loader
Foto

Нима сабабдан инфодемия худди пандемия каби хавфли

"Аслида бу воқеалар бир-бири билан боғлиқ. Ўзини  «Польди онаси» деб атаётган аёл овозли хабарда таъкидлашича, Вена Университет клиникасида ибупрофен Covid-19 оғир касаллиги хавфини ошириши аниқланган. (...) Янада кўпроқ одамлар Дональд Трамп коронавирус ҳақида тарқатаётган фикрлар уларни чалғитаётган ёлғонни эшитяпти. Бир неча ҳафта давомида америка президенти ҳаммаси назорат остида эканлиги, яқинда касал одамлар бўлмаслиги, вакцина эса тайёрлигини айтиб келди. Буларнинг биронтаси ҳақиқатга мос келмайди".

"Сохта Польди онаси ва Дональд Трамп - вирусли пандемия вирусли инфодемия билан бирга тарқалишига хизмат қиладиган иккита қаҳрамон. Миш-мишлар, ярми чин ва ярми ёлғон маълумотлар ҳамда фейк хабарлар шиддат билан тарқалади. Албатта, рақамли дезинформация ҳеч кимни заҳарламайди – лекин у ишончсизлик туйғуси уйғотади ва одамларнинг енгилтак хулқ-атворига олиб келади. Пандемия даврида бу ҳаёт-мамот масаласига айланиши мумкин", - деб ёзади нашр.

"Биз нафақат пандемияга, балки инфодемияга қарши ҳам курашяпмиз", - деди бир ой аввал Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари. – Ёлғон хабарлар вирусдан ҳам тез тарқалади ва шу даражада хавфли ҳисобланади".

"Newsguard далилларни текшириш сервиси маълумотларига кўра, март ойининг бошига келиб, ёлғон ва чалғитадиган маълумотларни одамлар 50 млн марта – расмий манбалар, масалан, ЖССТ дан олинган ахборотдан кўра 142 баравар кўпроқ ўртоқлашган ва шарҳлаган".

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали ҳар бир киши исталган маълумот ўртоқлашиши мумкин. " Баъзи миш-мишлар ёмон ният билан тарқатилмоқда: одамларнинг ишончсизлик ҳиссини уйғотиш, ирқчиликни тарқатиш, шубҳали маҳсулотларни сотиш ёки компьютер вирусларини тарқатишда коронавирус қўрқувидан фойдаланиш мақсадида", - қайд қилади нашр.

"Инқироз даврида миш-мишлар ва ёлғон хабарлар доимо талабга эга, - дейди Вашингтон университетида инқироз информатикаси ва инқироз коммуникацияларини ўрганадиган профессор Кейт Старберд. Гумонсираш ва қўрқув ҳисси пайдо бўлганда одамлар вазиятни яхшироқ баҳолаш учун максимал маълумотни олишга ҳаракат қилишади. Илгари бирон нарсани билиб олиш жуда қийин бўлган - бугун сизга керак бўлганидан кўпроқ нарсани ўрганишингиз мумкин. "Муаммо - бу маълумотларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетганидадир", дейди Старберд.

"Ҳозирги вазият жуда хавфлидир. Бир томондан, ишончсизлик, гумонсираш ҳиссининг ўзи хавфли бўлиши мумкин. Хусусан, Хитойдан махсус рейс билан қайтган украиналиклар Украинанинг Новые Санжари шаҳридаги санаторийда карантиндан ўтиши керак эди. Йўловчилар коронавирус инфекцияси юқтириб олгани ҳақида ёлғон хабарлар пайдо бўлгани сабабли ваҳимага тушиш ва агрессив норозилик намойишлари бошланди. Маҳаллий маъмурият раҳбари ёлғон хабарлар юзага келтирган «Армагеддон» ҳақида гапирди"

"Янглиштирадиган фикрлар билвосита ўлимга олиб келиши мумкин. (...) «Ижтимоий масофа»нинг ишлаши исботланган: 100 йил олдин Сент-Луис шаҳрида ўз вақтида ва қатъий чоралар туфайли испан гриппи тарқалишининг олдини олишга муваффақ бўлинган - Филадельфияда чоралар кеч кўрилган ва минглаб одамлар нобуд бўлган. Бу нарса бугунги кун учун ҳам тўғри келади. Вируснинг тарқалишини секинлаштириш учун қўлингизни ювиб, масофага риоя қилишингиз керак. Ўзини риск остида эмас деб ҳисоблаб, кундалик ҳаётидаги нарсаларни ўзгартиришни хоҳламайдиганлар одамлар ўлиб кетишига хизмат қилиши мумкин", - деб хулоса қилади Süddeutsche Zeitung.

Манба: Süddeutsche Zeitung