loader
Foto

Мўғуллардан психологик мағлубият ва унинг оқибатлари

Тасаввур қилинг – мўғуллар қўшинидан қочиб кетган Муҳаммад Хоразмшоҳни қидириб келган мўғулларнинг нисбатан кичик қўшинлари орасидаги масофа олти юз эллик километрдан кўпроқ эди. Бу тўғридан-тўғри ҳисоблаганда. Агар жойлар рельефини, Самарқанд ва Каспий денгизи қирғоқлари орасида оқиб ўтадиган дарёларни, қийин табиий шароитларни ҳисобга олсак ва буларга қўшимча равишда, мўғуллар бу ҳудудда истиқомат қилмаганлиги ва маҳаллий йўллар, ўтиш жойлари ва йўлларини билмаганини ҳисобга оладиган  бўлсак, унда маҳаллий аҳоли ёрдам кутадиган жойи бўлмаган гуруҳни бемалол мағлуб этиши мумкин эди. Юқорида айтилганларнинг ҳаммаси мўғулларнинг қурбони бўлганлар томонида эди.

Шундай қилиб, мўғул отряди мўғул армиясининг асосий кучларидан узилиб қолганди ва қўшимча куч олишга имкониятлари йўқ эди. Улар аслида ҳавас қилиб бўлмайдиган ҳолатда эди, чунки бу йигирма минг кишидан иборат кичик отряд эди. Агар бунга яна ушбу минтақадаги мусулмон аҳолининг зичлиги жуда юқори бўлганлагини ҳам қўшадиган бўлсак, бу гуруҳ ҳалокатга маҳкум бўлган деб тахмин қилиш мумкин эди.

Агар ҳар бирининг аҳолиси миллион кишидан ошган Хоразм шаҳарларидан бирининг аҳолиси бу отрядга қарши чиқса, мўғуллар, шубҳасиз, енгилган бўларди. Буларнинг барчаси бизнинг тахминларимиз, лекин аслида нима бўлди?

Аммо аслида ҳайратланарли даражада шармандали ва иснод келтирадиган нарсалар содир бўлди. Психологик мағлубият мусулмонларнинг қалбини қамраб олганди. Улар ўткинчи дунёга ёпишиб олдилар ва бу кам сонли мўғуллар отрядининг қўлидан ўлимини кутиб яшашни афзал кўриб, ўз қишлоқ ва шаҳарларида ўтирган яхшироқ эканлигига ишонишди.

Абу Довуд «Сунан»ида ва Аҳмад «Муснад»ида Савбон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн (заифлик) солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар.

Ўша пайтда мусулмонларнинг ҳолати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадисда аниқ кўрсатилгандай эди. Улар оқимда тарқалиб кетган қуйқумга ўхшар эдилар - уларнинг ўз фикрлари, мақсадлари ва интилишлари йўқ эди.

Мўғуллар юрагини мусулмонлар олдидаги қўрқув тарк этганди ва улар мусулмонларнинг аҳоли сони ва қўшинлари кўп эканлигига аҳамият ҳам бермадилар. Мусулмонлар қалбларига эса Аллоҳ Таоло заифлик ва руҳий тушкунлик солиб қўйди, шунда ҳатто юз киши ҳам битта мўғул аскарига қарши тура олмади.

Муҳаммад Хоразмшоҳни қидириш учун юборилган мўғуллар отряди у Каспий денгизи томон кетганида уни қўлга олишдан умидини йўқотиб, Мазандаранга қайтди (форсча مازندران‎; Эрон шимолида жойлашган вилоят) ва қисқа вақт ичида уни осонлик билан эгаллаб олишди.

Мўғуллар бу шаҳарларда мудофаа иншоотлари қурилгани ва олиб бўлмайдиган қалъаларга эга эканига қарамай, тезда бу ерларни забт этишга муваффақ бўлишди. Ваҳоланки бу бутун мусулмон дунёсининг энг мустаҳкам ва қудратли жойларидан бири эди. Ҳатто рошид халифа Умар ибн Хаттоб (розиаллоҳу анҳу) ҳукмронлиги даврида ҳам мусулмонлар шохлар давлатининг Ироқдан Хуросонгача бўлган барча ҳудудларини эгаллаб олганларида, Мазандаранга кира олмаганлар. Бу ҳудуд мусулмонлар томонидан фақат Уммавийлар халифаси Валид ибн Абдулмалик ҳукмронлиги даврида ишғол қилинганн. Бироқ, мўғуллар бу ҳудудни энг қисқа вақт ичида босиб олишди.

Бунинг сабаби мўғулларнинг қудратида эмас, балки ўша пайтда минтақа аҳолисининг руҳи тушиб кетганлигида эди. Мазандаранга киргач, мўғуллар аввал нима қилган бўлсалар, шу ишларни қилдилар: маҳаллий аҳолини ўлдирдилар, асирга олиб азоб бердилар, шаҳарларни таладилар ва ўт қўйдилар. (Ибн Касир, «Ал-Бидоя ва ан-ниҳоя», 13/105)

Мазандарандан чиққан мўғуллар қўшни Рей (ҳозирги Эрон ҳудудидаги катта шаҳар) томон йўл олди. Йўлда мўғуллар Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси ва хотинларига дуч келишди. Уларнинг ёнида мисли кўрилмаган бойликлар ҳам бўлиб, мўғуллар бундай бойлик ҳақида илгари ҳатто эшитмаган ҳам эдилар. Афтидан, Аллоҳ таоло қочиб кетган Хоразм ҳукмдорини шу тариқа батамом ерга уришга қарор қилган. Мўғуллар Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси ва хотинларига қўшиб бор мол-мулкка эга чиқдилар ва уларни зудлик билан Самарқандга, Чингизхонга юбордилар. (Ибн Касир, «Ал-Бидоя ва ан-ниҳоя», 13/105)

Шундан кейин мўғуллар Рейга етиб келдилар ва шаҳарни талон-тарож қилдилар. Аёлларни асир олиб, болаларни қул қилдилар ва шундай ишлар қилдиларки, бунгача ҳеч ким бундай қабиҳликлар ҳақида эшитмаганди. Рей шаҳри якинидаги бошқа шаҳар ва қишлоқлар бошига ҳам худди шу кун тушди.

Шу тариқа мўғуллар Казви́н (форс. قزوین‎, Эрон шимолидаги шаҳар, Казвин вилоятининг энг қадимий шаҳри ва маъмурий маркази) шаҳрига етиб келгунга қадар ҳамма жойдан олов ва қилич билан ўтдилар. Казвин аҳолиси маълум муддат мўғулларга қаршилик кўрсатди. Бу жангларда қирқ мингдан ортиқ шаҳар аҳолиси ҳалок бўлди. (Ибн аль-Асир, «Ал-Комил фи ат-тарих», 10/408)

Абу Муслим таржимаси