларига тоқати етмайдиган ишларни юкламаган, балки бажариш қийин бўлган ишларни юклаган. Шунинг учун Пайғамбар (алайҳиссалом) бажариш қийин бўлган ишлар енгиллатилишини сўрадилар. Бу билан тоқати етмайдиган ишга таклиф қилиш лозим бўлмайди.
“Ким сурат чизса, Аллоҳ таоло унга ўша чизган суратига жон ато этишни юклайди. Ваҳоланки, у жон ато этувчи эмас”(Имом Бухорий ривояти.) ҳадисига келсак, бундай жавоб берамиз: “Аллоҳ таоло сурат чизувчига чизган суратига жон ато этишни таклиф қилмайди. Лекин шу орқали ожизликларини таъкидлаб қўяди ва уларни шунга кўра азоблайди. Бу нарса охиратда бўлади, ҳолбуки, охират таклиф диёри эмас. Охират фақатгина мукофотлаш ва жазо бериш диёридир”.
“...Сўнгра уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: «Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб беринг!»”(Бақара сураси, 31-оят.) оятида ҳам тоқат етмайдиган нарсага таклиф бўлмаган. Чунки таклиф тарк этилганда жазони вожиб қилади, бу ўринда бундай эмас. Балки бундан мурод фаришталар ўша нарсаларнинг номла-рини айтиб беришдан ожиз эканини билдиришдир”.
“Сўнгра тутун ҳолатда бўлган осмонни (яратишни) қасд этиб, унга ва Ерга: «(Фармонимга) ихтиёрий ёки мажбурий ҳолда келинг!» деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик», дедилар”(Фуссилат сураси, 11-оят.) оятидаги “келинг” буйруғи хитоб эмас. Чунки бизнинг наздимизда йўқ нарсага хитоб қилинмайди. Мазкур буйруқ фақатгина осмон ва ерни вужудга келтиришдан хабар бериш, пайдо бўлиши ҳақида хабар бериш ҳамда буни хитоб лафзи билан зикр қилишдир. Бундан тоқат етмайдиган ишга таклиф қилиш деган сўз келиб чиқмайди.
Тоқат етмайдиган нарсага таклиф жоиз эмаслигига далил “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...”(Бақара сураси, 286-оят.) ва “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлинг,...”(Тағобун сураси, 16-оят.) оятлари ҳамда Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилинади, у зот айтдилар: “Аллоҳ таоло бандалар зиммасига тоқати етадиган ишларни юклади, тоқатлари етмайдиган ишлар улардан соқит қилинган”. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Кимдан тоқат олинган бўлса, ундан тоат ҳам кўтарилади”. Чунки таклиф (бирор ишни юклаш)дан мақсад юкланган нарсани вужудга келтириш ва уни бажаришдир. Агар юкланган нарсага нисбатан бандада тоқат бўлмаса, таклиф фойдасиз бўлиб қолади. Ҳаким зотнинг феъли фойдадан холи эмас. Қачон фойда, яъни феълга нисбатан тоқат мавжуд бўлса, таклиф тўғри бўлади, акс ҳолда тўғри эмас.
Таклиф икки турлидир: Лозим қилиш ва вожиб қилиш таклифи ҳамда бажариш ва вужудга келтириш таклифи. Мукаллафун биҳ (зиммага юкланадиган иш) бир неча турли бўлади, баъзиси “Ма ла ютоқу» тоқатдан ташқари, баъзисига “Ма ла ютийқу» тоқат етмайди, баъзисининг имкони йўқ, баъзиси муҳол ва баъзиси жоиз эмас. Бунинг баёни шуки - тоқатдан ташқари нарсага таклиф қилиш, мана шу нарсани одатда бир жинсдан иборат мукаллафлардан бирортасининг тоқати кўтармайди. Лекин одатда бошқа жинсдан бўлган баъзи мукаллафлар тоқати кўтариши жоиз, худди фаришталар ва жинлар каби. Сув ва ҳаво устида юриш ва Хуросондан Макка ва Мисрга бир кунда бориб келишга одатда бирорта инсоннинг тоқати етмайди. Аммо одатга хилоф ва тескари иш (яъни, баъзи валийларнинг бу ишни қилиши) ҳужжат бўлмайди. Чунки у кам бўлади ва у каромат ёки мўъжизадир. Бу ишни одатда фаришталар, жинлар ва шайтонлар тоқати кўтаради. Шундан келиб чиққан ҳолда одамзодни сув ва ҳавода юришга таклиф қилиш жоиз эмас. Чунки инсон бунга қодир эмас. Бирор киши бунга қодир бўлмайди, натижада, бу ишнинг фойдаси зоҳир бўлмайди. Бас, на лозим ва на вожиб қилиш жиҳатидан, на бажариш ва вужудга келтириш жиҳатидан бу ишга таклиф қилиш тўғри эмас.
“Ма ла ютийқу (тоқат етмайдиган)” нарсага таклиф қилиш - бу бир нарсага таклиф қилишдир, ўша нарсага муайян шахснинг тоқати етмайди, лекин одатда унинг жинсидан бошқа бирининг тоқати етади. Ушбу ўринда лозим ва вожиб қилиш таклифи жоиз, бажариш ва вужудга келтириш таклифи жоиз эмас. Худди касал киши ва шайхи фоний рўза тутиш ва ҳажга боришга тоқати етмаганидан сўнг, уларга бу феълларни лозим ва вожиб қилиш хитоби етади, ҳатто уларга рўза тутиш ва ҳаж қилиш вожиб бўлади. Лекин ҳалок бўлиш эҳтимоли бўлгани-дан мазкур амалларни адо этишга нисбатан таклиф жоиз эмас.
Имкони бўлмаган нарсага таклиф қилиш - дунёда мавжудлиги Аллоҳ таолонинг қудратидан тасаввур қилинадиган нарсага таклиф қилишдир. Масалан, одамзоднинг учиши, ойнинг иккига бўлиниши Аллоҳ таолонинг қудрати туфайли бўлиши мумкин.Лекин бу ишни бирорта махлуқот тоқати кўтармайди.
Муҳол бўлган нарсага таклиф қилиш шундай бўлади унинг мавжудлиги барча жиҳатдан муҳол. Масалан, таомсиз таъмнинг, жавҳарсиз аразнинг мавжудлиги ва Аллоҳ таолонинг ўхшашини исбот қилишга уриниш каби. Бу ўринда таклиф бу икки маънога кўра, бирон-бир ҳолатда (Ўзи асрасин) жоиз эмас.
Жоиз бўлмайдиган нарсага таклиф қилиш - бу гуноҳга таклиф қилишдир. Гуноҳ қилиш шахсдан тасаввур қилинади ва бунга унинг кучи ҳам етади, лекин шариатда гуноҳ қилишдан қайтарилган, жоиз эмас. Бу нарсага таклиф қилиш лозим ва вожиб қилиш жиҳатидан ҳам ҳамда бажариш ва вужудга келтириш жиҳатидан ҳам жоиз эмас. Агар инсон гуноҳ иш қилса, ман ҳам этилмайди ва буни қилишга иститоат таклифи билан мукаллаф ҳам бўлмайди. Булардан наҳйи ворид бўлиши билан бирга ҳикмат жиҳатидан жоиз. Валлоҳу аълам.
Абу Шакур ас-Солимий ал-Кешийнинг
“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” китобидан
таржимон “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов