loader
Foto

Имом Бухорий

Ўша пайтларда бировнинг Исломга киришига сабаб бўлган одамга нисбат берилиши одат бўлган. Шунга биноан имом Бухорийлар оиласига «Жўъфий» нисбати берилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда «Жўъфий»лар сабабидан мусулмон бўлганлар дегани.

Имом Бухорийнинг оталари Исмоил ибн Иброҳимнинг куняси Абул Ҳасан бўлиб, у парҳезгор уламолардан эди. Унинг ҳақида Имом Бухорийнинг ўзлари «Тарихул Кабир» китобида «У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди» деб ёзганлар.

У Молик ибн Анасдан дарс олган, Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовия ва бошқалардан ривоят қилган шахсдир.

Исмоил ибн Иброҳим Аҳмад ибн Ҳафс, Яҳъя ибн Жаъфар Пайкандий ва бошқаларга устоз бўлган.

Унинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс «Ўлими олдидан ҳузурига кирсам, ҳамма молимнинг ичида бирор дирҳам шабҳалиси борлигини билмайман, деди. Ўша пайт ўзимга ўзим арзимас бўлиб кўриндим», деб ривоят қилади.

Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада Жума намозидан кейин, 194 ҳижрий йилнинг, Шаввол ойидан ўн уч кеча қолганда, Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.

У киши кичиклик пайтларидан оталари вафот этиб, етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналари тарбиясида ўсдилар.

 

БОЛАЛИК

 

Имом Бухорийнинг болалик йиллари аосан илм талабида ўтди десак муболаға қилмаган бўламиз.

Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади:

«Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга:

«Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?» дедим.

«Куттоб – бошланғич таълим – далигимдаёқ ҳадис ёд олишга илҳомлантирилдим», деди.

«Ўшанда ёшинг нечада эди?» дедим.

«Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин куттобдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. У бир куни одамларга дарс бера туриб, «Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан», деди.

Мен унга:

«Эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган», дедим.

У мени жеркиб ташлади. Мен унга:

«Агар ҳузурингда бўлса, асл нусхага қара», дедим.

У ичкарига кириб, назар солди. Сўнгра қайтиб чиқиб менга:

«Ҳой бола! Қандай эди?!» деди.

«У Зубайр ибн Адий Иброҳимдан», дедим.

У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрлаб олди ва «Рост айтасан!» деди».

Баъзи асҳоблари ундан «ўша Дохилийга гап қайтарган пайтингда ёшинг қанча эди?» деб сўрашди.

«Ўн бирда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг каломларини билдим. Кейин эса акам Аҳмад ва онам билан бирга Маккага бордим. Ҳаж қилиб бўлганимиздан кейин акам Аҳмад онамни олиб ортга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим».

 

ТАЛАБИ ИЛМ

 

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ талаби илмни ўз ватанлари Бухорода бошладилар. Бошланғич илмлардан таҳсил олиб бўлганларидан кейин икки юз бешинчи ҳижрий санада ҳадисдан дарс олишни бошладилар.

Имом Заҳабий ва бошқа тарихчилар айтадилар:

«У кишининг ҳадис эшитишни бошлашлари икки юз бешинчи йилда бўлди. Икки юз ўнинчи йилда, ўз юртида, замонасининг улуғларидан кўплаб ҳадисларни эшитиб бўлгандан кейин, икки юз ўнинчи йилда онаси ва акаси билан Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун йўлга чиқди. Акаси Бухорога қайтди. Аммо у Маккада қолишни афзал кўрди. Макка Ҳижоздаги энг муҳим илмий марказлардан бири эди».

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ у ерда ўзлари излаб юрган нарсани топдилар. Гоҳида Мадийнага ҳам бориб турар эдилар.

У киши Маккаи Мукаррамада баъзи китобларини таълиф қилидилар ва ла-Жомеъ ас-Саҳиҳ ва унинг таржималарига асос солдилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари айтадилар:

«Ўн саккизга кирганимда «Қазоёс Саҳобати ват Тобеъийн» китобини тасниф қилдим. Кейин «ат-Тарих ал-Кабир»ни. Бу Мадийнаи Мунавварада, Набий алайҳиссаломнинг қабрлари ёнида бўлди. Ойдин тунларда ёзар эдим».

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаёти давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши ўз замоналарида қариб барча исломий мамлакатларга, баъзи бирларига эса, бир неча маротаба сафар қилдилар.

«Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки даъфа зиёрат қилдим,- деб ёзади имом Бухорий,- бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (Саудия Арабистони) яшадим, Куфа ва Боғдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслолмайман».

Хатиб ёзади: «Бухорий барча диёрлар муҳаддисларига ҳузурига сафар қилди. У Хуросонда, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижозда, Шомда, Мисрда ёзди. Боғдодга бир неча марта кирди».

Ҳофиз айтади: «У Маккадан қайтганидан кейин турли диёрлардаги ҳадис машойихлари ҳузурига, сафар қилиш имкони бўлган ерларга борди. Балхда, Нийсабурда, Райда, Боғдодда, Куфада, Мадийнада, Воситда, Дамашқда, Асқалонда, Ҳимсда ва бошва ерларда бўлди».

Имом Бухорий бутун ҳаётини ҳадис илмини мукаммал даражада ўрганиш ва жамлашга бахш этдилар. У киши қаерда бўлмасинлар ҳамиша бу шарафли вазифани тарк қилмадилар. У киши ўз асарларини, бу асарлар учун жамланган барча захираларни ўз қўли билан битар, бу сингари ишларни ҳеч кимга ишонмасдилар.

Аксарият асарларини, тунда қоғозга туширардилар. Ҳали жуда ёшлигидан Аллоҳ таоло битмас-туганмас ғайрат билан сарафроз этган имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ тасаввурида ярқ этган тоза фикрларни оқ қоғозга муҳрлаб қўйишдан ҳеч қачон эринган эмаслар.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ шундай эслайди:

«Абу Абдуллоҳ билан сафарга чиқадиган бўлсак, фақат қаттиқ совуқдагина бир уйда ётар эдик. Мен унинг бир кечада ўн беш, йигирма марта туриб чақмоқни олиб чироқ ёққанини, сўнгра ҳадисларни чиқариб белгилаб яна бошини ёстиққа қўйганини кўрар эдим».

Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий айтади:

«Бир кеча Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйида қолдим. Унинг ўша кеча ўн саккиз марта туриб ёдига тушган нарсаларни ёзиб қўйганини ҳисобладим».

 

ШАХСИЙ СИФАТЛАР

 

Имом Бухорий озғин ва ўрта бўй киши бўлганлар. У киши дунёдан зоҳид бўлиб ўтганлар. Оталаридан ўзларига қолган кўп миқдордаги молни садақа қилар эдилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ жуда ҳам оз таом ер эдилар. Баъзи вақтларда кунига икки ёки учта бодом еган кунлари ҳам бўлган. У киши бир марта бемор бўлганларида сувларини табибларга кўрсатилган. Шунда улар, бу сув баъзи насоро роҳибларининг сувига ўхшайди. Улар одатда таом емайдилар, дейишган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ, тўғри айтишди, деганлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари айтадилар:

«Ғийбат ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилганим йўқ».

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз манзилларида эдилар. Жория келиб, манзилга кирмоқчи бўлди ва қоқилиб у кишининг олдиларидаги сиёҳдонни тепиб юборди.

«Бу қандай юриш?» дедилар.

«Йўл бўлмаса қандай юрай?» деди.

У киши қўлларини ёйиб:

«Кетавер! Сени озод қилдим!» дедилар.

«Ё Абу Абдуллоҳ! У сизнинг ғазабингизни чиқардими?» дейилди.

«Қилган ишим ила нафсимни рози қилдим», дедилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг варроқлари-мирзалари ҳикоя қилади:

«Унга отасидан жуда катта мол мерос қолган эди. Уни музорабага берар эди. Қарздор унинг йигирма беш мингини бермай қўйди. Унга, волийнинг мактубини олсанг, ёдам бўлади», дейишди. Мен улардан мактуб олсам, улар мендан тамагир бўлиб қоладилар. Динимни дунёга сотмайман, деди.

Унга Абу Ҳафс берган юкни келтирдилар. Кечқурун бир гуруҳ тожирлар келиб, унга беш минг дирҳам фойда беришни таклиф қилдилар. У бу кеча бориб туринглар, деди.

Эрталаб бошқа тожирлар келдилар ва ўн минг дирҳам фойда беришни таклиф қилидлар. У, мен кечқурун аввал келганларга беришни ният қилган эдим, ниятимни бузишни истамайман деди ва молни ўшаларга берди».

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг варроқлари-мирзалари ҳикоя қилади:

«Кўпинча улов миниб ўқ отгани чиқиб турар эди. У кишига ҳамроҳ бўлганим давомида ўқлари мўлжалга тегмай қолганини фақат икки марта кўрганман. Бошқа барчаси тегарди.

Фирабрда турганимизда, бир куни ўқ отгани чиқдик. Бандаргоҳга олиб борадиган йўлга чиқдик ва ўқ ота бошладик. Абу Абдуллоҳнинг ўқларидан бири анҳор устидаги кўприкнинг арқонига тегди. Арқон ёрилди. У буни кўриб уловидан тушди. Ўқни арқондан чиқариб олди. Ўқ отишдан тўхтади ва:

«Қайтинглар!» деди.

Биз қайтдик. Шунда у менга:

«Ё Абу Жаъфар! Сенга ҳожатим бор», деди оғир нафас ола туриб.

«Хўп!» дедим.

«Кўприк эгасининг олдига борасан! Биз арқонга зарар етказдик. Бизга унинг ўрнига бошқасини тортишга ёки қийматини тўлашга ижозат беришингни ва бизни қилган нарсамиз учун кечиришингни сўраймиз» дейсан», деди.

Кўприкнинг эгаси Ҳумайд ибн Ахзар деган одам эди. У менга:

«Абу Абдуллоҳга салом айт ва унга: «Сенинг қилган ишингни кечирдим. Барча мулким сенга фидо бўлсин» деганимни айт», деди.

Мен унга бор гапни айтдим. Унинг юзи ёришиб кетди. Кўп хурсанд бўлди. Ўша куни ғарибларга беш юзта ҳадис ўқиб берди ва уч юз дирҳам садақа қилди».

Имом Бухорий Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаларидан бўлиб, ихлос, садоқат ва ибодатда мисоли оз кишилардан эдилар.

Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳақида «Тарихи Боғдод» ва бошқа китобларда қуйидаги маълумотлар келтирилган:

«Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлганда Имом Бухорийнинг ҳузурларига асҳоблари жамланар ва у киши ҳар ракъатга йигирма ойтдан қўшиб ўқиб хатм қилар эди. Саҳар пайтида эса, Қуръоннинг учдан биридан ярмигача ўқиб учинчи кечанинг саҳарида хатм қилар эди…».

«Бир куни у киши намоз ўқиётганда ари ўн етти марта чақди. Намозни ўқиб бўлиб «қарангларчи намозимда менга озор берган нарса нима экан?» деди. Қарасалар, бир ари ўн етти марта чақиб шишириб юборган экан. Намозни бузмапти».

Бошқа бир ривоятда айтилишича, асҳобларидан баъзиси у кишини ўз боғига чақирибди. Пешин намози бўлган экан одамларга имомликка ўтиб бўлиб, нафл намоз бошлабди. Қиёмда узоқ турибди.

Намозни тамом қилганидан кейин кўйлаги этагини кўтариб ўзи билан бирга бўлган шахслардан бирига «қарачи, кўйлагим остида бир нарса борга ўхшайди», депти.

Қараса, ари ўн олти, ўн етти еридан чақиб баданини шишириб юборган экан. Арининг асари жисмида очиқ кўриниб турган экан. Одамлар унга:

«Биринчи чаққандаёқ намоздан чиқсангиз бўлмасмиди?!» деди.

«Бир сурани ўқиётган эдим. Тугатиб қўяй дегандим», деди».

Имом Бухорийнинг сафарларида кўпинча бирга бўлган Муҳаммад ибн Абу Ҳотим эслайди:

«У киши саҳар чоғи ўн уч ракъат намоз ўқир эди. Витрни бир ракъат қиларди. Ўзи турганда мени уйғотмас эди. Ўзингиз шунча оғирликни кўтариб, мени нимага уйғотмайсиз, десам, сен ёшсан, уйқунгни бузмай дедим, дер эдилар».

Имом Бухорий Басрада беш йил яшаганлар. Ўша йиллари китоб ёзиш билан машғул бўлишларига қарамай, ҳар йили ҳаж мавсими келганда Маккага бориб ҳаж қилар ва қайтиб келиб яна илмий ишларини давом этказар эдилар.

Имом Бухорий илмий ишларни ҳам ибодат деб билар эдилар. У киши ўзларининг бош асарлари «Жомеъус Саҳиҳ» китоблари ҳақида «Уни ўзим билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида ҳужжат қилдим» деганлар.

Бошқа илмий асарлари ҳақида эса «Аллоҳ таолодан бу таснифотларни мусулмонлар учун баракали қилишини умид қиламан» деганлар.

Имом Бухорий тоат ибодатга тарғиб қилиш борасида «Мусулмон инсон учун дуо қилса қабул бўлмайдиган ҳолатда юриш тўғри келмайди», деганлар.

Имом Бухорий яхши амалларни иложи борича кўп қилиш пайидан бўлар эдилар. У киши Бухоро яқинида бир работ қурганлар. Жуда кўп одамлар бу ишда у кишига ёрдамга келганлар. Шундай бўлса ҳам, Имом Бухорий ўзлари ғишт ташиб ишлаганлар. Одамлар:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Сиз овора бўлманг», дейишди.

«Манашу менга манфаат беради», дедилар у киши.

Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳам, амаллари ҳам илмга асосланган бўлар эди. Бир куни у киши Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроққа:

«Мен ақлимни таниганимдан буён бирон нарсани илмсиз қилган эмасман», деганлар.

Бу борада Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоллари ҳақида маълумот берган «Тарихи Боғдод», «Таҳзийбул Асмаа» каби китобларда Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқдан қуйидаги ривоят келтирилади:

«У киши бир куни Имом Бухорийнинг чалқанча тушиб ётганларини кўрди. Улар ўшанда Фирабрда эдилар. Тафсир китоби тасниф қилинаётган эди. Имом Бухорий ўша куни жуда кўп ҳадисларни чиқариб қаттиқ чарчаган эди. Варроқ у кишига:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Бир куни «Мен ақлимни таниганимдан буён бирон нарсани илмсиз қилган эмасман», деганингизни эшитган эдим. Ушбу чалқанча ётишда қайси илм бор?» деди.

«Бугун ўзимизни қаттиқ чарчаттик. Бу сарҳадлардан биридир. Душманлардан бирор иш содир бўлмасин деб қўрқдим. Бир оз дам олиб, тайёргарлик кўрай дедим. Агар душман бизни ғафлатда қолдирмоқчи бўлса, тезда ҳаракатга тушамиз», деди Имом Бухорий.

 

ЗАКОВАТ, ЁД ОЛИШ ВА ЕТУКЛИК

 

Аллоҳ таоло Имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ёд олиш ва барча ишларни яхшилаб қилиш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишини кичиклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшлик бола бўла туриб ўз устозлари Дохилийнинг хатоларини тузатишлари бунга далилдир.

Отасининг дарсхонасида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг «Жомеъ» китобини тинглар эди. Абу Ҳафс бир ҳарфда хато қилган эди, у қайтарди. Иккинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. Учинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. У бир муддат сукут сақлаб турди - да:

«Бу ким?» деди.

«Ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардазба», дейишди.

«Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинглар! Албатта, бу бир куни Одам бўлади», деди Абу Ҳафс.

«Тобақотуш Шофеъийя» ва бошқа китобларда қўйидаги матн келтирилади:

«Салийм ибн Мужоҳид айтади:

«Муҳаммад ибн Салом Пайкентийнинг ҳузурида эдим. Бас, у менга:

«Агар аввалроқ келганингда етмиш минг ҳадисни ёд биладиган болачани кўрар эдинг», деди.

Мен ортидан излаб бориб уни топдим ва:

«Етмиш минг ҳадисни ёддан биламан деган сенмисан?» дедим.

«Ҳа! Ундан ҳам кўп! Мен сенга саҳоба ва тобеъинлардан ҳадис келтирадиган бўлсам, албатта, уларнинг кўпининг туғилган жойлари, вафотлари ва масканларини ҳам биламан. Саҳоба ва тобеъинлардан бирор ҳадисни ривоят қиладиган бўлсам, албатта, унинг Аллоҳнинг китобидаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги аслини ҳам ёдлаган бўламан», деди у».

Имом Бухорий ўн олти ёшида Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёдлаб бўлган ва аҳли райнинг каломини эгаллаган эдилар. Ўн саккиз ёшидан китоб тасниф қилишни бошладилар.

Ёшлик чоғида Имом Бухорий ўз тенгдошлари ила Басра машойихлари дарсларига қатнашар ва уларни ёзиб олмас эди. Бир қанча кунлар шу тарзда ўтганидан кейин шериклари унга:

«Сен биз билан бирга дарсга қатнашасан ва ёзиб олмайсан, бу қилмишингнинг маъноси нима?» дейишди.

Ўн олти кундан сўнг уларга:

«Жуда гапни кўпайтириб юбордингиз ва маҳкам туриб ҳам олдингиз. Ёзганларингизни менга ўқиб берингларчи!» деди.

Улар ёзганларини чиқарган эдилар, ўн беш мингдан зиёд ҳадис чиқди. У ўшаларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди. Улар эса у ёддан айтган нарсадан ёзганларидаги хатоларини тўғрилаб олдилар. Сўнгра уларга қарата:

«Айтингчи?! Мен дарсга беҳудадан қатнашаётган ва кунларимни зое қилаётган эканманми?!» деди.

Шунда унинг олдига биров туша олмаслигини билдилар.

«Таҳзийбул Камол» ва бошқа китобларда келтирилишича:

Машҳур олим Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Бухорий тасниф қилган «Тарих» китобини Хуросон амири ҳамда катта олим Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига олиб кирган ва:

«Эй амир! Сенга сеҳрни кўрсатайми?!» деган.

Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга назар солиб бўлганидан кейин:

«Бунинг қандай тасниф қилинганига фаҳмим етмади», деган.

 

САМАРҚАНДДАГИ ИМТИҲОН

 

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим ўз санади ила Абул Азҳардан ривоят қилади:

«Самарқандда ҳадис эшитадиганлардан тўрт юзтаси етти кун жам бўлиб Бухорийни адаштиришга ҳаракат қилдилар. Шом иснодини Ироқ иснодига киритдилар. Ироқ иснодини Шом иснодига киритдилар. Ҳарам иснодини Яман иснодига киритдилар. Яман иснодини Ҳарам иснодига критдилар. Аммо у кишини иснодда ҳам, матнда ҳам бирор оғиз сўзга адаштира олмадилар».

 

БОҒДОДДАГИ ИМТИҲОН

 

«Вафийётул Аъён» ва бошқа китобларда қуйидагилар ёзилган:

«Боғдоднинг ҳадис соҳиблари унинг келганини эшитганларида жамланишди. Юзта ҳадисни олиб матнлари ва санадларини алмаштиришди. Бир исноднинг матнини бошқа иснодга, бир матннинг иснодини бошқа матнга қўйишди.

Сўнг ўн кишига ўнтадан бўлиб беришди ва Имом Бухорий ҳозир бўлганда унга айтиб беришни амр қилдилар.

Мажлисга вақт таъйин қилинди. Мазкур мажлисга Хуросон ва бошқа тарафлардан келган муҳаддислар ҳам ҳозир бўлдилар.

Мажлис бошланиши билан ҳалиги ўн кишидан бири мазкур ҳадислардан бири ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. Кейин бошқа ҳадис ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. У бирин кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, дейишда давом этди.

Мажлисда ҳозир бўлганлардан гапнинг фаҳмига етганлари, бу одам билиб турибди, дейишарди. Бошқалари эса, Имом Бухорийга ожизлик, нуқсон ва ҳафтафаҳмлик нисбатини беришар эди.

Сўнгра ҳалига ўн кишидан яна бири туриб мазкур алмаштирб қўйилган ҳадислардан бири ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. Бошқаси ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. Бошқаси ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. У бирин кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, дейишда давом этди.

Кейин учинчи, тўртинчи бўлиб, ўн кишининг ҳаммаси ўзларининг алмаштирилган ҳадислари ҳақида сўрадилар. Бухорий, буни билмайман, дейишга зиёд қилмади.

Бухорий уларнинг саволини тамом бўлганини билганидан кейин биринчи одамга қараб «Аммо сенинг биринчи ҳадисинг бундай, иккинчи ҳадиснинг бундай, учинчиси, тўртинчиси» деб ўнтанинг барчасини айтиб берди.

Ҳар бир матнни ўз иснодига, иснодни ўз матнига тўғри ҳолда қўйиб чиқди. Бошқалар ила ҳам шундай қилди. Барча матнларни ўз иснодига, иснодларни ўз матнига қўйиб чиқди. Бас, одамлар унинг ҳифзига тан бердилар ва фазлини эътироф қилдилар».

Али ибн Ҳусайн ибн Осим Пайкандий айтади:

«Ҳузуримизга Муҳаммад ибн Исмоил келди. Унинг ҳузурида жамландик. Унинг суҳбатидан машойихлардан ҳеч ким четта қолмас эди. Биз унинг олдида баъзи нарсаларни эсладик. Соҳибларимиздан бири:

«Мен Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг «мен китобимдаги етмиш минг ҳадисга назар соламан» деганини эшитганман», деди.

Шунда Муҳаммад ибн Исмоил:

«Шундан ҳам ажабланасанми?! Ушбу замонда ўз китобидаги икки юз минг ҳадисга назар соладиганлар бор», деди ўзига шама қилиб».

Имом Бухорий бир марта «Мен юз мингта саҳиҳ ва икки юз мингта саҳиҳ эмас ҳадисни ёддан биламан», деди.

Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Самарқандий:

«Мен уламоларни Ҳармайни, Ҳижоз, Шом, ва Ироқда кўп кўрганман. Уларнинг ичида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдек жамловчисини кўрганим йўқ», дейди.

Имом Бухорий ҳадисларни қуруқ ёд олиш билангина эмас, балки уларни яхши билиши ила шуҳрат қозонган эдилар.

Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Асадийдан Бухорий, Абу Заръа ва Абдуллоҳ ибн Абдурроҳманлар ҳақида сўралганда «уларнинг ичида ҳадисни энг яхши биладигани Муҳаммад ибн Исмоилдир. Мен ундан кўра фаҳми зўрроқ хуросонликни кўрмадим», деб жавоб берган.

Икки юз қирқ еттинчи йили Муҳаммад ибн Идрис Розий ўз шерикларига «ҳузурингизга Хуросондан бир киши келади. У ердан ундан кўра ҳофизаси кучлироқ одам чиқмаган ва Ироққа ундан кўра илмлироқ одам келмаган», деди. Ўшандан бир неча ой сўнгра ҳузурларига Муҳаммад ибн Исмоил келди.

Иброҳим Хаввос айтади:

«Абу Заръанинг Муҳаммад ибн Исмоилнинг олдида худди ёш болага ўхшаб ўтириб ҳадиснинг иллати ҳақида сўраётганини кўрдим».

Имом Бухорий айтадилар:

«Муҳаммад ибн Салом менга «менинг китобларимга назар солиб хатоларини белгилаб бер. Токи кейин уларни ривоят қилмай» деди. Айтганини қилиб бердим.

Муҳаммад ибн Салом Муҳаммад ибн Исмоил яхши деган ҳадисни «йигит рози бўлди» деб, заиф ҳадисларни «йигит рози бўлмади» деб белгилаб қўйган эди.

Баъзи шериклари «бу йигит ким?» деб сўраганда, у мисли йўқ киши, Муҳаммад ибн Исмоил» деб жавоб берарди.

Абу Ҳомид Аъмаший айтади:

«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни Абу Усмон Саъйид ибн Марвоннинг жанозасида кўрдим. Муҳаммад ибн Яҳъя ундан исмлар, кунялар ва ҳадиснинг иллатлари ҳақида сўрар эди. У саволларга Муҳаммад ибн Исмоил ўқдек ўтар, «қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқигандек жавоб берар эди».

«Тарихи Боғдод» китобида қуйидагилар келтирилади:

«Уни Ражо ибн Муражжий Марвазий зиёрат қилганда Бухорийга Айюбнинг ҳадисларидан сўради. Абу Абдуллоҳ жавоб берди. Ҳатто Ражо савол сўрашдан тўхтади ва Абу Абдуллоҳга «зикр қилмаган нарсамиз қолдими?» деди.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис айта бошлади. Ражо «буни ким ривоят қилган» дерди. Абу Абдуллоҳ унинг иснодини келтирарди. Ўнтадан кўп ҳадисни айтгандан кейин Ражода шиддатли ўзгариш пайдо бўлди. Абу Абдуллоҳ унинг юзига назар солиб ўзгаришни сезди ва гапни тўхтатди.

Ражо чиқиб кетганда кейин Абу Абдуллоҳ:

«Мен унга айтганимдан бир неча марта кўпини айтмоқчи эдим. Аммо унга бир нарса бўлиб қолмасин деб гапдан тўхтадим», деди».

«Тарихи Боғдод» китобидан:

Бир киши Бухорийдан:

«Ёдлаш қобилиятига дори борми?» деб сўради.

«Билмайман», деди у ва сўровчига қараб – ёдлаш учун кишининг илмга чанқоқлик ва доимий изланишдан кўра манфаатлироқ нарсани билмайман», деди.

Имом Бухорий:

«Менда иснодини билмайдиган ҳадис йўқ. Тарихдаги ҳар бир исмнинг менда қиссаси бор», дерди.

Бир куни Бухорий Нийсабурда Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг мажлисида ҳозир бўлди. Исҳоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бир ҳадисни зикр қилди. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасидан кейин Ато Кайхароний зикр қилинган эди. Бас, Исҳоқ:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Кайхарон нима?» деди.

«Ямандаги бир қишлоқ. Муовия ибн Абу Суфён Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан шу кишини Яманга юборган ва ундан Ато иккита ҳадис эшитган эди», деди Бухорий.

«Эй Абу Абдуллоҳ! Худди қавмнинг орасида бўлгандексан – а!» деди Исҳоқ.

Абу Ийсо Термизий айтади:

«Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам иллатлар маъноси, тарих ва иснодларни билишда Муҳаммад ибн Исмоилдек бирор кишини кўрмадим».

 

УСТОЗЛАР

 

Имом Бухорий илм ва ҳадис талабида умрларининг кўп қисмини сафарларда ўтказгани аввал ҳам айтиб ўтилган эди. Шунинг учун ҳам у кишини устозлари жуда ҳам кўп бўлган. Муҳаддислар кимдан бирорта ҳадис ривоят қилган бўлса ҳам, ўша шахс унга устоз – уларнинг ўз истилоҳлари билан айтиладиган бўлса – шайх ҳисобланади.

«Тарихи Боғдод» китобида зикр қилинишича Имом Бухорийнинг ўзлари «Мен мингдан кўп шайхдан ёзиб олганман», деганлар.

Мутахссис уламолар Имом Бухорийнинг устозларини икки қисмга тақсимлайдилар.

Биринчи қисм: иқлимлар ва шаҳарлар бўйича.

1. Макка.

1. Абул Валид Аҳмад ибн Муҳаммад Азрақий.

2. Абдуллоҳ ибн Язид Муқрий.

3. Исмоли ибн Солим Соиғ.

4. Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдий ва бошқалар.

2. Мадийна.

1. Иброҳим бин Мунзир Ҳизомий.

2. Муторриф бин Абдуллоҳ.

3. Иброҳим ибн Ҳамза.

4. Абу Собит Муҳамад ибн Убайдуллоҳ.

5. Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий.

6. Яҳъя ибн Қазаъа ва бошқалар.

3. Шом.

1. Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбий.

2. Абу Наср Исҳоқ ибн Иброҳим.

3. Одам ибн Абу Иёс.

4. Абул Ямон Ҳакам ибн Нофеъ.

5. Ҳаёт ибн Шурайҳ ва бошқалар.

4. Бухоро.

1. Муҳаммад ибн Салом Пайкандий.

2. Муҳаммад ибн Юсуф Бухорий.

3. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий.

4. Ҳорун ибн Ашъас ва бошқалар.

5. Марв.

1. Али ибн Ҳасан ибн Шақийқ.

2. Абдон ибн Усмон.

3. Муҳаммад ибн Муқотил ва бошқалар.

6. Балх.

1. Маккий ибн Иброҳим.

2. Яҳъя ибн Бишр.

3. Муҳаммад ибн Абон.

4. Ҳасан ибн Шужоъ ва бошқалар.

7. Ҳирот.

Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ҳанафий.

8. Найсабур.

1. Яҳъя ибн Яҳъя Тамимий.

2. Бишр ибн Ҳакам. Аҳмад ибн Ҳафс.

3. Муҳаммад ибн Яҳъя Зўҳлий ва бошқалар.

9. Рай.

Иброҳим ибн Мусо.

10. Боғдод.

1. Муҳаммад ибн Ийсо Таббоъ.

2. Муҳаммад ибн Собиқ.

3. Сурайж ибн Нўъмон.

4. Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар.

11. Басра.

1. Абу Осим Набийл.

2. Сафвон ибн Ийсо.

3. Бадал ибн Муҳаббир.

4. Ҳарам ибн Ҳафс ва бошқалар.

12. Восит.

1. Ҳассон ибн Ҳассон.

2. Ҳассон ибн Абдуллоҳ.

3. Саъийд ибн Сулаймон ва бошқалар.

13. Куфа.

1. Убайдуллоҳ ибн Мусо.

2. Абу Нуъайм.

3. Аҳмад ибн Яъқуб.

4. Исмоил ибн Абон ва бошқалар.

14. Миср.

1. Усмон ибн Солиҳ.

2. Саъийд ибн Абу Марям.

3. Асбиғ ибн Фараж ва бошқалар.

15. Жазийра. (Дажла ва Фурот орасидаги ерлар).

1. Аҳмад ибн Абдулмалик Ҳарроний.

2. Аҳмад ибн Язид Ҳарроний ва бошқалар.

Иккинчи қисм: Табақотлар бўйича.

Абулфазл Мақдисий ва бошқа уламоларнинг таъкидлашларича Имом Бухорийнинг машҳур «Саҳиҳ» китобларида келтирган ҳадисларни олган шайхлари беш табақадан иборатдир.

Биринчи табақа:

Имом Бухорий билан ҳадисни ривоят қилувчи тобеъий орасида фақат бир ривоятчи бор холос.

Улардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдир.

Имом Бухорий у орқали, Ҳумайддан, у Анасдан ривоят қилган.

Маккий ибн Иброҳим ва Абу Осим Нубайллар ҳам биринчи табақага кирадилар.

Имом Бухорий улар орқали Язийд ибн Абу Убайддан, у Салама ибн Акваъдан ривоят қилган.

Улардан яна бири Убайдуллоҳ ибн Мусодир.

Имом Бухорий у орқали Маъруфдан, у эса Абу Туфайл ва Алидан ривоят қилган.

Юқорида зикри келганларга ўхшаганлар биринчи табақадан бўладилар.

Бухорий Молик, Саврий, Шўъба ва бошқалардан ҳадис олган улар эса ўз табақасидан олганлар.

Иккинчи табақа:

Тобеъийлардан ҳадис олган имомлардан ривоят қилувчи қавмлардир.

Ҳижозликлардан Ибн Журайж, Молик, Ибн Абу Зеъб, Ибн Уяйналар.

Шомликлардан Шуъйб, Авзоъий ва иккисининг табақасидагилар.

Ироқликлардан Саврий, Шўъба, Ҳаммод, Абу Авона, Ҳаммомлар.

Мисрликлардан Лайс, Яъқуб ибн Абдурроҳманлар ва бошқа жуда ҳам кўп кишилардир.

Учинчи табақа:

Имом Бухорий ўзларини кўрган бўлса ҳам улардан ҳадис эшитмаган қавмлар.

Бу табақага Язид ибн Ҳорун ва Абдурраззоқлар мисол бўлади.

Тўртинчи табақа:

Имом Бухорийнинг табақасидаги қавмлар бўлиб улар орқали ўз шайхларининг ривоятларини олганлар.

Буларга Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Идрис мисол бўлади.

Бешинчи табақа:

Имом Бухорийдан иснод, ёш, вафот ва маърифатда кейин турадиган қавмлар бўлсалар ҳам у киши улардан ривоят қилганлар.

Уларга Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омулий ва Ҳусайн Қаббонийлар мисол бўлади

Мақдисийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг ўзлари:

«Муҳаддис токи ўзидан юқори, ўзи тенги ва ўзидан кичиклардан ривоят қилмагунча комил бўла олмайди», деганлар.

 

ШОГИРДЛАР

 

Имом Бухорийнинг шогирдлари ниҳоятда кўп бўлган. Мўътабар манбаларнинг гувоҳлик беришича, улуғ олим ҳаётининг бош китоби бўлмиш «Ал Жомий ас-Саҳиҳ»дан унинг бевосита раҳбарлигида 90 минг киши таълим олди.

Уларнинг сафида машҳур муҳаддислар Муслим ибн Ҳажжож, Имом Термизий, Имом ал-Насаий, Ибн Хузайма, Ибн Абу Довуд, Муҳаммад ибн Юсуф ал Фирабрий, Иброҳим ибн Маъқал Насафий, Ҳаммод ибн Шакар Насовий, Мансур ибн Муҳаммад Базданий ва яна кўплаб улуғ олимлар бор.

Имом Бухорий ёш болалик чоғидаёқ шогирдларининг саноғи йўқ эди. Ёшлик чоғида Аҳли Басрадан маърифат толиблари у кишининг ортидан югурар эдилар. Ҳаттоки мажбур қилиб йўл устига ўтқазиб олиб ҳадис сўрашар эди.

Ўша мажлисларда минглаб одамлар жамланар эди. Уларнинг кўпи ҳадисларини одамлар ёзиб оладиган шайхлар бўларди. Имом Бухорий бўлса, ҳали мўйлаби чиқмаган ёш бола эди.

«Тарихи Боғдод» китобида бу ҳақда қўйидагиларни ўқиш мумкин:

«Абу Бакр Ал-Айян айтади:

«Муҳаммад ибн Исмоилдан Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбийнинг эшиги олдида ҳадис ёзиб олдик. Унинг юзида бирорта ҳам тук йўқ эди.

Бир марта Бухорий Басрага келганда жарчи «Эй аҳли илмлар! Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди!» деб жар чақирди.

Уни излаб борганлар Басра жомеъ масжидида, устун ортида намоз ўқиётган қоп-қора соқолли ёш йигитни кўрдилар. У намозини ўқиб бўлиши билан ўраб олиб, улар учун имло мажлиси қуришни илтимос қилишди. У киши рози бўлди.

Шунда жарчи иккинчи марта Басра жомеъ масжидида туриб «Батаҳқиқ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди! Биз ундан имло мажлиси қуришни сўрадик! У эртага фалон жойда мажлис қуришга рози бўлди!» деб жар чақирди.

Эртасига фақиҳлар, муҳаддислар, ҳофизлар ва нозирлардан фалон минг одам жамланди.

Боғдодда ҳам у кишининг минглаб шогирдлари бор эди. Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Боғдодий айтади:

«Муҳаммад ибн Исмоил Боғдодда мажлис қурар эди. Мен унинг имлосини одамларга етказиб турар эдим. Унинг мажлисига йигирма мингдан зиёд одам жамланар эди».

Гапни қисқа қиладиган бўлсак, Имом Бухорийнинг шогирдларини саноғига етиш қийин. Ўша вақтдаги кўзга кўринган барча олимлар у кишига шогирд бўлган десак муболаға қилмаган бўламиз.

 

МАҚТОВ ВА УЛУҒЛАШЛАР

 

Аллоҳ таоло Имом Бухорийга катта фазл ва шараф ато қилди. Илм йўлида қилган хизматлари самараси ўлароқ у кишининг шуҳратларини бутун дунёга тарқатди. Имом Бухорий асрлар оша мўмин – мусулмонлар қалблари тўридан жой олиб, уларнинг мақтовларига ва улуғлашларига Мушарраф бўлиб келмоқдалар. У кишининг мақтовида айтилган ва ёзилган гапларни тўлиқ келтиришнинг иложи йўқ бўлса керак. Биз улардан баъзиларини тақдим этиш ила кифояланамиз.

Аҳмад ибн Сайёр Марвазий: «Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Жўъфий Абу Абдуллоҳ илм талаб қилди. Одамлар ила мажлис қурди. Ҳадис излаб сафар қилди ва унда моҳир бўлди. У гўзал маърифатли, яхши ҳофизали эди ва фақиҳлик ҳам қиларди».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Хуросон Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш кишини етиштирмаган».

Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол: «Менимча, аҳли исломлар барчаси жамланиб Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини таъйин қилмоқчи бўлсалар эплай олмайдилар».

«Тарихи Боғдод» китобида Имом Бухорийнинг ўзларидан қуйидаги ривоят нақл қилинади:

«Басрага кирганимда Муҳаммад ибн Башшорнинг мажлисига бордим. У ичкаридан чиққанида кўзи менга тушди ва:

«Йигит қаердан?» деди.

«Аҳли Бухородан», дедим.

«Абу Абдуллоҳнинг қандай ҳолда тарк қилдинг?» деди.

Мен жим қолдим. Асҳоблари унга:

«Аллоҳ сизни раҳим қилсин. Унинг ўзи Абу Абдуллоҳ», дейишди.

У ўрнидан туриб қўлимдан ушлаб, бўйнимдан қучоқлади ва:

«Хуш келибсан! Йиллардан буён фахрланиб юрганим!» деди».

Али ибн Мадийнийга Бухорийнинг «Ўзимни ҳеч кимнинг олдида Али ибн Мадиний ҳузурида кичик ҳис қилганимдек, сезмаганман» дегани айтилганда, у «унинг гапини қўйинглар. У ўзи кабини учратмаган», деган.

Бухорий Али ибн Мадийнийнинг ўнг тарафида ўтирар эди. Ибн Мадийний ҳадис айтиб туриб худди қўрққандек, Бухорийга қараб – қараб қўяр эди.

Амр ибн Алининг асҳоблари у билан бир ҳадисни музокара қилдилар. У бу ҳадисни билмайман, деди. Улар бундан масрур бўлиб Амр ибн Алининг олдига югирдилар ва унга: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга бир ҳадис айтган эдик, билмайман, деди», дейишди.

Шунда Амр ибн Али: «Муҳаммад ибн Исмоил билмайдиган ҳадис, ҳадис эмас», деди.

Абу Маъшар Ҳамдавайҳ ибн Хаттоб: «Муҳаммад ибн Исмоил Ироқдан охирги марта келганда уни жуда кўп одамлар кутиб олдилар ва издиҳом катта бўлиб кетди ва унга яхшиликда муболаға қилишди. Унинг ўзига одамларнинг унга икром ва яхшилик кўрсатиши ҳақида айтилганда, «Басрага кирган кунимизни кўрганингизда эди», деди.

Салим ибн Мужоҳид: «Олтмиш йилдан бери кўзим билан Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ, парҳезгорроқ ва дунёда зоҳидроқ одамни кўрмадим», деган.

Абу Ийсо Термизий: «Муҳаммад ибн Исмоил Абдуллоҳ ибн Мунийрнинг ҳузуридан тураётганда у:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Аллоҳ сени ушбу умматнинг зийнати қилсин!» деди.

Аллоҳ унинг дуосини қабул қилди».

Имом Аҳмад Бухорий у ила видолашиб Хуросонга кетаётганида «Эй Абу Абдуллоҳ! Илмни ва одамларни тарк қилиб Хуросонга кетмоқдамисан?!» деган.

Яҳъя ибн Жаъфар айтади: «Агар қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг ўлимим, бир кишининг ўлими бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлими илмнинг кетишидир».

Ражо ибн Муражжий Ҳофиз: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг уламолардан афзаллиги эркакларнинг аёллардан фазли кабидир», деди.

«Эй Абу Муҳаммад! Бунинг барчаси бир оғиз сўз билан – а?!» деди бир киши.

«У Аллоҳнинг ер юзида юрган белгиларидан бир белгидир!» деди у.

Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффоф айтади: «Ким Муҳаммад ибн Исмоил ҳақида бирор номаъқул нарса айтса, мендан унга минг маънат бўлсин!»

Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омилий айтади: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг кўксидаги бир тук бўлишни орзу қиламан».

Имом Муслим ибн Ҳажжож дейди: «Фақат ҳасадгўйгина сени ёқтирмайди. Гувоҳлик бераманки, дунёда сенга ўхшаш йўқ».

Муслимни одамлар Бухорийнинг олдида худди шогирд боладек бўлиб савол сўраётганини кўрганлар.

Ҳусайн ибн Муҳаммад айтади: «Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаганини кўрмаганман. Муслим ҳофиз Муҳаммад ибн Исмоилга ета олмаган. Абу Заръа ва Абу Ҳотимларни Муҳаммад ибн Исмоил нима деса эшитиб, ёнбошида ўтирганларини кўрганман.

Унга Муҳаммад ибн Яҳъянинг қиссаси айтилганда: «У Ким-у, Муҳаммад ибн Исмоил ким? Муҳаммад ибн Исмоил умматлардан бир уммат бўлган. У Муҳаммад ибн Яҳъядан бу нарсада, бу нарсада илмли бўлган. Муҳаммад ибн Исмоил ўта диндор ва фозил бўлган. Барча ишларни яхшилаб қилган», деди.

Имом Муслим ибн Ҳажжож Бухорийнинг олдига келиб икки кўзи орасидан ўпканини ва «Эй устозларнинг устози, муҳаддисларнинг саййиди ва ҳадис иллатларининг табиби! Ижозат беринг! Икки оёғингиздан ўпай!» деганини одамлар кўришган.

Имом Нававий айтади: «Билки, Бухорийнинг олий мақоми ва бу илмда ўз тенгдошлари ва ўхшашларидан пешқадам эканлиги ўтган ва қолган замондаги барчанинг иттифоқидир. Унинг фазли учун уни мақтаган ва яхшиликларини тарқатганларнинг кўпи унинг кўзга кўринган шайхлари ва машҳур шерикларидир.

Унинг фазийлатларининг санашнинг имкони йўқ. Чунки улар санаш чегарасидан чиққандир ва бир неча турларга тасимлангандир: ёдлаш, англаш, таҳсил ва ривоятдаги ижтиҳод, ибодат ва фойда, зоҳидлик ва парҳезкорлик, тадқиқот ва пухталик, тамакккун ва маърифат, ҳолатлар ва кароматлар ва бошқалар».

Имом Бухорий ҳақида имом Заҳабий айтадилар: «У заковатда, илмда, парҳезкорликда ва ибодатда бош эди».

Имом Бухорий ҳақида имом Субкий айтадилар:

«У мусулмонларнинг имоми, муваҳҳидларнинг ўрнаги, мўминларнинг шайхи, Пайғамбарлар саййиди ҳадислари суянчиғи, дин низоми муҳофизи ва Жомеъус Саҳиҳнинг соҳибидир».

 

ТАЪЛИФОТЛАР

 

Имом Бухорийнинг ижодий мероси ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтмоий фанларини тўла-тўкис қамраб олганлиги билан кишини ҳайратга солади.

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий жуда ёш пайтидан китоб ёзишни бошлаганлар.

Хатиб Боғдодий у кишининг ўзларидан ривоят қилади: «Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеъинларнинг масалаларини ва қавлларини тасниф қила бошладим. Бу Убайдуллоҳ ибн Мусонинг даврида бўлган эди. Ўша пайтда «Китобут Тарих»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этдим».

Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганган мутахассисларнинг тадқиқотлари натижасида у зотнинг қаламига мансуб китобларнинг рўйхати тузилган. Улар қуйидагилардан иборат:

 

1. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ.

2. Ал-Адаб ал-Муфрад.

 

Бу икки китоб ҳақида кейинчалик алоҳида ва батафсилроқ сўз юритиш ниятидамиз.

 

3. Ат-Тарих ал-Кабир.

 

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек Имом Бухорий бу китобни тахминан ўн саккиз ёшларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганлар.

Бу китоб бугунги кундаги сиз билан бизнинг тушунчамиздаги умумий тарих ҳақида эмас, балки ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг тарихлари ҳақидаги, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, таржимаи ҳоллари ва ривоят қилиш борасидаги сифатлари ҳақидаги китобдир.

Бу китоб ҳақида Имом Бухорийнинг ўзлари «Тарихдаги ҳар бир исм ҳақида менда қисса бор. Фақат мен китобнинг чўзилиб кетишини ёқтирмадим, холос», деганлар.

Абу Аҳмад ал-Ҳоким «Китобул куний»да: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг Тарих китоби олдига тушадиган китоб йўқ. Ундан кейин тарих, исмлар ва кунялар бўйича бирор китоб ёзганлар ундан беҳожат бўлмаганлар. Улардан баъзилари, Абу Заръа, Абу Ҳотим ва Муслимларга ўхшаб уни ўзига нисбат берган. Кимдир ундан ривоят қилган. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин, ўзлари аслларнинг аслидир».

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади:

«Бухорийнинг «Исҳоқ ибн Роҳавайҳ мен тасниф қилган «Тарих»ни олиб Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига кирган ва:

«Эй амир! Сенга сеҳрни кўрсатайми?!» деган.

Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга назар солиб бўлганидан кейин:

«Бунинг қандай тасниф қилинганига фаҳмим етмади», деди» деганларини эшитдим».

Абул Аббос ибн Саъийд айтади:

«Агар бир киши ўттиз минг ҳадис ёзиб олган бўлса ҳам Муҳаммад ибн Исмоил тасниф қилган «Тарих» китобидан беҳожат бўла олмайди».

Бу китобни баъзи манбаларда «Тарихул Бухорий» деб ҳам аталади. Мисол учун Мустафо ибн Абдуллоҳ Қустантиний Румий Ҳанафий – Мулла Котиб Чалабий – Ҳожи Халийфа ўзининг машҳур китоби «Кашфуз зунун»да шундай деб атаган ва жумладан унинг ҳақида қуйидаги маълумотларни берган:

«… У муҳаддислар тариқасидаги катта тарихдир. Ундан ҳадис ровийларидан ишночли ва заифларни жамлаган. Айтилишича, ўша тарих учта: катта, ўрта ва кичик бўлган. Каттасини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида, ойдин кечаларда тасниф қилган.

Бу китобни ундан Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Саҳл Насавий ва Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис ва бошқалар ривоят қилганлар».

Бу китобнинг қўлёзмаси Дорул кутубил мисрийяда 10340 рақами ила сақланади.

Уни 1361 ҳижрий йилда Ҳиндистонда нашр этилган.

 

4. Ат-Тарих Ал-Авсат.

 

Бу китобни Имом Бухорийдан Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдуссалом Хаффоф ва Занживайҳ ибн Муҳаммад Лаббодлар ривоят қилган. Бу китобнинг қўлёзмаси Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида мавжуд.

 

1. Ат-Тарих Ас-Сағир.

 

Бу китобни Имом Бухорийдан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдурроҳман Ашқар ривоят қилган. Уни 1325 ҳижрий йилда Ҳиндистонда чоп қилинган.

 

5. Китобуз Зуафо.

 

Бу китобда ҳадис ривоят қилувчилар ичида Имом Бухорий назарида заиф – кучсиз ҳисобланган шахслар ҳақида маълумотлар берилган. Бу китобни Имом Бухорийдан Абу Бишр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳаммод Даволибий ва Абу Жаъфар Шайх ибн Саъийд ҳамда Одам ибн Мусо Хуворийлар ривоят қилган.

 

6. Китобус сунан фил фиқҳ.

 

Китобнинг исмидан суннат асосида фиқҳий масалалар баёни эканлиги кўриниб турибди. Аммо бу китоб бизгача етиб келмаган. Имом Бухорийнинг бу номдаги китоблари борлиги ҳақидаги маълумот Муҳаммад ибн Исҳоқ Надиймнинг машҳур «Феҳрист» номли китобидан олинган.

 

7. Холқу афъолул ибод.

 

Бу китобнинг номидан унда баҳс юритилган масала кўриниб турибди. Қадимда кўплаб тотишувларга сабаб бўлган «банданинг амалини ким халқ қилади – яратади деган масалага бағишланган китоблигида шубҳа йўқ. Ҳожи Халийфанинг таъкидлашича Имом Бухорий бу китобни Зуҳлий билан тортишиб қолганларида ёзганлар.

Ибн Ҳажар «Бу китоб мавжуд ва бизга эшитиш ва ижозат орқали ривоят қилинган» деб ёзган.

«Холқу афъолул ибод» китобини Имом Бухорийдан Юсуф ибн Райҳон ибн Абдуссомад ва Фирабрийлар ривоят қилганлар.

«Холқу афъолул ибод» китоби 1306 ҳижрий йили Деҳлида ва Жиддада чоп қилинган.

 

8. Ал - Асмаа ва Куний.

 

Бу китоб ҳадис ровийларининг исмлари ва куняларига бағишланган бўлиб унинг қўлёзмаси Ал-Азҳарнинг кутубхонасида 3518 рақами ила сақланади. Уни Ҳиндистонда 1360 ҳижрий йилда чоп қилинган.

 

9. Ал-Қироату холфал имом.

 

Китобнинг номидан имомнинг ортида туриб қироат қилиш масаласи ҳақида экани очиқ кўриниб турибди.

Бу китобни Имом Бухорийдан Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган. Ибн Ҳажар, бу китоб мавжуд ва уни бизга эшитиш ва ижозат йўли билан ривоят қилинган, деган. Уни Ҳиндистонда ва Қоҳирада нашр қилинган.

 

9. Китобул ҳибати.

 

Ҳиба китоби ҳақида Варроқ Бухорий қуйидагиларни айтади:

«Имом Бухорий ҳиба ҳақида бир китоб қилди. Унда беш юзтача ҳадис бор. Вакийънинг ҳиба ҳақидаги китобида фақатгина иккита ёки учта муснад ҳадис бор. Ибн Муборакникида бештача бор, холос».

 

10. Рафъул ядайни Фис Солати.

 

Намозда икки қўлни кўткариш ҳақида китоб. Бу китобни Имом Бухорийдан Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган. Ибн Ҳажар бу китоб ҳақида, «у мавжуд ва бизга эшитиш ва ижозат орқали риовят қилингандир», деган. Имом Бухорийнинг «Рафъул ядайни Фис Солати» китоби Ҳиндистонда нашр қилинган.

 

11. Биррул Волидайни.

 

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида китоб. Ҳожи Халийфа «Кашфуз зунун»да «Бу китоб 256 санада вафот этган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга оиддир. Уни андан Муҳаммад ибн Закрума Вароқ ривоят қилган. Бу у кишининг мавжуд таснифотларидандир. Бу ҳақда Ибн Ҳажар зикр қилган».

 

12. Ал-Жомеъ ал-Кабир.

13. Ал-Муснад ал-Кабир.

 

Бу икки китобнинг номи ҳақидагина маълумот бор. Улар бизгача етиб келмаган бўлиши керак.

 

14. Ат-Тафсир ал-Кабир.

 

Имом Бухорийнинг ушбу номдаги китоби борлигини Фирабрий зикр қилган. Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»га ёзган муқаддимаси «Ҳадюс Сорий»да «Ушбу китобнинг ҳадисларини чиқаришда улкан ва фидокорона хизматлар қилган. Бу ҳақида Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтган», деган.

Бу китобнинг бир қўлёзма нусхаси Жазоир миллий кутубхонасида ва яна бири Париждаги миллий кутубхонада мавжуд.

 

15. Китобул Ашриба.

 

Ичимликлар ҳақидаги китоб. Имом Бухорийнинг ушбу номдаги китоби борлигини имом Дора Қутний ўзининг «Ал-мўъталаф вал Мухталаф» номли китобида зикр қилган.

 

16. Асомис Саҳоба.

 

Саҳобаларнинг исмлари ҳақидаги китоб. Имом Бухорийнинг кшбк номдаги китоби борлигини ва уни ўзи Ибн Форис орқали ривоят қилишини Абул Қосим ибн Мунда зикр қилган. Бу ҳақда Абул Қосим Бағавий ҳам ўзининг «Мўъжамус Саҳобаси»да айтган.

 

17. Ал-Ваҳдон.

 

Саҳобалардан фақатгина бир дона ҳадис ривоят қилганлари ҳақидаги китоб. Бу китобни Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»га ёзган муқаддимаси «Ҳадюс Сорий»да зикр қилган.

 

18. Китобул Мабсут.

