loader
Foto

Буюк озчилик...

Иброҳим ат-Таймий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурида Эй Аллоҳ! мени озчилик бўлган бандаларингдан қилгин деб дуо қилди. Ҳазрати Умар у кишидан: “Бу қилаётганинг қандай дуо”,– деб сўрадилар. У киши: “Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Бандаларимдан озчилиги шукр қилгувчилардир”(Сабаъ, 13) деб марҳамат қилганини биламан. Мен эса ана ўша озчиликдан бўлайин деб дуо қиляпман”, – деб жавоб берди. Шунда ҳазрати Умар: (бошқа ривоятда йиғладилар ва) “Эй Умар, кўп одамлар сендан кўра билгувчироқдир”, – дедилар. (Ибн Абу Шайба. Ал-Мусаннаф. 10/105/№300006)

Баъзи одамларга бирор гуноҳни тарк қилишлари учун насиҳат қилинса, кўпинча улар “Буни қилаётган битта мен эмас-ку, “Одамларнинг кўпи” шундай қилади-ку”, деб жавоб берадилар. Ҳолбуки, Қуръони каримдан одамларнинг кўпи сўзларини қидирсак, бу сўзларни “билмайдилар”, “шукр қилмайдилар”, “иймон келтирмайдилар” деган сифатлар билан бирга келтирилганини кўрамиз. Ёки  “уларнинг кўпи” сўзларини қидирсангиз, “фосиқлардир”, “жоҳиллардир”, “юз ўгирувчилардир”, “ақл юритмайдиганлардир”, “эшитмайдиганлардир” каби сифатлари билан бирга топамиз. Тўғри, одатда “кўпчилик” сўзи одамлар жамоасига нисбатан ишлатилганда киши зеҳнига “ғолиблик”, “тўғри тараф” каби маънолар келади. Буни Аллоҳ таолонинг “Оз бўлган пайтингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланглар”(Аъроф, 86) оятида ҳам кўришимиз мумкин. Лекин баъзида бу сўзнинг зидди бўлган “озчилик” ҳам Аллоҳ таолонинг сўзлари эътибори билан “иззат”, “ғолиблик”, “нажот” каби маъноларни ҳам билдириши мумкин: “Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳлардан ғолиб келган…” (Бақара, 249), “Бандаларимдан озчилиги шукр қилгувчилардир” (Сабаъ, 13), “У(Нуҳ) билан бирга иймон келтирганлар жуда озчилик эди” (Ҳуд, 40), “(Пешқадамлар) аввалгилардан кўпчилик, кейингилардан озчиликдир” (Воқеа, 13–14), “Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар, магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (бундай қилмаслар). Улар жуда ҳам оздирлар”. (Сод, 24), “Магар биз нажот берган кишилар жуда оз бўлди” (Ҳуд, 116). Ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳ азиз қилган бўлса, озчилик ҳам улкан куч-қувватдир. Озчилик ҳақ йўлда собит тураркан, ботил аҳлининг кўплиги асло қўрқинч эмас, асло мағлубият эмас. Кўпчилик нажот топишнинг мезони ҳам эмас.   

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам озчилик бўлса-да, ҳақ устида собит турган кишиларни мадҳ этганлар: “Албатта, Ислом ғариб ҳолда бошланган ва бошлангани каби ғариб ҳолга қайтади. Бас, ғарибларга “Тубо”[1] бўлсин” (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Муслим ривояти). Бу ҳадиснинг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган лафзда “Ғариблар кимлар, эй Аллоҳнинг Росули?”, – дейилди. У зот: “Одамларнинг кўпчилиги бузилиб кетганда, солиҳ бўлиб қолганларидир”, – дедилар (Имом Аҳмад. Муснад. 6650; Табароний. Ал-Авсат. 2/222).

Бундан ташқари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ умматимни залолатда бирлаштирмайди…”, – дедилар (Термизий ва Ҳоким ривояти). Бу ҳадиси шарифдан кўзланган “бирлашув” Аллоҳ таолонинг уммат олимларининг барчасини ботил ишда жамланишидан сақлашини билдиради. Чунончи, Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ “Сунан”ларида бу ҳадисдаги “бирлашув” ҳақида: “Улар фиқҳ ва ҳадис аҳлларининг бирлашувидир.”, – деганлар. Мулло Алий Қорий роҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳадис мусулмонлар жамоатининг ҳақлиги, бундан кўзланган мақсад авомнинг бирлашуви эмас, уламоларнинг бирлашуви эканлигига далолат қилади”,– деганлар (Мирқотул мафотийҳ. 2/61). Яъни бутун инсониятнинг озчилигини ташкил қиладиган мусулмон уламолари ботил ишларда жам бўлмайдилар. Улар озчилик бўлсалар-да ҳақ устида турарлар. Авом ва жоҳилларнинг кўп бўла туриб, ботил узра бирлашуви бу ҳадиснинг зиддига далил бўла олмайди.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам бу маънони қўллаб-қувватлайди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан бир тоифа Аллоҳнинг амри келгунига қадар ҳақ устида очиқ бардавом бўлурлар. Уларга мухолиф бўлганлар зарар етказа олмас”, – дедилар (Муслим ривояти).

Демак,  умматнинг бир тоифаси озчилик бўлсалар-да, Аллоҳнинг амри келгунича ҳақ устида собит турадилар. Уларга бу йўлда мусибатлар, қийинчиликлар, ҳар хил балолар келиши мумкин, Лекин улар бу синовлардан ўта оладилар. Улар бу йўлда заифлашишлари, ҳатто йиқилишлари мумкин, лекин йиқилиб қолмайдилар. Улар эгилиб, букилишлари мумкин, лекин  синмайдилар. Аллоҳнинг инояти ила ўз  йўлларида собит турадилар. Уларга мухолиф бўлганларнинг қаршиликлари уларни асло бу йўлдан чалғита олмайди.

Шундай экан, атрофингиздаги кўпчиликнинг ҳолати Сизни чалғитмасин. Ҳақ аниқ. Ботил ҳам аниқ. Унинг мезони эса Аллоҳ таолонинг Китоби ҳамда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидир. Унга кўра, кўпчилик ҳар доим ҳам ҳақ дегани эмас. Озчилик эса доим ҳам ноҳақликни англатмайди. Ҳақ унинг устида бир киши бўлса ҳам ҳақдир. Ботил унинг устида кўпчилик бўлса ҳам ботилдир. “Зеро, ҳақ ботилдан ажради” (Бақара, 256), “Албатта, ботил йўқ бўлгувчидир” (Исро, 81). Сиз иймон ва ҳақ узра бўлинг. “Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор Сўз(иймон) билан собитқадам қилур”.(Иброҳим,27) “Модомики, ҳидоят узра экансиз, адашганларнинг сизга зарари етмас” (Моида, 105). “Бўшашманглар, хафа ҳам бўлманглар, мўмин экансиз, Сизлар устунсизлар. (Оли Имрон,139). Зеро, “Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган” (Термизий ривояти).

Абдурроуф Абдуррошийд