Конгрессдаги етакчи демократ ва республикачи қонунчилар қонун лойиҳасининг имзоланганини олқишлаб, бундай қадам коронавирус туфайли қийин аҳволга тушиб қолган аҳолига далда бўлишини айтди.
Янги қонунга кора, ишсизлик бўйича нафақалар тикланади, ижара ҳаққини тўлалмаётган одамларни уйдан ҳайдаш тақиқланади ва уларга молиявий ёрдам таклиф этилади, авиакомпаниялар ҳамда кичик бизнеслар ходимларининг маоши ҳамда ваксиналарни тарқатиш учун пул ажратилади, аҳолининг катта қисмига 600 доллар миқдорида бир марталик нафақа берилади.
Трамп ҳукумат фаолиятини кейинги йил сентябригача молиялаштирувчи 1,4 триллион долларлик қонун лойиҳасини ҳам имзолади.
Бу ўртада АҚШда ўтган ҳафта Рождество байрамини нишонлаш учун салкам 7 миллион одам парвоз қилган. Бу ўтган йилга қараганда 70 фоизга кам болса-да, пандемия йили учун рекорд кўрсаткич. Соғлиқни сақлаш мутасаддилари одамлар ҳушёрликни йўқотиб, коронавирус тарқалишининг кучайишидан хавотирда.
“Саёҳат пайтида ҳам одамлар маълум чораларга амал қилиши зарур”, - дейди АҚШ бош хирурги Жером Адамс.
Бундай чоралардан бири саёҳатдан сўнг коронавирусга тест топшириш. Британиядан чиқаётган йўловчилар коронавирусга тест топшириб, натижаси салбий бўлсагина самолётга киритилади.
Калифорния ва Аризона штатларида касалланиш ҳоллари кучайгани қайд этилмоқда. Турли даражадаги расмийлар тасдиқдан ўтган вакциналар билан эмланиб, уларнинг хавфсиз ва самарали экани ҳақида маълум қилмоқда.
“Руҳонийлар, имомлар, раввинларимиз бу маълумотни ўз жамоаларига етказиши лозим”, - дейди Адамс.
Бу ҳақда "Amerika Ovozi" хабар берди.