loader
Foto

Эрон қўшинларни Сурияга киритишга тайёр, Асаднинг аҳволи танг — ОАВ

Агар Асад расмий сўров йўлласа, Эрон Сурияга қўшин киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб маълум қилди Теҳрон.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчининг IRNA ахборот агентлигига берган интервьюсида таъкидланишича, Эрон Сурия ҳукумати сўровига кўра ўз қўшинларини киритишга тайёр. У Эрон араб давлатларидаги қаршилик гуруҳларини қўллаб-қувватлашини қайд этди, гарчи улар билан ташкилотчилик алоқалари йўқлигини маълум қилган.  

"Агар Сурия ҳукумати Эрондан қўшин киритишни сўраса, биз бу сўровни кўриб чиқамиз. Эрон қаршилик гуруҳларини бошқармайди, лекин зарурият туғилганда уларга ёрдам кўрсатади", — деди Аббос Аракчи.  

Вазир, шунингдек, ядровий музокаралар истиқболлари ҳақида фикр билдирди: "Европа билан музокараларга пессимизм билан қараймиз ва ҳозирча Вашингтон билан гаплашиш ниятимиз йўқ. Янги Америка ҳукумати қайси йўналишни танлашини кутиб, кейин ўз сиёсатимизни ишлаб чиқамиз".  

Асад учун вазият танг бўлиб бормоқда: бугун курдлар АҚШ қўллови билан шарқдан босимни кучайтириб, янги фронт очди. Шу билан бирга, шимол ва ғарбдан келган қўзғолончилар Сурия Араб Республикаси (САР) назоратидаги ҳудудларга чуқурроқ кириб бормоқда.  

2011 йилда бошланган Суриядаги фуқаролик уруши ҳанузгача замонавий дунёдаги энг йирик гуманитар ва сиёсий инқирозлардан бири бўлиб қолмоқда. Россия ва Эрон қўллаб-қувватлаётган Башар Асад ҳукумати турли мухолифат гуруҳлари, шу жумладан исломчиларга қарши турмоқда.  

Сурияда ҳокимият алмашиши жиддий геосиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин. Сиёсатшунослар Асад режими мағлубияти Россиянинг Яқин Шарқдаги таъсирини сусайтиради, Тартус ҳарбий базасини йўқотишга олиб келади ва унинг нефт бозорларига босим ўтказиш воситаларини заифлаштиради, деб таъкидламоқда.  

Экспертларнинг фикрига кўра, минтақа барқарорлигини ўрнатиш ва Европанинг Россия газига боғлиқлигини камайтириш Қатар газ қувурининг Саудия Арабистони ва Туркия орқали қурилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу, ўз навбатида, Сурияда ҳокимият алмашиши ҳолатида янги реалликнинг бир қисмига айланиши мумкин.

Абу Муслим