loader
Foto

Озарбайжон ва Арманистон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмоқда (шартнома матни)

Арманистон Республикаси бош вазири, Озарбайжон Республикаси президенти ва Россия Федерацияси президентининг қўшма баёноти матни

«Биз, Арманистон Республикаси бош вазири Н.В.Пашинян, Озарбайжон Республикаси президенти И.Г.Алиев ва Россия Федерацияси президенти В.В.Путин, қуйидагилар ҳақида маълум қиламиз:

1. Тоғли Қорабоғ можароли ҳудудида 2020 йил 10 ноябрь Москва вақти билан соат 00 дан 00 дақиқа ўтганда ўт очиш ва барча ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тўхтатилиши ҳақида эълон қилинади. Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси бундан буён матнда Томонлар деб юритилиб, ўз эгаллаган позицияларида тўхтайдилар.

2. Агдам райони 2020 йил 20 ноябргача Озарбайжон Республикасига қайтарилади.

3. Тоғли Қорабоғ фронт линияси ва Лочин йўлаги бўйлаб бўйлаб 90 та бронетранспортер, 380 та автомобиль ва махсус техника бирлиги ва ўқотар қурол билан қуролланган 1960 аскардан иборат Россия Федерациясининг тинчликпарвар контингенти жойлаштирилади.

4. Россия Федерацияси тинчликпарвар контингенти арман қуролли кучлари олиб чиқиб кетилиши билан параллел равишда жойлаштирилади. Россия Федерацияси тинчликпарвар контингентининг ушбу ҳудудда бўлиб туриш муддати – 5 йилни ташкил қилади  ва агар Томонлардан биронтаси бу муддат тугашидан 6 ой олдин ушбу қоидалар амал қилишини тўхтатиш ҳақида истак билдирмаса, автоматик равишда яна 5 йилга чўзилади.

5. Низолашаётган Томонлар келишувларнинг бажарилишини назорат қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида ўт очишни тўхтатишни назорат қилиш бўйича тинчликпарварлик маркази жойлаштирилмоқда.

6. Арманистон Республикаси Келбажар районини 2020 йил 15 ноябргача, Лочин районини эса 2020 йил 1 декабргача Озарбайжон Республикасига қайтаради. Тоғли Қорабоғ ва Арманистон ўртасидаги алоқани таъминлайдиган ва Шуша шаҳрига дахл қилмайдиган Лочин йўлаги (5 км кенгликда) Россия Федерациясининг тинчликпарвар контингенти назоратида қолади.

Томонлар келишувига кўра, кейинги уч йил ичида Тоғли Қорабоғ ва Арманистон ўртасидаги алоқани таъминловчи Лачин йўлаги бўйлаб янги йўналишни қуриш режаси, бу йўналишни ҳимоя қилиш учун Россия тинчликпарвар контингентини кейинчалик кўчириш шарти билан белгиланади.

Озарбайжон Республикаси Лочин йўлаги бўйлаб ҳар икки йўналишда ҳам фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларнинг ҳаракат хавфсизлигини кафолатлайди.

7. Ички кўчирилган шахслар ва қочқинлар Бирлашган Миллатлар ташкилотининг қочқинлар бўйича олий комиссари идораси назорати остида Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларга қайтиб келишади.

8. Ҳарбий асирлар, гаровдагилар ва бошқа ушлаб турилган шахслар ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадлари алмашинади.

9. Минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт йўллари очилади. Арманистон Республикаси ҳар икки йўналишда ҳам фуқаролар, транспорт воситалари ва товарлар бир текис ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида Озарбайжон Республикасининг Ғарбий ҳудудлари билан Нахичеван Автоном Республикаси ўртасида транспорт алоқалари хавфсизлигини кафолатлайди. Транспорт ҳаракати устидан назоратни Россия федерал хавфсизлик хизматининг чегара хизмати амалга оширади.

Томонларнинг келишувига кўра, Нахичеван Автоном Республикасини Озарбайжоннинг Ғарбий ҳудудлари билан боғловчи янги транспорт коммуникациялари қурилиши таъминланади».

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР