Аввал конспирология ва у билан боғлиқ фитна назариялари нима эканлигини тушуниб олишга ҳаракат қиламиз. Қисқача айтадиган бўлсак, конспирология (том маънода – фитналар ҳақида фан) – бу ижтимоий аҳамиятга молик ҳодисалар, баъзида воқеаларнинг ривожини қолган жамиятдан яширинган ғаразли манфаатларини кўзлаган бир гуруҳ шахслар (эҳтимол, одамлар эмас, масалан, ўзга сайёраликлар) фитнаси билан изоҳлайдиган концепция. Кўпинча фитна назариялари тарафдорларининг далилларида биз бундан олдинги мақолада батафсил сўз юритган «хусусий ҳолатларни ҳаддан ташқари умумлаштириш» каби мантиқий хатони кўриш мумкин, яъни ўз-ўзидан фитна назариялари кўпинча нотўғри ёки софистик мулоҳазалар шакллари ҳисобланади.
Фитналар назарияси намоён бўлишининг сабабларидан бири – инсоннинг ижтимоий ва психологик эҳтиёжларидир. Фитналар назарияси унга дунёнинг яхлит тасвирини тузиб, мураккаб ҳодисалар ва жараёнларни тушунарли тилда изоҳлашга имкон беради. Бошқа томондан, фитна назариялари ёвуз кучлар яширишга интилаётган ўзига хос ахборот ифодаловчилар сифатида улар тарафдорларининг аҳамиятини оширишга интилади. Когнитив диссонансдан қочишга уриниш шунга олиб келадики, бир марта маълум бир фитна назарияларини идрок қилган шахс, қоидага кўра, ундан воз кечиши қийин бўлади. Назарияга зид келадиган барча далилларни писанд қилмайди ёки фитна назариялари учун одатий бўлган усуллар ёрдамида рад қилади (фитначиларнинг иғвогарлик фаолияти намоён бўлиши деб атайди ёки шундай талқин қиладики, рад қиладиган далиллардан тасдиқлайдиган далилларга айлнади).
Ушбу мезонларни мусулмонларга нисбатан қўлласак, биз жуда аянчли манзарани кўрамиз – илм-фанга ишонмайдиган ва ҳатто унга душманларча муносабат билан қарайдиган, дениализмга кадар борадиган (ингл. denialism - инкор қилиш - воқеликни рад этишга асосланган, шахснинг эътиқодларига зид келадиган дунёқараш шакли, ўз нуқтаи назаридан воз кечишни истамаслиги сабабли эмпирик тасдиқланган нуқтаи назарни қабул қилишдан бош тортиш) жуда кўп билимсиз одамларни кўрамиз. Бунинг сабаблари ҳақида аввалги мақолаларнинг бирида ёзган эдик. Глобал фитна назариялари машҳурлигининг чўққиси иқтисодий ёки сиёсий беқарорлик ва инқироз даврларига тўғри келиши бежизга эмас.
Бошқа томондан, «фитна назариялари» ўз-ўзидан бемаънилик ҳисобланмайди, чунки фитналар ҳақиқатда бўлган, бор ва бўлади, уларнинг мавжудлиги ҳақида тахминлар эса рақибни паранойяда айблаш учун асос бўлолмайди. Фитначиларни уларнинг ҳақиқий мақсадлари ва режаларини аҳолининг қолган қисмидан яширишга мажбурлайдиган сабаблар бошқача бўлиши мумкин, аммо уларнинг мақсадлари ёки ғаразли манфаатларига ёки шуҳратпарастликка боғлиқ бўлиб, глобаллашувга даъво қилмайди. Бундан ташқари, атаманинг ўзи тез-тез баҳоловчига айланади ва рақибнинг далилларини ҳам, ўзини ҳам камситиш учун ишлатилади. Ҳақиқий фитнанинг энг кенг тарқалган мисолларидан бири бу йирик компаниялар рақобатчиларни бозордан сиқиб чиқариш ва уларни бошқариш учун ўзаро яширин битим тузишганда, монополистик фитна ёки ишлаб чиқарувчиларнинг фитналари ҳисобланади. Мисол: 90-йилларда Қўшма Штатларда чекишнинг зарарли таъсирини яшириш мақсадида уюштирган, кейиналик фош қилинган ва суд жараёнларигача етиб борган тамаки компаниялари фитнаси. Шунингдек, ҳақиқатда фош қилинган сиёсий фитналарга мисоллар келтириш мумкин: Сайкс-Пико келишуви, Уотергейт жанжали, Эрон-контрас битими.
