loader
Foto

Муфтият қандай ташкил қилинган: илк совет қозилари

Тарих фанлари доктори Айдар Хабутдинов ўзининг «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасисининг 70 йиллиги» номли илмий монографиясида ёдга оладики, ҳаммаси 1941 йил 27 июндаги жума намозидан кейин бошланган бўлиб, ўшанда совет мусулмонлари ҳеч қандай даъватсиз ва мажбурлашсиз, ёпиқ масжидларга жума намозига келганлар.

«Бу – мамлакатга душман ҳужум қилганидан кейин биринчи жума куни «мамлакат подшоҳининг соғлиги ва ғалабаси учун» (подшоҳ деб, табиийки, Сталинга аталган) дуо қилиб, хутба ва намоз ўқиш, ва Аллоҳдан «душманнинг бошига ўлим» сўраб илтижо қилиш қадимий, унут бўлмаган одат эди», — бу воқеаларни шундай таърифлайди тарих фанлари доктори Хабутдинов Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ходимларидан бири Нодирхон домланинг кундалигидаги қайдларга ҳавола қилган ҳолда. Бу воқеа совет органларининг кўп сонли ҳужжатларида, жумладан, НКВД рапортларида ҳам баён этилган.

1943 йилнинг бошида тошкентлик имом Эшон Бобохон совет мусулмонларига бирлашиш даъвати билан мурожаат қилди. У бошқа уламолар - Абдураззоқ Эшон Муҳаммад Олимов, Акромхон Тозихонов, Мулла Содиқ Исламов билан бирга, Ўзбекистон ССР Олий Совети президиуми раиси Йўлдош Охунбобоев орқали 1943 йилнинг июлида Москвадаги марказий ҳукуматга Россиянинг марказий қисми, Татаристон ва Бошқирдистон мусулмонларини бирлаштирган мусулмонлар Марказий диний идораси тамойили бўйича Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилиш таклифи билан мурожаат қилди.

Кремлда бу ташаббус қўллаб-қувватланди ва ҳатто Эшон Бобохон Москвага чақирилди. Тарих фанлари доктори Хабутдиновнинг ёзишича, афсоналарга кўра, Сталин билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилиш ташаббусчиси ўртасидаги учрашув 1943 йилнинг июлида бўлиб ўтди ва «барча халқлар отаси» ўзи қурултой чақириш ва диний бошқарма шакллантириш таклифини билдирган дейишади.

Бу учрашувни имомнинг қизи Софияхон Бобохонова қуйидагича таърифлайди: «Марказдан диний идора очишга рухсат олингандан сал ўтиб, отам ва акам Москвага сафарга отландилар. Ўша пайтлар Москва биз учун жуда узоқ бўлиб туюларди. Фуқаролик авиацияси йўқ эди, автомобиль йўллари дабдаласи чиққан эди ва фақат темир йўл транспорти қолганди. Поезд орқали фақат бир томонга олти кун юришга тўғри келарди. Москвада И.В.Сталин қабулида фақат отам бўлди. Қайтиб келгач, у суҳбат таржимон ёрдамида И.В.Сталиннинг кабинетида бўлиб ўтганлигини айтиб берди. У ҳурмат ва хайрихоҳлик билан мусулмонларнинг кайфияти ҳақида, уларнинг ҳаёти ҳақида саволлар берди, мусулмонлар қурултойи чақиришни, Диний идора ташкил қилишни, мусулмонларни фронтга ёрдам кўрсатишга даъват этиш ва босқинчиларга қарши қатъий кураш олиб боришни таклиф қилди. Отам чой ва узум билан меҳмон қилинган, у «халқлар отаси»нинг кабинети камтарона жиҳозланганини қайд этган».

Совет ҳукумати отамнинг Тошкент шаҳри, Ҳамза кўчаси 59-уй манзили бўйича, машҳур «Ҳазрати Имом» маҳалласида жойлашган ва кейинчалик Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ўша ердан ўрин топган ва 1928 йил мусодара қилинган уйини уч кун ичида қайтариб берди.

Ҳукумат маъқуллашидан сўнг совет мусулмонлари биринчи қурултойини ташкил қилиш бўйича қўмита ташкил қилинди, унга Ўрта Осиёнинг бешта республикаси машҳур уламолари, шунингдек, Москва ва Қозондан нуфузли имомлар кирди.

Август ва сентябрь давомида тайёргарлик қўмитаси аъзолари ташкил қилинаётган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси мақсадларини тушунтириш учун минтақалар бўйлаб сафарлар уюштирдилар. Ташаббускорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 1943 йил 15 октябрдан 20 октябргача имом Эшон Бобохоннинг уйида совет мусулмонларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди.

Имомнинг қизи хотирлашича, унинг отаси барча делегатларни кўзларида ёш билан қарши олган. Меҳмонларга хизмат қилиш учун имомнинг барча қариндошлари жалб қилинган, қўшнилар ҳам лаббай деб жавоб берган. Бир неча кун давомида машҳур ошпаз Азиз ёрдамчиси Файзи билан бирга меҳмонларга лаззатли таомлар тайёрлаб бердилар. Биринчи қурултой якунларига кўра, миллий делегациялар раҳбарлари Ўрта Осиёнинг собиқ совет республикаларида биринчи қозилар этиб тайинланди, Эшон Бобохон эса Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг биринчи муфтийси этиб тайинланди. Унинг авлодлари 1989 йилгача ЎОМДМни бошқариб келди.

СССР ислом жамиятида дезинтеграция жараёнларининг бошланиши, тадқиқотчи Канатбек Мурзахалиловнинг фикрига кўра, 1989 йил 4 февраль санаси билан белгиланиши мумкин. Шу куни Ўзбекистон ва Тожикистоннинг кўзга кўринган диний етакчилари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси маъмурий биноси – «Бароқхон» мадрасаси  яқинида тўпланиб, мусулмонлар Фавқулодда умумий йиғилиши бошлангани ҳақида эълон қилдилар ва ультиматум шаклида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси муфтий Шамсиддинхон Бобохоновни лавозимидан олиб ташлашни талаб қилдилар.

Абу Муслим таржимаси