loader
Foto

Коинотдаги мўъжиза. Қуёш тизими

Ҳар бир ҳаракатида Яратувчининг қудрати намоён бўлиб турадиган Қуёш тизимига нисбатан айнан шу сўзларни қўллаш мумкин. Бизнинг тизимимиз тўққизта сайёрадан иборат бўлиб, албатта, Ер ҳам уларнинг орасидан ўрин олган. Бу тизимда марказий ўқни, табиийки, энг йирик объект – юлдуз – Қуёш эгаллайди, тўққизта сайёра эса унинг атрофида айланади. Тўққизта – бу фақат шартли белгилашдир; яқин орада яна иккита сайёра ҳақида маълум бўлишини тахмин қилиш учун барча жиддий асослар бор. Қуръоннинг илмий феноменлари ҳақида бу назарияни доктор Самир Абдухалим ҳам айтиб ўтган. Агар бу гипотеза ўз тасдиғини топса, биз, эҳтимол, пайғамбар Юсуф алайҳиссалом ўз туши ҳақида (унинг мазмунини) отасига гапириб берганида қайси 11 та юлдузни назарда тутганини тушуниб оламиз:

«Эсла, Юсуф отасига: «Эй отажон, мен тушимда ўн битта юлдузни ҳамда қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», – деди. («Юсуф», 4-оят). Лекин мўъжизалар бу билан тугамайди, балки аксинча, энди бошланади. Ажабланарлиси шундаки, Қуёш тизимининг тўққиз сайёраси орасида фақат биттаси ҳаёт учун яроқли. Сиз, албатта, гап қайси сайёра ҳақида кетаётганини фаҳмладингиз – бу бизнинг Ер сайёрамиздир. Шундан кейин ҳам тасодиф ҳақида, фалакнинг гардиши ёки тақдир тақозоси ҳақида гапириш мумкинми?  Қуёш тизими – улкан механизм бўлиб, унда ҳар бир элемент ўзига ажратилган ролни бажаради, унда тартибсизлик, тушуниб бўлмайдиган воқеалар ва ғайриихтиёрийлик йўқ. Қуёш тизими – энг аввало, тартибдир.  Бу тартибга Қуръон оятларидан бири ҳам ишора қилади:

«Қуёш ва ой ҳисобдадир» («ар-Роҳман», 5-оят). Қуёш тизими сайёралари нафақат олдиндан белгилаб берилган траектория (орбита) бўйлаб ҳаракат қилади, балки ҳайратомуз тарзда ташқаридан ҳалокатли таъсиридан ҳимояланган. Қуёш назарий жиҳатдан ўзининг улкан массаси билан нисбий яқинликда бўлган барча сайёраларни ўзига тортиши ва «еб қўйиши» керак эди. Бутун олам тортишиш қонунга кўра:

«Агар жисмларнинг массалари бир-бири билан таққослаб бўлмайдиган даражада бўлса ва бир жисм иккинчисидан юзлаб ёки минглаб марта оғир бўлса, оғирроқ жисм енгилроқ жисимни бутунлай тортади». Маълумот учун: Қуёш массаси Ер массасидан 333000 баравар катта. Ҳаммаси гўё аниқдай: гигант карликни ўзига тортиши керак, лекин бу ерда бутун олам тортишиш қонуни ва гравитацион ўзаро алоқалар ишламайди, гравитация ўчириб қўйилгандай. Нима учун? Чунки ўз ўқининг атрофида айланиш туфайли бунга йўл қўйилмайди ва мувозанат сақланади. Бу нафақат биз учун одатий бўлган кун ва туннинг алмашинуви, балки ўзига хос антивирус ҳимоядир.  Бунда агар айланиш кучи ҳозиргидан кичик бўлганида эди, барча сайёралар Қуёшга қулаб тушган ва кучли портлаш оқибатида йўқ бўлиб кетган бўларди. Агар сайёраларнинг ўз ўқи атрофида айланиш кучи каттароқ бўлганида, Қуёш уларни ўз таъсири остида ушлаб тура олмаган бўларди ва ҳамма сайёралар Коионот бўйлаб номаълум йўналишда тарқалиб кетган бўларди. Фақат шу эмас, балки барча сайёралар Қуёшдан узоқлашиши ёки унга яқинлашишига қараб, уларни қутқарадиган мувозанатда ушлаб турадиган индивидуал айланиш тезлигига эга. Қуёш тизими ва бутун коинотнинг бундай нозик созламалари ортида ким турибди? Ким биз ерликларни Қуёш доирасида, лекин ўлдирадиган даражада совуқда ёки ўлдирадиган даражада иссиқда эмас, яшаш учун қулай шароитларда ушлаб турибди? Ашаддий ва уришқоқ атеистлар буни тасодиф билан изоҳлайдилар, узоқни кўра оладиганлар буни Олий онг деб атайдилар, лекин биз биламизки, буларнинг ортида Аллоҳ таоло, Коинот ва бутун борлиқнинг Яратувчиси турибди. Аллоҳ таоло айтадики: «У Зот сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни беминнат хизматкор қилиб қўйди. Юлдузлар Унинг амри ила беминнат хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бор» («ан-Наҳл», 12-оят).

Мурад Гайдарбеков

Абу Муслим таржимаси