loader
Foto

Нацизм ва коммунизм: улар бир хил даражада жиноятчиларми?

1999 йил «Новая Польша» саҳифаларида иккита машҳур мутафаккирнинг сиртдан олиб борган баҳси: француз сиёсатшуноси, Россия ва СССР тарихи бўйича мутахассис Ален Безансоннинг тезислари ҳамда поляк файласуфи Лешек Колаковскийнинг жавоби чоп этилган. Орадан шунча йиллар ўтган бўлсада, уларнинг фикр-мулоҳазалари, худди ушбу муаммонинг ўзидек, ҳанузгача долзарб саналади.

Ален Безансон:

Гитлер нацизми ва коммунизм – бир хил даражада жиноятчи тизимдир: уларнинг иккаласи ҳам оммавий жиноятлар ва геноцидга йўл қўйган, иккаласи ҳам миллионлаб одамларни ахлоқий жиҳатдан бузган. Бироқ, тарихий хотира уларга турли йўллар билан муносабатда бўлган: агар фашизм жиноятлари доимо эслатиб турилса, коммунистларнинг ҳокимияти остидан чиққан кўпчилик мамлакатларда уларнинг жиноятлари унутилмоқда, икки ёки уч авлод вакилларини ўлдириш, қамоқда чиритиш, хонавайрон қилиш ва онгини заҳарлаш учун жавобгар бўлганларни жазолаш ҳақида умуман гап ҳам бормаган. Нацизм ва коммунизмга муносабатдаги номутаносиблик қаердан пайдо бўлган?

Биринчидан, нацизм кўпроқ маълум, чунки иттифоқчилар унинг "скелетлари бўлган шкафи" ни кенг очдилар ва Ғарб давлатларининг ўзлари гитлерчилар томонидан содир этилган ваҳшийликларни бошдан кечирдилар. Совет ГУЛАГи ва унинг Хитойдаги аналоги, Лаогаи эса - узоқдаги ва жуда мавҳум нарса.

Иккинчидан, яҳудий халқи нацизм жиноятларини эслатиб туриш миссиясини ўз зиммасига олган. Фашистлар томонидан содир этилган геноцид унутилмагани учун инсоният яҳудийларга миннатдор бўлиши керак.

Учинчидан, нацизм ва коммунизм сиёсий спектрнинг қарама-қарши - ўнг ва чап қутбларига нотўғри тарзда жойлаштирилган. Кўпгина зиёлилар маккор коммунистик шиорларни ҳакиқат деб қабул қилиб, коммунизмни сўл кучлар қаторига киритган. Нацизмнинг илдизлари ўнг қанот мафкурасида кўринди. Айни пайтда, Италия ва Германия фашизми илдизлари сўл қанот демагогиясига бориб тақалади.

Тўртинчидан, гитлерчилар Германиясига қарши уруш даврида демократик давлатларнинг Совет Иттифоқи билан ҳарбий иттифоқи Ғарбнинг коммунизмга қарши ҳимоясини заифлаштирди ва ўзига хос интеллектуал қамал ҳосил қилди. Демократик давлатлар Гитлерни мағлуб этиш йўлида оғир қурбонликларга учрадилар, кейин эса Совет режимини тўхтатишга кучлари етмади. Мувозанатни сақлаш мақсадида охир-оқибат коммунистларнинг мавқеини ушлаб туришига ёрдам беришди.

Бешинчидан, совет мафкурачиларининг энг катта ютуғи шундан иборат эдики, улар сиёсий режимларни таснифлаш тизимини ёйдилар ва кенгайтирдилар: социализм капитализмга қарши қўйилди, социализм эса Совет тузуми билан боғлиқ тсаввур қилинарди.

Олтинчидан, коммунистлар ҳокимияти хотирасини сақлаб қолишга қодир бўлган гуруҳлар заифлиги катта роль ўйнади. Нацизм 12 йил ҳокимият тепасида бўлган, Европа коммунизми эса 50-70 йил ҳукмронлик қилган. Бунда узоқ вақт давомида жамият эзилди, элиталар аста-секин йўқ қилинди ёки қайта ўқитилди. Алдов, хоинлик ва ахлоқий бузуқликлар устун келди. Энг мустақил фикрловчи одамлар ўз тарихи билан танишиш имкониятидан маҳрум қилинди ва таҳлил қилиш қобилиятини йўқотди. Тоталитар тузум қулагандан кейин ахлоқий тамойиллар ва ақлий қобилиятларни тиклаш энг қийини бўлди. Германия СССРдан кейинги Россиядан кўра яхшироқ ҳолатда эди: Гитлерда фуқаролик жамиятини йўқ қилиш учун етарли вақт бўлмаган.

Еттинчидан, коммунизм билан боғлиқ ҳолатда кузатилаётган амнезия нацизм хотирасининг гипертрофияланишига олиб келади. Ваҳоланки, ҳар иккала тизимни қоралаш учун яхши, чин хотира кифоя қиларди.

Бизнинг кўз ўнгимизда ёлғон, сохта тарих яратилмоқда; келгуси авлодларга айнан шундай тарих қоладиган бўлса, бу жуда ёмон. (Ален Безансоннинг француз журнали «Commentaire»да чоп этилган «Хотира ва унутиш» мақоласидан тезислар. Маколанинг тўлиқ матни рус тилида йд китобда чоп этилган: Безансон А. Бедствие века. Коммунизм, нацизм и уникальность Катастрофы. М.; Париж: Рус. мысль, 2000.)



Лешек Колаковский:

Менинг дўстим Ален Безансон коммунизм ва нацизмни идрок қилишда ҳайратда қолдирадиган номутаносибликни, шунингдек, буюк тарихнинг бу икки ўйинчоқларини баҳолаш мезонларидаги тафовутларни изоҳлайдиган сабаблар узундан-узоқ рўйхатини тақдим этибди. Шубҳасизки, бу сабабларнинг барчаси тўғри айтиб ўтилган, лекин мен ўйлайманки, Безансон тасвирлаган умумий манзара тузатишлар киритишни талаб қилади.

Аслида ҳам, национал-социализм ва коммунизм эгизакларми? Бундай ҳолат ўринга эга бўлиши мумкин: ҳар қандай тарихий парадокс ҳолатида бўлгани каби, унинг фойдасига гапирадиган ва бунга қарши бўлган далиллар топишимиз мумкин.

Бир ҳолатда биз тегишли сиёсатни амалга оширувчи ва шунинг учун ҳеч қандай "сохта онг" га муҳтож бўлмаган ирқ ёки миллатнинг устунлиги ғоясига асосланган тоталитар тузумга эгамиз. Бошқа бир ҳолатда - байналмилалчилик, тенглик, инсонпарварлик мафкурасига асосланган ва одамлар муштараклги, халқлар биродарлиги, умумбашарий тинчлик каби қадриятларга мурожаат қилган худди шундай тоталитар тузум зулмдан озод бўлишни, қашшоқлик ва ишсизликнинг тугашини ваъда қилади, фаровонлик давлатининг келишини эълон қилади ва ҳоказо.

Нацизм катта ёлғонларга эҳтиёж сезмаган, у ёки бу даражада ошкора гапирган.

Коммунизм эса ёлғон тимсоли, монументал ёлғон бўлиб, унинг кўлами жуда улуғвор эди. Фарқ катта эмасми? Мен бундай деб ўйламайман. Коммунистик режимларнинг бутун тарихи бу масаланинг муҳимлигидан далолат беради. Коммунизм кўп йиллар давомида фашизм ҳайратда қолдирган одамлардан кўра бошқа турдаги одамларни жалб қилди: инсониятга ишонган ва қашшоқлик ва ишсизликнинг бўйинтуруғи тез орада ташланишини; милитаризм, миллий ва ирқий таъқиблар, нафрат ва урушлар тез орада тугашини тасаввур қилганларни жалб қилди.

Бу барча хаёллар, қанчалик фантастик бўлиб кўринмасин, бир неча йил ўтиб жиддий оқибатларга олиб келди. Айнан улар туфайли коммунизм қаърида унинг мухолифлари ва танқидчилари пайдо бўлиши мумкин эди. Игнацио Силоненинг коммунистлар ва собиқ коммунистлар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиши ҳақидаги машҳур баёноти, эҳтимол, жуда бўрттирилган эди, аммо шунга қарамай, бу тизим ичидан путур етказган ва унинг якуний пасайишига олиб келган жараёнда муҳим роль ўйнади. Сохта имондан воз кечган кўплаб коммунистлар унга муваффақиятли ҳужум қилишлари мумкин эди, чунки улар илгари бу мафкурага содиқ эдилар. Уларнинг овози эшитилиб, ўтмишлари туфайли кенг янгради.

Сўқирликнинг яна бир манбаи - урушдан олдин ҳам, кейин ҳам Совет Иттифоқига келган ва уни мақтаган ғарблик маслакдошлардир (гарчи истиснолар ҳам бўлган бўлсада: Антон Цилига, Панаит Истратига ва баъзи поляк ёзувчилари). Фашистлар Германиясига нисбатан бундай нарсалар умуман содир бўлмаган. Коммунизм оламига бу зиёратчилар ёлғоннинг қарор топишига катта ҳисса қўшдилар.

Бундан ташқари, Россияда большевизм бошидан террорчилик режими эди, лекин у дастлаб ҳар томонлама алдаш ниқоби ортида яширинишга муҳтож эмасди. Унинг ёлғончилиги аста-секин ошиб, кеч сталинизм даврида чўққига чиқди. Коммунизм мафкуравий ҳақиқийлик муҳитида илк қадамларини ташлади. Уни бепушт деб аташ адолатсизлик бўлади: коммунизм маданий формация сифатида адабиёт, шеърият, кино, театр ва рассомлик тарихида ҳанузгача сезиларли ва жуда муҳим бўлган изларни қолдирди. Албатта, Сталиннинг ёлғонлари қўрғони кучлироқ бўлганидек, муносиб асарлар сони ҳам камайди. Уруш пайтида ва уруш тугаганидан кейиноқ маълум бир маданий жонланиш содир бўлди, лекин унинг илҳом манбалари коммунистикдан кўра кўпроқ ватанпарварлик эди. Ўшанда бир неча арзигулик асарлар чоп этилганди. Нацизмнинг маданий тарихи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкинми? Ўйлайманки, йўқ. Маданиятда нацизм фақат вайронагарчилик ва вандализм келтириб чиқарди.

Маҳбуснинг жавоби

Бундай ташхис асосида савол берилиши мумкин: Воркутада ўлаётган бир маҳбус Дахауда худди шундай қисматдан қочиб қутулганидан ўзини мамнун ва бахтли ҳис қилиши керакмиди? Бу менинг демагогик саволим ва уни Безанcон боғлаш керак эмас. Жавоб бераман: йўқ. Шуни қўшимча қилиш керакки, коммунистик эътиқод ҳали тирик бўлган бир пайтда мафкуравий садоқат даражаси ва тарафдорларининг фидокорлик руҳи барқ уриб турарди. Кўплаб коммунистлар ГУЛАГда ўз эътиқодидан воз кечишган бир пайтда лагерлар даҳшатидан омон қолган ва қайтишга (масалан, Польшага) муваффақ бўлганларнинг кўпи Сталин сиёсатида иштиёқ билан иштирок этган.

Бу, албатта, коммунизмнинг ахлоқий устунлигини эмас, фақат фанатизм кучини кўрсатади, лекин бундай даражада кўрликка олиб келиши мумкин бўлган шароитларни таҳлил қилиш қизиқарлидир.

Агар мурдалар сони бўйича ҳисоблайдиган бўлсак, Сталиннинг эришган «ютуқ»лари Гитлерникидан кўра анча салмоқлидир. Бироқ, нацистлар давлати фақат 12 йил давом этгани ва бу вақт давомида даҳшатли уруш бўлганини, коммунизм дунёдаги кўплаб мамлакатларни, жумладан, 50 млн киши ҳалок бўлгани унчалик ҳис қилинмайдиган дунёдаги энг йирик аҳолига эга мамлакатни қамраб олганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу мезон билан уларни солиштириш қийин.  Бироқ, бу тарихий таққослашнинг ягона ёки ҳатто энг муҳим мезони эмас (гарчи мен дор остида турганлар бу фикрга қўшилмаслигига ишонаман).

Коммунизм доирасидаги тафовутлар

Сталинизм даврида, яъни урушдан кейинги дастлабки йилларда "халқ демократияси" мамлакатларида суд ҳукми билан ҳам, суддан ташқари қотилликлар ҳам содир этилди (бу ҳолат кейинчалик ҳам кузатилди, лекин камроқ). Партия раҳбарларига нисбатан қийноқлар, қўрқитиш ва кўргазмали жараёнлар бўлди (шу каби ишлар тайёрланган, аммо Сталин вафотидан сўнг тергов тўхтатилган Польша ва ГДР бундан мустасно). Деҳқонларга қарши уларни коллективлаштиришга мажбур қилиш мақсадида, шунингдек, кичик тадбиркор ва ҳунармандларга қарши репрессиялар бўлди. Бироқ, совет халқи бошдан кечирганлари билан таққослаганда, бу геноцид номига лойиқ бўлмаган ўртача кўнгилсизликлардир (30-йиллардаги улкан тозалашлар, уруш пайтида бутун бошли халқларнинг кўчирилиши ёки кенг кўламли лагерлар тизимидан фарқли ўлароқ).

Нисбатан қисқа вақт ичида шаҳарсозлик, саноатлаштириш ва таълим соҳасидаги тараққиёт ҳамма жойда амалга оширилди: университетлар ва бошқа олий ўқув юртлари мафкуравий жиҳатдан қайта тикланди, аммо, яхшиямки, бу ортга қайтаримас эмасди, бунга социалистик лагерь мамлакатларидаги вазият яхшиланганида ишонч ҳосил килиш мумкин. Шунинг учун коммунистларнинг хизмати деб ҳисоблаш мумкин бўлмаса-да, тараққиёт аҳамиятли эди. У бутун Европа бўйлаб борди, социалистик лагерь мамлакатларда эса қолганлардан анча секинроқ. Шунга қарамай, у ерда ҳам бўлиб ўтганини алоҳида таъкидлаш лозим, бу еса Гитлер оккупацияси ва "халқ демократияси" нинг бир хил табиатга эга эканлиги ҳақидаги фикрни бемаъни деб ҳисоблашга яна бир сабаб беради.

Тўғри, коммунистик диктатуранинг шафқатсизлиги узоқ вақтдан бери муносиб баҳоланмади, қасддан сукут сақлаб келинди ёки шунчаки Ғарбда маълум эмасди ва Ален Безанcон бу ҳодисанинг сабабларини жуда аниқ таърифлади. Бироқ, 1989-йилдан кейин католик черковининг примаси бошчилигидаги Польша мухолифати "унутиш ва кечириш" ни тавсия қилганига ишониш нотўғри. Баъзан кечириш мумкин, лекин унутиб бўлмайди ва менимча, Ален Безанcон унинг тезисини тасдиқлайдиган иқтибос топа олмасди.

Кутубхонамдаги китобларга назар ташласам, коммунизмнинг ҳақиқий тарихи унутилиб, таҳлилсиз қолганини ҳис қилмайман: Конквист, Пайпс, Геллер, Некрич, Солженицын, Волкогонов, Улаа, Малия ва ўнлаб америкалик, россиялик, поляк ва бошқа муаллифлар, жумладан, Ален Безансоннинг асарларини кўраман. Польшада коммунистик давр ҳақида кенг тарихий адабиётлар ва хотиралар ёзилган бўлиб, янги нашрлар доимий равишда пайдо бўлиб туради. Совет архивларининг очилиши, кутилганидек, самарали бўлди. (Улар яна ёпилаётганини айтишади, лекин бу хазинанинг калити валюта эканлиги ҳақида миш-мишлар мавжуд. Эҳ, мана, ҳамма жойда ҳозиру-нозир капитализм!)

Коммунизм эволюцияси

Коммунистик тузум, албатта, қонун устуворлиги билан бошқариладиган давлатга айланиши мумкин бўлган механизмга эга эмасди. Шундай бўлса-да, у ҳар доим ҳаракатсиз монолит эди, Сиёсий бюрога боғлиқ бўлмаган ҳеч ижтимоий жараёнлар содир бўлиши мумкин бўлмаган жой деб айтиш бемаъниликдир. Жамият чуқур ўзгаришларга учраган ва ҳокимият аппарати кўпинча ташқи куч таъсирига бўйсунишга мажбур бўлган. Хрушчевнинг машҳур маърузаси, албатта, янги пайдо бўлган Демокритнинг овози эмас, аксинча, унинг занжирларини бузган қулнинг ҳайқириғи эди. Лекин, энг аввало, бу партия аппаратининг хавфсизлик пакти бўлиб, Сталин сингари ҳеч ким яна ўз қўлида ҳокимиятни жамлашга йўл қўймаслиги керак, деб ташвишланган эди. Айнан мустабидлик кўлами туфайли Марказий қўмита котиблари ва маршаллари, эртанги кунга ишончи комил эмасди, қолган ҳамма одамларни эса айтмасак ҳам бўлади. Ҳолатлар мажбур килган бу ҳисобот, албатта, мамлакатда вазиятни ўзгартирди (эсимда, 1956 йил француз коммунистлари у мавжуд эканлигига ишонишни истамаган).

Сталин ўлимидан сўнг социалистик лагернинг барча мамлакатларида тизимни сақлаб қолиш истаги давом этди, аммо турғунлик ва қайта тикланишларга қарамасдан, тизимнинг тоталитар хусусиятлари заифлашди — иқтисодий офатлар таъсири остида ва баъзан ҳатто давлат босими остида. Мафкура тез орада ўз ҳаётийлигини йўқотди ва уни энди ҳеч ким жиддий қабул қилмай қўйди. Горбачев ислоҳотларидан мақсад Ғарбни алдаш эди, лекин аслида улар СССРда ҳеч нарсани ўзгартиришмади дейиш бемаънилик бўларди.

Ҳеч ким у Совет Иттифоқининг тарқалиб кетишини истамасди, деб шубҳа билдирмайди - у тизимни янада самарали қилишни истади ва бу эркин ахборот алмашинувини талаб қилади, деб тушунди. Натижада, бошқа кўплаб ислоҳотчилар каби, у такомиллаштириш истагида бўлган нарсани йўқ қилди. Мен Горбачев даврида Москвага ташриф буюрдим ва у ерда сўз эркинлиги, мустақил газета ва матбуот агентликлари пайдо бўлганини кўрдим. Одамлар тортинмасдан, қўрқмасдан фикр билдириб, ҳамма нарса ҳақида гапирарди. Совет ҳукуматини йўқ қилган сўз эркинлигини арзима деталь деб айтишга ким журъат қилади?

Коммунистик мафкура сўз эркинлиги билан бирга мавжуд бўла олмасди; қолаверса, мен назарияга кўра, на Горбачев, на Валенса умуман бўлмаслиги мумкин эди, деб ҳисоблаган бир назариячини биламан.

"Ёвуз империя" ни тарк етган кўпчилик мамлакатларда (шунингдек, деҳқонларнинг колхозларни тугатишга қаршилиги каби) собиқ коммунистик партияларнинг сайловдаги муваффақияти ҳайратланарли ва кутилмаган ҳолдир. Бу ғалати "ортга қадамлар" сабаблари ҳақида кўп ёзилган, ва улар ҳам коммунистик ҳукумат ягона ва яхлит бир улкан нарса эканлигини кўзда тутадиган назариясига мос эмас.

Тафовутлар жиддийлиги

Мен большевизм ва нацизм бир-бирига фақат сайловларни бекор қилиш каби бир нечта юзаки хусусиятлар билан ўхшайди, лекин улар турли хил моҳиятларга, турли синф табиатларига ва ҳоказоларга эга деб ҳисоблаган Троцкий томонидан эълон қилинган абсурдликни такрорлашни истамасдим. Аксинча, мен иккала тизим кўп ва жуда муҳим кўрсаткичлар бўйича ўхшаш еди, деб ишонаман. Фарқлар аҳамиятсиз эканлигини таклиф қилиш номақбул ақидапарастлик ҳисобланади. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, коммунизм тарафдорлари сафидан тизим улардан халос бўла олмаган мафкуравий стереотипларга мурожаат қилган (маълум вақтгина бўлсада), лекин реал воқеликка муболаға билан қаршилик кўрсатган танқидчилари ва мухолифлари чиқиб келган. Бу ҳақиқат генеалогик фарқлар барибир муҳим аҳамиятга эга бўлганлигини исботлайди. Коммунизм маърифатнинг айниган насли эди, нацизм эса романтизмнинг чиркин ҳаромиси эди.

Тоталитаризм силсиласини исталган даражада узоқ қайд этиш мумкин: Афлотун, Блаженный Августин, Гоббс, Гегель, Фихте, Гельвеций, Копт. Тўғри, нацизм қисман большевизмга жавоб тариқасида вужудга келган, лекин бу уларнинг моҳияти ҳақида баҳсга ҳеч қандай янгилик қўшмайди. Ахир коммунизмнинг Европадаги муваффақиятларини Биринчи жаҳон уруши даҳшатларига жавоб билан қисман изоҳлаш мумкин, лекин бу шубҳасиз далилдан қандай хулоса чиқариш мумкин?

«Коммунизм» умумий тушунчаси хилма-хиллиги ва ички зиддиятларига қарамай, худди "сут емизувчилар" тушунчаси каби амалда бўлишга ҳақли. Бироқ, анти-коммунистлар ҳис қиладиган кучли ҳис-туйғулар (жуда тушунарли) билан бирга, бу концепция бизни коммунистик мамлакатлардаги ҳақиқий вазиятни эмпирик таҳлил асосида эмас, балки тоталитаризмнинг ўзгармас табиатига асосланиб кўриб чиқиш керак деган хулосага олиб келиши мумкин. Бундан 1980 йилларнинг иккинчи ярмида Камбоджадаги Пол Пот режими ва Польша ёки Венгриядаги вазият ўртасидаги фарқлар кичик ва аҳамиятсиз эканлиги келиб чиқиши: бу ерда ҳам коммунизм, ва у ерда ҳам коммунизм. Бундай баёнот (албатта, мен уни Безанcонга тегишли деб айтмайман), ҳатто Троцкийнинг "донолиги" да айтилган сўзларидан ҳам ошиб ўтиб, нафақат ҳақиқатни масхара қилишдир: бу айтиб ўтилган мамлакатларда яшаган одамларни ҳам хафа қилади. Агар биз нацизм ва коммунизм ўртасидаги фарқлар аҳамиятсиз эканлигини қўшимча қиладиган бўлсак, бундан келиб чиқадики, Гитлернинг босқини остидаги Польша ва "халқ демократия" остидаги Польша, агар биз кичик тафсилотларни эътиборга олмасак, иккаласи бир нарса. Қани, у ерда яшаган кишини ишонтиришга ҳаракат қилиб қуринг-чи!