loader
Foto

Forex’да исломий ҳисоб бўлиши мумкинми?

2013 йилда Россиянинг «Сбербанк России» банки Бирлашган Араб Амирликларининг «Invest AD» компаниясидан 600 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя олишга муваффақ бўлган. Татаристоннинг энг йирик «Ақ барс» тижорат банки мурабаҳа йўли билан икки марта исломий молиядан фойдаланди, яъни умумий ҳисоб бўйича 160 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилди.

Бироқ, исломий молия майдонида ижобий куртакларнинг ўсиб чиқиши билан бирга, айрим бегона, ёввойи ўтлар ҳам пайдо бўлиб қолди. Яъни, баъзи “уддабуронлар” исломий деган ном билан шариатга зид бўлган молиявий амалиётни таклиф қилаётган ҳолатлар ҳам, афсуски, учраб турибди.

Интернетда ҳам пул топиш йўллари жуда кўпайиб бормоқда. Бироқ, булар билан бирга турли шубҳали нарсалар ҳам кўп. Доимо хушёр бўлишимиз керак. Масалан, яқинда қизиқиб, бир реклама ҳаволаси орқали катта ҳарфлар билан “Форексда савдо учун фоизсиз исломий ҳисоб рақами” деб ёзиб қўйилган саҳифага кирдим. Ушбу саҳифада айтилишича, гўёки ушбу бизнес “фоиз ва банк операциялари бўйича Шариат талабларига жавоб берар” эмиш.

Кипрдаги компания томонидан таклиф қилинаётган ушбу хизмат келтирилган веб-саҳифанинг энг қуйи қисмига тушганимда махсус катталаштиришсиз ўқиб бўлмайдиган жуда майда ҳарфлар билан битилган ёзувга кўзим тушди: “ХАВФ ҲАҚИДА ОГОҲЛАНТИРИШ: Савдо битимлари юқори таваккалчиликка асосланган бўлиб, бу орқали капиталингизни бутунлай йўқотишингиз мумкин”.

Эҳтимол, реклама берувчи Ислом молиявий институтлари энг тараққий топган ҳамда Ислом молияси ва банкингига оид Шариат ҳукмлари анча эркинлашган Малайзиядек давлатда (Ислом молиясига оид шаръий масалалар бўйича, яъни Яқин Шарқ олимларидан фақрли равишда) Ислом уламолари томонидан 2012 йилда Форекс тақиқланганини билмаса керак.

Малайзиянинг Фатволар бўйича миллий кенгаши қарорига мувофиқ, валюта бозори (Форекс)даги савдо мусулмонлар учун тақиқланган. Бу ҳақида Кенгаш раиси Тан Шри Абдул Шукур Хусин шундай дейди: “Кенгаш томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, бундай савдо валюта чайқовчилиги ҳисобланади, бу эса Ислом шариатига зиддир”.

Шу сабабли, Фатволар бўйича миллий кенгаш ҳам мусулмонлар учун бундай тарзда пул савдоси билан шуғулланишни ҳаром деган. Жанубий Африка Республикасининг Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган муфтийси Суҳайл Тармуҳаммад ҳам Форексда савдо қилиш мумкин эмас, деб фатво берган.

Forex пул бозори орқали пул ишласа бўладими? (фатво)

Савол: Ассалому алайкум! Илтимос, айтингчи, Forex мусулмонлар учун тақиқланган (ҳаром)ми? Интернетда бу ҳақида ҳар хил, бир-бирига зид маълумотлар бор экан. Раҳмат. Лилия.

(Изоҳ: Forex, баъзан – FX (инглизча “Foreign Exchange” – “хорижий алмашув”) –валютани эркин нархларда банклараро алмашиш бозори (котировкалар чекловсиз ёки белгиланмаган тарзда шакллантирилади).



Жавоб: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!