 

Бу китоб ҳақида Халилий ўзининг «Иршод» номли китобида хабар берган ва уни И-иб.дан Муҳийб ибн Салим ривоят қилганини айтган.

 

19. Китобул илал.

 

Ҳадис ва ровийлардаги иллатлар ҳақида китоб. Бу китоб ҳақида Абул Қосим ибн Мунда хабар берган ва уни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдундан, у эса Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Шарқийдан риовят қилганини айтган.

 

20. Китобул Фавоид.

 

Фойдалар ҳақида китоб. Бу китоб ҳақида имом Термизий хабар берган.

 

21. Китобул Қазоёс Саҳобати ват Тобеъийн.

 

Бу Имом Бухорийнинг биринчи ёзган китобидир. Ўшанда ўн саккиз ёшда эдилар.

 

22. Машийхатул Бухорий.

 

Бу китобда Имом Бухорий ўзлари ҳадис ўрганган устозлари ҳақида маълумот берганлар. Ушбу китоб ҳақида Ибн Субкий хабар берган. Аммо бу китоб йўқолган бўлиши эҳтимол. Яъни, бизгача етиб келмаган.

Турли манбаларда, «Табақотуш Шофеъийя» ва «Фатҳул Борий»нинг муқаддимасида Имом Бухорий бир оз араб тилида шеър ҳам ёзганлари ҳақида маълумот берилган ва ўша шеърлардан намуналар келтирилган.

 

Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаблари ҳақида

 

Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаблари ҳақида аҳли илмлар турлича гапларни айтганлар.

Тожуддийн Субкий ўзининг «Тобақотуш Шофеъийя» ктобида, Сиддиқ Ҳасанхон ўзнинг Абжадул Улум» китобида ва Ибн Ҳажар ўзининг «Фатҳул Борий» китобида Имом Бухорийнинг шофеъий мазҳабида бўлганларини айтганлар.

Ибн Қайюм ал-Жавзийя ўзининг «Эъломул муқиъийн» китобида ва Ибн Абу Яъло ўзининг «Тобақотул Ҳанобила» китобида Имом Бухорийни ҳанбалийлардан деганлар.

Шайх Тоҳир Жазоирий, шайх Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий ва бошқалар Имом Бухорий ўзлари мужтаҳид фақиҳ бўлганлар дейдилар. Ушбу гапни кўпчилик қўўлаб қувватлайди.

 

ВАФОТЛАРИ

 

Имом Бухорий бутун Ислом оламига танилиб бўлганларидан сўнг, шуҳратлари етти иқлимни олганидан кейин она ватанлари Бухорода қарор топишни ихтиёр қилдилар. Бухоро аҳли ўзининг фахри бўлган улуғ олимини шодлик билан қарши олди.

Одатдагидек, буюк имом халққа дарс айтишни бошладилар. Дарсларга сонсиз саноқсиз одамлар ҳозир бўлар эди. Кучли ва ёқимли овоз соҳиби бўлган мубаллиғлар – дарсни одамлар етказиб турувчилар Имом Бухорийнинг ҳар бир гапларини дарсда иштирок этаётган халойиққа етказиб турар эдилар.

Барча халқ оммаси ғоятда масрур эди. Бухоро аҳли имом Бухорийдан дарс олиш бахтидан мамнун эди. Кун сайин дарс иштирокчилари кўпайиб борар ва атроф жавониблардан ҳам кишилар уларга келиб қўшилар эди. Бу билан имом Бухорийнинг обрў эътиборлари ҳам ортиб борар эди.

Шундай бир пайтда ўша даврдаги Бухоронинг волийси Холид ибн Аҳмад Зўҳлий Имом Бухорийга одам юбориб у кишидан манзилига келиб болаларига «Жомеъ» ва «Тарих»дан дарс беришни талаб қилди.

Имом Бухорий унинг ҳузурига боришдан бош тортдилар. Волий яна одам юбориб имомдан ўз болалари учун алоҳида, бошқаларни аралаштирмасдан мажлис қуришни талаб қилди.

Имом Бухорий бу гапни ҳам қабул қилмадилар ва «бир қавмни қўйиб бошқасига дарс ўтиш менга тўғри келмайди», дедилар.

Волий Холид ибн Аҳмад Зўҳлий Имом Бухорийга қарши Бухоронинг Ҳурайс ибн Абулварқо каби аҳли илмларидан ёрдам сўради. Улар дарҳол Имом Бухорийга қарши бўҳтон тўқидилар. У кишини бузуқ мазҳабда эканини даъво қилдилар. Волий Имом Бухорийни Бухородан чиқаришга амр қилди.

Имом Бухорий дуоси мустажоб – тўхтовсиз қабул бўладиган зотлардан эдилар. Жонларидан ўтгани учун мазкур душманлар ҳақида «Эй Аллоҳим! Менга қасд қилган нарсаларини ўзларига, авлодларига ва аҳли аёлларига кўрсатгин!» дея дуо қилдилар.

Бир ой ўтмасдан Тоҳирийларнинг амри келиб волий Холид ибн Аҳмад Зўҳлийнинг урғочи эшакка таскари миндириб сазойи қилинди.

Кейин у ҳажга бориш мақсадида йўлга чиқди. Боғдодга етганида халифа Мўътамаднинг укаси Муваффақ ибн Мутаваккил уни тутиб қамади ва қамоқда вафот этди.

Ҳурайс ибн Варқо аҳли аёлида балога учраб, васфига тил ожиз ҳолатлар бошига тушди.

Бошқа бири болаларида балога учраб Аллоҳ унинг бошига кўп кулфатларни солди.

Имом Бухорий Бухородан чиқиб Самарқанд томон юзландилар. У кишининг Самарқандга етмай икки фарсах масофадаги Хартанг қишлоғида қариндошлари бор эди. У киши мазкур қариндошларникига келиб тушдилар.

Имом Бухорий кечалари намоз ўқиб ибодат қилар эдилар. Бир кеча тунгги намоздан кейин «Эй Аллоҳим! Батаҳқиқ, ер юзи барча нарсаси ила менга тор бўлиб қолди. Мени ўзингга олгин!» деб дуо қилаётганлари эшитилди.

Ана шундан кейин бир ой ўтмай Имом Бухорий вафот топдилар.

«Табақотуш шофеъийя» китобида Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ғолиб ибн Жаброил – Имом Бухорий уйида турган кишидан «Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турди. Кейин бемор бўлиб қолди. Беморлик оғирлашганда Самарқанд волийсининг элчиси келиб, у кишини чиқишини сўради. (Аҳли Самарқанд Имом Бухорийни ўз шаҳарларига келишларини илтимос қилишган эди.)

Бас, бизни кўрганида уловга минишга тайёрлана бошлади. Махсиларини кийди. Салла ўради. Йигирма қадамча юрганидан кейин, мен билагидан суяб бормоқда эдим, бошқа бир киши миниши учун уловни етаклаб келаётган эди, у киши раҳматуллоҳи алайҳи «Мени қўйинглар, заифлашиб қолдим», деди.

Бир қанча дуолар қилганидан кейин ёнбошлади ва жон таслим қилди. Ундан тер оқди, сифатлаб бўлмайдиган даражада оқди. Уни кийимига киритгунимизча тер оқди. Унинг бизга қилган васятлари ичида «мени уч оқ кийим (латта) ила кафанланглар. Уларнинг ичида қомийс ва салла бўлмасин», деган эди. Биз шундай қилдик».

Абдулвоҳид Ибн Одам Тавовусий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрдим. У зот билан бир тўп саҳобалари ҳам бор. У зот бир ерда турибдилар. Салом берган эдим, алик олдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу туришингиз боиси не!» дедим.

«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутиб турибман», дедилар.

Бир неча кундан кейин унинг вафоти ҳақида хабар келди. Назар солсак, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган соатда вафот этган экан».

Имом Бухорий Шанбага ўтар кечаси, Рамазон байрамига ўтар кечаси Хуфтон намози пайтида вафот этдилар. Рамазон байрами куни, Пешин намозидан кейин, Шанба куни, икки юз эллик олтинчи ҳижрий сананинг биринчи Шаввол куни Хартангда дафн қилиндилар.

«Ал-Бидоя Ван-Ниҳоя» китобида Имом Бухорийнинг дафн маросимига бош-қош бўлган Иброҳим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади:

«Муҳаммад ибн Исмоилнинг дафнига мен мутасадди бўлганман. У Хартангда вафот этганидан кейин мен Самарқанд шаҳрига олиб бориб дафн қилмоқчи бўлдим. Аммо бир соҳибимиз бунга йўл бермади ва Хартангга дафн қилдик».

«Ал-Бидоя Ван-Ниҳоя» ва бошқа китобларда зикр қилинишича «Имом Бухорийнинг қабрлари тупроғидан Мискнинг ҳиди чиққан. Сўнгра қабр устидан оппоқ устунлар осмонга қараб бўй чўзган. Буни кўрган одамлар ихтилофли гапларни гапира бошлаганлар».

Имом Бухорий бу дунёда ўн уч куни кам олтмиш икки йил ҳаёт кечирганлар.

 

САҲИҲУЛ БУХОРИЙ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари расмий равишда юзинчи ҳижрий йил атрофида халифалик қилган Умар ибн Абдулазизнинг даврида бўлгани маълум ва машҳур.

Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Ушбу даврдаги ҳадис китобларини тасниф қилишдаги аоссий йўналиш китоб ёзаётган етиб келган ҳадисларни қоғозга тушириб китоб шаклига келтиришдан иборат бўлган десак хато қилмаган бўламиз.

Борган сари мазкур ҳадис китобларининг ҳажми катталашиб борган. Абдурраззоқ Санъоний каби ўша вақтнинг кўзга кўринган муҳаддислари тасниф қилган китоблар ўн ва ундан ортиқ жилддан иборат бўлиб қолган. Бу китобларнинг асосий мақсади бор ҳадисларни жамлашдан иборат бўлган.

Тарих ва таржимаи ҳолларга оид китобларга назар соладиган бўлсак, вақти соати келиб баъзи муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бўйича, одамларга ишончли манба, ҳидоят ва фойда булоғи бўлиши учун мухтасар бир китоб тасниф қилиш зарурати туғилган эди.

Имом Бухорий ушбу заруратни биринчилардан бўлиб англаб етдилар. У киши мазкур китобни тасниф қилишга бел боғладилар. Имом Бухорий бу ишни амалга оширишларига туртки бўлган ҳодисаларни ўзлари эслаб, гапириб юрганлар.

Хатиб Боғдодий ўзининг машҳур «Тарихи Боғдод» китобида бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг «Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдим. Бизга асҳобларимиздан бири, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича мухтасар бир китоб жамласаларингиз – чи, деб қолди. Бу гап менинг қалбимга ўрнашиб қолди ва ушбу китобни жамлашни бошладим», деганини эшитдим».

