loader
Foto

АҚШ комиссияси: Ўзбекистон энди алоҳида хавотирга молик давлат эмас

Нашрнинг ёзишича, комиссия республикачи ва демократ арбоблардан иборат махсус ҳайъат бўлиб, Конгресс, Оқ уй, Давлат департаменти ва бошқа вазирликлар, шунингдек, агентликларга ташқи сиёсат бобида маслаҳат ва тавсиялар беради. Комиссия - мустақил орган, яъни бирор вазирлик ёки агентликка қарамайди. Унинг ҳисоботи қонунчилар, мутасаддилар, сиёсатчилар ва ахборот воситалари томонидан қўлланилади.

1998-йилда ташкил топган комиссияга кўра, айни дамда 14 давлат "алоҳида хавотирга молик давлат" деб белгиланиши керак. Жумладан, Хитой, Эрон, Саудия Арабистони, Шимолий Корея, Тожикистон ва Туркманистон.

"Махсус кузатувдаги мамлакат" деган рўйхатда эса 15 давлат туриши керак.

Комиссия аъзолари ўтган бир йил ичида дунё кезиб, вазиятни ўрганган. Жумладан, унинг делегацияси Ўзбекистонда ҳам бўлиб, сиёсий ва диний доиралар, шунингдек, ҳуқуқ фаоллари ва жамоатчилик билан учрашган. Жаслиқ қамоқхонаси ёпилгани, комиссия таҳлилича, ўтган йили ҳукумат томонидан ҳуқуқ ҳимояси бобида ташланган энг йирик қадам.

Давлат департаменти, аслида 2019 йилнинг декабрида Ўзбекистондаги "ижобий ўзгаришларни" қайд этиб, диний эркинлик бўйича мақомини янгилашга қарор қилган эди. Комиссия эса буни энди тавсия қилмоқда.

"Махсус кузатувдаги мамлакат" бўлиш нимани англатади? Ўзбекистон олдида ҳозир диний эркинлик борасида айнан қайси масала турибди?

Комиссия раиси ўринбосари Надин Маенза шундай жавоб беради:

"Давлат департаменти Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан кузатмоқда ва кузатишда давом этади. Эътиқод эркинлиги ҳимояси билан машғул барча тарафлар аҳволни таҳлил қилиб боради. Биз Ўзбекситонда бўлганимизда ҳукумат билан очиқ гаплашдик, муаммоларни муҳокама қилдик. Мулоқот жадал. Ўзбекистон ҳукуматида аҳволни яхшилаш учун ҳаракат тўхтамаслиги лозим. Асосий муаммо – 1998 йилда қабул қилинган қонун. У диний ташкилотларни рўйхатга олишни чеклайди ва қийинлаштиради. Комиссиямиз мана шу қонунни ўзгартириб, Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни жадаллаштиришга чақиради. Умид қиламизки, бу муаммо бартараф этилади."

Ҳисоботда Туркманистон ва Тожикистон ҳозирда диний эркинлик бўйича Марказий Осиёда энги оғир вазият ҳукмрон жамиятлар дея эътироф этилади. Комиссия Қозоғистон ҳукумати билан ҳам ишламоқда. Қирғизистон билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган ва бу республика эътиқод эркинлиги борасида нисбатан эркин саналади, деб ёзмоқда “Америка овози”.