loader
Foto

Рус губернатори ўзбекларга Исломни ўргатгани ҳақида

Бу эпизодлардан бири Фарғона ҳарбий губернатори, генерал-лейтенант Александр Гиппиуснинг хатти-ҳаракати бўлиб, у нафақат маҳаллий аҳолидан норозилик намойишлашларини бостирди, балки ишчиларнинг фронт чизиғига ихтиёрий равишда боришларини таъминлади. У буни жуда ўзига хос тарзда амалга оширди. Келинг, ҳаммасини бир четдан бошлаймиз.

Туркистон ўлкасидаги тартибсизликлар июл ойининг бошларида маҳаллий маъмурият потенциал хизматга чақирилувчиларнинг рўйхатларини тузишга киришганда бошланди. Туркистоннинг бу қисмида жойлашган мусулмон ўқув юртлари-мадрасаларнинг жуда кўплигини ҳисобга олиб, чор ҳукумати фикрига кўра "Ислом" ўчоғи ҳисобланган Фарғона ҳам четда қолмади, албатта. Бироқ ўша давр ҳужжатлари кўрсатишича, Фарғонада дастлабки намойишлардан сўнг қаршилик камайди. Бунга қандай эришилди экан?

Ҳамма гап шундаки, Фарғона ҳарбий губернатори генерал-лейтенант Александр Гиппиус узоқ вақт Истанбулда ҳарбий атташе аппаратида ишлаганди, сўнгра кўп йил Туркистонда хизмат қилганди, турк ва араб тилларини яхши билишдан ташқари, маҳаллий аҳолининг урф-одат ва расм-русусмларини ҳам яхшигина ўрганиб олган эди. Исёнчиларга қарши куч ишлатиш ўрнига кетма-кет бир неча кун давомида мусулмон руҳонийлари ва оқсоқоллари билан учрашувларга бориб, уларни одамларни тинчлантириш учун ўз обрўсидан фойдаланишга чақирди. Фронтдаги ишларга ишга қабул қилиш 5 та ҳовлидан битта одам олиш орқали амалга оширилишини тушунтирди. Шундай қилиб, у 40 ёшгача бўлган барча эркаклар сафарбар қилинади ва оилалар ўз ишчисини йўқотади, деган миш-мишларни рад қилди. Бундан ташқари, у ўз ваколати билан хизматга қабул қилиш ихтиёрий бўлишини эълон қилди.

Бироқ, губернатор ўзининг тушунтириш ишларида, бир томондан, ҳокимиятга қарши чиқишга журъат этмаган, иккинчи томондан, бу ишда иштирок этишни истамаган мусулмон руҳонийларининг мустақил позициясига дуч келди. Бундан ташқари, саводсиз оддий халқ орасида олдинги фронт чизиғига ишлашга кетганлар кофир бўлади, деган маълумотлар тарқалган эди. Бу гапнинг ишончлироқ бўлиши учун Қуръонда шундай айтилган, деб қўшиб қўйиларди.

Араб тилини яхши билган Гиппиус руҳонийлар шу тариқа халқни чалғитаётганини яхши тушунарди. Шунда у халққа бевосита мурожаат қилиш ҳақида дадил қарор қабул қилди. Гиппиус 23 июл куни Наманган шаҳридаги Жума масжиди ҳовлисида тўпланган маҳаллий аҳолининг катта оломони олдига чиқди. У тўпланганларга мурожаат қилиб, ҳокимиятга бўйсунишга чақирди. Ишга боришга қарор қилганлар аслида Қуръон амрига амал қилишларини, ҳокимиятга бўйсунишларини исботлаш учун Гиппиус уларга тегишли оятларни ўқиб бермоқчи бўлди.

Шунда муллалар ҳийла ишлатишга қарор қилиб, мусулмонларнинг Муқаддас Китобини тўн ва салла киймасдан ўқиш мумкин эмаслигини айтади. Улар россиялик "сардор" маҳаллий аҳоли кийимини кийишни ўзига муносиб кўрмайди, деб кутишганди. Бироқ, бу чопон ва салла кийиб, уларга тегишли оятларни ўқиб, маҳаллий лаҳжада баён қилган Гиппиусга тўсқинлик қила олмади. Гиппиуснинг ўзи ҳикоя қилишича: «Ҳаммаси жуда хотиржам ва жиддий бўлиб чиқди, сув қуйгандек жимжит эди, баъзи кексалар ҳатто кўнгли эриб йиғларди. Умумий кайфият аъло эди». Шундан сўнг бир неча ҳафта давомида, аста-секинлик билан бўлсада, ишчи жамоалар шакллантиришнинг уддасидан чиқилди.

Фарғонада бўлаётган воқеалар ҳокимият зўравонликка қўл урган ва бутун қишлоқларни вайрон қилиб, "маҳаллий аҳоли" ни қўрқитиб, "итоат қилдириш"га уринган қўшни вилоятлардан кескин фарқ қиларди. Муаммони ҳарбий йўл билан ҳал қилишга бел боғлаган олий ҳокимият Гиппиуснинг ҳаракатларини қадрламади ва Туркистон ҳарбий губернатори М. Р. Ерофеев уни ўз ваколатларини ошириб, ҳокимиятни обрўсизлантирганликда айблади. Бироқ Гиппиус ўз бошлиқларига қарши чиқиб, мажбурий ишга қабул қилишни ва аҳолини сафарбарлик рўйхатларини тузиш учун рўйхатга олишни бекор қилишга чақирувчи телеграммаларни мудофаа вазирлигига жўнатишда давом этди.

Ҳокимият, бундай қулоқ эшитмаган дадилликни кўриб, итоатсиз генерални истеъфога чиқишни таклиф қилишдан кўра яхшироқ нарса топмади, акс ҳолда пенсиясиз мажбуран ишдан бўшатилиши билан таҳдид қилди. Бироқ Гиппиус тажрибасидан фойдаланишдан бош тортиб, ҳокимият фақат Туркистонда қаршилик ҳаракати жадаллигини ошириб, кейинчалик бу ҳақиқий фуқаролар урушига, сўнгра янги ҳукумат "босмачи"деб атаган кучлар билан узоқ курашга айланиб кетди.

1917 йилдан кейин генерал Гиппиуснинг такдири нима бўлгани маълум эмас. Бироқ унинг номи на «оқлар» ва на «қизил армия» рўйхатларида ҳам кўринмаётганига қараганда, у биродаркушлик урушидан четда қолган деб тахмин қилиш мумкин. Гиппиус, ностандарт ечимларга кўникиб қолган бир разведкачи ва дипломат сифатида, охир-оқибат "оловни мой билан ўчириш"ни афзал кўрган ва маҳаллий аҳолига қарши қатағонни кучайтирган чор маъмурияти вакилларининг хатти-ҳаракатлари умумий парадигмасига мос эмасди.

Унинг сўзларига қараганда, мусулмонларнинг Муқаддас Китоби – Қуръонни ҳурмат қилган ва тез-тез ўқиб турадиган, аскарлар ва маҳаллий аҳолининг ҳаётини сақлаб қолган рус генерали Гиппиуснинг инсонпарвар ҳаракати янада ажабланарли бўлиб кўринади.