Ибн Имод Ҳанбалий ўзининг «Шазаротуз заҳаб фии ахбори ман заҳаб» номли китобида Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўдим. Мен У зотнинг олдиларидан туриб, қўлимдаги елпиғич ила елпимоқдаман. Баъзи таъбирчиларга тушимни айтсам, сен У зотдан ёлғонларни четлатасан экан, деди. Мана шу нарса мени «Саҳиҳ»ни чиқаришимга туртки бўлди», деганини эшитдим».

Ушбу икки ривоятни жамлаб, Имом Бухорий Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳматуллоҳи алайҳининг мажлисидан кейин туш кўрганлар ва икки ҳодиса машҳур китобларининг ёзилишига туртки бўлган дейишимиз мумкин бўлади.

Имом Бухорий бош асари бўлмиш бу китобни турли номлари билан аталади. Аммо у кишининг ўзлари қўйган расмий номни жуда оз сонли одамлар билади.

Китобнинг асли ва тўлиқ номи қуйидагича: «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Муснад мин ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айяямиҳи».

Китобнинг номини сўзма сўз таржима қиладиган бўлсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмлари ҳақида жамловчи, саҳиҳ ва муснад» деган маъно чиқади.

Китобнинг «Жомеъ» деб номланиши сабаби.

Ҳадис илми уламоларининг истилоҳида «Жомеъ» деганда ҳадиснинг барча қисмларини жамловчи деган маъно тушунилади. Унда ақийда, ҳукмлар, зоҳидлик, емоқ ичмоқ одоби, сафар, туриб ўтириш одоби, тафсир, тарих, сияр, фитналар, фазийлатларга оид ҳадисларни ўз ичига олган китоб деган маънони билдиради.

Бу ҳақда Валиюллоҳ Деҳлавий қуйидагиларни айтади: «Аҳли ҳадислар ҳадис илмини девонга киритиб тасниф қилганларида уни тўрт фандан иборат қилишган.

 

1. Суннат Фани. Яъни, фиқҳга оид нарсалар. Моликнинг Муваттоси ва Суфённинг Жомеъига ўхшаш китоблар.

2. Тафсир Фани. Ибн Журайжнинг китобига ўхшаш.

3. Сийрат Фани. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг китобига ўхшаш.

4. Зуҳд ва Рақоиқ. Ибн Муборакнинг китобига ўхшаш.

 

Бухорий мазкур тўрт фанни бир китобда жамлашни ирода қилди. Шу билан бирга Бухорийдан олдинги ва унинг замони уламолари саҳиҳилиги ҳақида ҳукм қилган ҳадисларнигина олишни йўлга қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган муснад ҳадисларнигина олишни раво кўрди. Китобдаги баъзи асарлар ва шунга ўхшаш нарсалар фақатгина ҳадисга тобеъ бўлган ҳолда келган. Асл бўлиб келмаган.

Шунинг учун ҳам унинг китоби «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Муснад» деб номланган. Яна Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳукм чиқаришга қаттиқ уринган. Ҳар бир ҳадисдан кўплаб масалаларни чиқарган. Буни ундан олдин ҳеч ким қилмаган».

 

Фақат саҳиҳ ҳадисларга суянилгани ҳақида.

 

Имом Бухорий ўзларининг «Жомеъус Саҳиҳ» китобларида фақатгина саҳиҳ ҳадисларга эътимод қилганлари ҳақида гаплар керагидан ҳам кўп. Бу ҳақиқатни у кишининг ўзлари очиқ – ойдин айтганлар ва бошқа уламоларни бу гапни қўллаб – қувватлаганлар.

Хатиб Боғдодий ўз санади ила Иброҳим бин Маъқалдан ривоят қилади:

«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Жомеъ» китобимга саҳиҳдан бошқани киритмадим. Чўзилиб кетмасин деб саҳиҳларни ҳам тарк қилдим» деганини эшитдим».

Имом Бухорий ўта парҳезкор ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлайдиган зот эдилар. Ҳадисларни таҳоратли ва поклик ҳолдагина ривоят қилар эдилар.

Хатиб Боғдодий ўзининг «Тарихи Боғдод» китобида Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилади:

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий менга «Саҳиҳ китобимга олдин ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқимай туриб бирорта ҳадис киритмаганман», деди».

Бундан Имом Бухорий ҳар бир ҳадисни ўз китобларига киритишдан олдин ғусл қилиб икки ракъат истихора намози ўқиганлари ва кўнгилларида кенглик пайдо бўлгандагина ҳадисни китобларига ёзганлари чиқади.

Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларига ўзлари ёд олган олти юз минг ҳадисдан саҳиҳларини ихтиёр қилганлар. У киши ўзларининг «Жомеъ»ларини ўн олти йил давомида тасниф қилганлар. Бу тасниф ишлари турли диёрларида давом этган. Унинг бир қисмни Бухорода, бошқа бир бўлагини Маккада, учинчисини Басрада ва ҳакозо тасниф қилинган.

Аҳдал кўпгина мақтовлар давомида қийидагиларни айтган:

«Одамлар унинг китоби саҳиҳ эканлигига иттифоқ қилганлар. Ҳатто кўпгина фақиҳлар бир киши «Саҳиҳ Бухорий»даги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган муснад ҳадис бўлмаса, хотиним талоқ бўлсин деса, талоғи тушмайди», деганлар».

«Жомеъ Саҳиҳ» ҳадислари сони ҳақида.

Бу борада қадимдан турли кишилар турли сонларини айтиб, ёзиб келганлар. Аммо биз охирги маълумотни келтириш билан кифояланамиз.

Муҳаммад Фуод Абдулбоқий рақамлаб чиққан ва «Салафия табъаси» номини олган нусхадаги ҳадисларнинг сони етти минг беш юз олтмиш учта ҳадисдан иборат.

«Саҳиҳ Бухорий»нинг ҳадис китоблар орасидаги мартабаси.

Ер юзидаги барча уламолар жумҳури: муҳаддислар, фақиҳлар, усулийлар, мутакаллимлар, наҳвийлар ва бошқалар «Саҳиҳ Бухорий» Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли ва саҳиҳ китоб эканлигига иттифоқ қилганлар. Барча уламолар бу китобни катта иноят билан қабул қилганлар ва юқори мақомга қўйганлар.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Саҳиҳ Муслим»га ёзган шарҳи муқаддимасида қуйидагиларни ёзади:

«Уламолар Қуръони Азиздан кейинги энг саҳиҳ китоблар Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларидир. Уммат бу икки китобни қабул қилиб олгандир. Бухорийнинг китоби иккисидан саҳиҳроғи ва фойдалироғидир.

Собит бўлган ҳақиқат шулки, Муслим Бухорийдан фойдаланган кишилардандир. У ҳадис илмида Бухорий беназир эканини эътироф қилгандир. Бухорийнинг китоби афзал экани ҳақида биз зикр қилган нарса ҳадис сирларини яхши билган ҳозиқлар жумҳури тан олган ҳақиқатдир».

Имом Дора Қутний ёзади: «Агар Бухорий бўлмаганида Муслим кетмасди ҳам, келмасди ҳам. Муслим нима қилган? Фақатгина Бухорийнинг китобини олиб, унинг асосида баъзи ҳадисларни чақарган ва баъзи зиёдалар киритган, холос».

Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий «Тарихул Ислом» китобида қуйидагиларни ёзади:

«Аммо Бухорийнинг «Жомеъус Саҳиҳ»и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. У китоб бизнинг вақтимизда одамлар учун энг олий санаддир. Ўттиз йилдан буён уни эшитиш олий мақом эканлигидан хурсанд бўлиб юрадилар. Бугун қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг. Агар бир одам ул китобни эшитиш учун минг фарсах йўл юрса, сафари зое бўлмайди».

«Саҳиҳул Бухорий»нинг уламолар, муҳаддислар ва фиқҳийлар мазҳаблари ва ижтиҳодлари турли бўлишига қарамай барчалари бараварига чуқур ўрганганлари, таҳлил ва шарҳ қилганлари, мухтасар ва ҳошиялар ёзганларидан билиб олинса ҳам бўлади. Уларни таърифлаш ва ўрганиш учун алоҳида китоблар ёзишга тўғри келади.

Замондош уламоларда дотор Абдулғани Абдулхолиқ ўзининг «Имом Бухорий ва унинг саҳиҳи» номли асарида «Саҳиҳул Бухорий»га боғлиқ шарҳ, ҳошия ва мухтасарлардан бир юз ўттиз биттасини келтирган.

Ушбу қисқача ва камтарона маълумотлар Имом Бухорий ва у кишининг китоблари ҳақида билишимиз лозим бўлган энг оз нарсалар эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Албатта, келажакда ватанимизда ҳам у кишининг ҳаётлари ва асарлари ҳақида катта ва кенг кўламдаги илмий ишлари қилинишидан ва кўпчиликка фойда келтиришидан умидвормиз.

 

АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД

 

Имом Бухорий ўша машҳур «Жомеъус Саҳиҳ» китобларида ҳам «Китабул адаб» деган қисм очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифлардан бир юз йигирма саккиз бобда уч юздан ортиғини келтирганлар.

Лекин Имом Бухорий бу билан кифояланмай, «Жомеъус саҳиҳ»га ўзларига етиб келган бошқа ҳадисларни ҳам қўшиб, «Ал-Адаб ал-Муфрад» номли китоб қилганлар. У киши бу мавзуни ўта муҳим ҳисоблаганларидан унга алоҳида китоб тасниф қилишни лозим кўрган бўлсалар керак.

Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишига одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида «маъдаба» ўзагида олингандир. Маъдаба эса одамларни даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба»-зиёфат бўлгани учун шу номни олган.

Абу Муҳаммад ўзларининг «Китобул Воъий» номли асарларида «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган» дейдилар.

Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи «Одоб фазийлатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир» деганлар.

Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган:

«Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир».

«Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир».

«Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир».

Бу ва бунга ўхшаш барча таърифларни тўпланганда исломда кўзланган «одоб» таърифи юзага келади.

Ҳозирги кунда ғарб маданиятига тобеълик тасирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади.

«Ал-Адаб ал-Муфрад» китоби ана шу муҳим масалага бағишлангандир. Китоб номидаги «Ал-Муфрад» сўзи фард – ёлғиз маъносини англатади. бошқача қилиб айтганимизда, фақат - ёлғиз одоб масаласига бағишланган китоб десак ҳам бўлаверади.

