loader
Foto

Путин биринчи марта Байден билан телефон орқали суҳбатлашди

Владимир Путин Джозеф Байденни АҚШ президенти лавозимида иш бошлагани билан табриклади. У АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш иккала мамлакатнинг манфаатларига ва – бутун дунёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун жавобгарликни ҳисобга олган ҳолда – бутун халқаро ҳамжамият манфаатларига жавоб беришини таъкидлади.

Путин ва Байден Стратегик ҳужумкор қурол-яроғлар шартномасини (ДСНВ) ни узайтириш, Очиқ осмон  шартномасидан чиқиш, Эрон билан ядровий битим ва Украинадаги можарони муҳокама қилди, дея хабар бермоқда Кремл.

Оқ уйнинг таъкидлашича, Байден ва Путин россиялик сиёсатчи Алексей Навальныйнинг заҳарланиши, Москванинг АҚШ давлат идораларига кибер-ҳужумлардаги иштироки эҳтимоли, шунингдек, 2020 йил бўлиб ўтган АҚШ сайловларига аралашиш борасида Россиянинг эҳтимолий ҳаракатлари ва Афғонистонда толиблар билан америкаликларга қарши тил бириктириш эҳтимоли масалаларини муҳокама қилишди.

Президент Байден Россиянинг АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатларига зарар етказадиган ҳаракатларига жавобан ўз миллий манфаатларини қатъият билан ҳимоя қилишига ишора қилди.

АҚШ президенти саловлари 3 ноябрда бўлиб ўтганди. Уч кундан кейин овозлар ҳисоб-китобини амалга оширган энг йирик ОАВ Джо Байденнинг ғалабасини эълон қилган эди. Дунёнинг кўплаб етакчилари дарҳол уни табриклади, лекин Кремл расмий якунларга қадар бу ишни қилмади. Путин Байденга 15 декабрда табрикнома жўнатди.

Оқ уй бунгача бир неча бор Россия билан АҚШ нинг миллий манфаатларига дахлдор масалалар бўйича ҳамкорлик қилиши, лекин Москванинг «агрессив ҳаракатлари»га жим қараб ўтирмаслигини маълум килганди. The Washington Post манбаларининг сўзларига кўра, Байден унгача американинг кўплаб президентлари қилганидек, Россия билан муносабатларни «қайтадан ёқиш» ниятида эмас.