Ўтказган тадқиқотимизга кўра, Форекс бозорида валюта билан савдо қилиш мусулмонлар учун ҳаромдир, чунки бундай савдо асосан интернет орқали амалга оширилиб, унда валютага жисмонан эгалик қилиш ва уни олиш (қўлда ушлаш) йўқ. Шариат мусулмонларни рибо (судхўрлик) ёки фирибгарликдан сақлаш мақсадида, валюта бўйича битимларга аниқ чеклов ва шартларни белгилаб қўйган.

Бундай шартлардан бири шуки, унга кўра, алмаштирилаётган валюталарнинг ҳеч бўлмаганда бирига жисмоний маънода эгалик қилиш керак. Форекс битимларида эса бу нарса кузатилмайди. Аслида, у “виртуал”, “хаёлий” битимдир. Масалан, кимдир Форексда долларларни иенага алмаштириш учун сотмоқда, бироқ, аслини олганда, ўша кимдирда на доллар ва на иена бор. Бундай битим орқали топилган ҳар қандай фойда судхўрлик фоизи ёҳуд рибога тенг бўлади. Кўриниб турганидек, Шариатда бунга рухсат йўқ.

Хорижий валюта савдосига оид савол ҳақида гапирар эканмиз, унинг қуйидаги қоидалари бор эканлигини яна бир бор ёдга олиш зарур:

Агар муайян бир давлат валютасининг олди-бердиси амалга оширилаётган бўлса, у ўзининг номинал қийматидан фарқланувчи курс бўйича сотилиши мумкин эмас. Лекин, турли мамлакатларнинг валютаси алмаштирилаётган бўлса, уларни иккала тараф ҳам рози бўладиган исталган курс бўйича сотса бўлади, ҳаттоки бозор нарҳидан фарқланса ҳам. Агар сотув кечиктириладиган (келажакдаги) тўлов асосида амалга оширилаётган бўлса, нарҳ бозор курси бўйича белгиланиши керак. (Муфтий Муҳаммад Тоқий Усмонийнинг “Аҳком ул-авроқ ан-нақдия” китобидан қисқартирилган тарзда келтирилди). Ва Аллоҳ билгувчироқдир.



Ислом молиясидан хабардор киши Форексда маълум муддатга маблағ бериб туришда рибо (судхўрлик) мавжуд эканини билади. Шариатга кўра, валюта савдоси қўлдан-қўлга (виртуал эмас) амалга оширилиши ва унда муҳлат бериш бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, Исломда юқори ва ноўрин таваккалчилик ёки катта ноаниқликни ташкил этадиган (ғарар) битимлар ҳамда таваккалчиликка асосланган қимор ўйинлар (майсир) тақиқланган.

Валюта биржаларидаги чайқовчилик, айниқса, эҳтимолий даромад билан бир қаторда таваккалчиликнинг кескин ортиб бориши қимор ўйинлари каби бўлгани сабабли, ман этилган. Шундан келиб чиқиб, Форексда валюта чайқовчилиги билан шуғулланиш Шариат нуқтаи назаридан тўғри эмас ва бу каби ҳисоб-рақамларларни исломий дейиш жоиз эмас, дейиш мумкин.

Шубҳали ва тақиқланган молиявий операцияларни бемалол, ҳеч бир ҳижолатсиз ўзларича “исломий” деб эълон қилувчилар қаердан чиқишар экан-а? Исломий савдо учун ҳисоб-рақамни реклама қилаётган ўша “тадбиркорлар” Ислом ва Ислом молияси тамойилларидан ёки, содда қилиб айтганда, уларнинг фаолияти Шариатга мувофиқ эмаслигидан бехабардирлар балки. Шундай бўлса-да, шуни ёдда тутиш керакки, Ислом динида тижорий ва молиявий муносабатлар ҳақида билимга эга бўлиш ушбу соҳа билан шуғулланувчилар учун фарз амалдир. Агар улар, атайин дунёвий фойдани кўзлаб, Ислом асосларини бузиб талқин қилишса ва ҳаром нарсани ҳалол десалар, уларга Қиёмат куни бўладиган қаттиқ азобни эслатиб қўйиш керак бўлади.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Forexда исломий ҳисоб бўлиши мумкинми?