Оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Суриянинг ағдарилган президенти Башар Асаднинг рафиқаси Асма Асад ажрим учун ариза топширган ва Буюк Британия пойтахти Лондонга кўчиб ўтишни режалаштирмоқда.
Туркиянинг A Haber сайтининг маълумотларига кўра, Асма Асад туғилиб ўсган ва фуқароси бўлган Британияга қайтиш ниятида. У ажримни расмийлаштириш учун йирик юридик компанияларга мурожаат қилган.
Сайт маълумотига кўра, унинг онаси Саҳар Атрий ажрим жараёнини бошлаган бўлиб, қизининг 2024 йил май ойида ўткир майелоид лейкоз (қон саратони (рак)) касаллиги аниқланганидан кейин Лондонда даволанишини қўллаб-қувватламоқда.
Бироқ, Асма Асад ажримдан ташқари қонуний ва логистика муаммоларига дуч келиши мумкин. Европанинг бир қанча давлатлари ва халқаро ташкилотлар унга нисбатан сафар қилишга тақиқ ва мол-мулкини музлатиш каби санкциялар жорий этган. Уларнинг айтишича, Асма Асад эри бошқаруви даврида коррупция ва ноқонуний бойлик йиғган.
Европа Иттифоқи унга нисбатан санкциялар киритган, Лондон эса Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига қарамай, бу чораларни ҳанузгача амалга ошириб келмоқда.
A Haber маълумотига кўра, 49 ёшли Асма Асад Москвада қаттиқ назорат остида бўлиб, ҳаракатланиш имкониятлари чекланган. У Россия ҳукуматидан мамлакатни тарк этишга рухсат сўраган, аммо бу сўров ҳозирча кўриб чиқилмоқда.
Асма Асад ҳақида маълумот
Асма Асад, тўлиқ исми Асма ал-Ахрас, Лондонда суриялик оилада туғилган. У Лондон қироллик коллежини тамомлаган ва компьютер фанлари ҳамда француз адабиёти бўйича диплом олган. Асма ўз карьерасини J.P. Morgan инвестиция банкида бошлаган ва Гарвард университетида МБА даражасини олишни режалаштираётганда Башар Асад билан танишган. 2000 йил декабрь ойида улар турмуш қурган.
2011 йилда Сурия инқилоби бошланганидан кейин Европа Иттифоқи унга нисбатан сафар қилишни тақиқлаш ва мол-мулкларини музлатиш чораларини жорий этди.
2020 йилда АҚШ ҳам Асма Асадга нисбатан санкциялар киритди. Унда Асма Асад «суриялик халқ ҳисобидан ноқонуний бойлик йиғиш» ва «ўз иқтисодий ҳамда сиёсий таъсирини кучайтириш учун хайрия ташкилотларидан фойдаланиш»да айбланган.
Номаълум келажак
Башар Асад режими ағдарилгандан кейин оила Россияга қочган. Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Асма Асадни Британияда истиқомат қилиш номақбуллигини билдирган.
Соғлиқ муаммолари
Асма 2018 йилда саратон касаллигига қарши даволанган ва 2019 йилда соғайганини эълон қилган эди. Бироқ, 2024 йил май ойида унда ўткир майелоид лейкоз ташхиси қўйилгани ҳақида маълум қилинди. Бу унинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокига чекловлар қўйди.
Абу Муслим