Корейс протестант черковлари сифатида ташаббускор гуруҳнинг асосий корейс миллатига мансуб фуқаролар ташкил этган протестант йўналишидаги диний ташкилотлар эътироф этилиб, ушбу черковларнинг аксариятига мустақилликнинг дастлабки йилларида АҚШ ва Жанубий Кореядан махсус юборилган пасторлар раҳбарлик қилган. Мазкур руҳонийлар маҳаллий корейслар ичида фаол миссионерлик билан шуғулланган. Ҳозир деярли барча корейс протестант черковларида пасторлик лавозимида Узбекистон фуқаролари фаолият юритмокда.
2014 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 52 та корейс протестант диний ташкилотлари расмий рўйхатга олинган бўлиб, улар Тошкент шаҳри (11), Бухоро (1), Жиззах (3), Навоий (1), Наманган (1), Самарқанд (7), Сирдарё (4), Сурхондарё (1), Тошкент (20), Фарғона (2) ва Қашқадарё (1) вилоятларида жойлашган. Конфессионал жиҳатдан улар қуйидагича таснифланади:
1) Баптистлар черковлари: Тошкент шаҳри (1), Тошкент вилояти (1), жами 2 та.
2) Методистлар черковлари: Тошкент шаҳри (1), жами 1 та.
3) Пресвитериан черковлар: Тошкент шаҳри (5), Бухоро (1), Жиззах (1), Навоий (1), Самарқанд (7), Сирдарё (4), Сурхондарё (1), Тошкент вилояти (11) ва Қашқадарё (1), жами 32 та.
4) Тўлиқ инжил христианлари (пятидесятниклар) черковлари: Тошкент шаҳри (4), Жиззах (2), Наманган (1), Тошкент вилояти (8) ва Фарғона (2), жами 17 та(Диний ташкилотларнинг Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага берган маълумотларидан олинди.).
Методистлик (инглизча «Methodism») - XVIII асрнинг иккинчи чорагида Англикан черкови таркибида вужудга келган протестантлик қими ҳисобланади. Асосчилари англикан руҳонийнинг фарзандлари бўлган ака-ука Джон (1703-1791) ва Чарльз (1707-1788) Уэслилар ҳисобланади.
Ака-ука Уэслилар томонидан Оксфордда ташкил этилган «Муқаддас клуб (Ноlу Club)»да Библияни қунт билан, методик равишда ўрганиш ташкил этилган(Ташкилотнинг номи шундан олинган.). Методистлар Англикан черковидаги 39 та эътиқод рамзларини соддалаштириб, 25 тасини қолдирганлар.
Оқимнинг диний таълимотига кўра, барча одамлар туғилганида худодан муқаддас инъом берилиб, ушбу инъом инсоннинг нажот топиш йўлига киришига ёрдам беради. Инсоннинг охират азобларидан халос бўлиши шахсий эътиқод ва эзгу амалларни бажаришига боғлиқ. Муқаддас манба сифатида фақат Библия тан олинади. Черковга аъзо бўлган шахс аввал гуноҳкор эканлигини тан олиши ва тавба қилиши керак.
Методистлар аҳолининг турли ижтимоий қатламлари ичида, хусусан, қамоқхона, ишхоналарда фаол миссионерлик билан шуғулланади, даъват ишларида очиқ жойларда маърузалар қилишдан фаол фойдаланади(Яблоков И. Н. Религиоведение : Учебное пособие и учебнмй словарь-минимум по религиоведению. - М. : Гардарики, 2000. - С. 209.).
Методистлар анъанавий христиан байрамлари - Рождество, Пасха, Троицадан ташқари, Реформация куни, Библия куни, Ҳосил куни (Жатва), Оналар куни, Хотин-қизлар куни (8 март) каби байрамларни нишонлайдилар.
1795 йили методистлар черкови Англикан черковидан ажралиб чиққан. Ушбу черков АҚШда катта муваффақият қозониб, 1784 йили Методист-епископаль черкови тузилган. 1968 йили эса методист черковларининг бирлашуви натижасида Методистларнинг бирлашган черкови ташкилоти вужудга келган(Зюбер В., Потэн Ж. Словарь религий: иудаизм, христианство, ислам / Пер. с фран. Терюковой Е. - СПб. : Питер, 2008. - С. 349.).
