loader
Foto

Носвой нима?

Савол. Бир дўстим нос чекади. Уни бозорларда тожиклар, ўзбеклар жуда арзон нархга сотишади. Бу (сотиш ҳам, чекиш ҳам) гуноҳ бўлса керак, чунки носвой одамни бўшаштиради, бундан бошқа таъсирлари ҳам бор бўлиши мумкин. Қолаверса, бу пулни исроф қилишга ҳам киради. Дўстим носга ҳам сигарет чекишга ўхшаб ўрганиб қолган. Ундан қутулишга қандай ёрдам бериш мумкин? Мен унга ёрдам бермоқчиман, унинг ўзи ҳам рози. Маслаҳат беринг. Кейин, носвой чекканда таҳорат кетадими?

Жавоб. Нос чекиш шаръан ҳаромдир, чунки у инсоннинг саломатлигига салбий таъсир қилади, уни маст қилади ва ақлини кетказади. Бундай модданинг ҳаромлигига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Агар инсон хушини йўқотса (масалан, уйқуда, хушдан кетишда ёки мастликда), таҳорат бузилади. Маслаҳат шуки, ақл-хушни йиғиб, бундай ифлос нарсани истеъмол қилишни ҳозироқ тўхтатиш керак. (umma.ru)

НОСВОЙ НИМА?

Бу модданинг «нос» деб аталишига бир пайтлар уни тайёрлашда нос деб номланган ўсимликдан фойдаланилгани сабаб бўлган бўлса керак. Ҳозирги кунда уни асосан махорка ёки тамакидан тайёрлашади. Шунингдек, носни тайёрлашда сўндирилган оҳак, турли ўсимликларнинг кули, туя ёки товуқнинг гўнги ва баъзан мойлар қўшилади. Баъзи манбалар носни тайёрлашда мева қоқилари ва зираворлар ҳам қўшилишини хабар қилади.

Бошқа маълумотларга кўра, носвой деб елим, оҳак, сув ёки ўсимлик мойига қорилган тамаки чангининг элакдан ўтказилгани айтилади. Нос ниҳоятда кенг тарқалган Ўрта Осиёда уни тайёрлашнинг турли рецептлари бор бўлиб, кўпинча бу аралашмага тамаки чанги умуман қўшилмайди. Унинг ўрнига бошқа ўткирроқ моддалар қўшилади.

Бу аралашманинг таркибидаги моддаларнинг кўпчилиги тамаки ишлаб чиқаришнинг чангсимон чиқиндиларини гранула шаклига келтиришга хизмат қилади. Носвойдаги оҳак муҳитнинг реакциясини ўзгартиради ва никотиннинг қонга оғиз бўшлиғининг шиллиқ пардаси орқали сўрилишига шароит яратиб беради. Товуқнинг гўнги ҳам худди шу вазифани бажаради. Баъзиларнинг айтишича, товуқнинг гўнги носга оҳак бўлмаганда қўшилар экан.

Носнинг Тошкент, Фарғона, Андижон носи каби бир қанча турлари бўлиб, уларнинг носивой, нацвай, анасвай, асмай, атмай каби номлари ҳам бор экан.

Носвойнинг ташқи кўриниши ҳам турлича бўлади. Нос баъзан майда яшил соққачалар кўринишида, баъзан эса кулрангсимон-жигарранг кукун кўринишида бўлади. Баъзилар янги носвой йирик, намга тўйинган яшил доначалар ҳолатида бўлади, эскиргани эса кукунга айланиб, қорайиб кетади, дейишади.

Бошқалар эса авваллари носвой майда донача шаклида бўлган, энди эса гўштмайдалагичдан ўтказилгани учун таёқчалар шаклида тайёрланмоқда, дейишади. Ҳар қалай, уни янада кенгроқ кўламда ишлаб чиқаришга ўтилгани кўриниб турибди. Носвой саноат усулида тайёрланмайди. Уни одатда уй шароитида тайёрлашади (бунчалик кўп туя ёки товуқ гўнгини бошқа қаердан ҳам топиш мумкин?).

НОСВОЙ ЧЕКИШ

Айтиш керакки, нос чекиш анчагина серташвиш машғулотдир. Носвой чекилмайди (ўзи чекиш деб айтилса ҳам), балки «отилади» ёки «ташланади». Натижада форумдаги ашаддий кашанда бир неча йилдан бери носни ташлай олмаяпман, деса, бунинг мутлақо аксини тушуниб қолиш ҳам мумкин.

Баъзан носни «тамаки сақич» ҳам дейишади, лекин у чайналмайди. Носни тилнинг тагига, пастки ёки устки лабнинг остига ташланади ва унинг таъсирини кутиб ўша ерда ушлаб турилади. Носни оғизга солишда лабларга теккизмасликка ҳаракат қилинади, чунки акс ҳолда лабларга яра-чақа тошиб кетади. Носкашлар нос чекканда ғоятда кўп ажралиб чиқадиган сўлакни ютиб юбормаслик кераклигини қаттиқ тайинлайдилар. Сўлак ёки носнинг зарралари одамнинг ичига кетиб қолса, одамнинг кўнгли айниб, қайт қилиши ёки ичи ўтиб кетиши ҳам мумкин экан. Нос чекишни энди бошлаётганлар ҳам бошида кўп қайт қилар экан.

Узоқ вақт сурункали нос чекишнинг оқибатлари

1. Ўзбек онкологларининг берган маълумотларига кўра, тил, лаб ва бошқа оғиз бўшлиғи органлари ҳамда ҳалқумнинг рак билан касалланиш ҳолларининг 80 фоизи нос чекишнинг оқибати экан.

2. Носвой таркибида ҳайвонларнинг гўнги мавжуд бўлгани учун уни истеъмол қилган одам турли ошқозон инфекцияларини ва паразит ҳайвон касалликларини, шу жумладан вирусли гепатит касаллигини юқтириб олиши мумкин.

3. Боғбонлардан сўрасангиз, ўсимликларнинг тагига ўғит сифатида товуқ гўнги солинганда нима бўлишини айтиб беришади: товуқ гўнги жуда кучли бўлади, у ўсимликларни «куйдириб юборади». Шифокорлар бу фикрни тасдиқлайдилар. Носкашнинг организмида ҳам худди шундай кимёвий реакция юз беради, носнинг таъсиридан биринчи навбатда оғиз бўшлиғининг шиллиқ пардаси ва ошқозон-ичак йўллари жароҳатланади. Узоқ вақт нос чекиш ошқозон яраси ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.

4. Носнинг таркибидаги асосий таъсир қилувчи модда тамаки бўлгани учун носкашларда никотинга ўрганиб қолиш вужудга келади. Нос жуда кўп чекиладиган Қирғизистонлик мутахассисларнинг айтишларича, тамакини бундай чекиш сигарет чекишдан ҳам баттар зарарлидир, чунки инсон нос чекканда, айниқса, оҳакнинг оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасига янада кўпроқ таъсир кўрсатиши оқибатида жуда катта дозада никотин қабул қилади. Носвой кучли наркотик боғлиқликни келтириб чиқаради.

5. Қозоғистонлик наркологлар эса носвойнинг баъзи порцияларига тамакидан ташқари бошқа наркотик моддалар ҳам қўшилиши мумкинлигини айтадилар. Натижада носкашларда нафақат никотинга, балки бошқа кимёвий моддаларга ҳам кучли боғлиқлик шаклланиши мумкин.

6. Носвойни қўрқмасдан психотроп моддалар қаторига киритиш мумкин. Нос чекиш ўсмирларнинг руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади – зеҳн сусаяди, хотира ёмонлашади, бола бетайин, тутуриқсиз бўлиб ўсади. Носкашлар кўпинча хотиранинг ёмонлашуви, паришонхотирликдан шикоят қиладилар. Сурункали нос чекиш оқибатида ўсмирнинг шахсияти ўзгариб, унинг руҳиятида бузилишлар содир бўлади.

7. Ёш болалар носвой чекишга жуда тез ўрганиб қоладилар. Носкашлик улар учун одатий ҳол бўлиб қолади. Ўсмир тез орада янги, кучлироқ таассуротларни – кучлироқ маст қиладиган нарсаларни истаб қолади. Носвойни ҳам сақич сотиб олгандай осонлик билан сотиб олиб юрган ўсмир тез орада наркотикларга ҳам ўтиб кетмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

8. Носкашларнинг аксарияти тишларининг тез ишдан чиқишидан шикоят қилишади.

НОСВОЙ ГЕОГРАФИЯСИ

Афсуски, носвой Ўрта Осиё мамлакатлари анъанавий маданиятининг бир қисмига айланиб улгурди. Қозоғистонлик ва қирғизистонлик мутахассисларнинг айтишларича, сўнгги йилларда носвой мактаб ўқувчилари орасида айниқса оммалашиб кетган. Минтақа бозорларида носвой сотиш тамаки маҳсулотлари ёки писта сотгандек одатий ҳолга айланган. Масалан, тахминан 30 марта чекишга етадиган носвой халтачанинг нархи Қозоғистонда 10 цент, Қирғизистонда эса 5 цент атрофида бўлади.

Носкашларнинг сафсаталари

1. Ҳар қандай наркотик (товуқнинг гўнгими, туянинг тезагими) фақат «бетакрор ҳаётий тажриба» учун чекилади. «Тажрибали», кўп йиллик стажга эга бўлган носкашандалар энди бошловчиларни шундай сўзлар билан «даъват» қиладилар. Албатта, бунда биринчи сафардаги кўнгил айниб, қайт қилишлар ҳақида айтилмайди.

2. Ёшларнинг носвой отишга баҳонаси шуки, гўё уни чеккандан кейин сигаретнинг хумори босилар эмиш. Шунинг учун баъзилар носвойни сигарет чекишни ташлаш воситаси деб билса, баъзилари сигаретнинг тутуни ёки ҳидини яшириш воситаси деб ҳисоблайди. Баъзилар эса носни ҳатто ўпкасини қатрон билан булғашни ҳоҳламайдиган спортчилар учун тамакининг ўринбосари деб билишар экан. Бироқ нос тамакининг ўринбосари эмас, балки айнан ўзгинасидир, чунки у ҳам организмга катта зарар етказади.

Агар ният чекишни ташлаш бўлса, уни ташлаш воситасини ёки тамакининг ўринбосарини қидириш, оғизга солиб юриб, чекишнинг хуморидан қутулиш бўлса, бунинг учун расмий, лицензияланган воситалар жуда кўп. Кашандалар учун махсус чиқарилган, таркибида қисман никотини бор сақичлар дорихоналарда рецептсиз сотилади.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Носвой расман наркотик модда деб эътироф этилмаган, шунинг учун унга қарши курашиш ҳозирча фақат унинг нима эканини тушунтириш билангина чекланиб қолинмоқда.

Ота-оналар, педагоглар, шифокорлар ва умуман ҳар бир бефарқ бўлмаган кишилар бу ифлос моддани инсоннинг калимаи шаҳодатини, ояту ҳадисларни айтадиган покиза оғзига солиниши нақадар хунук, ярамас иш эканини тушунтиришлари, жамиятимизда бундай ёт иллатларнинг йўқолиб кетишига ўз ҳиссаларини қўшишса, деган умиддамиз.

Абу Муслим тайёрлаган