loader
Foto

Эркакларга ҳурлар... Аёлларгачи..?

- Менда кўзи ожизлар мавзусига алоқаси йўқ, Ислом ҳақида савол бор. Эътибор қаратишимча, Қуръон Жаннат неъматлари ҳақида сўзлаганда эркакларга аёллар, ҳурларни ваъда беради, уларнинг ҳуқуқини тўлиқ таъминлайди, бироқ бунинг муқобилида аёлларнинг ғаризий эҳтиёжларини қондириш учун эркакларга берилган ваъдани топмаймиз, яъни, эркакларнинг Жаннатда неъмати тўлиқроқ кўринади, бу нарсада бирёқламалик бор эмасми?

Мен унга бундай жавоб бердим:

- Мистер Жон, жуда ажойиб савол. Жавоб оддий – Аллоҳ таоло охират ато ва неъматида умумий олганда эркак ва аёллар орасини ажратмади, ҳар иккисига ҳам баробар улуғ ажр ва буюк мукофотлар ваъда қилди, уларга Жаннатда кўнгиллари тусаган, кўзлари қувонадиган барча лаззатлар бўлишини билдирди. Бу ҳақда оятлар жуда кўп. Масалан:

“Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” (Наҳл сураси, 97 оят).

“Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур”. (Ғофир сураси, 40 оят).

Демак, умумий олганда мўъминларга қилинган хитоб эркагу аёлга бир хил, лекин ғаризий (жинсий) томонга келганда нега Қуръон эркакларга тафсилот билан гапириб, аёллар ҳақида гапни қисқа қилди?

Ана шу ўринда тарбиявий бир мўъжизани кўрамиз. Зеро, инсон психологиясидан маълумки, муҳаббат, яхши кўриш эркакларда иш-ҳаракат атрофида айланса, бундай нарса аёлларда эҳтирослар, ҳиссиётлар, нозикликлар орқали юз беради. Эркакда биринчи навбатда ўша эркаклик ғаризаси келиб, унинг ортидан ҳиссиёт ва бошқалари келса, аёлда ҳиссиёт олдин келиб, ғариза унинг ортидан келади. Ёки оила борасидаги кўп изланишлар соҳибаси "Эркаклар ҳақида аёллар билиши зарур бўлган сирлар" (Secrets about Men Every Woman Should Know) номли китоб муаллифаси Барбара де Ангелис (Barbara de Angelis) тили билан айтсак: Муҳаббат эркакларда иш-ҳаракат (феъл), аёлларда эса сирру асрордир. Бу нарсанинг икки жинс таркибида чуқурлиги шу даражадики, шеърият, адабиётга қарасангиз, хоҳ араб, хоҳ Европа шеърияти бўлсин, хоҳ қадимги, хоҳ ҳозиргиси бўлсин, қарши жинсни батафсил сифатлаш, ўлдим-куйдимлар эркаклар томондан аёлларга нисбатан қўлланади, бунинг аксини жуда камдан-кам учратасиз.

Демак, эркак рағбатни эълон қилиб талаб қилади, бу унинг хусусияти. Аёлнинг гўзаллиги эса ўзни тортиб, нозланиб туришида, сўраганда ҳам шу нуқтада нозиклик билан, парда ортидан сўрашидадир. Мана, ўзимиздан ҳам мисол: Фарзандларимизни олқишлаб, уларни рағбатлатираётганимизда "ўғлим, аълога тугатсанг, ўзинг истаган, энг гўзал қизга уйлантириб қўяман", дейишимиз мумкин. Лекин ҳеч қачон ота ўз қизига: "қизим, аълога тугатсанг, энг зўр эркакка турмушга бераман" демайди (залда кулги). Генлар олимаси британиялик Анн Моернинг "Мия жинси (ёки Миянинг жинсий ғаризаси)" китоби, оила бўйича мутахассис америкалик Жон Грей (John Grаy)нинг "Эркаклар Марсдан, аёллар Венерадан" (Men are from Mars Women are from Venus) китоби, Даниэл Голман (Daniel Goleman)нинг "Ҳиссиётли заковат" (Emotional intelligence) китоби барчаси икки жинс ўртасидаги севги ҳиссиётлари, икки томон орасидаги ўзаро мойилликнинг нозик фарқларини таъкидлаб келади. Инсонларки, ўз хитобу китобларида бу фарқларга риоя қилар экан, Инсонлар Яратувчиси буларни нега эътиборга олмас экан?". Иқтибос тугади.

Юқоридагиларга илова равишда қуйидагиларни айтиш мумкин: Аёллар ҳақида Аллоҳ таоло Воқеа сурасида шундай дейди: "Биз уларни (аёлларни) махсус қайта яратдик ҳамда уларни ўнг томон соҳиблари (омадлилар, жаннатилар) учун (ёшда) бир-бирга тенг бокира, (эрларига) эҳтиросли қилиб қўйдик".

Имом Термизий “Шамоил” китобида ва бошқа кўпчилик ривоят қилган ҳадисда келишича, пайғамбаримиз олдиларига бир кампир келиб: Эй Росулуллоҳ, Аллоҳ жаннатга мени киритишини сўраб дуо қилинг, деди. Пайғамбаримиз: Эй Умми фалончи (кунялари билан атаб), Жаннатга кампир кирмайди, дедилар. У кампир йиғлаб ортига қайтди. Шунда пайғамбаримиз: Унга айтинглар, Жаннатга кампир ҳолида кирмайди (яъни, ёш дуркун қиз бўлиб киради). Аллоҳ таоло шундай дейди, деб юқоридаги оятларни ўқидилар.

Шундан кўриниб турибдики, мазкур оятлар фақат Жаннат ҳурлари ҳақида эмас, балки дунё аёллари ҳақида ҳамдир (баъзи муҳтарам устозларнинг бу оятни фақат ҳурларга чеклаб таржима қилишлари тўғри эмас).

Демак, аёллар Жаннатга бокира ҳолда, ҳусну жамолда тенгсиз бўлиб, ёшлари ҳаммалари бир ёшда (бу борада умумий қилиб имом Термизий Жаннат аҳлининг 33 ёшда бўлиши ҳақида ривоят қилганлар, баъзилар буни эркаклар умри, аёллар умри 18 ёш бўлади, дейишган, бу иккисидан қайси ёшда бўлишса ҳам ёшликлари сўнмайдиган, ҳеч қаримайдиган ҳолда бўладилар), бокира бўлиб кирадилар...

...Демак, аёл киши учун ўзининг жинсий рағбатини тўлиқ қондирувчи имконият жаннатда бўлади. Инсонларни - аёлу эркак бўлмиш икки жинсни нозик фарқлари ила яратиб қўймиш Зот наҳот уларнинг истакларини, улардаги рағбатларни билиб, қондира олмаса?

Ўз яралмишларининг икир-чикирини, нозик туйғуларини, дил тубидаги сирларини билиб турувчи Зот албатта бунга қодирдир, валлоҳу аълам.

Доктор Муҳаммад Авазий

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР