Eвропа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович 23 июн, сешанба куни Москва ва Санкт-Петербургда 100 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини танқид қилди. Бу каби тадбирлар "Россия расмийларининг ўз нуқтаи назарларини тинч йўл билан билдирадиган одамларга нисбатан муросасизлигининг яна бир намойишидир", дейилади Европа Комиссари баёнотида.
Миятович таъкидлаганидек, COVID-19 пандемиясига қарши чекловлар ҳуқуқ ва эркинликларни ҳаддан ташқари чеклаш учун ишлатилмаслиги керак. У Россия ҳукуматини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунларни "Eвропа стандартларига мувофиқлаштириш" учун қайта кўриб чиқишга чақирди. 2020 йилда Россия Федерациясига ташриф буюрадиган Европа комиссари яқин кунларда Россиядаги вазиятни диққат билан кузатиб боришни режалаштирмоқда.
Санкт-Петербургда 22 июн куни «Сети» шов-шувли ишида икки айбланувчига ҳукм эълон қилинди. Юлий Бояршинов ва Виктор Филинков Россия Федерациясида тақиқланган террорчилик жамоасида иштирок этганликда айбдор деб топилиб, тегишли равишда 5,5 ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм эълон қилингандан сўнг хавфсизлик хизмати ходимлари айбланувчиларни қўллаб-қувватлаш учун суд биносига келган одамларни ҳибсга олишга киришдилар. Москвада айбланувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор пикетлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари ҳам ҳибсга олинди.
Бундан ташқари, Миятович Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова билан видеоконференция ўтказди. Европа Кенгаши Комиссари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун хавфсиз ва қулай муҳитни таъминлаш зарурлигини таъкидлади, шунингдек, Россияда юз берган қатор жиддий воқеалар юзасидан хавотир билдирди. Улар орасида Светлана Прокопева (терроризмни оқлашда айбланган псковлик журналист), Абдулмумин Гаджиев (Доғистоннинг «Черновик» газетаси муҳаррири, терроризмни молиялаштиришда айбланган), Юлия Цветкова (порнографияни тарқатишда айбланган), Анастасия Шевченко ("Открытая Россия" фаоли, Россия Федерациясида номақбул ташкилот фаолияти ҳақида модда бўйича айбланган) ва Юрий Дмитриев ("Мемориал" нинг Карелия бўлими раҳбари, болалар порнографиясини тайёрлашда айбланган).