loader
Foto

«Фил» сурасидаги воқеаларга ким гувоҳ бўлган?

Даставвал, шуни таъкидлаш жоизки, бу ҳодисаларнинг нафақат гувоҳи, балки бевосита иштирокчиси Абдулмуталлиб бўлган – Аллоҳнинг росули соллоллоҳу алайҳи васалламнинг боболари. Тафсирларда баён қилинишича, Абраҳа Маккага одам юбориб у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи Абдулмутталибни етаклаб келди. Абдулмутталиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди.

Абраҳа уни кўриб қойил қолди ва тахтидан тушиб унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга:

«Сўрагин, менда нима ҳожати бор экан?» деди. Абдулмутталиб:

«Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг» деди. Абриҳа таржимонга:

«Унга айт! Келганингда сени кўриб қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан» деди.

Абдулмутталиб:

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ҳам ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади» деди.

Абраҳа:

«Мендан ҳимоя қилолмас» деди.

Абдулмутталиб:

«Ўз билганингни қилавер» деди. Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмутталиб Маккага қайтиб одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо қилиб дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди. (Табарий, Розий, ибн Касир ва Ҳилол тафсирлари).

Олимларнинг фикрига кўра, “Фил воқеаси” деб номланган ҳодисалар ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликни олишига қадар қириқ йил вақт ўтган. “Фил” сураси нозил қилинганда қурайш қарияларининг ҳали кўпчилиги тирик эди.

Агарда бундай воқеа содир бўлмаганда, мўйсафидлар Аллоҳнинг росули соллоллоҳу алайҳи васалламни ёлғонда айблашган бўларди. Лекин Аллоҳ Таолонинг пайғамбари Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга кўп йиллик душманона муносабатда ва унинг Исломга даъватига қарши бўлишсада, улардан ҳеч бири “фил” воқеасини инкор этишмаган ва бу бундай ҳодиса ҳақиқатда содир бўлганлигини тасдиқлайди.

Маълумки, Фил сураси “Роббинг фил соҳибларини нима қилганини кўрмадингми?” деган мурожаат билан бошланади, саволнинг бундай шаклда берилиши, Макка аҳолисининг бари ҳудди ўзлари кўргандай бу воқеадан хабардор бўлганликларидан далолат беради. Ва бу сура нозил қилинган пайтда, Маккада шу воқеанинг жуда кўп бевосита гувоҳи бўлганлар истиқомат қилган. Уларнинг орасида ўша пайтда ёшлари элликдан сал ошган Абу Куҳафа, Абу Толиб, Убай ибн Халафлар бўлган.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади