loader
Foto

Бангалор шаҳрида Расулуллоҳ с.а.в.нинг ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилинганлиги сабабли тартибсизликлар келиб чиқди

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, маҳаллий сиёсатчининг қариндоши томонидан Facebook да ёзилган шармандали хабар туфайли минглаб одамлар кўчага чиққанидан сўнг сешанба оқшомида Ҳиндистон технологиялар марказининг айрим туманларини шафқатсиз норозилик намойишлари қамраб олди.

«Вазият назорат остида», - деди Бангалор шаҳри полицияси Twitter саҳифасида ва кўздан ёш оқизадиган газ ва резина таёқлар қўллаганидан сўнг полиция оломонни тарқатиб юбориш учун жанговар патронлар билан ўқ узганлигини қўшимча қилди.

Телеканаллар полиция участкасида бир гуруҳ одамлар қандай тўпланганини, зобитлар билан тўқнашиб, бир неча полиция машинасини ёқиб юборганини кўрсатди. Видеоёзувларда кейинчалик полиция участкасига киришга ҳаракат қилаётган гуруҳ кўрсатилди, бошқа гуруҳ эса сиёсатчининг уйи олдида тўпланиб, бақириб, тош отиб, йўлда тўхтаб қолган машиналарга ўт қўйган.

Жамоат Уламо-и-Ҳинд диний жамоасидан муфтий Музаммил Са полициянинг иғвогарга қарши чора кўрганини айтиб, хотиржамликка чақирди.

Хабарларга кўра, намойишчилар ўт ўчириш машиналарини тўсиб қўйган ва айрим оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам ҳужумга учраган.

"Айбланувчи Навин ҳақоратомуз хабарлар қолдиргани учун ҳибсга олинган", - деди полиция комиссари Камол Пант твиттерда ва 110 киши ўт қўйганлик, тош отганлик ва полиция ҳужум қилганлик учун ҳибсга олинди, деб қўшиб қўйди. У тележурналистларга бир неча полиция ходими яраланганини айтди.

Полициянинг маълум қилишича, ҳудудда ҳаракатни чеклаш учун комендантлик соати жорий этилган.

Карнатака штати ички ишлар вазири Басавраж Боммаи маҳаллий янгиликлар каналига: «Биз муаммони ўрганмоқдамиз ва бу зўравонлик ҳаракатлари ортида ким турганини билиш учун видеокузатув камераларидан фойдаланамиз ва кескин чоралар кўрамиз» - деди.

Маълум қилинишича, унинг қариндоши тажовузкор баёнотни эълон қилган штат Қонунчилик мажлиси аъзоси Шринивас Мурти ижтимоий тармоқ орқали мурожаатида тинчликка чақирди.

"... Мусулмон дўстларимиздан илтимос қиламан, баъзи разил одамларнинг хатоси туфайли урушмайлик. Нима бўлганда ҳам, биз биродарлармиз... Мусулмон яқинларимиздан тинчсеварликни сақлашларини сўрайман. Мен ҳам сиз билан биргаман", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради newsminute.com сайти.

Айни пайтда, давлат вазири Р.Ашока полиция ва оммавий ахборот воситаларига ҳужумларга йўл қўйиш мумкин эмаслигини айтди.

"Қандай одамлар полицияга ҳужум қилади? Оммавий ахборот воситаларигачи? Маҳаллий полицияга бу вазиятда тўлиқ эркинлик берилган", - деди у.

ИНК мухолифат партиясининг штатдаги юқори мансабдор етакчиси Динеш Гунду Рао ҳам одамларни қонунни бузмасликка чақирди.

"Агар кимдир бирор ножўя нарса ёзган бўлса, қонун ҳаммасини ҳал қилади, демократияда адолат учун курашишнинг кўплаб усуллари мавжуд", деди у твиттерда. "Лекин зўравонлик – бунга жавоб эмас".