Куфр олами, дин душманлари Исломга қарши жазавали хуружини ҳеч қачон, ҳатто бир соат ҳам тўхтатмаган. Исломнинг илк даврида Макка мушриклари, Рум насронийлари ва Форс мажусийлари унга қанчалик зарба бериш, музаффарона юришини тўхтатишга уринишган бўлса, кейинчалик бошқа дин, тузум ва мафкуралар ҳам бу курашдан четда турмаган.
Тарихга «салиб (хоч) юришлари» номи билан кирган насроний оламининг Исломга қарши шармандали кураши бу хуружларнинг энг давомлиси ва қонлиси бўлган. 1095 йили биринчи салиб урушини бошлаган Рим папаси Урбан Иккинчи Кичик Осиё ва Шом ўлкаларини қонга ботирди. Франсия қироли Людовик Еттинчи ва Олмония ҳукмдори Конрад Учинчи биргаликда иккинчи ва учинчи салиб юришларига бош бўлишди ва мусулмон ўлкаларни вайронага айлантирди. Тўртинчи юришни папа Иннокентий Тўртинчи бошқарди. 1217-1221 йиллардаги бешинчи салиб юришида олмон, можар, инглиз, холланд аскарлари Дамашқ ва Нилнинг қуйи ҳавзасига вайроналик-кулфат олиб боришди. Олтинчи юришда раҳнамоликни олмон императури Фридрих Иккинчи зиммасига олди, катта қўшин билан Қуддусни тор-мор этиб, Дамашққача кириб борди. Еттинчи ва саккизинчи хоч юришларини эса фаранг қироли Людовик Тўққизинчи уюштирди ва Тунисда вабога учраб ўлди. Бир гуруҳ машҳур Ислом уламоларининг икки дин мулоқоти масалалари бўйича насроний дини арбобларига юборган мактубига ёзилган жавобда ҳозирги дунё католиклари раҳнамоси бўлмиш Рим папаси ўтмишда салибчиларнинг мусулмонларга қилган хунрезликлари учун кечирим сўради.
Ислом тарихи давомида дин душманлари, уларга жўр бўлган олимлар ва адиблар Исломга, унинг муқаддасотларига қарши кураш олиб бориш, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шаъниларини булғаш учун не-не туҳмат-иғволарни ўйлаб топишмади, дейсиз. Айниқса кейинги беш юз йил мобайнида бу кураш янада шиддатли тус олди. Биргина Оврупада шу даврда Ислом ва унинг муқаддасотларига қарши ёзилган 10 минг китоб босилиб чиқди. Оврупа режиссерлари Ислом, Қуръон ва Муҳаммад алайҳиссаломни ёмонотлиқ қилиш мавзуида 131 та филм ишлашди. Биргина Голландиянинг икки кинорежиссери Гирт Вилдерс ва Ван Гоглар ғайриисломий филмлари билан ўзларида шуҳратга эришган бўлса, дунё мусулмонларининг қаҳр-ғазабига учради.
Ғарбнинг «маданият» арбоблари Исломга қарши жазавада усулларнинг ҳар қанақасидан ҳам парҳез қилиб ўтиришмайди. Масалан, шарқшунос Монтгемери Ватт ўз китобида: «Муқаддас Қуръон хамр ва судхўрликни фақат Мадинада тақиқлаган, чунки бу пайтда Маккада бўлган Пайғамбар Макка мушрикларидан қўрқар эди», деб ёзади. Бошқа бир неча шарқшунос эса Қуръон Аллоҳ томонида юборилган эмас, балки уни Муҳаммад (алайҳиссалом) ёзган, деб даъво қилади (бу «доно»лар Пайғамбаримизнинг ўқиш-ёзишни билмайдиган оми бўлганларидан бехабар қолишган шекилли). Шарқшуносларнинг яна бир гуруҳи Ислом бутун инсониятга юборилган дин эканини шубҳа остига қўймоқчи бўлади. Бир гуруҳ олим эса Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳнинг элчиси эмас, балки ё улуғ ислоҳотчи, ё сўзамол сиёсатчи, ё даҳо бўлса керак, деб тахмин юритади. Шарқшунослардан бири мусулмонларнинг ҳозирги қолоқлигига Ислом дини айбдор, дея довдираса, бошқаси Ислом зўравонлик ва террорчиликка чақиради, деб вайсайди.
Исломни қолоқ ва ёвуз дин, илм-фан ва маданият душмани, жаҳолат ўчоғи сифатида кўрсатиш Ғарбда айниқса кенг авж олган. Биргина мисол: турк олими Закои Кўнрапанинг ёзишича: «Ислом душманлари «Миср фатҳи пайтида халифа Умарнинг буйруғи билан Амр ибн Осс Искандариядаги Батламиусдан қолган кутубхонани ичидаги етти юз минг жилд китоби билан ёқиб юборган», деган бўҳтонни тарқатишган. Тарихий ҳақиқатга тамоман зид бўлган бу бўҳтон бошдан-оёқ уйдирма эди. Чунки бу кутубхона Юлий Сезарнинг бир юриши даврида ёқилганини ҳамма эътироф этган. Бу воқеани ривоят қилган Абул Фарож бу воқеадан олти юз йил кейин яшаган. Франсузлар ичида Абул Фарож номи билан танилган Ибнул Ибрий Онадўлидаги бир яҳудийнинг ўғли эди. Асл исми Маргригорос бўлган, милодий 1226 (ҳижрий 622) йили туғилган». (Закои Кўнрапа, «Алвидо дунё, ассалом охират», Тошкент, 1996 йил).
Ислом ғанимлари айниқса Пайғамбаримиз, коинот фахри, инсонларнинг энг комили бўлган зотга қарши бор туҳмат ва иғволарини сочишади. «Диншунос»лар Аллоҳнинг элчисига «қўрқоқ, ақлсиз ва жирттаки одам эди, шоир бўлган, маст ҳолатда вафот этган» каби куракда турмайдиган, ҳатто ёш боланинг ҳам ишониши маҳол бўлган «айб»ларни тақаш билан одамларни алдамоқчи бўлишади.
Ҳозир Европа ва Америкада 220 та шарқшунослик институти ишлаб турибди, улар Исломни ўрганиш, таҳлил қилиш, унинг тарихи, муқаддасотлари, ҳазораси, ақидаси ва қонунларини тадқиқ этиш билан машғул. Бундан уларнинг мақсади Исломни холис ўрганиш ёки мусулмонларга ёрдам бериш эмас, балки Исломни ёмонотлиқ қилиш, мусулмонларнинг «ваҳшийликлари», ғарб ҳазорасига «таҳдиди» билан ғайримуслимларни қўрқитиш, мусулмонлар орасига фитна ва ғаламислик уруғларини сочиш, холос.
Мусулмонлар динларининг бутун инсониятга юборилган сўнгги ҳақ динлиги, Пайғамбарларининг Аллоҳ таолонинг суюмли элчиси эканини билганлари ва иймон келтирганлари учун бу ғаламисларнинг туҳматига жавоб бериб ҳам ёки улар билан тортишиб ҳам ўтиришмайди. Шундай бўлса-да адолат тарафида бўлган айрим Исломдан ташқаридаги холис ва инсофли олимлар туҳматчиларга асосли далиллар билан жавоб қайтаришяпти.
Яқинда шундай китоблардан бири билан танишишга тўғри келди. Миср православ насронийлар черковининг раҳбарларидан бири, Миср Шўро Кенгаши (парламенти)нинг ахборот, маданият ва сайёҳлик Қўмитаси раиси доктор Набил Луқо Бобовий «Насроний Муҳаммадни (с.а.в.) ҳимоя қилади» деган каттагина китоб ёзган. Китоб муқовасида «Унинг номига қараб отилган ханжарларга жавобимиз» деган тагсарлавҳа ҳам қўйилган. Муаллиф китоб сўзбошисида бундай ёзади: «Ҳар қандай диннинг тарафдорлари ўз динига қаттиқ эътиқод қилади, буни ўзгартириш жуда қийин иш. Иймон фақат Аллоҳ берадиган нарса, ҳеч бир одам бошқа диндаги кишини жазолашга ҳақли эмас. Бундай ҳуқуққа фақат Қиёмат кунининг эгаси Аллоҳ ҳақлидир. Ҳар бир самовий дин тарафдорлари бошқа диннинг муқаддасотларига ҳурмат билан, нафрат ва мутаассибликсиз муносабатда бўлишлари лозим. Исломга, айниқса унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга қарши шиддатли ҳужумлар муносабати билан мен, мусулмон биродарлари ичида яшаб турган мисрлик насроний шарқшуносларнинг барча ёлғон даъволари ва айбловларига жавоб қайтаришни ўзимнинг илмий ва миллий бурчим, деб билдим. Бу ёлғонлар Пайғамбар номига отилган заҳарли ханжарлардир. Имкони борича бу туҳматларни аниқлаб-тўплаб, уларга батафсил жавоб қайтардим. Ўзим мусулмон эмас, насроний бўлганимдан қатъи назар, илмий тафаккур билангина қуролланиб, мутаассиблик ва нохолис хулосаларни рад этдим». Бу гапларга қўшимча қилиш, менимча, ортиқча иш бўлса керак.
Ўтган асрда ҳам Исломга қарши кураш кучайса кучайдики, асло пасайгани йўқ. Исломдан ташқаридаги барча кучлар ягона жабҳага бирлашиб, мусулмонларнинг ожизлиги ва қўли калталигидан фойдаланган ҳолда кўнгиллари кўчасига келиб қолган барча ёвузлик ва адолатсизликни қилишяпти. Биргина мисол: 1948 йили Ғарб Исроил давлатини ташкил этиш учун фаластинликларнинг ерларини тортиб олиб, ўз ватанидан қувғин қилгани ҳолда Исроилга ҳамон ҳомийлик қиляпти, унинг қўшни давлатлар ерига бостириб кириб, ажал сочаётганидан кўз юммоқда. Битта Исроил солдати асир олинганини баҳона қилиб Фаластин ерларида кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар қилинади. «XXI асрда Ислом» китобининг муаллифи шундай деб ёзади: «Жаннатга тушиш учун ўзини ўзи портлатиб юбораётган йигит-қизларга нафрат кўзи билан қараётган ғарблик журналистлар фаластинликларнинг тақрибан эллик йилдан буён жаҳаннамда яшаб келаётганини, Осло битими бу ҳолнинг абадий давом этишини назарда тутишини ҳам ҳисобга олиб қўйсалар, ёмон бўлмасди» (Тимоти Ж. Уинтер, «XXI асрда Ислом», Тошкент, 2002 йил, 316-бет).
Айниқса йигирма биринчи аср бошланиши билан Ғарбнинг Исломга қарши кураши қаттиқ авж олиб кетди. 2001 йил 11 сентябрда АҚШнинг Нию-Йорк шаҳридаги икки баланд бинонинг қандайдир «мусулмон террорчилари» томонидан портлатилишини (аслида уни мамлакат махфий хизмати ташкил этгани ҳақида ҳозир бемалол ёзишяпти, бу ҳақда қуйироқда батафсил сўз юритамиз) баҳона қилиб, янги салиб (хоч) юриши бошлаб юборилди. Буни АҚШ президенти бутун дунёга эълон қилиб юбориб, кейин бошини чангаллаб қолди.
Турли баҳоналарни рўкач қилиб жаҳоннинг ҳамма ерида мусулмонлар хўрланяпти, камситиляпти, азобланяпти. Югославия парчаланаётганида Босна-Херсек мусулмонлари серб ва хорватларнинг зўравонлиги ва қонхўрлигидан жаҳон ҳамжамиятига шикоят қилганида серб «махлуқ»лари Ғарбга мурожаат этиб: «Наҳотки, Оврўпанинг шундоққина киндиги остида ақидапараст бир мусулмон давлатининг барпо бўлишига ижозат берсангиз?» деб васваса бошлаши биланоқ Ғарб бу мусулмон-насроний урушига «бетараф» бўлиб, кўзини юмиб олди. Оқибат аянчли бўлди: Босна-Херсекда 250 миллион мусулмон қатлиом қилинди, 18 минг киши бедарак йўқолди, болалар гўштидан дўлма тайёрлаб оналарига едирилди, 50 минг аёл-қизнинг номуси топталди, ҳатто қарияларни ҳам аяб ўтирмай ўлдиришди («Ислам. Ру» сайти маълумотлари).
Бутун дунё кўз ўнгида очликни рўкач этиб Сомали ишғол қилинди. Жазоирда халқ сайлаган ҳокимият Исломга тарафдор, деган баҳонада ағдариб ташланди, оқибатда у ерда яна бир нотинчлик ўчоғи пайдо бўлди.
Гиёҳванд модда тарқатишда айбланиб, Афғонистонда халқ сайлаган толиблар ҳукумати ағдариб ташланиб, мамлакат НАТО қўшинлари томонидан босиб олинди ва босқин ҳали давом этмоқда (дарвоқе, яқинда «Нэншл географик» телеканали толиблар ҳукумати наша экишни батамом тақиқлагани ҳолда ғарб қўшинлари кирганидан кейин гиёҳванд модда ишлаб чиқариш аввалгидан бир неча баробар ортиб кетгани, Афғонистон бугунги кунда ана шу ажал дориси барча ҳажмининг 93 фоизини етказиб бераётганини ўкинч билан хабар қилди).
Ироқ ҳукмдори Саддам Ҳусайнни ялпи қирғин қуроли тайёрлашда ва террорчи «Ал-Қоида» билан ҳамкорликда айблаб, Ироққа бостириб кирилди. АҚШнинг ўзидаги икки нотижорий ташкилот яқинда тадқиқот ўтказиб, ана шу урушни бошлашга баҳона қидириб, АҚШ президенти ва олий мартабали етти нафар амалдори 2001-2003 йилларда расмий баёнотлар, матбуот анжуманлари, маъруза ва кўрсатмалар бериш чоғида 953 марта ёлғон ишлатишганини исботлаб берди.
Уйда қамалиб қолган битта ит ҳақида ҳамма ёққа шов-шув соладиган Ғарб демократияси ҳам, холислик ва ҳаққонийлик даъво қиладиган матбуоти ҳам бу фожиаларни кўриб, кўрмаганга олди, лом-мим демади. Ёки бутун-бутун халқларни ёппасига қириб йўқотиш Ғарб наздида террорчилик ҳисобланмасмикин?
Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи орқали, филмлар, китоблар ёрдамида режали равишда Исломни қоралаш, бутун инсониятнинг муқаддас китоби ва охирги пайғамбари шаънига қилинаётган туҳмат-бўҳтонлар, Ислом анаъаналарига ва мусулмонларнинг ахлоқига қарши қаратилган тинимсиз хуружлар бир дақиқа ҳам тўхтамаётир.
Ислом Аллоҳнинг ҳақ дини бўлганидан ўзини ҳимоялашга муҳтож эмаслигини ҳамма, ҳатто Ислом душманлари ҳам яхши билишса-да, бундан унга бемалол ҳужум қилиш мумкин, деган хулоса чиқаришади. Шуни ҳисобга олиб, мусулмон уммати Европа ва Америка шарқшуносларининг туҳмат ва ғаразли хуружларига қарши тўсиқ бўладиган умумжаҳон исломий тузилмалар ташкил этиш ҳақида бош қотира бошлагани ҳам бежиз эмас. Бу борада Миср вақфлар вазири Маҳмуд Ҳамди Зақзуқнинг ғоявий мустақилликдан маҳрум бўлмаслик учун бирорта ҳам араб ва мусулмон мамлакатига бўйсунмайдиган халқаро Ислом тузилмаси ташкил этиш ҳақидаги таклифи эътиборга молик.
Исломнинг ғолибона юришидан жазавага тушган сиёсатдонлар ва уларнинг садақасига кўз тиккан айрим нохолис ёзувчи-журналистлар Исломни ёмонотлиқ қилиш, у билан бошқа диндагиларни ва динсизларни қўрқитиш, шу йўл билан ҳазораларни бир-бирига гиж-гижлаш, бу борада ҳар қандай ифлос усуллардан ҳазар қилмаслик бўйича ким ўзарга пойга бошлаб юборишган.
«Византия императори Мануил Иккинчи: «Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) янги олиб келган нарсани менга кўрсатинг-чи, унда ўзи тарғиб қилаётган ғояни қилич билан тарқатиш ҳақидаги талабидан иборат фақат ёвузлик ва ғайриинсонийликни кўрасиз», деган эди. Орадан кўп асрлар ўтиб, 2006 йилда Рим Папаси Бенедикт Ўнолтинчи императорнинг машъум сўзларини Регенсбургдаги маърузасида яна қайтарди. Тўғри, шу муносабат билан бошланиб кетган машмашалардан кейин у нутқи учун бир неча бор мусулмонлардан узр сўрашга мажбур бўлди. Лекин «айтилган сўз – отилган ўқ», Папа ниятига етиб, Ислом ва охирзамон пайғамбари шаънига лой чаплаб бўлинган эди. Мақсад, дунё ҳамжамиятига «Ғарбнинг душмани террорчилар эмас, балки Ислом ҳазорасининг ўзидир», деган ғояни сингдириш керак эди» («Аиф», 2006 йил 41-сон).
Америка насронийлари уюшмаси раҳбари Ваул деган насроний илоҳиётчиси Ислом ва унинг Пайғамбари шаънига шунақанги бўҳтон ва иғво тошларини отадики, бундан хабар топган мусулмонлар ғарб сиёсатдонлари ва ахборот корчалонлари, уларга қўшилиб айрим илоҳиётчилар Исломга қарши халқаро юриш бошлашибди-да, деган хаёлга бориши турган гап! БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига аъзо бўлган «энг маданиятли» мамлакатларнинг нақ ўн олтитаси мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва Исломни ёмонотлиқ қилиш йўлига тўсиқ қўйиш бўйича тайёрланган қарорга қарши овоз беришгани бундай хаёлларни янада кучайтириб юборади.
Мусулмонлар бу ҳодисадан ўзларига келмай туриб, АҚШ матбуоти, радио-телевидениесида, улардан ибрат олган Оврупа матбуотида бирин-кетин Ислом динига, мусулмонларга, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарши қаратилган мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар пайдо бўла бошлади. «Вашингтон таймс» газетасининг 2005 йил 11 апрел сонида Диана Вестнинг мусулмонлар террорчилардир, мазмунидаги туҳматга тўла мақоласи босилди.
Американинг яна бир «Ю.С. Нюс энд Уорлд Рипорт» газетасининг 15 апрел сонида очиқчасига ёзилган мана бу сатрларга дуч келасиз: «Америка Исломнинг ўзининг қиёфасини ўзгартириш учун террорчиликка қарши курашнинг кўринмас фронтига миллионлаб доллар пул сарфлайди». Газета эътирофига яна битта кичкина қўшимча қилмоқчимиз: АҚШ Чеченистондаги урушга ҳар йили икки миллиард доллардан маблағ сарфлаган, бу росмана бир мамлакатнинг бир йиллик бюджетига тенг.
Юқорида тилга олинган «Вашингтон таймс» бу билан ҳам тинчимай, Пайғамбаримиз шаъниларига қилинган туҳматлардан иборат бир бузуқ китобни овоза (реклама) қилган. Бу китобнинг нақадар қабиҳлигини ноширнинг китоб муаллифи ҳақидаги биргина жумласидан ҳам билса бўлади: «Муаллиф Роберт Спенсер террорчиликка қарши курашда зафар қозониш учун Муҳаммадни (с.а.в.) ва Исломни обрўсизлантириш нақадар муҳимлигини яхши тушунади».
Уммон ортидаги оғаларидан ортда қолмасликка тиришган Оврупа матбуоти Исломга лой сочишда «ўзини кўрсатди». Дания, Франсия ва бошқа айрим мамлакатларнинг матбуотида Пайғамбаримизга қарши карикатуралар пайдо бўлди ва бу бутун мусулмонларнинг нафрати ва қаҳр-ғазабига учради. Голландиялик бузуқи кинорежиссер Тео Ван Гог ўз филмида яланғоч хотиннинг уят жойига мусулмонлар учун муқаддас сўзни ёзиб, жазава гулханига мой қуйди ва бу ҳақсизликка чидамаган бир мусулмон қўлида ўлим топди.
Яқинда Ориана Фаллачи деган италян ёзувчисининг рус тилига ўгирилган «Нафрат ва фахр» («Яростъ и гордостъ», Москва, 2004) номли китоби қўлимга тушиб қолди. У Ислом ва мусулмонлар ҳақида шунақанги гапларни, ғазаб ва нафрат тўлиб-тошган туҳмат ва иғволарни келтирадики, наҳот шу бўҳтонлар эсли-ҳушли, катта тажрибага эга ёзувчининг қаламидан чиққан бўлса, дея таажжубга тушасиз: «Сизлар тушунмайсизлар, тушунишни ҳам истамайсизлар, улар (яъни мусулмонлар) учун Ғарб – Ислом босиб олиши ва қул қилиши лозим бўлган оламдир»; «Жаҳондаги кўплаб урушларнинг қаҳрамони – (Ислом деган) тоғ. Бу тоғ 1400 йилдан буён жойидан жилмаган, ожизлик чоҳидан четга чиқолмаган, эшикларини ҳазоралар қўлга киритган ютуқларга очмаган, озодлик, демократия ва тараққиёт ҳақида эшитишни ҳам истамаган. Қисқаси, қўзғолмас бир тоғ. Бу тоғ… қашшоқликка ва саводсизликка ғарқ бўлган (ҳар бир мусулмон мамлакатида аҳолининг 60 фоиздан кўпроғи саводсиз).... Бу тоғ пинҳона бизга ҳасад қилади, ҳаёт тарзимизга ҳасад қилади, ўзининг моддий ва ақлий қашшоқлиги учун масъулиятни бизга юклайди»; «Пиемонт Ислом жамоасининг диний раҳбари марокашлик бир қассоб, 1989 йили сайёҳлик визаси билан Туринга келиб, ўн йилча вақт ичида бешта қассобхона ва шунча масжид очишга улгурган. Шу тариқа Кавура деган назокатли шаҳарни сассиқ, ифлос ва қашшоқ маҳаллага айлантириб юборган»; «Кўплаб (ҳаддан ташқари кўп) имомлар террорчиликнинг диний раҳнамолари ҳисобланишади, яъни аслида уларнинг ўзлари террорчилардир».
Бундай алмойи-алжойи «кашфиёт»ларни ҳали анча келтириш мумкин эдию, лекин муҳтарам ўқувчимизнинг вақтини олмаслик учун шу ерда нуқта қўямиз. Фаллачи хонимнинг ғазабнок мулоҳазаларидан хулоса чиқариш ҳам ўқувчининг ўзига ҳавола. Бу туҳматларни ўқигач, дабдурустдан жаҳлингиз чиқмасин: етмишга яқинлашиб ҳам ҳалигача турмушга чиқмаган аёлнинг шаҳват уриб кетган миясидан бундан бошқа маънилироқ гап чиқмайди, шекилли!
Исломга қарши туҳмат ва ғаламислик жазаваси Ғарбнинг ўзидагина жўш урса майлийди. Йигирма миллиондан ортиқ мусулмон (жами аҳолининг еттидан бир қисми) яшайдиган Россиядаги айрим ноинсоф журналист, ёзувчи ва ноширлар ҳам океан ортидаги ҳаммаслакларининг «қўшиғи»га жўр бўлиб, жамиятда хийлагина безовталик туғдиришга сабаб бўлишди.
Машҳур журналист, ОРТнинг «Времена» кўрсатуви бошловчиси Владимир Познер бу соҳада айниқса «зўр» чиқиб қолди. У Рамазон ҳайитининг биринчи куни (2004 йил 14 ноябр) миллионлаб мусулмонларни байрам билан табриклаш ўрнига «ёмон» мусулмонлар ҳақидаги телесюжетни шарҳлар экан, «уларга қараб қўлимга Калашников (автомати) олгим келади», дейишдан ҳам уялмади. Бу ҳам ҳолва экан. Шу кўрсатувга таклиф қилинган яна бир ёзувчи В. Ерофеев: «Балки барча мусулмонларнинг калласини олсак бўлармикин?» деб савол берди.
Россиядаги машҳур дин мутахассиси А. Игнатенко эса улардан ҳам илгарилаб кетди. Унинг фикрига кўра, мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам ёмон эмасмиш, Оврупа мусулмонларининг 18 фоизи ғарб қадриятлари билан уйғунлашиб бўлганмиш, чунки улар масжидга қатнамас эмиш…
Ёшлар газеталаридан бирининг хоним журналисти номдор ва пулдор эркаклар билан бир кечалик ишрат қилиб, кейин унинг бутун тафсилотларини газетада ёзиш билан тирикчилигини бир «чиройли» ўтказиб юрган эди. Ёши улғайиб бозори ўтмай қолдими ё жин уриб кетдими, ҳар қалай у ҳам россияликларни Ислом билан қўрқитиш, мусулмонлар шаънига бўлар-бўлмас туҳмат тошлари отишга «ихтисослашиб» олди.
Исроиллик ёзувчи Дина Рубина эса Оврупада тинимсиз кўпайиб бораётган мусулмонлар бугун-эрта бутун қитъани эгаллаб олади, деган ваҳимали «башоратлар» билан нафақат россияликларнинг, балки бутун дунёнинг ўтакасини ёрди. Исломга қарши қилинаётган бундай ғаламисликларнинг рўйхати жуда узун, муҳтарам китобхонни толиқтирмаслик учун юқоридагилар билан кифояланамиз.
Ислом ва унинг Пайғамбарини ёмонотлиқ қилиш, бу билан мусулмонларнинг ғазабини қўзғаш илинжида уйқуси қочган олим ва қаламкашлар билан тортишиб ўтирмайлик-да, яхшиси уларни ўзларидан чиққан холис, инсофли, адолатпарвар ҳамкасбларига рўпара қилиб қўяқолайлик:
Атоқли файласуф Шебол бунда ёзади: «Ҳазрати Муҳаммаднинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки у зот уммий бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз, оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг масъуд, энг саодатли насллар бўламиз».
Франсиялик таниқли олимлардан Ла Мартиннинг мана бундай сўзлари бор: «Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад (алайҳиссалом) инсонларнинг энг буюгидир. Муҳаммад (алайҳиссалом) бир пайтнинг ўзида пайғамбар, нотиқ, даъватчи, қонуншунос, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, давлат арбоби, ер юзининг йигирма минтақасида исломий салтанат қура олган зот эди…Унга ҳеч қандай инсон тенглаша олмайди! Наҳотки у ўлчовларга сиғса?!»
Таниқли шарқшунос Вилям Муирнинг қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга молик: «Ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақида гапирганларимиз бир нуқта устида тўпланади. У ҳам бўлса унинг хулқ-атвори олийлиги, ахлоқининг покизалигидир. Булар шундай улуғ фазилатларки, у замоннинг маккаликлари орасида жуда нодир эди».
Франсия Коммунистик партияси котиби Роже Гароди бундай ёзади: «Муҳаммад пайғамбар ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмаган ҳолда Форс ва Византия каби қудратли салтанатларни ягона Парвардигор низоми билан яшашга даъват этгандилар».
Олмон шоири Гётенинг мана бундай дегани ҳаммасида ўтиб тушади: «Мен дунё тарихини ўқиб бир хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан» («T.P. Hudhes-Dictionary of Islam», 1985 p.526).