loader
Foto

Мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий хилофлар ва мазҳабга мутаассиблик қилиш ҳақида

Робитаи Олами Исломий қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси кенгаши ўзининг Маккаи Мукаррамада, 1408 ҳ.с. 24 сафар. (1987 м.с. 17 октябр) шанба кунидан 1408 ҳ.с. 28 сафар (1987 м.с. 21 октябр) чоршанба кунигача бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисида эргашиладиган мазҳаблар орасидаги фиқҳий хилофлар ва баъзи бир мазҳаб атбоълари томонидан содир бўладиган, мўътадиллик чегарасидан чиқадиган ва ҳатто бошқа мазҳабларга ҳамда уларнинг уламоларига таъна тоши отишгача етиб борадиган кўнгилсиз таассуф масаласини кўриб чиқди. Мажлис ўсиб келаётган ҳамаср авлоднинг ақлида ва тасаввурида мазҳаблар орасидаги ихтилофлар ҳақида ориз бўладиган муаммоларни текшириб чиқди. Кўпинча, ўша(ёш)лар бу муаммоларнинг маъносини ҳам, асосини ҳам билмайдилар. Натижада, баъзи адаштирувчилар, модомики, Ислом шариати битта бўлса, унинг асли Қуръони Карим ва Суннати Набавияда собит бўлган бўлса, нима учун мазҳаблар ихтилоф қиладилар, нима учун улар бирлаштирилиб, мусулмонлар битта мазҳабда бўлмайдилар ва бир хил шаръий мазҳабга эргашмайдилар, деб кўпчиликни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, мажлис мазҳабий мутаассибчилик ва ундан келиб чиқадиган муаммоларни, хусусан, бугунги кунда пайдо бўлган, янги иждиҳодий йўл тутишга даъват қилаётган, Ислом уммати қадимги исломий асрлардан бери қабул қилиб келаётган мавжуд мазҳабларга ва уларнинг уламоларига тил теккизаётган, кишилар орасига фитна солаётган хатокор янги йўналишлар ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқди.

Мажлис мазкур масалани, унинг сабабларини ва ундан келиб чиқадиган залолату фитналарни атрофлича ўрганиб чиқиб, икки томонга-адаштирувчи ва мутаассибларга қуйидаги баёнотни эслатма тарзида йўллашга қарор қилди:

Биринчидан: мазҳаблар ихтилофи ҳақида:

Мусулмон юртларидаги фикрий мазҳаблар орасидаги мавжуд ихтилофлар икки хилдир:

(а) Ақидавий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.

(б) Фиқҳий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.

Биринчи хилдагиси, эътиқодга оид ихтилофдир. Бу иш воқеъликда Ислом юртларига бало-офатлар олиб келган, мусулмонларнинг сафини бузган ва тафриқага солган катта мусибатдир. Бу жуда ҳам афсусланарли ва бўлмаслиги вожиб ишдир. Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ва рошид халифалар давридаги саломат ва пок ислом фикрини тамсил қилувчи «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳабида жам бўлмоғи лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари: «Сизларга Менинг суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини тутмоқлик лозимдир. Бас уни маҳкам тутинглар», деб эълон қилганлар.

Иккинчиси, фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофидир. Буни тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнг-ра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради. Шунда биргина, бошқасига ўтиб бўлмайдиган шаръий татбиқ ила чегараланиб қолинмайди. Балки, умматга баъзи вақтларда ва ишларда фақиҳ имомлардан бирларининг мазҳаби торлик қилиб қолса, бошқа мазҳабда кенглик, юмшоқлик ва осонлик топилади. Мазкур нарса ибодатга, муомалотга ёки оила, маҳкама ва жиноий ишларга ҳамда ҳаётнинг бошқа соҳаларига оид бўлиши мумкин.

Мазҳабларнинг ушбу иккинчи хилдаги ихтилофи-фиқҳий ихтилофдир. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундоқ ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Ўзининг комил фиқҳи, ижтиҳоди ва қонуний низомига эга бўлган ҳар бир умматнинг фиқҳий ижтиҳодий ихтилофи бўлмай иложи йўқ.

Воқеъликдан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, ушбу хилдаги ихтилоф бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки аслий далиллар кўпинча бир неча маънони ўз ичига олган бўлади. Шунингдек, далил ҳамма муҳтамал ҳодисаларни қамраб ололмайди. Чунки баъзи уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳимлар айтганларидек, далиллар чегаралангандир, ҳодисалар эса чегараланмагандир. Бас, шундоқ экан, қиёсга мурожаат қилиш ва ҳукмларнинг иллатига, шариат соҳибининг ғаразига, шариатнинг умумий мақсадларига назар солиш ҳамда ҳодисалару янги пайдо бўлган масалаларда унинг ҳукмини жорий қилиш лозим бўлади. Бундоқ ҳолатда уламоларнинг фаҳмлари ва бир неча эҳтимолдан бирини устун қўйишлари ҳамда шунга биноан бир масала бўйича чиқарадиган ҳукмлар ҳар хил бўлиши табиийдир. Улардан ҳар бирлари ҳақни қасд қилади ва уни излайди. Бас, улардан ким тўғри топса икки ажр, ким хато қилса, бир ажр олади. Худди шу жойдан кенгчилик чиқиб, торчилик йўқолади.

Ушбу мазҳабий ихтилофнинг нимаси камчилик бўлиши мумкин?! Аввал очиқлаб ўтганимиздек бунда фақат яхшилик ва раҳматдан бошқа нарса йўқ. Воқеъликда бу нарса Аллоҳнинг мўмин бандаларига неъмат ва раҳматидир. Шу билан бир вақтда бу нарса қонуншунослик бўйича улкан бойлик ва Ислом уммати фахрланса арзийдиган устунликдир. Лекин баъзи мусулмон ёшларнинг, хусусан, улардан чет элларда дарс олаётганларининг исломий маданияти заифлигидан фойдаланган ажнабий залолатга бошловчилар, уларга фиқҳий мазҳаблар ихтилофини зулм ва бўҳтон ила эътиқодий ихтилофларга тенг қилиб кўрсатмоқдалар. Улар мазкур икки хил ихтилофни фарқламай, шариатда қарама-қар-шилик бор демоқдалар. Аслида эса ундоқ эмас.

Иккинчидан: мазҳабларни тарк қилишга даъват қилаётган, одамларни янги ижтиҳодий йўлга мажбурламоқчи бўлаётган ва мавжуд фиқҳий мазҳабларга ва уларнинг имомларига таъна тошини отаётган тоифаларга келсак, бизнинг фиқҳий мазҳаблар ва уларнинг имомлари фазилатлари ҳақидаги ҳозирги баёнотимизда улар учун ўзларининг тутган бу жирканч услубларидан тийилишни, одамларни адаштириб, ораларини бузишни ва уларни тафриқага солишни вожиб қилувчи нарса бор. Ҳозирги пайтда биз беҳуда, одамларни тафриқага солувчи даъватга эмас, Ислом душманларининг хатарли уринишлари қаршисида бирлашишга муҳтожмиз.

Аллоҳ саййидимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Оли-ларию асҳобларига кўплаб саловоту саломлар йўлласин. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

(Ҳужжат «Ислом Фиқҳи Академияси мажалласи»-нинг саккизинчи сана, ўнинчи сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Ихтилофлар ҳақида" китобидан