Имом Бухорий «Жомеъус саҳиҳ» даги «Китабул адаб»га ўзларига етиб келган бошқа ҳадисларни ҳам қўшиб, «Ал-Адаб Ал-Муфрад» номли китоб қилганлар. Бу китоб ҳам жуда мўътабар ҳисобланади. Унда Имом Бухорий фақат адабга оид 1322 та ҳадиси шарифни келтирганлар ва ўз одатларига биноан, уларни 644 та бобга бўлганлар.

Бу китобда ижтимоий алоқаларга ва кишиларнинг бир-бирлари билан бўладиган муомалаларига оид одобларга боғлиқ ҳадиси шарифлар келтирилган.

«Ал-Адаб ал-Муфрад»да ҳам Имом Бухорий «Жомеъус Саҳиҳ»даги услубни қўллаганлар. Баъзи жойларда Қуръони Карим оятларини ва саҳобаларнинг асарларини ҳам келтирганлар.

Яна таъкидлаб айтилиши лозим бўлган нарсалардан бири «Ал-Адаб ал-Муфрад»нинг ўзида келган барча ҳадислар ҳам «Жомеъус Саҳиҳ»даги ҳадислар даражасида эмаслигидир.

Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу китобдаги ҳадисларнинг ярми «Жомеъус Саҳиҳ»даги кабидир. Қолган ярми имом Муслимнинг «Саҳиҳ»идан кейинги ва Термизий, Насаий, Ибн Можа ва Абу Довудларнинг китобларидаги ҳадислардан юқори ўринда туради. Бу илмий ҳақиқатни аллома Юсуф Биннурий р-ҳ. ҳам таъкидлаган.

Шунингдек, «Ал-Адаб ал-Муфрад»да имом Бухорий «Жомеъус Саҳиҳ»да санади етмай қолган ҳадисларнинг санадини етказганлар. Кўп муҳаддислар аниқлай олмаган ровий ва баъзи сўзларни аниқлаб берганлар.

«Ал-Адаб ал-Муфрад»да бошқа китобларда йўқ хабарлар келган. Шубҳасиз, бу китоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адабларини ўзида жамлаган, исломий одоб ва ахлоқларни кенг тарғиб қилган бир китобдир.

Кўпчилик олимларимизнинг таъкиблашларича «Ал-Адаб ал-Муфрад» китоби одоб ва ахлоқ бобида битилган энг яхши китоблардан биридир. Унда келтирилган одоб ва ахлоқларни ўзида мужассам қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.

«Ал-Адаб ал-Муфрад»ни Имом Бухорийдан Аҳмад ибн Муҳаммад Баззор ривоят қилган.

«Ал-Адаб ал-Муфрад» китоби бир неча бор нашр этилган. Жумладан, Тошкентда ҳам 1970 йилда офсет йўли билан нашр қилинган.

«Ал-Адаб ал-Муфрад»ни Муҳибиддин Хатиб шарҳ қилгани ҳақида турли манбаларда маълумотлар бор.

«Ал-Адаб ал-Муфрад»ни кейинроқ 1399 ҳижрий санада вафот этган Ҳайдарободдаги Усмоний доулфунуни устози Саййид Фазлулоҳ Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳи шарҳ қилган. У киши ўз китобини «Фазуллоҳис Сомад фии тавзийҳи Ал-Адаб ал-Муфрад» деб номлаган.

Китобининг номидан ҳам унинг тўлақонли шарҳ эмаслиги балки, тавзийҳ-ойдинлаштириш эканлиги кўриниб турибди. Муаллиф ўз китобида «Ал-Адаб ал-Муфрад»да келган ровийлар ҳақида ва ҳадис ҳамда ривоятлардаги тушуниш қийин жойларни ёритиш билан кифояланган. Шунинг учун ҳам китоб аҳли илмларга ёрдамчи омил сифатида шаклланган.

Бу китобнинг муаллифи ўз муқаддимасида ўта аҳамиятли бўлишига қарамай «Ал-Адаб ал-Муфрад»нинг асл нусхаларини топишда қийланганини таъкидлаб ўтади.

Шунингдек, аллома Мунозир Аҳсан Кийлоний «Ал-Адаб ал-Муфрад» ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Энг ажабланарлиси, уммат ҳадиси набавий хизматига ўта берилгани ва унга оид китобларни шарҳ қилишга шавқли бўлишига қарамай, менимча, бизнинг замонимизгача ушбу «нодир дурдона»ни шарҳ қилишга эътибор бермаганидир».

Юқорида зикр қилинганларга асосланиб, сиз билан бизнинг шарҳимиз кенг мусулмонлар оммасига аталган биринчи шарҳ десак, муболаға қилмаган бўламиз.

 

КИТОБНИНГ НАҚЛ ҚИЛИНИШИ

Барчамизга маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асарлари бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий» ёки «Жомеъус Саҳиҳ» китоби бутун ислом умматининг иттифоқи ила Аллоҳнинг китоби – Қуръони Каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф қилинган.

Имом Бухорий ўша машҳур «Жомеъус Саҳиҳ» китобларида ҳам «Китабул адаб» деган боб очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифларни келтирганлар.

Албатта, ҳадиси шарифлар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққандан сўнг саҳобалар томонидан катта эътибор ва эҳтимом билан қабул қилиб олинган ва ундан сўнг улардан кейин келган авлодларга ишончлик асосда нақл қилинган.

Ўша нарса муҳаддисларимизга, шу жумладан Имом Бухорийга ҳам етиб келган. Ровийларнинг, ҳадисни нақл қилувчи шахсларнинг, шахсиятини чуқур ўрганиб, улар умрида ёлғон гапирмаганликлари, эшитган нарсаларини унутиш одатлари бўлмаганлиги, хиёнат ва бошқа бир салбий сифатлар бўлмаганлигига ишонч комил бўлгандан сўнг ва ўша шахс кимдан ривоят қилган бўлса, уларнинг учрашганлиги тўғрисида гувоҳ ҳам бўлганидан сўнг Имом Бухорий бу ҳадисни қабул қилганлар ва ўзларининг китобларига ёзганлар.

Демак, Имом Бухорийдан Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломгача бўлган силсила жуда аниқ равишда ўрганилган. Буни ҳамма билади, мазкур ровийлар силсиласини санад дейилади. Санадда бир неча кишилар бўлади.

Имом Бухорийнинг «Жомеъус саҳиҳ»ида силсила заҳабия деган санадлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Имом Бухорий ораларидаги ровийлар уч кишидан иборат. Яъни, Имом Бухорий билан Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг ўрталарида уч киши бор. Ана шу уч кишигина ривоят қилган ҳадисларни тўплаб, «Сулосияти Бухорий» деган китоб ҳам қилинган.

Бошқа ҳадисларда ровийлар сони тўрт, беш, олти, етти кишигача етган ҳолатлар бор. Лекин биз ҳозир айтмоқчи бўлган гапимиз Имом Бухорийдан буёғи – бизгача етиб келиши қандоқ бўлган? Бу улкан илмий иш дақиқ илмий ҳаракат асосида мусулмон уммати учун жуда аниқлик билан тутиб келинган услуб орқали етказилган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, катта илмий баҳслардан сўнг, ишончли бўлгани аниқланганидан сўнг Имом Бухорий ҳадисларни китобларига ёзганлар ва мазкур китобни кўпчиликка ўқитганлар. Оддий одамларга, тенгдошларга, шогирларига ва бошқаларга.

Имом Бухорий Бухорога келганларида Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган, дарс ўтганларида маълум бир масофада одамлар туриб, уларни мубаллиғлар дейилади, яъни, етказувчилар, Имом Бухорийнинг оғзиларидан нима чиқса, халққа етказиб турганлар. Ҳамма эшитиб, ёдлаб, ёзиб борган.

Ана шу тарийқада Имом Бухорий ўз китобларини ўқитганларидан сўнг шогирдларидан ким бу китобни ёзган бўлса, ёки имомнинг қўлларидаги нусхадан кўчирган бўлса, Имом Бухорийнинг олдиларида ўтириб, муҳаддисларнинг муқобала деб атайдиган услубини қўллаб, солиштириб чиққан. Ҳар бир сўзи сўзига тўғрими, йўқми.

Солиштириб чиқиб, хато бўлса, бир аломат қўйиб туриб, чеккасига тўғрилаб ёзилган. Шундай дақиқ бўлганки, агар бирор сўз ёки бирор қатор нотўғри кўчириб қолинган бўлса ёки такрор бўлган бўлса, уни ўчириб юбориш мумкин бўлмаган.

Қайси бир қўлёзмада бирон нарса ўчирилган бўлса, бу ерда хиёнат бор экан, деб ҳеч ким қабул қилмаган. Ўша хатонинг устига чизиб қўйиш билан тўғриланган. Устига чизилган, тагида нима борлигини ҳамма билади. Демак, у ерни ўқимайди. Лекин ўчиб кетган бўлса-чи, эҳтимол керакли нарса ўчирилгандир, деган шубҳа билан уни қабул қилинмаган.

Шунинг учун ўша кўчириб олинган нусхани устознинг ўзи охиригача ўтириб, кўрган. Солиштириш пайтида шогирднинг нусхасини устоз қўлига олади, устознинг нусхасини шогирд қўлига олади-да, солиштирилади. Охирги ҳарфигача тўғри бўлгандан кейин устоз «мен ўз шогирдим Фалончи ўғли Фистончига фалон кунлари, шунча муддатда ўзимнинг китобимни ўқитдим. У кўчириб олди, текширдим, ҳеч қандай хатоси йўқ, бунга ижозат бераман» деган ижозатнома ёзиб берган.

Бу борадаги китобларни ўқитиш, сақлаш, ўша қўлёзма китобни уйда сақлашнинг ҳам қонун-қоидалари бўлган. Қайси ҳолатда сақлайди. Сандиқнинг ичида китобдан бошқа нарса бўлмаслиги керак. Ўзидан бошқа одам сандиқни очмаслиги керак. Сандиқ қулфли туриши керак ва шунга ўхшаш бошқа бир қанча шартлари бор. Ўша шартдан бирортасига амал қилинмаса – тамом, ўша қўлёзманинг қадри кетади, биров унга ишонмайдиган бўлиб қолади.

Демак қўлёзмалар шу тарзда бирин-кетин ўтиб, Имом Бухорийдан бизга қараб келаверган. Охири келиб чоп қилинган бўлса, қайси қўлёзмадан қилинганлигини очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.

Ана шундай бўлиб, ҳар бир ҳадис ўқувчига, ҳар бир ҳадис эшитувчига ўзининг силсиласи пайдо бўлади. Ҳадис тўғрисида гап кетаётганда ҳадиснинг бу тарафидаги ҳадис ўрганаётган толиби илм турса, у тарафида Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом туришларини унутмаслик керак бўлади. Мана шу биз ўрганаётган «Ал-Адаб Ал-Муфрад» китобида бошида ҳам ўша нарсага ишора бор.