loader
Foto

Қабр азобини исбот қилиш ҳақида

Умматнинг аксарияти кофирлар учун ва айрим гуноҳкор мўминлар учун қабр азоби ҳақлигини ва яхши амаллар қилувчилар учун қабрда неъмат ато қилиниши ҳамда Мункар ва Накир номли фаришталарнинг савол-сўроғини исбот қилишди. Бу ҳақда кўплаб Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат қилади:

«(У азоб қабрдаги бир) оловдирки, улар эртаю кеч унга тутиб турилурлар. Қиёмат қоим бўладиган кунда эса, (дўзах фаришталарига): “Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз!” (дейилур)»(Ғофир сураси, 46-оят.).

Мазкур ояти каримада қиёматдан олдин Фиръавннинг оиласи эртаю кеч оловга рўбарў қилиниши аён бўлади. Қиёматдан олдин бўладиган олов қабр азобидир.

Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом) шаъни ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Улар ўз хато (гуноҳ)лари сабабли гарқ қилиниб, (сув балосидан сўнг) оловга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдам берувчиларни топмадилар”(Нух сураси, 25-оят.).

Оятдаги “фаудхилу” калимасидаги “фо” ҳарфи ўртада муҳлат ўтмасдан кетма-кетлик ва тартиб маъносига далолат қилади. Шу эътибордан оятдаги олов улар учун дунёда бўлади. Чунки уларнинг ғарқ қилиниши дунёда бўлган. Оловга киритилиш ғарқ қилиниш ортидан бўлади.

Мусулмонлар қуйидаги дуони бир-бирларидан мерос қилиб олишган:

“Эй Аллоҳим, Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни кабр ва дўзах азобидан асрагин”.

Қабр азоби борасида ворид бўлган ҳадиси шарифлар машҳурлик даражасида бўлиб, бундай ҳадислар истидлолий илмни собит қилади. Жумладан, Пайғамбар (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилади:

“Бавлдан сақланинглар. Чунки қабр азобининг аксари бавлдан сақланмасликдан бўлади”.

Ривоят қилинишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) иккита янги қабр олдидан ўтдилар ва айтдилар:

“Бу икки қабрдаги маййитлар азобланмоқдалар. Лекин улар катта гуноҳ туфайли азобланаётгани йўқ. Бири дунёда чақимчилик қиларди. Иккинчиси бавлдан сақланмас эди”.

Қўлларида гурзиси бўлган икки фаришта қабрга қўйилган маййитдан савол-сўроқ қилиши тўғрисида машҳур ҳадис бор. Пайғамбар (алайҳиссалом) мазкур ҳадисни саҳобаларга айтиб берганида ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) деди: “Шу вақтда ақлим жойида бўладими?” У зот: “Ҳа”, дедилар. Умар (розияллоҳу анҳу) айтди: “Ундай бўлса, мен у икки фариштага кифоя қиламан (яъни, уларнинг саволларига жавоб бера оламан)” Қабр азоби тўғрисида ворид бўлган ҳадислар жуда кўп.

Жаҳмийлар ва баъзи муътазилийлар қабр азобини инкор қилишади. Жони йўқ кишини азоблаш ҳамда ундан савол сўраш, унинг жавоб бериши мумкин эмас, дейишади.

Уларга бундай жавоб берилади: “Абул Ҳусайн Солиҳий ва карромийларнинг қоидасига кўра, жони йўқ киши ҳам азобланади. Чунки уларнинг наздида тириклик илмнинг собит бўлиши учун шарт эмас”. Буни биз сифатлар масаласида исбот қилган эдик.

Ибн Ровандийнинг наздида ҳар маййитда ҳаёт мавжуд. Чунки унинг наздида ўлим тирикликка зид келувчи нарса эмас. Балки ўлим - инсонни ихтиёрий феълларни қилишдан ожиз қилувчи умумий офат. Шундай экан, у илмга зид эмас.

Бу гаплар ботилдир. Саҳиҳ сўз шуки, тириклик илм учун шарт. Илмсиз алам чекиш ва лаззатланиш бўлмайди. Лекин қабр азоби ҳақлиги борасида Куръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Шунингучун уни ҳақ деб айтиш керак. Қабр азоби мумкин нарсалардан ҳисобланади. Ваҳоланки, ҳаёт бўлмаса, ақл ҳам бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло қабрдаги маййитга алам тортадиган ва лаззатланадиган миқдорда ҳаётнинг бир турини қайтариши, кейин уни азоблаши мумкин. Юқорида биз ривоят қилган Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадиси - “Шу вақтда ақлим жойида бўладими?” - деб сўраши шунга далолат қилади. Шунингдек, бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилади: “Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг”(Ғофир сураси, 11-оят.).

 Аллоҳ таоло маййитга жонини қайтариши ва уни тирилтириши жоиз. Маййитга жонини қайтармасдан ҳаётнинг бирор турини исбот қилиши ҳам жоиз.

