Бироқ доим бу муаммонинг хусусийлиги ҳақидаги, умумийлик ва хусусийликни ажратиш тўғрисидаги кўпгина саволлар қолиб кетади. Ўйлайманки асосий мавзунинг таҳлилида унинг у ёки бу жиҳатларини акс эттирадиган блокларга бўлиш ўринлидир. Муаллиф айнан нимада асосий муаммони кўраётганлиги тўғрисидаги ҳаққоний савол туғилади. Шундай жавоб бераман: асосий муаммо шундаки, виртуал мулоқот, маълум бир шароитларда эртами кечми биз учун ижтимоий касалликка айланади, қайсики вирус каби тарқалиб биридан иккинчисига ўтиб зарарлаб бораверади.
Эътибор берилиши керак бўлган биринчи нарса бу умуман интернет мулоқотга ва хусусан ижтимоий тармоқларга психологик боғланиб қолишнинг шакилланишидир. Психологияда боғланиб қолиш (ўрганиб қолиш) деганда инсоннинг ўзига хос шундай хулқи тушунуладики, бунда мавжуд бўлган объектив реаллик шахснинг рухий эхтиёжларини тўла қондира олмай қолади (мулоқот, ўзига нисбатан хурмат, ўзининг “мен”нини реализация қилиш эҳтиёжи ва х.к.), бу эса уни ўз навбатида бу эҳтиёжлар қониқиш хосил қиладиган қандайдир альтернатив реалликни излашга мажбур қилади. Буни тушуниш шунинг учун керакки ҳар қандай виртуал мулоқотни ҳам боғланиб қолиш деб бўлмайди. Интернет тармоғида мулоқот қилишга ва умуман бошқа ҳар қандай виртуал мулоқотга психологик боғлиқлик хақида гапириш ўринсиз, қачонки у инсон фаолияти бўлса, ўзига хос восита сифатида намоён бўлса.
Ҳар қандай мулоқот маълум бир мақсадни кўзлайди : бу ижтимоий контактларни йўлга қўйиш ҳам бўлиш мумкин, шунингдек бирор бир фаолиятни ташкил қилиш хам бўлиши мумкин. Умуман олганда психологияда мулоқотнинг уч асосий томони мавжуд: коммуникатив (маълумот алмашиш), интерактив (ўзаро таъсирни ташкил қилиш) ва перцептив (инсонларнинг бир бирини билиши). Шундай бўлиб қолганки, юқорида келтирилган уч йўналиш доирасида маълум бир шароитларда мулоқот ўз ўзидан мақсадга айланади. Бир қарашда у бирор бир эхтиёжни қондирадиган бўлиб кўринмаслиги мумкин. Аммо унга детерминизм (хар кандай психик холатнинг сабаб асоси) нуқтаи назаридан қаралса аниқ бўладики ҳар қандай фаолият ўзининг асосида зарурат ҳиссини, этиёжни тутади, бошқачасига бўлиши мумкин эмас. Айнан мана шу ерда психоаналитик «хузур халоват принципи»ни келтириш уринлидир. Унга кура инсоннинг ўз ҳоҳиши билан қиладиган ҳар қандай ҳаракатлари унга ҳузур ҳаловат келтиради. Албатта бу тезис ҳақида ҳоҳлаганча баҳслашиши мумкин, бироқ мен амалиётда униг ҳақиқат эканлигига бир неча марта амин бўлдим. Шундан куриниб турибдики мулоқот ўз ўзидан маълум бир пайтларда ҳузур ҳаловат бағишлайди. Савол шундаки, ниманинг ҳузур ҳаловати? Бу саволга жавоб топишимиз билан интернет боғлиқликни пайдо қиладиган асосий сабабга яқинлашамиз.
Боғлиқлик (қарамлик?) – жамиятдаги ўз ўрнидан қониқмасликнинг ўзига хос тарзда қондирилиши ва муқобил воқеъликни қидиришдир, деган тезисдан келиб чиқаётганимиз туфайли, биз виртуал мулоқотнинг замирида эҳтиёж ётади, деган хулосага келдик, шунинг учун асосий сабаб аҳолининг маълум бир қисми реал жамиятда ўз ўзини намоён қилиш (ўз-ўзини рўёбга чиқариш, намоён қилиш) қобилиятини йўқотганлигидан иборат эканлиги аён бўлади. Бу нарса Адлернинг «инсон фаолиятининг асосида қадр-қийматининг аҳамиятини оширишга интилиш, буюк бўлиш истаги ётади», деган концепциясига ҳам мос келади. У органларнинг (аъзоларнинг) бирортасининг тўлақонли эмаслиги (нуқсонли бўлиши, ноқислиги) унинг бошқалари ҳисобига қопланишига олиб келиши муқаррар деган фикрга асосланган эди. Аммо органнинг ўрнига ўз-ўзини англашнинг бирор таркибий қисмини қўйсак, муаммо бироз бошқача тус олади. Инсоннинг виртуал оламда кўринмай кетишга (виртуал оламга сингиб кетишга) интилиши унинг ҳам ўз наздида, ҳам катта одамлар наздида аҳамиятсизлигини қоплашдан бошқа нарса эмас, деган хулосага келмоқдамиз.
Шундай қилиб, эътибор бериш керак бўлган иккинчи нарса – муайян бир инсонда қандайдир норасолик комплекси борлиги бўлиб, у ўша камчиликни бутун олам ўргимчак уяси сарҳадларида ўзига аватар ясаб олиш билан қоплашга уринади. Бу хулосанинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш қийин эмас, социал тармоқ фойдаланувчиларининг саҳифаларини бироз варақлашнинг ўзи етарли. У ерда биз баландпарвоз никларни (ник – фойдаланувчининг ўзига танлаб олган тахаллуси) жуда кўплаб учратамиз. Қандай номларни ўйлаб топишмайди, дейсиз! Ҳали «Мачо», ҳали «Суперқизча», ҳали яна инсон фантазиясининг маҳсули бўлган ажабтовур номларни учратасиз. Бироқ, амалиётдан маълум бўлишича, бундай баландпарвоз тахаллуслар ортида одатда оддийгина, ҳеч қандай ўзига хос хислати бўлмаган, яна бунинг устига кўпинча бир талай норасолик комплексларига мубтало бўлган кимсалар яширинган бўлади. Бундай кишилар учун ўз-ўзини шу тариқа намоён қилиш ўзининг қадр-қийматини, рўёбга чиқмаган аҳамиятини қондиришнинг ягона йўлидир. Бироқ, яна бир муҳим жиҳат шуки, реал “Мен”нинг (ўзликнинг) тўқиб чиқарилган қандайдир образ билан алмаштирилиши одамга ҳеч қандай яхшилик келтирмайди, аксинча, бу инсоннинг шахс сифатида, ўзлик сифатида йўқ қилишига олиб борадиган йўлдир. Нима учун шундай бўлади? Сабаби оддий: ўзига қандайдир муқобил “Мен” ўйлаб топган одам истар-истамас ана шу уйдирма шахсга боғлиқ бўлади, чунки ўзининг асл қиёфасини унинг панасида яширишга мажбур бўлиб қолади. Одам ўзининг асл “Мен”ини алмаштиришга қанчалик кўп тиришса, шунчалик қийналади, бу охири йўқ нарсадир. Чунки эртами-кечми аватар ортида яшириниб юрган одам ҳар хил социал мулоқотларда давом этиб юраркан, ахир бир куни ўзини қизиқтирган одамни учратиб қолади. Бироқ энди ўша одамни бу кишининг ўзи эмас, балки унинг аватари, яъни ўзи тўқиб-чатиб ясаган ўша мавҳум сиймоси қизиқтиради. Баъзан шундай бўладики, одамлар аввал бирор образни ўйлаб топишади, кейин ўша тўқима образнинг ясама ҳаётида яшашади, бироқ сўнгра ўшанинг ўзига қарам ҳам бўлиб қолишади. Чунки кимдир бўлиб кўриниш осон, лекин кимдир бўлиш анча қийин.
Ҳозирги кунда интернетдан фойдаланувчиларнинг сони жуда тез кўпайиб боряпти. Катталар-ку виртуал маконга киришга унчалик шошилмаётгандир, лекин ёшлар, айниқса ўсмирлар бу соҳага ҳаддан ташқари қаттиқ ружуъ қўйишмоқда. Кўпчилик ёшлар умуман қўлига китоб олмай қўйган, адабий асарларни ҳеч бўлмаса монитордан бўлса ҳам ўқишмайди. Йўқ, улар виртуал ҳаётларини йўлга қўймоқдалар, ўзларини бепоён виртуал маконда намоён қилмоқдалар. Шунинг учун бўлса керак, профессионал психологлар орасида интернетга қарам бўлиб қолганларни даволаш учун қандай руҳий коррекция технологияларни тайёрлаб туриш кераклиги ҳақида қизғин муҳокама бормоқда. Афтидан, инсон онги воқеа-ҳодисаларнинг шиддат билан ривожланиш суръати билан ҳамнафас бўлишга, ўз шахсиятини сақлаб қолиш ва замон билан ҳамнафас бўлишнинг уйғун мувозанатини топишга қодир бўлган, керакли психологик механизмлар ишлаб чиқишга улгурмай қоляпти. Бироқ, нима бўлганда ҳам, интернет дунёсига сингиб кетмаймиз, ўзига хос ҳимоя рефлексини ҳосил қилиб оламиз, ўзлигимизни сақлаб қолиб, тўпланган тажрибани янги авлодларга тақдим қиламиз, деб умид қилиш қолди, холос.