loader
Foto

Зикрми бу ёки жазава?

Баъзилар ҳозир интернетда тарқалган жазба (жазава)га тушаётганлар видеотасвирини жўнатиб, унга муносабат билдиршимни сўрашди..

Менга етиб келишича, бу ишни қилаётганлар шайх Абдулқодир Желоний раҳимаҳуллоҳга ўзларини мансуб деб билар эканлар.

Маълумки, у зот замонасининг Оллоҳни таниган энг ориф зотларидан бўлиб, китобу суннатга даъват этишда, суннатни маҳкам тутишда машҳур эдилар.

Сулукда, нафсни тарбия қилишда, қалбдан турли ич иллатларини ҳайдашда пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалари, пайғамбар йўлига эргашган улуғ тобеинлар ва табаа тобеинлардан сийратлари ва сулукларидан хулоса ўлароқ нафс мужоҳадаси, уни шариатга бўйсундириш йўлида кўплар жидду жаҳд кўрсатдилар. Бу борада айримлар қаттиқ риёзат қилганидан Оллоҳ зикри, қиёмат ёди ўтганда ортиқ таъсирланадиган, ҳатто қўрқув қаттиқлигидан ўздан кетадиган, беҳуш бўладиган бўлди. Баъзилар эса, гуноҳларини эслаб қаттиқ изтиробга тушганидан бир навъи жазба (жазава)га беихтиёр тушадиган бўлдилар. Сулук ҳақида сўзловчи уламолардан бири айтганидек, бу нарса уларда азбарои Оллоҳдан хавф зиёдалиги ёки Оллоҳ тайёрлаб қўйган ризвону жаннатга шавқ ортиқ даражада юқори бўлганидан ихтиёрдан ташқари ҳосил бўлар эди. Улар бундай ҳаракатни қасд этиб, ибодат ниятида қилган эмас эдилар аслида.

Замонлар ўтиши билан, пайғамбар суннатига эргашиш сусайиб, шариат илми нури камая бошлагач, бу ҳаракатларни ибодат қолипига киритувчилар чиқди, буни зикрлардан бир тури атаб, унга шариатдан далиллар ахтара бошладилар. Натижада, суннат нури пасайган ерларда ана шундай бир «зикр» пайдо бўлди…

Назаримда, фаразан агар шайх Абдулқодир Желонийнинг ўзлари келиб қолса ва мансублари қилаётган ишни кўрса, биринчи бўлиб ўзлари инкор қилган бўлар эди.

Кези келган экан, бу каби ишларга мазҳабимиз фуқаҳолари ҳам қаттиқ турганини айтиб ўтмоқчиман.

Мисол тариқасида баъзи нақлларни келтириб ўтаман:

Фатовои Баззозийя (4/349) соҳиби бу каби рақслар тўрт мазҳабда ҳаром экани ҳақида айтиб ўтганидан сўнг қуйидаги сўзлар келтиради:

«Тоифа саййиди шайх Аҳмад Яссавий ҳам бунинг ҳаромлигини айтган, жалолул милла ваддин шайхулислом Кирмонийнинг ҳам … фатволарини кўрдим. Шайх Замахшарий ҳам Кашшофда шу каби гапни айтган, «Ниҳоя» соҳибининг, имом Маҳбубийнинг бундан ҳам қаттиқ гаплари бор».

Имом Айний «Канзуд дақоиқ» шарҳида рақснинг қатъиян ҳаромлигини айтар экан, «Мутасаввифалар буни (рақсни) важд ва ширин самоъ дейишади, аслида эса турли фисқ ва охиратда турли азоби бор бўлган самоъдир» дейди.

Шайх Таҳтовий «Мароқил фалоҳ»га қилган ҳошиясида (2/311) қуйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфни даъво қилувчи айрим кишиларнинг рақс, чапак, ҳайқириқ, турли тор ва дафларни уришига келсак, бу нарса уламолар ижмои билан ҳаромдир. Чунки бу кофирлар одатидир».

Шуларни ёзиб ўтирар эканман, эшон сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳнинг шу байтлари ёдимга келиб қолди:

Бу умматлар ажаб зишт этди ҳолин,

Ёпар бидъат билан суннат жамолин.

Баҳойимдек иши ичмак, емакдур,

Қуруқ тил бирла «умматмиз» демакдур.

Илоҳо, лутф қил мунда ва анда,

Йиғилғонда ёмону яхши банда.

Илоҳо, лутф қил ҳасратли соат,

Ҳабибингдин насиб эткил шафоат.

Айирма яхшиларни орасидин,

Йироқ этма ҳабибинг қорасидин.

Оллоҳ таоло барчамизни пайғамбар алайҳиссалом суннатларида собитқадам қилсин, турли бало-офатлардан, бидъатлардан узоқда қилсин.

Шайх Сайфуллоҳ Носир ҳафизаҳуллоҳ