Имом ал-Байҳақий ал-Ҳасан Абу Абдуллоҳдан ҳадис илмида, Абу ал-Фатҳ Носир ибн Муҳаммад ал-Марвазийдан фиқҳ илмида кўп сабоқ олдилар. Кейинчалик ҳадис илми билан кўпроқ машғул бўлиб, машҳур муҳаддис сифатида таниладилар. Имом ал-Байҳақий ҳадис талабида Ироқ, Ҳижоз, Хуросон ва бошқа кўп юртларга сафар қилиб, жуда кўпчиликдан ҳадис эшитиб, тўплайдилар. Абу ал-Ҳасан Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ал-Улвий, Абу Абдуллоҳ ал-Ҳоким, Абу Тоҳир ибн Маҳмаш, Абу Бакр ибн Фаврок, Абу Али аз-Завзборий, Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Бонвайҳ, Абу Абдурраҳмон ас-Силмий, Ҳилол ибн Муҳаммад ал-Ҳуффор, Абу ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Фаррос, Жанноҳ ибн Назийр шулар жумласидандир. Имом ал-Байҳақий жуда кўп китоблар ёздилар. Бу китоблар 1000 мужалладга яқин деб ҳам айтилади.
Китоб ва таълифлари: «Исботи азоб ул-қабр», «Ал-Арбаъийн Аби Бакр ал-Байҳақий фил-ахлоқ (40 бобга бўлинган 100 ҳадисдан иборат китоб), «Ал-Интиқод ала аш-Шофеъий», «Баяну хатоин мин ахтои ала аш-Шофеъий», «Тарғийб ас-Солати», «Ал-Жамиъ ал-муснафи фии шуъаб ал-Иймон», (Бу китобга Имом ал-Байҳақийнинг ва Имом Муҳйиддин Муҳаммад ибн Ҳамвайҳ ва Шайх Жамолиддин ас-Суютийнинг шарҳлари бор), «Далоил ан-Нубувва» – Сирожидин Умар ибн Али ал-Мулаққаннинг шу китобга мухтасарлари бор, «Ас-Сунан ал-Кабийр ва ас-Сағийр» (Иброҳим ибн Али ибн Абдуллоҳ ад-Димашқий Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий ва Абдулваҳҳоб ибн Аҳмад аш-Шаъроний мухтасар қилишган), «Китоб ал-асмои ва ас-сифаат», «Китоб ал-иътиқод ва ал-ҳидоя ила сабийл ал-иршод», (Имом Бурҳониддин Иброҳим ибн Умар ал-Бақоийнинг «Хайр аз-зод мин китоб ал-иътиқод» номли китоблари бор), «Китоб ма варода фии ҳаяти ан-анбия баъда вафатиҳим», «Ал-Мубассат фии фуруъ аш-Шафеъия», «Ал-Муҳит» (ҳадис илмида), «Маолим ас-сунан» – Фаҳруддин Абу ал-Ҳасан Исо ибн Иброҳим мухтасар қилганлар, «Маърифат ас-сунан ва ал-аасар», «Манаақиб ал-Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал» ва бошқалар.
Имом ал-Байҳақий ҳижратнинг 458 йили Нисабурда вафот этганлар.