Асҳобларимиз мазкур услубда қабр азобининг кайфияти борасида бир тўхтамга келишган. Яъни, улар маййитга ҳаёт жони қайтарилмасдан ёки жони қайтарилиш билан қатъий бир сўзни айтишмаган. Лекин асҳобларимиз ҳаётсиз азобланиш тасаввур қилинмаслигида бирлашишмаган. Ҳаётсиз ҳам азобланиш мумкин эканлиги Абул Ҳусан Солиҳий ва карромийларнинг мазҳабидир. Бизнинг наздимизда маййит азобланиши учун ҳаёт шарт. Шайх Абул Ҳасан Рустуфағний маййитнинг қабрда азобланиши учун тирик бўлиши лозимлигини таъкидлаган. Шайхимиз Абу Мансур Мотуридий ҳам буни таъкидлаган ва қабрда маййитга ҳаёт берилишда жони қайтарилиши ёки қайтарилмасдан ҳаётнинг бир тури ато этилишини таъкидлаган.

Муътазилийлар қабр азоби борасида қуйидагича пуч шубҳа билдирадилар: “Ҳаётсиз илм бўлмайди. Ҳаёт эса гавдасиз бўлмайди. Бўлиниб кетган бўлакларда бўлинмайдиган жузлар бўлиб, натижада уларда ҳаёт тасаввур қилинмайди ва уларда илм, лазатланиш ва алам чекиш ҳам тасаввур қилинмайди”. Чунки тириклик учун жуссанинг бўлиши шарт эмас. Тириклик сифатининг мавжудлиги учун зотда қоим бўлишдан бошқа шарт йўқ. Муътазилийлар бу гапларни файласуфлардан бўлган муаттила (Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилувчилар)дан олишган. Муаттилалар бундай дейишади: “Зот тирик бўлиши учун махсус жусса бўлиши шарт. Аллоҳ таоло зот учун бир жуссани яратишга, кейин ўша жуссада зотни тирилтиришга мажбур бўлади”. Муътазилийлар бу эътиқодни муаттилалардан олишган, лекин улар буни очиқча исбот қилишга журъат этмадилар. Балки унга олиб борадиган нарсани исбот қилдилар. Яъни, муътазилийлар айтадилар: “Ҳаётсиз тирик жон, жуссасиз тириклик тасаввур қилинмайди. Зот тирик бўлиши учун жусса шарт эмас. Балки зот тирикликни қабул қилиши учун жусса бўлиши шарт”.

Муътазилийларга бундай савол берилади: “Жусса зот тирик бўлиши ва ҳаётни қабул қилиши учун ҳам шарт”, деб айтувчилардан ёки сизларга зид равишда: “Жусса зотнинг тирик бўлиши учун шарт, тирикликни қабул қилиши учун эмас”, дегувчилардан нима фарқингиз бор?” Улар бу саволга жавоб беролмайди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

“Агар маййитда ҳаёт бўлганида уни кўз билан кўрган бўлар эдик”, деб айтилмайди. Чунки биз бу борада бундай деймиз: “Воқеликда ҳаёт кўзга кўринмайди. Балки таъсири зоҳир бўлиши билан билинади. Унинг таъсири ихтиёрий феъллардир. Чунки қудратсиз бирор феъл бўлмайди. Ҳаётсиз эса бирор қудрат йўқ. Натижада қудратнинг собит бўлиш воситаси билан ҳаётнинг мавжудлиги ихтиёрий феълнинг собитлиги билан маълум”.

Ҳаётсиз қудратнинг мавжудлиги, қудратсиз ҳаётнинг мавжудлиги тасаввур қилинмайди. Аллоҳ таоло маййитда ҳаётни ҳосил қилади, лекин у учун қудратни яратмайди, ундан ихтиёрий феъл вужудга келмайди ҳамда ҳаётнинг мавжудлиги билинмайди. Худди сокин турган кишида қудрат бўлмагани учун унда ҳаётнинг мавжудлиги маълум бўлмаганидек. Шундай экан, ундан феълнинг вужудга келиши тасаввур қилинмайди ва унинг тириклиги маълум бўлмайди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

Аллоҳ таоло роҳат ва алам етказишни ирода қилган кишида ҳаётнинг бўлишига далил ушбу ояти карималардир:

“Аллоҳ йўлида ўлдирилганларни асло ўликлар деб ҳисобламанг! Аслида (улар) тирикдир - Парвардигорлари ҳузурида (жаннат неъматларидан) ризкданиб турурлар. (Мазкур қатл этилган шаҳидлар) Аллоҳ ўз фазли билан ато этган нарса (неъматлар)дан хушнуд, ортларида (тирик) қолиб, ҳали уларга қўшилмаган (ғозийлар)га (қиёматда) хавф ва ташвиш бўлмаслиги ҳақида башорат берган ҳолларида (яшайдилар)”(Оли Имрон сураси, 169-170-оятлари.).

“Аллоҳ йўлида қатл этилувчилар (шаҳидлар) ҳақида: «(Улар) ўликдирлар», демангиз! Йўқ! (Улар) тирикдирлар, лекин сизлар (буни) сезмайсиз”(Бақара сураси, 154-оят.). Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

Абу Муин Насафийнинг

"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан

Убайдулла Уватов таржимаси

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР