loader
Foto

Туркия-Қатар: биринчи ахборот уруши бўсағасида

Туркия ва Қатар яқин иттифоқчилар ҳисобланади. Улар ўртасидаги муносабатлар Сомали ва Ливияда биргаликдаги ҳарбий операциялар ва минтақа бўйлаб Қатарнинг қўшниларига қарши умумий фронти натижасида кўп йиллар давомида шаклланган. Анқара амирликда йирик ҳарбий базага эга.

Ҳукумат доираларида Туркияни танқид қиладиган мақолалар ҳамда телесюжетлар доимо ғазаб туйғусини уйғотарди ва баъзида Дохага салбий ёритишни юмшатишга уриниш мақсадида қўнғироқ қилинарди.

Араб медиа-гиганти туфайли мамлакатлар ўртасидаги бу кескин ва баъзида қайноқ муносабатлар сезиларли даражада сир сақланарди, лекин бу охирги кунларда яшириб бўлмайдиган тўлиқ душманликка айланди.

Ўтган ҳафта турк давлат телекомпанияси TRT ва унинг «қариндоши» бўлган инглиз тилидаги TRT World канали бир вақтнинг ўзида Al-Jazeera каналини унинг Сурия шимолий-шарқий қисмида давом этаётган турклар ҳужуми борасидаги таҳририят нуқтаи назари учун кескин танқид қилишни бошлади.

TRT канали Al-Jazeera каналини унинг сўзларига кўра, Туркияга қарши қаратилган таҳлиллар учун катта платформа тақдим этишда айблади. Шунингдек, TRT Анқара «Тинчлик манбаси» операциясида уларга қарши курашаётган СДС қўмондонларидан бири Мазлум Абдийдан иқтибос келтиришига ҳам норозилик билдирди.

«Ал-Жазира кўпинча террорчи ташкилот раҳбарларидан бири бўлган Ферхад Абди Шахин [Мазлум Абдий] баёнотларидан иқтибос келтиради», - дейилади TRT мақоласида.

«PKK/YPG террорчилари шунчаки курд жангарилари бўлгани ҳақида хабарлар ҳайратда қолдирди».

TRT World бошқа томондан, Суриядаги воқеаларнинг «ал-Жазира» томонидан ва унинг Саудия Арабистонидан бўлган рақобатчиси «ал-Арабия» томонидан ёритилишида ўхшашликлар топди ва иккала канал YPG шунчаки курдлар деб аталгани ва уларнинг КИП террорчилар ташкилоти билан алоқаси эътиборсиз қолдирилган хабарлар тақдим этганини маълум қилди.

Кейинчалик каналда Human Rights Watch маърузаси эълон қилиниб, унда Қатар ҳукуматига мамлакатдаги муҳожир-меҳнаткашларнинг ўлими ҳолатларини тергов қилиш тавсия этилди.

Яқинда эса, душанба куни, инглиз тилида чиқадиган, турк ҳукумати билан қалин алоқада бўлган Daily Sabah турк газетаси «ал-Жазира»ни «мустақил ва объектив журналистика ниқоби остида Туркияга қарши тарғибот»ни тарқатишда айблаган кескин мақола чоп этди.

Таҳририят мақоласида айтилишича, агар «ал-Жазира» иттифоқни «заҳарлаётган» одамларни «саралаб» олмаса, Туркия-Қатар ҳамкорлиги хавф остида қолади ва Туркия ҳукуматини «ал-Жазира»ни душман нашр деб тан олишга чақиради.

Турк журналисти Рагип Сойлу турк ҳукуматининг фикри билан таниш бўлган нуфузли турк манбасидан иқтибос келтириб, дам олиш кунлари Қатарга уюштирилган ташриф давомида ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғли Анқаранинг «ал-Жазира» бўйича кўнгли қолганлигини билдирган. Бироқ жавоб қониқарли бўлмаган.

«Гап Қатарнинг манфаатлари билан боғлиқ бўлганда Al-Jazeera English мустақил таҳририят позицияси ҳақида бош қотириб ўтирмайди. Бу манфаатларни улар ҳар қанақасига ҳимоя қиладилар. Бироқ Туркияга бошқача муносабатда бўладилар. Улар Туркияни курдларни ўлдиришда айбламоқда. Улар ҳаттоки КИП ва YPG ўртасидаги алоқани тан олмаяптилар», - деди источник.

«Ал-Жазира» Туркия билан яхши алоқалар Қатар манфаатларига мос келади деб ҳисобламайдими? Ёки «ал-Жазира» дан баъзи одамлар ўз ўйинини ўйнаяптими?»

Баъзи кузатувчилар ҳатто Қатарда Туркияга қарши сиёсат мавжуд эмас деб ҳисобласалар ҳам, Туркиянинг ғазабини тушунса бўлади, деб ҳисоблашади.

«Қатарлик амалдорлар Суриядаги «Тинчлик манбаси» операциясини қўллаб-қувватлашини тушунишларини билдирдилар, лекин уларнинг ўз чегараси мавжуд бўлиб, уларни ҳисобга олиш керак», - дейди Туркия-Қатар муносабатларини диққат билан кузатиб бораётган мустақил таҳлилчи Али Бакир.

Бакирнинг фикрига кўра, муаммонинг асл сабаби ҳар бир томонда ОАВ роли ҳақидаги тасаввурлар турлича эканлигидир.

«Қатар нуқтаи назаридан инглиз тилидаги Al-Jazeera арабча Al-Jazeera дан кескин фарқ қилади. Уларнинг мулоқот доираси ва мустақил таҳририят позицияси турлича», - деди у. «Мен TRT ва TRT World ҳақида ҳам худди шу фикрни билдирмаган бўлардим, лекин ишончим комилки, улар шундай қилган бўларди».

Турк манбаси келажакка башоратлар ҳақида гап кеттганда қовоғидан қор ёғади.

«Эҳтимол, баъзи турк кузатувчилари бу ҳақида эртага ёки бу ҳафтада ёзишлари мумкин. Ҳатто президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга Қатардан қўшинларни олиб чиқишга оммавий даъватлар бўлиши ҳам мумкин», - деди манба.

Эслатиб ўтамиз, узоқ вақтдан бери сўл либерал тенденцияларни намойиш этиб келаётган Al-Jazeera English учун Туркияга нисбатан оҳанг ўзгариши амалда нуфузнинг ўлимини ва ғарбнинг йирик медиа манбалари клубига киришнинг тўсиб қўйилишини англатади. Шундай қилиб, Қатар каналининг Анқара босими олдида тисарилиши эҳтимоли жуда кичик.