Ҳозир методистларнинг умумий сони 48 млн. кишини ташкил этиб, уларнинг деярли ярми АҚШда истиқомат қилади. Бирлашган черковларга аъзо методистларни қўшиб ҳисоблаганда эътиқод қилувчилар сони 80 млн.га яқин деб эътироф қилинади. Ушбу йўналишга мансуб йирик жамоалар Буюк Британия, Жанубий Африка Республикаси, Нигерия, Филиппин, Австралия, Жанубий Корея ва Фижида, умуман 100 дан зиёд мамлакатда мавжуд.
Пресвитерианлик (грекча «катта») - Реформация вақтида Шотландия ва Англияда кальвинизм конфессияси ичида вужудга келган протестантлик йўналиши ҳисобланади. Ушбу йўналиш асосчи Джон Нокс (1505-1572) черков тузилишини республика шаклида ислоҳ қилиш, хусусан, епискоматни бекор қилиш ва илк христианлик таълимотини тиклашни талаб қилиб чиққан. Ташкилотнинг номи Библиядаги «пресвитер» сўзи билан боғлиқ.
Пресвитериан черкови диний таълимотининг асосий тамойиллари Жан Кальвин томонидан ёзилган «Вестминстер эътиқоди» (1647-1648) диний асарида баён қилинган бўлиб, унга 1903 йили АҚШдаги пресвитерианлар томонидан айрим ўзгаришлар киритилган:
- ягона муқаддас манба Библия ҳисобланади;
- инсон туғилганида гуноҳкор ва унинг такдири белгилаб қўйилган саналади;
- Исо Масиҳ черковнинг ягона раҳбари ҳисобланади;
- қадимги христиан эътиқод рамзлари тан олинади;
- сирли маросимлардан фақат чўқинтириш ва «причавдение» рамзий маънода ўтказилади.
Айни чоғда сирли маросимлар Библиясиз инсоннинг нажот топишига ёрдам бермайди, деб эътиқод қилинади(Информационно-методические материалм о религиознмх организациях и межконфессиональнмх отношениях в Казахстане. Министерство культурм и информации Республики Казахстан. - Астана, 2009. - С. 14.).
Пресвитериан черковида «Кальвинизмнинг бешта тамойили»га риоя этилиб, улар қуйидагилардан иборат:
- инсоният гўёки эътиқодий масалаларда буткул бузилган;
- худо айрим бандаларни танлаб олиб, уларга нажот бериши мумкин. Исо Масиҳга имон келтирганлар ҳар куни Худога марҳамати учун миннатдор бўлишлари лозим;
- Исо Масиҳ фақат Худо танлаган одамларни қутқариш учунгина ўзини қурбон қилган;
- Муқаддас руҳнинг гуноҳкорларнинг кўзини очиб, Худо нажот берувчи йўлга бошлашига ҳеч нарса халақит бера олмайди;
- фақат ўз эътиқодидан чекинмайдиган одамлар нажот топади.
Пресвитериан черковларини сайланадиган пресвитер ва пасторлар бошқаради. Диний амаллар соддалаштирилган бўлиб, маъруза, умумий ибодат, диний қўшиқ ва гимнлар айтишдан иборат.
Маълумотларга кўра, просвитерианларнинг умумий сони 75 млн. кишини ташкил этади. Мазкур динга эътиқод қилувчиларнинг йирик жамоалари АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия, Мексика, Бразилия, Малави, Гана, Кения, Жанубий Африка Республикаси, Конго, Ҳиндистон, Янги Зеландияда мавжуд.
Корейс протестант черковлари адептлари томонидан республиканинг айрим ҳудудларида аҳоли ичида, шу жумладан, туб миллатга мансуб фуқаролар орасида миссионерлик фаолиятини олиб боришга қаратилган хатти-ҳаракатлар кузатилмокда.
Ўткир Ҳасанбоевнинг
"Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари..." китобидан