Тарихда жуда кўп сирли, ғалати воқеалар содир бўлган-ки, айнан улар «фитна назариялари»ни шакллантириш учун замин ҳозирлайди, яъни фитна назарияларининг айримлари реал асосларга эга, масалан, Рудольф Дизелнинг ҳалок бўлиши ёки Джон Кеннеди ўлдирилиши, 11 сентябрь теракти, EV1 электромобиллар дастурининг ёпилиши ва ҳ.к. Кўпинча дунёни бошқарадиган махфий ташкилотлар намунаси ҳақиқатда мавжуд бўлган ёки ҳозирда мавжуд ташкилотлар, турли хил масонлар ва уларнинг махфий «ложа»лари (вариант сифатида «жид-масонлар фитнаси»), иллюминатлар ва розенкрейцерлар орденлари, бильдерберг клублари, «300 лик қўмита» ва ҳ.к. Уларнинг кенг омма учун ёпиқлиги улар атрофида конспирологлар учун бой замин ва ҳақиқий афсона муҳит шакллантиргандай бўлади. Агар диққат билан қарайдиган бўлсак, дунёни махфий равишда бошқарадиган «дунё ҳукумати» конспирологик назарияларда реал воқелик билан бир-бирига мослик орасида бир хил муаммолар кузатилади: фитначиларга мансуб деб билинадиган глобал назорат қобилиятлари тўлиқ махфийлик билан биргаликда фитна механизмидан бекаму кўст ишлашни талаб қилади, бу эса белгиланган мақсадлар (дунёни назорат қилиш), мавжуд кучлар (нисбатан кичик одамлар гуруҳи) ва ҳаракатлар вақти (ўн йилликлар, асрлар ва ҳатто минг йилликлар) билан деярли имконсиздир. Бирон-бир фитначилар гуруҳи ёки махфий ташкилотнинг тарих ривожланишига таъсир этиш имконияти алоҳида шахснинг таъсири ролидан анча каттадир. Фэнтези оламидан фарқли равишда, бизнинг реал воқеликда фавқулодда қобилиятларга эга бўлмаган одам ёки одамлар гуруҳи вазиятни тубдан ўзгартира олмайди. Улар мвжуд тенденциялар йўналишини ўзгартириши, у ёки бу воқеалар ривожини тезлатиши ёки кечиктириши мумкин, лекин кўзга кўринадиганроқ бирон нарса рўй бериши учун бу гуруҳнинг ҳаракатлари, қоидага кўра, етарли бўлмайди. Муваффақиятга эришиш имконига эга бўлиш учун фитна локал миқёсда бўлиши ва эришиш осон бўлган мақсадларни кўзлаши лозим.
Конспирология ва фитналар назариялари сиёсат ва тарғиботда ҳам, ҳукмрон элита манфаатлари (чор Россиясида черносотенлар) ҳам, унга қариш (Веймар республикасида нацистлар) ҳам қўлланиши мумкин. Бу глобал фитна назарияларини инқирозга учраган жамиятлардаги манипуляция учун самарали воситага айлантиради, бунда улар учун шахсан жавобгар бўлган душманлар муаммонинг сабабларини эълон қилиб, тартибсиз бузғунчи ижтимоий энергияни келтириб чиқарадилар (юқоридаги мисоллардаги қирғинлар ёки Сталин террори йилларида жосуслар ва зараркунандаларни қидириш). Умуман олганда, фитналар назариялари жамиятдаги ҳозирги вазиятдан, хусусан, уларнинг шахсий аҳволидан норози бўлганлар орасида ёрдам топади.