loader
Foto

Шафқатсизларча ўлдирилган журналистнинг оиласи: биз Жамол Хашукджининг қотилларини кечирамиз

Бу ҳақда твиттерда журналистнинг ўғли - Салоҳ Хашукджи хабар берди.

Салоҳ Хашукджининг сўзларига кўра, оила аъзолари бу қарорни "Қодир Аллоҳ номи билан" қабул қилишган.

Бу сўзларни тасдиқлаб, у Қуръони Каримнинг "Шўро" сурасининг бир оятидан иқтибос келтирди:

«Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир. Ким афв этса ва ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зот золимларни севмас». («Шўро» сураси, 40-оят)

Аввалроқ Салоҳ Хашукджи отасини ўлдириш мавзусини сиёсий мақсадларда ишлатишга қарши эканлигини бир неча бор айтган эди.

Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз отасининг ўлдирилиши муносабати билан унга ҳамдардлик изҳор этган видеолар ижтимоий тармоқларда жойлаштирилди.

Washington Post билан фаол ҳамкорлик қилган таниқли саудиялик журналист Жамол Хашукджи 2018 йил 2 октябр куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги Бош консулхонаси биносида ўлдирилган.

Тергов натижаларига кўра, Туркия Бош прокуратураси журналист режаланган қотиллик қурбони бўлган деган хулосага келган. Хашукджи дипломатик ваколатхона биносига киргандан сўнг дарҳол бўғилиб ўлдирилди.

Қотилликдан сўнг Хашукджининг жасади қисмларга ажратилиб, йўқ қилинди.

Туркия Истанбулда Хашукджи иши бўйича суд жараёнини ташкил қилишни қўллаб-қувватлади ва ар-Риёдни журналистни ўлдиришда иштирок этганларни экстрадиция қилишга чақирди.